Қайднома

Қидирув

Стипе Плетикоса: «ЖЧ финалида хорватлар «тузоқ»қа илинишди»

Стипе Плетикоса: «ЖЧ финалида хорватлар «тузоқ»қа илинишди»

  07.04.2019 03:53
  0
  761
Стипе Плетикоса: «ЖЧ финалида хорватлар «тузоқ»қа илинишди»

Хорватия термасининг уй стадиони йўқ, аммо бу жамоа эришаётган ютуқлар ушбу мамлакатда футбол ривожига хизмат қилмоқда. Бу ҳақда хорватларнинг собиқ дарвозабони Стипе Плетикоса россиялик ҳамкасбларимиз билан суҳбатда айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Хорватияда иқтидорли йигитлар фаолиятни кўча футболидан бошлашади, чунки ихтисослаштирилган академиялар етарли молиявий таъминотга эга эмас. Шунингдек, Плетикоса 2018 йилги жаҳон чемпионатидан олган таассуротлари ҳамда Чемпионлар Лигасининг жорий мавсумида қайси клуб ғолиб бўлиши ҳақидаги тахминлари билан ҳам ўртоқлашди.

 

- 2018 йили жаҳон чемпионлиги учун кураш кечган ўйин сиз кўрган финаллар ичида энг яхшиси бўлдими?

- Шубҳасиз, мазкур баҳс бизга тақдим этган ҳиссиётлар шундан далолат бермоқда. Учрашувдан сўнг жамоамиз кийиниш хонасига кириб, футболчиларнинг бироз ранжиганликлари устидан чиқдим. Улар турнир давомида ажойиб ўйин кўрсатишди, аммо рақиб «тузоғи»га илинишгани сабаб ғалабани бой беришди. Франциялик ўйинчиларни тўсишга ҳаракат қилишди, бироқ улар вазиятдан тезда чиқиб кетишди. Хорватия - эҳтиросларга тўла жамоа, шу боис бизни яхши кўришади. Аммо мазкур вазиятда ҳиссиётларни бир четга суриб, бор эътибор тактикага қаратилганида, мақсадга мувофиқ бўларди.

- Хорватия термасининг финалга чиқишини тахмин қилганмидингиз?

- Албатта, йўқ. Саралаш баҳслари бу қадар текис кечмаганди. Жаҳон чемпионати арафасида барча биз учун энг муҳими дастлабки учрашувда ғалаба қозониш эканлигини айтганди. Биз буни уддаладик ва кайфият ўзгарди. Футболчилар бир-бирига янада яқинлашди. Йирик турнирларда 23 киши қатнашади, яна 25 киши жамоа атрофида бўлади. Яхши муҳит яратиш зарурати туғилади, чунки терма кўп саёҳат уюштиради, аксарият ҳолларда уйқуга вақт етмайди. Масалан, Ведран Чорлука, гарчи ҳар доим ҳам майдонга тушмаган бўлсада, барчага катта мадад берди. Буларнинг бари якунда бизни финал сари етаклади.

- Французлар алоҳида футболчиларнинг индивидуал ҳаракатлари туфайли жаҳон чемпиони бўлишди, дейиш мумкинми?

- Менимча, айни пайт барча термаларда савияли футболчилар аввалги даврлардагидек кўп эмас, шу боис вазиятга баъзи деталлар таъсир ўтказади. Мисол учун, мундиалнинг 1|8 финалида Каспер Шмейхель сўнгги дақиқаларда Лука Модрич амалга оширган 11 метрли жарима зарбасини бартараф этди ва учрашув тақдири пенальтилар сериясига қолди. Иккинчи уринишда «Реал» ярим ҳимоячиси гол урди, акс ҳолда, у жаҳон чемпионатларидаги энг катта фожиа сабабчисига айланиб қолиши ҳеч гап эмасди. Аксинча, Модрич якунда энг яхши футболчи деб топилди.

- Златко Далич шогирдлари турнирни Нигерия устидан қозонилган ғалаба билан бошлашди, кейинчалик Аргентинани ҳам таслим этишди...

- Омад деганда айнан шуни кўрсатиш мумкин. Ўйин тенг кечди ва биз биринчи голимизни 53-дақиқада урдик. Дарвозабон кичик хатога йўл қўйгач, Анте Ребич ўз имкониятини кўкка совурмади. Бу айнан замонавий футболда кўп нарсани ўзгартирадиган ўша деталлардир. Айнан ўшанда илк бор янада кўпроғига қодир эканимизга ишона бошладим.

- Финалда Хорватияга нима етишмади? Оддий чарчоқ ўз сўзини айтдими?

- Ҳамюртларимнинг учрашув давомидаги ҳаракатларидан қониқдим. Жамоа сўнгги йиллардаги йирик турнирларга ўз ватани ва халқига бўлган чексиз ҳурмати сабаб етиб борди. 1998 йили, ҳали ёш ўйинчи сифатида майдонга тушган кезларим, мундиалдаги учинчи ўрин футбол ва термамизга нисбатан муносабатимизни янада мустаҳкамлаганди. Ўтган йилги муваффақият ҳозирги авлод вакилларига худди шундай таъсир ўтказади. Умуман, Далич шогирдлари жисмоний тайёргарлик бўйича ҳам муносиб кўринишди.

- Москванинг «Спартак» клубидан кейин «Тоттенхэм» сафида тўп сурдингиз. Англияда кўнглингизни қолдирган энг ёмон нарса нима бўлди?

- У ерда жуда кам ўйнадим. Англия Лига кубоги доирасида азалий рақиб - «Арсенал»га қарши баҳсда битта ўйин ўтказдим, ўшанда 1:4 ҳисобида ютқаздик. Шунга қарамай, туманли альбионда тўп суриш ёқарди. Таркибимизда ажойиб ижрочилар йиғилганди. Улар орасида тўрт нафар хорват бор эди: мен, Чорлука, Модрич ва Нико Кранчар. Шунингдек, Питер Крауч, Дэвид Бэнтли, Жонатан Вудгейт билан ёнма-ён ўйнаганмиз. Бутун фаолиятим давомида Хорватия ва Россияда ҳамиша биринчи рақамли бўлганман. Ўша йили буни уддалай олмадим, лекин барибир, бахтиёр эдим. Менимча, Англия - мураббий жамоани ортиқча руҳлантириши керак бўлмаган ягона мамлакат. Улардаги менталитет шундай, бутун учрашув давомида кучларининг 100 фоизини сарфлашади. Қандайдир муаммолар бўлса, уларни майдон ташқарисида қолдиришади.

- Қайси клубни жорий мавсум Чемпионлар Лигаси бош совринини қўлга киритишга асосий даъвогар сифатида кўрсатасиз?

- Менимча, бу борада «Манчестер Сити»нинг имкониятлари бошқаларга қараганда кўпроқдек туюлмоқда.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz