Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон жаҳон чемпионатига боради. Кейин-чи?

Ўзбекистон жаҳон чемпионатига боради. Кейин-чи?

  06.04.2019 04:45
  0
  473
Ўзбекистон жаҳон чемпионатига боради. Кейин-чи?

20 йилдан ошиқроқ вақт бўлибдики, мамлакатимиз футбол аҳли жаҳон чемпионати йўлланмаси орзуси билан яшамоқда. Чиқолмаслик ҳаммамиз учун оддий ҳолга айланиб қолди, бунга йиллар давомида кўникдик, кимдир ЖЧ йўлланмаси ҳақида гапирса, қўл силтаб кетадиган даражага келганмиз. Лекин мен бугун шуни ишонч билан айтишим мумкинки, орзулар рўёбга чиқадиган кунлар яқинлашаётгани аниқ. Имоним комилки, кейинги мусобақаларда миллий терма жамоамиз мундиалнинг доимий иштирокчилари қаторида бўлади. Ҳақиқат бироз аччиқ бўлсада, шуни таъкидлаш жоиз - ЖЧда қатнашишга ўз меҳнатимиз билан эришаётганимиз йўқ. Шундай экан, бизга берилаётган имкониятдан оқилона фойдаланишимиз қай даражада кечади? Мазкур йўлланма миллатимиз футболини тубдан ўзгартириб юбора оладими ёки ҳаммаси эски тос, эски тоғоралигича қолиб кетадими? Бугун мазкур саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

 

Кириш сўзларидан баъзилар ҳайрон бўлаётгани табиий, лекин 2022 йили Осиё майдонларида ўтажак жаҳон чемпионатида мамлакатимиз миллий терма жамоаси ҳам иштирок этиши ҳақиқатга яқинлиги кунда-кунга ойдинлашиб бормоқда. Аслида, ФИФА ЖЧ иштирокчилари сонини 48тага етказиши ҳақидаги қарорини 2026 йилдан қўлламоқчи эди. Лекин охирги ойларда жараён анчагина тезлашиб кетди, хусусан, ФИФА раҳбари Жанни Инфантино ва унинг жамоаси Қатар атрофидаги мамлакатларга ташриф буюриб, у ердаги аҳволни атрофлича ўрганишлари алал-оқибат мазкур фикрнинг 2022 йилги мундиал учун ҳам қўлланилиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Шу кунларда Осиё футбол конфедерацияси мусобақаларни ўтказиш бўлими бошлиғи Авазбек Бердиқулов Тошкентда бўлиб турибди. Аваз - менинг кўп йиллик қадрдон дўстим, қолаверса, эски ҳамкасбим. У билан футбол борасида, айниқса, Осиё футболи хусусида кўп мусоҳаба қиламиз. Ўз ишига профессионал муносабатда бўлишига, яъни ОФКдаги гап-сўзларни, ҳаттоки, бизга ҳам айтмасликка ҳаракат қилишига қарамасдан, ундан барибир, баъзи маълумотларни олиб турамиз.

Яқинда у билан гаплашиб шунга амин бўлдимки, 2022 йилги жаҳон чемпионати иштирокчилари сонининг 48тага оширилиши деярли 99 фоизга ҳал бўлган. Аслида, бунга Бердиқуловнинг гапларисиз ҳам катта ишонч бор эди, бизда. Лекин ОФК вакилининг ФИФА мусобақаларни ўтказиш бўлими ходими билан бўлган суҳбатидаги гаплар орқали шуни пайқаш мумкинки, ёзда бўлиб ўтадиган ФИФА йиғилиши ЖЧ иштирокчилари сонининг 48тага оширилиши билан якун топади.

Ҳозирда асосий муаммо - Қатар атрофидаги мамлакатлардан ЖЧ учун яраб берадиган 4 дона стадион «топилиши» керак. Айтишга осон, лекин бунинг ортида не-не машаққатлар турибди. Меҳмонхона, инфраструктура, машғулот майдонлари, дегандек кўпгина масалалар бор. ФИФА лоақал иккита мамлакатдан 2тадан стадион топилса, мундиал иштирокчилари сонини 48тага оширишга тайёр. Мазкур икки давлат ўз майдонида ЖЧни қабул қила олишга «кафолат хати» тақдим этса, етарли.

Бу рўйхатда дастлаб БАА, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Уммон ва Қувайт каби давлатлар бор эди. Баҳрайн ҳақида тайинли бир нима дейиш қийин бўлсада, БАА ва Саудия Арабистони бундай мусобақани муаммосиз қабул қила олади. Лекин мазкур уч мамлакат билан Қатарнинг муносабати яхши эмаслиги ФИФА учун шунчалик аҳамиятлики, шу биргина сабаб туфайли буларни мундиал учун Қатарга шерик қила олмайди. Бошқа томондан, ўзига шерик бўлиши кутилаётган мамлакатларни хусусан, Қатарнинг ўзи тасдиқлаши керак. Уммон билан Қувайт эса жаҳон чемпионатини ўзида қабул қилишга жуда мос мамлакатлар эмас. Улардан атиги иккита стадион сўралаётган бўлсада, шуни ҳам таъминлаб беришига ишониш қийин. Хуллас, масала анча чигал.

Кўринишидан чигаллик борга ўхшасада, ФИФА раҳбарлари бундай муаммоларни доимо ўзлари ўйлагандек тарзда бартараф этиб келишган. Мен юқорида Аваз Бердиқулов билан бўлган суҳбатларимизни бежиз тилга олмадим. У ФИФАдаги мусобақаларни ўтказиш бўлими ходими билан ўзаро суҳбати ҳақида айтганди. Бердиқуловнинг «Қатар билан ишлаш жуда қийин, улар билан 2011 йилги Осиё чемпионатида ҳам ишлаб кўрганмиз», деган гапига ФИФА расмийси «Хотиржам бўлинг, биз ундан мураккаброқ бўлган Россия билан ҳам ишлаб кўрдик», деган. Бу гаплардан шуни тушуниш мумкинки, Қатарни ЖЧ иштирокчилари сонини 48тага етказишга кўндириш ФИФА учун унчалик қийин юмуш эмас. Барча ишнинг бошида Жанни Инфантинонинг шахсан ўзи турганлиги эса, мазкур масала ижобий ҳал бўлишини билдиришига яна бир туртки.

Хуллас, юқорида айтганимиздек, ЖЧ иштирокчилари сони 48тага оширилиши масаласи деярли 99 фоизга ҳал қилиб бўлинган, натижада, Осиёдан иштирокчиларнинг сони ҳам 8,5тага чиқарилади.

Доимий иштирокчилар - Япония, Жанубий Корея, Эрон ва Австралияга қўшимча, яна 4 терма жамоа тўғридан-тўғри мундиалга йўл олади. Миллий терма жамоамиз учун кучли саккизликка кириш - ойга учиш эмас. Лекин...

Шу ерга келганда жуда катта бир «лекини» борки, яқин келажакда барча масала мана шу сўз атрофига қурилса ажаб эмас. Хўп, жаҳон чемпионатининг доимий иштирокчисига айландик ҳам дейлик. Кейин-чи? Ке-йин бизни қандай кунлар кутиб турибди? ФИФАнинг бизга тақдим этаётган имкониятидан вакилларимиз қай даражада фойдалана олишади?

Сўнгги бир йил ичида Уругвай терма жамоаси билан ўтказилган икки ўртоқлик учрашувида бўлган воқеалардан яхши хабардорсиз. Иккита ўйин - иккита 0:3 ҳисоби. Луис Суарес ва Эдинсон Кавани иштирок этган ўйинларда ҳам, уларсиз ҳам Уругвай бизни осонликча таслим этмоқда.

Миллий терма жамоамиз агар шу кунларда жанубий америкаликлар билан яна бир марта майдонга тушса, мен яна бир бора 0:3 ҳисоби такрорланишига заррача шубҳа қилмайман. Уругвай каби терма жамоалар билан ҳозирги фарқимиз ростдан ҳам нолга уч. Иккинчи томондан - Хитойни меҳмонда ютишимиз ҳам анчайин нормал ҳолат. ЖЧ саралашида Бабаян билан ютқазган бўлсак ҳам, олдинроқ ўртоқлик ўйинида 2:1 ҳисобидаги ғалабани мухлислар яхши эслашади. Айтмоқчиманки, кеча ёки бугун бизнинг куч ва салоҳиятимиз жиддий тарзда ўзгариб қолгани йўқ. Ўша темп, ўша куч, ўша ўйинлар...

Мен Уругвай масаласи тилга олинганда, ўша кунлари биз билан параллель ўтган ўртоқлик учрашувларида Япония ва Жанубий Корея қайд этган натижаларни алоҳида тилга олишни истардим. Япон ва корейс футбол уюшмаси раҳбарлари биргаликда ҳаракат қилишганми, ишқилиб, ўша 22 ва 26 март кунлари Колумбия ва Боливия терма жамоалари икки Осиё грандига қарши алмашиб майдонга тушишди. Натижалар:

22.03.2019

Жанубий Корея - Боливия - 1:0

Япония - Колумбия - 0:1

26.03.2019

Жанубий Корея - Колумбия - 2:1

Япония - Боливия - 1:0

Бу тўрт ўйин натижасини тўлиғича эътиборингизга ҳавола этаётганим бежиз эмас. Гап шундаки, Уругвай билан нисбатан яқин футбол намо-йиш этадиган, деярли тенг кучга эга бу икки терма жамоага қарши ўйинларда Япония ва Жанубий Корея терма жамоалари умумий ҳисобда 4 ўйиндан учтасида ғолиб чиқишди. Ягона учрашувда Колумбияга мағлуб бўлган Япония ҳам атиги бир тўп фарқи билан ютқазди. Айтмоқчиманки, жамоалар ўртасидаги фарқ катта эмас. Ҳаттоки, осиёликларнинг устун тарафлари ҳам кўп. Олдинги жаҳон чемпионатларида буни исботлашган японлар, корейслар, қолаверса, эронликлар бу борада анча дадиллик билан олға қадам ташлашмоқда. Лекин биз-чи?

Қизиқ бир ҳолатга эътибор қаратаман: гўёки, биз Япония ва Жанубий Корея каби терма жамоалар билан жуда кичик фарқ билан орқада экандек кўринсак-да (эсланг, жаҳон чемпионатига чиқишимизга битта гол етмади - 2017 йилги гап, жаҳон чемпионатига чиқишимизга 2та гол етмади - 2013даги гап), ўша Япония ва Жанубий Кореялар кўпинча асосий майдонларда ўз сўзларини айтишади. Ўша лаҳзаларда ЖЧ саралашидаги кичик фарқлардан асар ҳам қолмайди.

Узоққа бормайлик, айнан биз билан майдонга тушган таркиб, айнан ўша йигитлари билан ўйнаган Уругвайга қарши Жанубий Корея, Япония ва Саудия Арабистони қандай натижа қайд этишгани ҳақида бироз тўхталсак.

20 июнь 2018. Жаҳон чемпионати

Уругвай - Саудия Арабистони - 1:0

Гол: Луис Суарес (23).

Уругвай: Муслера, Годин, Хименес, Касерес, Варела, Санчес (Нандес 82), Бентанкур, Родригес (Торрейра 59), Весино (Лаксальт 59), Суарес, Кавани.

12 октябрь 2018. Ўртоқлик учрашуви

Жанубий Корея - Уругвай - 2:1

Голлар: Хван Ин Чо (66),

Чон У Ён (79) - Весино (72).

Уругвай: Муслера, Годин, Лаксальт, Касерес, Коатес, Нандес (Сильва 46), Бентанкур, Торрейра, Весино (Перейро 73), Стуани (Гомес 62), Кавани.

16 октябрь 2018. Ўртоқлик учрашуви

Япония - Уругвай - 4:3

Голлар: Минамино (10, 66),

Осако (36), Доан (59), - Перейро (28), Кавани (57), Родригес (75).

Уругвай: Муслера, Годин, Лаксальт, Касерес, Коатес, Перейро (Стуани 85), Бентанкур (Вальверде 46), Торрейра (Нандес 74), Саррачи, Арраскаета (Родригес 46), Кавани.

Яна Осиё вакиллари ижросида 3 ўйин, 2 ғалаба.

Мен анчагина жой талаб қилса ҳам атайин учала ўйиндаги Уругвай таркибини тўлиғича бермоқдаман. Бу уч учрашувдаги ҳисоблар ва голлар кетма-кетлигига эътибор қилинг.

Жанубий Корея дастлаб тўп киритмоқда, кейин Уругвай ҳисобни тенглаштиради, якунда корейслар яна гол уриб, ғалабани илиб кетишади - 2:1.

Япония ҳисобни очади, кейин -1:1, японлар яна олдинга чиқиб олишади, Кавани 2:2 қилади, японлар энди 2та гол уришади - 4:2. Сўнгги зарбани Уругвай беради - 4:3, лекин бу жанубий америкаликларнинг ўйиндаги сўнгги голи бўлиб қолади.

Кўраяпсизми, ўйинларнинг қанақа боришини. Бу баҳсларни томоша қилолмаган инсон ҳам ўйиндаги шиддат ва муросасизликни бемалол ҳис қилиши мумкин.

Биргина Уругвай мисолида бизнинг терма жамоамиз халқаро майдонлардаги катта учрашувларга ҳали умуман тайёр эмаслигини кўришимиз мумкин. Шу онда қизиқ бир фикр беихтиёр мияга келади. Ўша ютган ўйинларда Япония ҳам, Жанубий Корея ҳам асосан ўз майдонида ҳаракат қилган. Хўш, нега биз айнан шундай ўйинларни ўз майдонимизга - Тошкентга олиб кела олмаймиз? Балки шунда йирик ҳисоблар бироз кичиклашиб, балки дуранг ҳам қайд этилиб қолар? Ўз уйимиздаги деворлар куч бериши оқибатида бора-бора ғалабали серияларни ҳам бошлаб олармиз (гап фақат биздан икки ҳисса кучли терма жамоалар ҳақида кетмоқда). Шахсан мен ўша Уругвай терма жамоаси билан «Миллий» стадионида яна бир ўйин ўтказилса, ҳисоб энди бошқачароқ бўлишига ишонаман.

Афсуски, бундай йирик ўйинлар Тошкентда ўтказилганига мухлислар деярли гувоҳ бўлишмаган. 1995 йили Нигерия терма жамоаси «Пахтакор»да тўлиқ таркиби билан ўйнаб, бизникиларни 3:2 ҳисобида ютган ўйин, менимча, ҳозирча ягона бўлиб турибди.

Ортга қайтиб, шуни алоҳида тилга олишни истардимки, 2018 йилда ЎФА томонидан ташкил қилинган Сенегал, Марокаш, Эрон, Уругвайга қарши назорат ўйинлари шубҳасиз, футболимиз тарихига ўртоқлик учрашувлари борасидаги туб бурилиш бўлиб кирди. Энди ЎФА мазкур йирик ишнинг давомини ҳам шундай темпда бажарса, жуда аъло кўрсаткич бўларди. Яъни, дунёнинг топ терма жамоалари билан ташкиллаштирилажак ўйинларнинг Тошкентда ўтишини таъминлаб беришни. Зеро, нейтрал майдон ва меҳмондаги учрашувлардаги мағлубиятлардан боши чиқмаётган миллий терма жамоамиз бўлажак жаҳон чемпионатларига шу тарзда муносиб тайёргарлик кўрса, қачондир мундиалга борганда, Уругвайга ўхшаш кучли рақиб қаршисида довдираб қолмаган бўлур эди...

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz