Қайднома

Қидирув

Пахтакорнинг ҳужум сиймоси(2-қисм)

Пахтакорнинг ҳужум сиймоси(2-қисм)

  05.04.2019 04:02
  0
  413
Пахтакорнинг ҳужум сиймоси(2-қисм)

Газетамизнинг аввалги сешанба сонида «Пахтакор»нинг шонли даврида тўп сурган маҳоратли ҳужумчи Владимир Фёдоров ҳақидаги ҳикоянинг дастлабки қисми билан танишгандик. Бугун мазкур мақоланинг давомини эътиборингизга ҳавола этамиз.

(Давоми. Бошланиши аввалги сешанба сонида)

Навбатдаги мавсумда ўз лигасида 1-ўринни эгаллаган «Пахтакор» элитага қайтди. Тўғри, олий дивизионда ҳайратланарли натижаларга эриша олмади - мавсум-73да 12-поғонадан жой олиб (ўшанда Ереваннинг «Арарат» клуби чемпион бўлганди), лигада базўр «жон» сақлаб қолди («Пахтакор» билан қуйи дивизионга тушиб кетган жамоа орасидаги фарқ атиги 3 очкони ташкил этганди). Шунга қарамай, ўзбек клуби ҳақида матбуотда ижобий фикрлар билдирилди: «Пахтакор» 1973 йили олий лиганинг энг ёш жамоаларидан бирига айланди. Ушбу мавсумдаги омадсиз стартни айнан навқиронлик ва тажрибасизлик билан изоҳлаш мумкин (тошкентликлар дастлабки 12 учрашувнинг 8тасида мағлубиятга учраб, 4 марта дуранг қайд этишганди - муаллиф). Аммо ўйиндан ўйинга «Пахтакор» ёшлари малака ва маҳорат орттириб, сўнгги паллада керакли очколарни тўплаш орқали яхши таассурот қолдиришди...»

Фёдоров мавсум-73да 26та ўйинда майдонга тушиб, 2та тўп киритди. Шунда ҳам, дастлабки голини мавсум бошланганидан икки ярим ой ўтиб, 24 июнда амалга оширди. Ўшанда «Пахтакор» Тошкентда Олма-Отанинг «Қайрат» клубини қабул қилиб, 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган, Фёдоров 4-дақиқада ҳисобни очувчи голга муаллифлик қилганди.

Қаҳрамонимизнинг иккинчи голи эса... тўрт ойдан кейин - 28 октябрга тўғри келди. Бу сафарги муваффақият ҳам Тошкентда, Ворошиловграднинг «Заря» жамоасига қарши баҳсда кузатилди. Тўғри, ўша ўйин ўзбек клуби учун омадсиз якунланганди. 15-дақиқада меҳмонлар футболчиси Онишенко ҳисобни очган бўлса, 17 дақиқадан кейин Морозов орадаги фарқни оширди - 2:0. Иккинчи бўлим бошида (56-дақиқада) Фёдоров ҳисобдаги тафовутни қисқартириб, тошкентликларга умид бағишлаганди. Аммо мағлубиятдан қутулиб қолиш уларга насиб этмади.

«Пахтакор» учун мавсум-74 анча муваффақиятли кечди, бинобарин, бу галги чемпионат ҳам у қадар омадли бошланмаганди - дастлабки тўртта ўйинда тошкентликлар иккитадан мағлубият ва дуранг қайд этишганди. Фақатгина бешинчи учрашувга келибгина, ниҳоят, ғалаба қозонишди - Донецкнинг «Шахтёр» клуби таслим этилди (3:1). Ўйиннинг 11-дақиқасида Фёдоров ҳам мазкур баҳсдаги, ҳам чемпионатдаги илк голини урди. Михаил Ан ҳам 54-дақиқада белгиланган пенальтини амалга ошириб, ўз номига гол расмийлаштирганди. Умуман, Аннинг биринчи галдаги вазифаси рақиб дарвозасини ишғол қилиш эмас, балки шерикларини тўп билан таъминлаш эди - унинг узатмалари ҳамиша ажойиб чиқарди. Кейинчалик «Пахтакор» ҳужумчиси Василис Хадзипанагис бу борада шундай деганди: «Бу «Пахтакор»даги энг яхши мавсумим бўлди. Мен, Володя, Фёдоров ҳамда Тўлаган Исоқов Михаил Ан туфайли 9тадан гол ургандик. У каби етук пас берувчини фаолиятим давомида кўп учратмаганман...»

Демак, Фёдоров ўша мавсум-74да 28та ўйин ўтказиб, 9та гол урди. Улардан дастлабкиси «Шахтёр» дарвозасига йўлланган бўлса, кейинчалик Ворошиловграднинг «Заря» (4:2), Олма-Отанинг «Қайрат» (2:4), Тбилисининг «Динамо» (1:1) (мазкур учрашувлар кетма-кет ўтказилганини қўшимча қилиш даркор), ЦСКА (4:1), Ереваннинг «Арарат» (1:3) билан ўйинларда, яна бир бор «Заря» (1:1), «Қайрат» (4:1) ва ЦСКА (1:1) клубларига қарши баҳсларда тўп киритди.

Айнан ўша мавсум Собиқ иттифоқ терма жамоаси устози Константин Бесков Фёдоровга эътибор қаратди. Кузда уни Европа чемпионати-76 саралаш баҳсига тайёргарлик кўраётган жамоага чақирди: олдинда - 1974 йилнинг 30 октябрь куни Дублинда ўтказиладиган Ирландия термасига қарши ўйин кутиб турганди. Тўғри, ўша учрашувда қаҳрамонимиз захирадан ўйинга қўшилди - 59-дақиқада ЦСКАдаги Владимир Федотовнинг ўрнини эгаллади. Бу пайтга келиб Собиқ иттифоқ термаси 0:2 ҳисобида ютқазаётган, Бесков Фёдоровни майдонга тушириш орқали шогирдларининг ҳужумдаги ўйинини кучайтиришни мақсад қилганди. Афсуски, режа амалга ошмади. 70-дақиқада ирландлар учинчи голни ҳам уришди ва якуний ҳисоб - 3:0.

Мавсум-75да «Пахтакор» анча омадсиз қатнашди, бунга қайсидир маънода дарвозабон ва ҳимоячиларнинг сусткашлиги сабаб бўлди. Умумий ҳисобда тошкентликлар 44та тўп ўтказиб юборишди - ўша мавсумдаги иккинчи энг ёмон кўрсаткич (бундан ҳам ёмон натижани Ростовнинг СКА клуби қайд этганди - 50та ўтказиб юборилган гол). Ўшанда «Футбол-хоккей» нашри шундай ёзганди: «Пахтакор»нинг ҳимоя ва ўрта чизиғида уюшқоқлик етишмади. Бу амплуа вакиллари (Андан ташқари) маҳоратли ҳужумчиларга ўз вақтида ёрдам кўрсата олишмади. Энг ёмони, тезкор ўйинга берилиб кетиш оқибатида, рақибнинг хавфли қарши ҳужумларини тўхтатишда оқсашди...»

Фёдоров бу мавсум 21та ўйинда майдонга тушиб, 5та гол урди. Голларининг дастлабкисини эса чемпионат бошланганидан деярли уч ой ўтиб - 6 июлда амалга оширди. Ўша куни «Пахтакор» ўз майдонида Ворошиловграднинг «Заря» клубини қабул қилиб, 1:2 ҳисобида имкониятни бой берганди. Шу ягона гол қаҳрамонимиз ҳисобига ёзилганди.

Сўнгра Фёдоров ЦСКА (1:2), Москванинг «Торпедо» (1:4) ва «Локомотив» (1:4), Ростовнинг СКА (1:3) клубларига қарши баҳсларда ўз номини таблога ёздириб қўйди. Кўриб турганингиздек, Фёдоров асосан жамоаси ютқазган ўйинларда тўп киритган. «Пахтакор» эса мавсум-75да умумий ҳисобда 15та учрашувда мағлубиятга учраб, сўнггидан битта юқори (15) ўринни эгаллади ва иккинчи марта олий лигани тарк этди (Ростовнинг СКА клуби билан бирга).

Мавсум-75 қизғин паллага кирганда (июлда), «Пахтакор»ни бош мураббий Вячеслав Соловьёв тарк этди. Тошкент жамоасида тўрт мавсум (1972-1975) ишлаган мутахассис Москвага қайтди (Собиқ иттифоқ спорт қўмитаси футбол бошқармаси раисининг ўринбосари лавозимини эгаллади). Унинг «Пахтакор»даги жойини 1956 йилги Мельбурн Олимпиадаси чемпиони Анатолий Башашкин тўлдирди. Аммо мураббийлик соҳасида дебютини нишонлаган ушбу мутахассисга муваффақият қозониш насиб этмади (клубнинг собиқ футболчиси, машҳур форвард Геннадий Красницкий унга ёрдамчилик қилди).

Мавсум-75да Фёдоров яна Собиқ иттифоқ термасига жалб этилди, ваҳоланки, жамоада бош мураббий ўзгарганди - масъулиятли вазифа Киевнинг «Динамо» клуби устози Валерий Лобановскийга ишониб топширилди. Фёдоров 5та баҳсда ўйнади, уларнинг иккитасида захирадан ўйинга қўшилди: Европа чемпионати-76 саралаш баҳсида Туркия термасига қарши (3:0, 80-дақиқада майдонга тушди) ва Ирландия термасига қарши (2:1, 84-дақиқада). Учта учрашувни тўлиқ ўтказди, ҳаммаси Олимпиада-76 саралаши доирасидаги баҳслар эди: Югославия (3:0), Норвегия (3:1) ва Исландияга (1:0) қарши.

Ушбу беш учрашувнинг фақат биттасида Фёдоровга гол уриш насиб қилди - норвегияликлар билан ўйиннинг 8-дақиқасида қаҳрамонимиз рақиб дарвозасини ишғол қилди. Бу пайтга келиб, Собиқ иттифоқ термаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозонаётганди. Албатта, Фёдоровнинг ёнида қадрдон «Пахтакор»даги каби Михаил Андек пас узатувчи бўлганида, сермаҳсуллик янада ошиши турган гап эди. Аммо Ан у пайтлари терма жамоага жалб этилмаганди.

«Пахтакор» мавсум-76ни ғалаба билан бошлади - 8 апрелда ўз майдонида Ярославлнинг «Шинник» клубини 1:0 ҳисобида енгди. Бироқ кейинги икки учрашувда мағлубият аламини тотиб кўрди - Қозоннинг «Рубин» (0:1) ҳамда Ивано-Франковскнинг «Спартак» (1:2) жамоаларига имкониятни бой берди. Ушбу баҳсларда Фёдоров гол урмади, чунки бу пайтда Собиқ иттифоқ ёшлар термаси таркибига жалб этилганди (жамоа сардорига айланган Михаил Ан билан биргаликда). «Пахтакорчилар» ёшлар ўртасидаги дастлабки Европа чемпионатида қатнашишди. У ерда Фёдоров гол урди - Франция термасига қарши кечган ҳал қилувчи учрашувда иккита тўп киритиб, 2:1 ҳисобидаги ғалабага замин ҳозирлашдан ташқари, жамоасини турнирнинг финал босқичига олиб чиқди.

Собиқ иттифоқ чемпионатининг биринчи лигасидаги иштирокка келсак, у ерда Фёдоров ўзининг биринчи голини 28 апрелда нишонлади. Ўшанда «Пахтакор» Тошкентда Симферополнинг «Таврия» клубини меҳмон қилганди. Ўйиндаги ягона гол (70-дақиқада урилган) тошкентликларга ғалаба келтирди. Фёдоровнинг иккинчи голи эса бир неча кундан сўнг - 2 майда, «Пахтакор» стадионида ўтказилган Ростовнинг СКА клубига қарши баҳсда урилди. Бу сафар ҳам шу гол учрашув тақдирини ҳал қилди - 1:0. 8 майда эса тошкентликлар Бокуда маҳаллий «Нефтчи» клубига қарши баҳс юритишди ва Фёдоров у ерда ўзининг мавсумдаги учинчи тўпини киритди. Аммо бу сафар жамоасига ғалаба тақдим этолмади - меҳмонлар 2:3 ҳисобида ютқазишди. Кейинги бир ой Фёдоровнинг голларидан холи бўлди, зеро у Европа чемпионатида қатнашиш учун терма ихтиёрига қўшилганди - турнирнинг финал босқичидаги иштирок бор эди.

Ярим финалда Собиқ иттифоқ термасига Голландия жамоаси рақиблик қилди. Дастлабки ўйинда «лолалар юрти» вакиллари 3:0 ҳисобида таслим этилган бўлса, иккинчисида 0:1 ҳисобида имконият бой берилди. Аммо икки учрашув натижасига кўра, айнан Собиқ иттифоқ термаси мусобақа финалига йўл олди. У ерда Венгрияга қарши баҳс кутиб турарди. Биринчи учрашувда 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. Иккинчи ўйинда эса 2:1 кўринишида зафар қучган Собиқ иттифоқ термаси чемпионлик унвонига сазовор бўлди. Ўшанда Михаил Аннинг бош совринни боши узра кўтариб тургани тасвирланган сурат бутун дунёдаги газеталар муқоваларини безаганди. Собиқ иттифоқ миллий жамоаси муваффақиятга эришолмаган бир пайтда (барча йирик турнирлардан - жаҳон ва Европа чемпионатларидан четда қолганди), ёшлар Европанинг энг кучли жамоаси эканликларини кўрсатишганди.

Мазкур турнирдаги ёрқин ўйини туфайли Владимир Фёдоров Собиқ иттифоқ олимпия термасининг ўша пайтдаги мураббийлари - Валерий Лобановский ҳамда Олег Базилевичнинг эътиборини ўзига қаратди. Натижада, қаҳрамонимиз мазкур жамоа таркибига жалб этилиб, 1976 йилнинг 10 мартида Кошицада ўтказилган Чехословакияга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушди. Тўғри, у 46 дақиқа тўп сургач, ўрнини ЦСКАдаги Леонид Назаренкога бўшатиб берганди. Ўйин 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. «Футбол-хоккей» нашри ўшанда жараённи шундай ёритганди: «Бизнинг спортчилар ўйин бошида секин тўп суришди, асосан майдон марказида бир-бирларига тўп ошириш билан шуғулланиш орқали темпни пасайтиришди. Олдинда фақат Фёдоров ўйнади, аммо у жуда пассив кўринди...»

---------------------------------------------

(Давоми газетамизнинг келгуси сешанба сонида)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz