Қайднома

Қидирув

Ўзгача ёндашув керак…ёки ЯПОНИЯ ОЛИМПИ ЙЎЛИДА

Ўзгача ёндашув керак…ёки ЯПОНИЯ ОЛИМПИ ЙЎЛИДА

  05.04.2019 05:28
  0
  202
Ўзгача ёндашув керак…ёки ЯПОНИЯ ОЛИМПИ ЙЎЛИДА

Аввалги ҳафта келаси йил тақвимига киритилган U-23 тоифасидаги Осиё чемпионати-2020 иштирокчилари таркиби тўлиқ ҳолга келди. Яъни ҳисоб бўйича 4-қитъа биринчилиги саралаш рундига якун ясалди. Тўғрисини айтиш керак, квалификацион ўйинлардан яхши таассурот қолгани йўқ. 12та гуруҳда ташкил этилган саралаш босқичи якунига қараб, беихтиёр ўйлаб қоласан, Осиё футболи шу кетишда қачон ҳақиқий ривожланиш йўлига ўтади?

Фаластин - Шри-Ланка - 9:0, Шри-Ланка - Баҳрайн - 0:9, Ж.Корея - Хитой Тайпейи - 8:0, Япония - Макао - 8:0, Филиппин - Хитой - 0:8, Бруней - Таиланд - 0:8 - булар Осиё чемпионати саралашининг дастлабки 2та турида қайд этилган ўта йирик йирик ҳисобларнинг айримлари, холос. Майли, жамоалар савияси ўртасидаги катта фарқ ҳам ўз йўлига, саралаш тизими ва тақвими ҳам бир қатор саволларни келтириб чиқарди. Диққат қилинг, 12та гуруҳдан 10тасида 2-турдан кейин бир хил ҳолат юзага келди: 2тадан жамоа 6 очко ва ажо­йиб тўплар нисбатига эга бўлди, қолганлар курашдан четга чиқди. Қолаверса, катта эҳтимолки, Ўзбекистон термаси жой олган гуруҳда ҳам шундай манзара шаклланарди, агарда покистонликлар саралашга келишганида. Қисқаси, 3-тур олдидан атиги 1та квартетда 3та жамоа йўлланма олиш имкониятини сақлаб қолди, 11та гуруҳда эса нақ 21та иштирокчи Таиланд чемпионатига боришдан умид узди. Чунки ОФК тузган тақвимга кўра, гуруҳлар фаворитлари аввалига 2тадан кучсиз рақиб билан ўйнашди, кейин ўзаро баҳсда майдонга тушишди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Дилни хуфтон қилган воқелик айнан 3-турда кузатилди. Яъни квартетларда 1-ўрин масаласини ҳал қиладиган 7та ўйин дуранг натижа билан тугади. Бу нимадан далолат? Дастлабки икки турда яхшигина тўплар нисбати ҳосил қилган жамоалар ғалабага интилмаганидан эмасми? Чунончи, квартетларда 2-ўринни банд этган жамоалардан яхшироқ натижага эга 3тасига ҳам ОЧ-2020 чиптаси насиб этарди. Камида 3та ўйиндаги дуранг ҳар икки томонни тўлиқ қаноатлантирарди ва буни олдиндан билган рақиблар якунда муроса йўлини танлаб қўя қолишди. Бу ҳолатни футбол устидан кулиш сифатида баҳолаган таниқли мутахассис Алишер Никимбаев айниқса, Иордания ва Сурия олимпиячилари ўртасидаги баҳсга эътибор қаратди. Гап шундаки, бу ўйинда ҳисоб 79-дақиқада иорданияликлар томонидан очилди, лекин орадан  кўп ўтмай, сурияликлар мувозанатни тиклашди - 1:1. Шу тариқа ҳар икки жамоа турнирнинг финал раундига йўл очди. Тожикистон ва Малайзия термалари эса аламли тарзда «борт» ортида қолди. Шу ўринда Никимбаев фикрларидан иқтибос келтирамиз: «Кечаги воқеалар ОФК раҳбариятини ташкилот ходимлари қуръа ташлаш жараёнини шубҳали тарзда олиб боришаётганига ниҳоят, эътибор қаратишга мажбурласа, ажабмас. Негаки, у ерда янгилар йўқ. Агар мутасаддилар шунда ҳам ўз ишларидаги камчиликларни кўрмасалар, унда нимадандир умид қилиш қийин».

Маълумот учун айтиб ўтамиз, Қатар, Ўзбекистон, Баҳрайн, Ироқ, БАА, Иордания, КХДР, Жанубий Корея, Япония, Хитой ва Вьетнам олимпия жамоалари қитъа чемпио­натига 1-ўрин орқали чиқди. Австралия, Саудия Арабистони, Эрон ва Сурия термалари эса 2-ўрин соҳиблари рейтингида устун келди. Таиланд жамоа турнирда мезбон сифатида иштирок этади. Япония мезбонлик қиладиган Олимпиада-2020 йўлланмалари тақдирига ойдинлик киритиб берувчи Осиё чемпионати келаси йилнинг 8-26 январь кунлари Таиландда ўтказилади. Бўлажак турнирнинг муҳимлиги ҳам шунда. ОФКга Олимпиаданинг 4та йўлланмаси ажратилган. Шундан бири мезбон - Япония термасига насиб этади. Демак, қитъа биринчилигида кучли учликка кирган жамоага олимп лицензияси берилади. Агар японлар Таиландда ярим финалга чиқишса, унда бу босқичнинг барча иштирокчилари Олимпиада чиптасини олади. ОФК бўлажак қитъа биринчилигига қачон қуръа ташланишини кейинроқ маълум қилади. Ўзбекистон олимпия термаси турнирнинг амалдаги чемпиони сифатида қуръа жараёнида 1-саватчага қўйилади. ОФКнинг саватчаларни охирги қитъа биринчилиги натижалари асосида шакллантириши ҳам ғалати. Дейлик, 1-саватчада бизнинг жамоадан ташқари, Таиланд (мезбон), Вьетнам (ОЧ-2018 финалчиси) ва Қатар (ОЧ-2018нинг 3-жамоаси) термалари бор. Қитъанинг азалий кучли дружиналари (Япония, Ж.Корея, Эрон...) эса кейинги саватчаларда. Дейлик, форслар охирги - 4-саватчада. Аслида саватчалар таркиби 3-4 йилги натижаларни ўз ичига олган қандайдир рейтинг ёрдамида аниқланиши керак эмасми...?


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz