Қайднома

Қидирув

Ярқ этиб сўнган юлдуз

Ярқ этиб сўнган юлдуз

  05.04.2019 09:36
  0
  325
Ярқ этиб сўнган юлдуз

Мактаб дастурини қониқарли даражада ўзлаштира олмагани учун икки марта юқори синфга кўтарила олмаган уқувсиз ўқувчи иттифоқо Алекс Фергюсон назарига тушиб, «МЮ» таркибидан жой олганди. Бироқ афсуски, у тўсатдан келган шон-шуҳратдан эс-ҳушини йўқотиб қўйди, маишатбозликка берилди ва дангасалик оқибатида гранд сафидаги ўрнини бой бериб қўйди.

Қуйидаги мақола футболчилик фаолиятини тўғридан-тўғри номдор жамоадаги ёрқин ўйин билан бошлаган, лекин бахт қушини маҳкам ушлай олмаган италиялик Федерико Македага бағишланган.

1-Қисм. Ночорликдан рўшнолик сари

- Эртага биз «Олд Траффорд»га йўл оламиз, - деди уйга қайтган Федерико кучли ҳаяжон билан.

- Ие, бунинг сабаби нима? - ҳайрон бўлиб сўради отаси.

- Энди мен «МЮ»нинг захира ҳужумчисиман!

Кутилмаган хабардан отанинг маъюс чеҳраси ёришиб, юзига қизиллик югурди. Катта Македанинг сўнгги йиллардаги ҳаёти анчайин зерикарли кечар, бир қолипга тушиб қолганди: тунда у қоровуллик қилар, кундузи эса Федерикони «Лацио» мактабига олиб боришдан бўлак юмуши йўқ эди. Ўзи ва рафиқасининг маошлари кундалик тирикчиликни базўр таъминлагани боис, Манчестерга кўчиб ўтиш оила учун қашшоқликдан халос бўлиш омилидек туюлганди.

Римнинг Понте-ди-Нона тумани камтарона ҳудудлар сирасидан бўлиб, Македалар ўша ерда истиқомат қилишарди. Ижара ҳақининг маълум қисмини ҳукумат ўз зиммасига олганига қарамасдан, моддий таъминот ночор ҳолатда эди. Қисқаси, қолган маблағ Федериконинг футбол мактабидаги таҳсилига сарфланарди.

Бўлажак футболчи эса укаси билан уйда қолган кезлари тез орада «Лацио» билан профессионал шартномага имзо чекишини орзу қилар ва 2000 еврога эга бўлиш орқали оилани қашшоқликдан олиб чиқишини айтарди. Табиийки, бундай шароитда ресторанларга ташриф буюриш ёки оилавий ҳордиқ чиқариш уларнинг тушига ҳам кирмасди. Македалар учун энг буюк неъмат - бир неча йилда бир марта денгизда чўмилиш ва соҳилда исиниш эди.

Фергюсоннинг ташрифи вазиятни ўзгартириб юборди. Афсонавий мураббий Римга айнан Федерико Македани «МЮ»га олиб кетиш учун келганди. У 16 ёшли ўсмирни оила аъзолари билан меҳмонхонага таклиф этди. «Лацио» эса қаршилик кўрсатмади. Чунки Италия қонунчилигига кўра, балоғат ёшига етмаган тарбияланувчилар билан профессионал келишувларни амалга ошириш мумкин эмасди. «Биз беодобликни ўзимизга раво кўрмадик. 15 ёшли ўсмирни худди бозордаги шохдор жонивор қабилида сотиб олишни тасаввуримга сиғдира олмайман», - деганди жамоа президенти Клаудио Лотито ғазаб билан.

Сэр Алекс Македа учун Манчестердан жамоанинг 9-рақамли либоси ҳамда Роналдунинг футболкаларини олиб келганди. 600 фунтли ойлик маошни ҳам инобатга олсак, таклиф чакки эмасди. Бироқ футболчининг отаси иш ҳақини оз, деб ҳисоблади.

Буни қарангки, манчестерлик мутасаддилар эътироздан хафа бўлишмади ва маошни оширишди. Буни тушуниш қийин эмас. Чунки сэр Алекс мақтовни ўрнига қўйганди: «Македа - йўқ жойдан гол ярата оладиган ўта ноёб иқтидор соҳиби. Роналду ёшлигида қандай бўлса, Федерико ҳам шундай. Машғулотларда у ҳужумларни ҳаммадан чиройли якунлайди. Мен ҳазиллашмаяпман. Унинг энди 17га чиққанига ишониш қийин. Ўйлашимча, унинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини текшириб кўриш лозим».

Манчестердаги дастлабки ой Македа учун оғир кечди - ёлғизлик, уй соғинчи, тушкун кайфият. Ноқулай иқлим, бегона тил, яқин дўстларининг ёнида эмаслиги каби етишмовчиликлар вазиятга қўшимча мураккаблик бахш этарди. Шу сабабли Федерико кун бўйи кўчага чиқмасди, дастлабки кунларда Италияга қочиб кетиш истаги ҳам пайдо бўлганди.

Лекин Фергюсоннинг оталарча ғамхўрлиги, жамоавий нонушта ва машғулотлар, Роналду, Гиггз ва Скоулз каби юлдузларнинг қўллаб-қувватлашлари натижасида Македа ўзига келиб олди.

2-Қисм. Мафтункор гол ва отанинг кўз ёшлари

«Кико, Кико!» - шогирдларининг қониқарсиз ҳаракатларидан асаблари таранглашган сэр Алекс захира ўриндиғига қарата тинмай қичқирарди.

Дарғазаб мураббийнинг нотинч нигоҳи ҳали катта футболда умуман майдонга тушмаган 17 ёшли йигитчани изларди. Танаффус пайтида Федерико «Олд Траффорд»да тўп билан машқ қилган, минглаб мухлислар нигоҳларидан бадани жимирлаб кетганди. Бир тасаввур қилинг-а, кечагина Сульшернинг захира таркибида майдонга тушиб, «Ньюкасл» дарвозасиги 3та гол урган, асосий таркибда эса атиги икки марта машғулот ўтказган ҳужумчи воқеалар ривожи бунчалик кескинлашишини кутмаганди.

«Кико, либосларингни алмаштириб, майдонга туш!» - деди мураббий жиддий оҳангда. Ёш ҳужумчи ён-атрофга аланглади, «босс» унга гапираётганига ҳамон ишона олмасди.

Бу пайтда ўйиннинг бир соати ортда қолган, «МЮ» ўз майдонида «Астон Вилла»га 1:2 ҳисобида имкониятни бой бераётганди. Амалдаги чемпионни ғалабадан бошқа натижа қониқтирмас, қаторасига қайд этилган икки мағлубият етакчиликни «Ливерпул»га олиб берарди. Македа рақиб ўйинини ўрганиш жараёнида қулай фурсатни кута бошлади. Ниҳоят, ўша тарихий он етиб келди: «Мен бутун майдон аро бахт­ли кўппакдек тинмай елиб-югурдим. Нафас олишнинг иложи бўлмай қолган кезларда ҳам тўхтамадим». Федерико ўша ўйинни шундай таърифлаганди. Охирги 10 дақиқа ичида Роналду мувозанатни тиклади, ке­йин Македанинг бетакрор голига нав­бат келди.

Ҳакам томонидан белгиланган қўшимча дақиқаларда ёш ҳужумчи Гиггздан тўпни қабул қилиб олди ва дарвоза томон ўгирилган ҳолда кучли айланма зарбани амалга оширди. Бир неча сониядан сўнг «Олд Траффорд»даги шодиёна қийқириқ бутун Манчестерни ларзага келтирди.

«Ана шу фантастик гол жамоага илҳом бағишлади», - деди сэр Алекс ўйиндан кейин. Тунларни бедор ўтказиб, ўғлининг машғулотга боришини таъминлаган меҳнаткаш ота эса бу қувончли дамларни кузатганда кўз ёшларини тия олмади.

Эртасига Англияда тонг Федерико Македа шаънига айтилаётган мақтовлар билан бошланди, газеталар деярли ақлдан озган бахтиёр йигитнинг суратини чоп этишди. Унинг телефони эса сон-саноқсиз табриклардан қизиб кетди. Ҳатто мактаб ўқитувчиси ҳам қўнғироқ қилиб, 13 ёшлилар дастури бўйича имтиҳон топширишга таклиф этди. Аммо бу сафар ҳам Федерико синовдан ўта олмади ва 4-марта ўз синфида қолдирилди. Очиғи, бу муваффақиятсизлик Македани ортиқча ташвишлантирмади. Муҳими, «Астон Вилла» устидан қозонилган ғалаба «МЮ»нинг ўз унвонини ҳимоя қилишига имкон яратди, Федерико эса йилнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этилиб, Жимми Мёрфи мукофоти билан тақдирланди. Шу тариқа йигитча қашшоқликдан шоҳона ҳаётга кўтарилди.

3-Қисм. Буюкликнинг буюк хатоси

Фергюсон италиялик шогирдини жуда яхши кўрарди: унга ЕЧЛда имконият берар, кубок баҳсларида тўлиқ тўп суришини таъминлар, АПЛ­да захирадан майдонга туширарди. «Сэр Алекс - ҳайратланарли мураббий. У менга тўлиқ ишонарди» - Македа ҳам устозининг ёқимтойи бўлганлигини тасдиқлаганди.

Манчестердаги иккинчи йилида италиялик ҳужумчига янги шартномани таклиф этишди. Лекин Фергининг ишончи уни талтайтириб юборди. Натижада Македа машғулотларда тер тўкишдан кўра, тунги клубларда кўнгилхушлик қилишни афзал била бошлади. Табиийки, савияси тобора пасайиб, оқибатда ўз ўрнини йўқотиб қўйди. Етарли ўйин амалиётидан маҳрум бўлган ҳужумчи «Сампдория»га ижарага берилди. Фергюсон бунга қарши эди: мураббий Федерикога Англиядан кетмасликни маслаҳат берди, Македа қулоқ солмади.

«Сампдория» ижараси - фаолиятимдаги энг катта хато бўлди. Мен Англияни тарк этмаслигим керак эди. Ортга қайтгач, 3 карра кўпроқ тер тўкишимга тўғри келди. Чунки мен яна имкониятга эга бўлмоқчи эдим», - дея тан олганди футболчи. Лекин имкониятга эриша олмади.

Македа ҳаммаси бўлиб 5 марта турли жамоаларда «сургун»да бўлди. Уларнинг фақат биттаси омадли бўлди:

1.         «Сампдория». Голсиз иштирок ва юлдуз мақомидан жудолик;

2.         «Куинз Парк Рейнжерс». Учта қуруқ ўйин, «Твиттер»даги ахлоқсиз чиқиши учун 15000 фунтли жарима;

3.         «Штутгарт». Ноодатий сўл қанотдаги самарасиз (голсиз) иштирок;

4.         «Донкастер». 15 ўйин, 3 гол ва жароҳат;

5.         «Бирмингем». 18 ўйин, 10 гол. Ўз ўйинини топа олди. Бироқ «поезд» кетиб бўлганди.

Сэр Алекс «МЮ»ни тарк этди, Македанинг шартнома муддати тугади. Шундан кейин умидсизлик уммонига ғарқ бўлган ҳужумчининг ривожланиш жараёни тўхтади. Боз устига, жароҳатлар чангалига тушиб қолди.

Ҳозирда Македа 27га тўлди. У ўтмишни унутиб, кун тартибини бутунлай ўзгартирди, жароҳатларни четлаб ўтиш мақсадида машғулотларга зўр берди. 2017 йилда Федерико ўз хато ва камчиликларини расман тан олди: «Йўл қўйган камчиликларимдан умр бўйи афсусланиб ўтишим аниқ. Аммо мен ёшман ва бу ёғига афсусланишга сабаб бўладиган ишлардан йироқ бўлишга уриниб кўраман».

Федерико вақти-вақти билан Фергюсонга қўнғироқ қилиб туради. Мураббий суюкли шогирдининг ишлари билан қизиқиб туради. У эса устознинг маслаҳатига қулоқ солмасдан порлоқ фаолиятни барбод қилганидан пушаймон эканлигини айтади.

2018 йилнинг сентябрида Македа «Панатинаикос» сафига ўтди. Ҳозирча ҳаммаси рисоладагидек: турли-туман услубдаги голларни амалга оширмоқда, жумладан, товонининг орқа томони билан ҳам. Ўз муваффақиятини «Л» ҳарфини (ўғли Лоуренс шарафига) тасвирлаш орқали нишонламоқда. Хуллас, ҳаммасини изга солиш ниятида.

«Мен доимо оёқда дадил турганман. Дебютим - фантастика. Бироқ ўшанда митти болакай эдим. Ўша ўйинимдан кейин мухлислар мендан фақат голлар кутишарди. Аммо бу осон иш эмас. Мени янги Руни сифатида тасаввур қила бошлашганди, бу эса янада қийинроқ».

Ҳа, қачондир бу «Тилла бола» чароғон ҳаёт учун ажойиб имкониятга эга бўлганди. Бироқ тез келган машҳурлик юкини кўтара олмади, тартибсиз турмуш тарзи жароҳатларга, улар эса савиянинг пасайишига олиб келди. Мўъжиза худди чақмоқдек бир марта ярқ этди-ю, ғойиб бўлди. Энди улғайиб, ақли тўлган ҳужумчи ёшликдаги бебошлик асоратларини ювиш билан банд.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz