Қайднома

Қидирув

Қатардаги Жаҳон чемпионати: бўҳтонми ёки орзуларнинг ушалиши? (+фотогалерея)

Қатардаги Жаҳон чемпионати: бўҳтонми ёки орзуларнинг ушалиши? (+фотогалерея)

  05.04.2019 08:44
  0
  800
Қатардаги Жаҳон чемпионати: бўҳтонми ёки орзуларнинг ушалиши? (+фотогалерея)

Мана, ҳаш-паш дегунча кунлар ўтиб, навбатдаги мундиалга ҳам яқинлашиб боряпмиз. 2022 йили Қатарда ўтиши режалаштирилган ЖЧ кўпчиликнинг ёдида алоҳида сақланиб қолиши мумкин. Зеро, бу мундиал илк марта ноодатий вақтда - ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтиши лозим.

Бундай ўзгаришнинг сабабини эса яхши биласиз: Қатар иқлими. Бир томондан, ҳаво ҳарорати ўртача +25-28 даража иссиқни ташкил қилувчи бундай вақт футбол ишқибозлари учун айни муддао бўлса ҳам, ажабмас.

Чунончи, ўйин тугагач, бемалол соҳилга бориб, илиққина денгиз сувида чўмилиб, роҳат қилишга нима етсин? Хуллас, Soccer.ru мухбирининг қуйидаги қизиқарли мақоласида мундиал асносидаги қурилиш ишлари ва Қатар диёрига боғлиқ турли фактлар ҳақида сўз боради.

«Ёдингизда бўлса, 2010 йили Россия ва Қатар навбатдаги икки мундиал мезбонлари сифатида эътироф этилганида, Россия Австралия, Англия, Индонезия, Мексика, АҚШ, Япония, Португалия ва Испания (биргаликда), Бельгия ва Голландия (биргаликда) каби рақиблар, Қатар эса Австралия, АҚШ, Жанубий Корея ва Япония сингари даъвогарлар қаршилигини енгиб ўтганди.

Ўша куни мен Қатарда эдим ва ишдан уйга қайтиш учун бир соатдан кўп вақт сарфлаганимни яхши эслайман. Ҳолбуки, одатда, бунинг учун 20 дақиқа кетарди, холос. Ўша куни эса одамлар кўчага чиқиб олишган, ҳар томонда Қатар байроқлари кўзга ташланар, бир-бирларини муборакбод этишарди.

Бу ҳолат Қатар учун қандайдир ноодатий ҳол бўлиб, беихтиёр Янги йил байрамини ёдимга солиб юборди. Кейинроқ, орадан бир неча ой ўтгач, Қатар ЖЧ мезбонлигини «сотиб олгани» ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди ва баъзи бир ОАВда Қатардаги чемпионат бекор қилиниши ҳақида бонг урилди.

Шахсан мен бунга ўшандаёқ ишонмадим ва билардимки, бундай миш-мишларнинг бош сабаби - ҳасад. Қатар билан беллашган даъвогарлар рўйхатига назар солсангиз, бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.

Шундай экан, юқоридаги каби «холис текширувлар» ва шов-шувларнинг асл манбаси қаерда эканини ҳам осонликча билиб олиш қийин эмас.

ҚАТАР

Бу ростдан ҳам мўъжазгина, аммо чиройли мамлакат ва ким шу пайтгача БААга борган бўлса, Доха шаҳри ҳам Дубай ёки Абу-Дабини эслатиб юбориши табиий. Фақат сал кичикроқ. Бу ерда ҳам кўплаб мусулмон давлатларида бўлгани каби спиртли ичимликлар эркин савдода тақиқланган.

Лекин жуда истаганлар ресторанларда нафсларини қондириб олишлари ҳам мумкин. Ҳа, мамлакатда мусулмон ақидаларига риоя қилинади, аммо меҳмонларга нисбатан истиснолар йўқ эмас. Дейлик, Қатарда ҳеч ким сизни масжидга боришга ёки паранжида юришга мажбурламайди.

Қисқача айтганда, марҳамат, меҳмонга келдингми, хоҳлаган ишингни қил, аммо қонун доирасидан четга чиқма! Дарвоқе, қонунлар ҳақида: бу ерда полиция ҳеч қачон ҳужжатларни текшириб кўриш учун машина ёки одамларни тўхтатиб, вақтларини олмайди.

Шунингдек, қатарлик полициячиларга «пора» тушунчаси ҳам бегона (ўйлашимча, қайсидир айбингиз учун полициячига пора таклиф қилсангиз, бечора гап нима ҳақида бораётганини тушунмаса керак). Жиноятчилик даражаси жуда паст - деярли «нол»га тенг.

Лекин бу «Демак, Қатар - ер юзидаги жаннат экан...» дейишга асос бўлмайди. Чунки «жаннат»га ярашмайдиган биргина нохушлик бор - жазирама иссиқ. Бу ернинг қиши ҳам Россиянинг ёзидан кўра анча иссиқроқ. Қолган вақтларда эса ҳаммомнинг ўзгинаси. Ҳаво ҳарорати кундузи +50 даражагача кўтарилиши мумкин. Намлик эса 80 фоизни ташкил этиши ҳеч гап эмас.

Қатарга келаётган аксарият хорижликлар асосан, қурилиш ишлари билан бевосита боғлиқлар. Чунончи, айни дамда Қатарда улкан бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Уйлар, инфратузилма, стадионлар шулар жумласидан.

ЖЧга тайёргарлик асносида мамлакатда 8та йирик стадион ҳозирланмоқда:

«ХАЛИФА ИНТЕРНЕШНЛ»(40 000 ТОМОШАБИН)

Мазкур стадион қурилганига анча бўлган. Бу стадионда 2010 йили Бразилия ва Аргентина терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйинини томоша қилгандим. Ўшанда Аргентина термаси Мессининг голи эвазига ғолиб чиққан.

«РАС АБУ АБУД» (40 000 ТОМОШАБИН)

Модуль типида барпо қилинган дунёдаги илк стадионлардан бири. Оддийроқ айтганда, тайёр қисмлардан қурилган иншоот. Фарқи шундаки, бундай қурилишни катта ёшли кишилар худди болалар «Лего» ўйинчоғини ясашгани каби амалга оширишади. Энг муҳими, стадион қисқа фурсатда фойдаланишга топширилади.

«АЛ-РАЙЯН» (40 000 ТОМОШАБИН)

Арабча услубдаги арена. Лойиҳа ҳам шунга мос. Бино фасади арабча тугунни эслатади, стадионнинг ўзи эса қум бархани кўринишида. Стадион ўта йирик савдо маркази ва метро йўналиши яқинида бунёд этилмоқда.

«АЛ-БАЙТ» (60 000 ТОМОШАБИН)

Кўчманчилар чодири кўринишидаги қизиқарли ло­йиҳа. Ёддан чиқармаслик керакки, қатарликлар қадим замонлардан бери саҳрода яшаб келишган. Энг муҳими, улар бундан асло уялишмайди, аксинча, кўчманчилар авлоди эканликларидан фахрланишади ва буни бутун дунёга кўз-кўз қилишади.

Ҳаттоки, улар ҳозир ҳам чодирларни тайёрлаб, дам олгани чўл-у биёбонга ёхуд денгизга чиқиб кетишади. Аммо ҳозирги чодирларда кондиционер, музлаткич ва турли маиший техника жиҳозлари бор. Нима ҳам дердик, тараққиёт-да...

«АЛ-ТУМАМА» (40 000 ТОМОШАБИН)

Бу стадион анъанавий арабча эркаклар бош кийими - гахфия сингари қурилган. У юмалоқ шаклдаги дўппидан унчалик фарқ қилмайди.

«АЛ-ВАКРА» (40 000 ТОМОШАБИН)

Нафақат Қатар, балки дунёдаги энг ажойиб стадионлардан бири. Эътиборлиси, арена таниқли Заҳа Ҳадиднинг архитекторлик бюроси - Zaha Hadid Architects (бу фирма архитектура соҳасида худди «Реал Мадрид»дек номдор) томонидан лойиҳалаштирилган. Хуллас, минг марта эшитгандан, бир марта кўрган афзал.

«ЭДЬЮКЕЙШН СИТИ СТЭДИУМ» (40 000 ТОМОШАБИН)

Стадион Қатардаги Университет шаҳарчаси ёнида бун­ёд этилмоқда. Арена номи ҳам шунга ишора, албатта. Кристаллар шаклидаги дизайн иншоотни бошқаларидан яққол фарқлаб туради. Муҳими, мундиал бўлиб ўтгач, стадион аҳамиятини йўқотмайди: унда талабалар спортнинг исталган тури билан шуғулланишлари мумкин.

«ЛУСАИЛ» (80 000 ТОМОШАБИН)

Мазкур рўйхатдаги сўнгги арена ЖЧнинг очилиш ва финал ўйинларига мезбонлик қилади. Айни пайтда қурилиш ишлари режадагидек бормоқда.

Хуллас, мана шу саккиз стадион 2022 йилги мундиал учун махсус тайёрланмоқда. Эътиборлиси, уларнинг ҳар бирида томошабинларга қулайлик яратиш мақсадида совитиш тизими йўлга қўйилади. Қолаверса, ареналарнинг барчаси белгиланган муддатгача қуриб битказилади ва бунга асло шак-шубҳа қилмаслик зарур.

Деярли барча стадионлар ЖЧ якунига етганидан сўнг модернизация қилинади (йиғилувчи блоклардан қурилган «Рас Абу Абуд» эса бутунлай бузилади) ва ўриндиқлар сони икки баравар камайтирилади. Йиғиштириб олинган ўриндиқлар нисбатан қашшоқ давлатларга (бу Африка мамлакатлари бўлиши эҳтимоли юқори) текинга совға қилинади. Ёмон эмас-а?!

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Қатарга шунча стадионнинг нима кераги бор? Келинг, тан олайлик, сўнгги вақтларда Қатар футбол диёрига айланиб бормоқда. Бу ерда футболни севиб ўйнашади, томоша қилишади. Шунингдек, кўпгина жаҳон юлдузлари Қатар чемпионатида тўп суриб, каттагина пул ҳам ишлаб олишяпти. Мисол учун, Габи, Хави, Снейдер, Это`Оларни келтириш мумкин.

Айтганча, Қатар миллий терма жамоаси сўнгги Осиё чемпионатида бош совринни қўлга киритди. Бунақасини аслида ҳеч ким кутмаганди. Ҳал қилувчи финал баҳсида қатарликлар Осиё гранд­ларидан бири ҳисобланган Японияни мағлуб этишди. Ўшанда қатарликларнинг ўйинини кўрганлар «сотиб олиш» ҳақида умуман ўйламаганлари аниқ. Зеро, ўйинда ростдан ҳам кучлилар ғалаба қозонишганди.

Бундан ташқари, қатарликларда келажакда футболни янада оммалаштириш, ривожлантириш учун имкониятлар етарли. Бу ҳаттоки, аксарият давлатлар аҳолисининг ҳавасини келтириши ҳам бор гап. Мамлакатда спорт мактаблари, футбол майдонлари керагидан ҳам кўпроқ қурил­япти. Боз устига, буларнинг ҳаммасида фойдаланиш мутлақо бепул.

Қисқаси, Қатардаги жаҳон чемпионати - мамлакатнинг, аҳолининг, минтақанинг орзуси. Шундай экан, инглиз ОАВларидаги бўҳтонлар, турли фитнакор мақолалардан юз ўгириб, навбатдаги мундиалнинг бошланишини кутамиз ва албатта, ундан олам-олам завқ оламиз!»

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz