Қайднома

Қидирув

Мураббийлар: МИСОЛИ ТОПАҒОН САВДОГАР

Мураббийлар: МИСОЛИ ТОПАҒОН САВДОГАР

  07.04.2019 06:01
  0
  211
Мураббийлар: МИСОЛИ ТОПАҒОН САВДОГАР

Ҳозирги футбол боргани сари бозор қоидаларига мослашиб бормоқда. Миллионлар ўйини аллақачон ўзининг трансфер йўналишини белгилаб олган, у ҳар мавсум тобора фаоллашяпти. Клублар турли сабабларга таянган ҳолда футболчилар олди-сотдиси билан шуғулланишмоқда - кимдир аввалдан белгиланган вазифаларни бажаришни хоҳлайди, кимдир шунчаки ғазнасини ривожланиш йўлида керак бўладиган пул билан тўлдиради. Бугун Европанинг энг машҳур беш нафар мураббийи фаолиятига назар ташлаб, уларнинг футболчи сотиш орқали ўз клубига қанча даромад келтирганини ҳисоб-китоб қиламиз. Албатта, улар бу ишни муайян бир клубда эмас, балки бутун фаолиятлари давомида амалга оширишган. Шунингдек, бугунги рўйхатдан айни пайт қўл остидаги футболчилар билан фаол ишлаётганлар жой олишганини қўшимча қилиш даркор.

 

5. УНАИ ЭМЕРИ (Испания)

Сотган футболчиларининг умумий нархи: 466,61 миллион фунт

Ҳозирда Лондоннинг «Арсенал» клубида ишлаётган 47 ёшли испаниялик мутахассис фаолияти давомида ўз юртидаги унчалик таниқли бўлмаган жамоаларда ишлагач, кейинчалик «Валенсия», «Спартак Москва», «Севилья», «ПСЖ»да меҳнат қилди. Ўтган йилнинг ёзида эса узоқ йиллардан сўнг «канонирлар» бошқарувини тарк этган Арсен Венгернинг ўрнини эгаллади. Ушбу бешта клубда Унаи Эмери умумий суммаси 466,61 миллион фунт стерлингга тенг 59 нафар футболчини сотишга улгурган. Умуман, севимли жамоаларининг трансфер бозоридаги жиддий харидларига кўниккан «Арсенал» фанатлари Эмеридан кимнидир сотиш эмас, балки янада савиялироқ бўлган ўйинчиларни сотиб олишни кутишмоқда. «Севилья» билан Европа Лигасида кетма-кет (2013|2014, 2014|2015, 2015|2016) бош совринга эга чиқилиши ушбу мутахассиснинг фаолиятидаги энг йирик ютуқлар ҳисобланади. Бундан ташқари, «ПСЖ» бош мураббийи сифатида 2017|2018 йиллар мавсумида Франция чемпионлигини қўлга киритган. Қизиғи, Эмери амалдаги рекорд даражадаги трансферни амалга оширган клубга устозлик қилган. Айнан испаниялик ишлаган пайтда - 2017 йилнинг ёзида «ПСЖ» Неймар учун «Барселона»га 222 миллион евро тўлаган.

------------------------------------------------

4. ДИЕГО СИМЕОНЕ (Аргентина)

Сотган футболчиларининг умумий нархи: 494,43 миллион фунт

48 ёшли аргентиналик мутахассис ҳозиргача иккита жамоа билан ишлашга улгурди, холос - Италияда «Катания» ҳамда Испанияда «Атлетико Мадрид». 2011 йилдан буён «матрасчи­лар»­га устозлик қилаётган Симеонени афтидан, клуб раҳбарлари ҳали-вери қўйиб юборишмайдиган кўринади. Статистика маълумотларга кўра, Симеоне мураббийлик фаолияти давомида 54 нафар футболчини сотган, бу трансферлар натижасида у ишлаган клублар ғазнасига қарийб 500 миллион фунт тушган. Айниқса, футбол оламида Симеоне қўл остида ўсишга эришган форвардларга эҳтиёж катта. Ўз вақтида «Атлетико» аргентиналик мураббий даврида Фалькао сотуви учун 39, Жексон Мартинес учун 38, Серхио Агуэро учун 36, Диего Коста учун 34 миллион фунт стерлингга эга бўлган. Диего Симеоненинг Европа қитъасида эришган энг йирик ютуғи Испания чемпионлиги бўлиб, 2013|2014 йиллар мавсумида «матрасчилар» мамлакатнинг тенгсиз жамоаси номини қўлга киритишган. Бундан ташқари, Симеоне даврида «Атлетико» икки марта Европа Лигасида зафар қучди, икки марта Чемпионлар Лигаси финалига чиқиб, ҳал қилувчи баҳсда рақибига имкониятни бой берди. Таъкидлаш жоизки, Симеоне фаолияти давомида сотиб олган энг қиммат футболчи Тома Лемар ҳисобланади. Унинг учун «Атлетико» ўтган йилнинг ёзида «Монако»га 63 миллион фунт тўлаганди.

------------------------------------------------

3. ЖОЗЕ МОУРИНЬО(Португалия)

Сотган футболчиларининг умумий нархи: 510,59 миллион фунт

56 ёшли «Беназир» футбол оламидаги энг муваффақиятли мураббийлардан бири саналади. Моуриньо «Порту», «Челси», «Интер», «Реал» ва «Манчестер Юнайтед»даги фаолияти орқали яхши таниш. Тушунарлики, у Европа грандларига устозлик қилгани ҳолда, асосий эътиборни харидларга қаратган. Унинг даврида жамоадан кетган деярли барча футболчилар Жозенинг қизиқишлари доирасига киришмаган. Моуриньо шунчаки уларга имконият беришни хоҳламагани сабаб, жамоани тарк этишларига тўсқинлик қилмаган. Лекин шундай муносабатда ҳам «Беназир» сотилган футболчилар туфайли клубга йирик маблағ келтирган - жами 64 нафар футболчининг умумий нархи 510,59 миллион фунтга тенг бўлган. Улар орасида португалияликнинг кескин танқид қилинишига замин ҳозирлаганлари ҳам бор - масалан, Муҳаммад Салоҳнинг «Челси»дан «Рома»га қўйиб юборилиши ёки Кевин Де Брюйненинг айнан «аристократлар» сафидан «Вольфсбург»га ўтиши шулар жумласидан. Ҳозир бу футболчиларнинг нархи осмонда, «Беназир» эса улар воз кечаётганидан заррача афсусланмаганди. Моуриньо қўлга киритган ютуқлар рўйхатини келтиришдан маъни йўқ, ахир ўзига хос энциклопедияга айланган маълумотларни санаб чиқиш кўп вақт ва куч талаб этади. Қисқача айтадиган бўлсак, Жозе эришган муваффақиятлар орасида энг салмоқлилари Англия, Италия, Испания чемпионлиги, Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси бош соврини ҳисобланади. Моуриньо, чин маънода, аксарият мураббийлар ҳавас қиладиган деярли барча мукофотлар соҳибига айланган. Жозе даврида амалга оширилган энг йирик харид сифатида Поль Погбани кўрсатиш мумкин - 2016 йилнинг ёзида «Манчестер Юнайтед» франциялик ярим ҳимоячи учун «Ювентус»га 94,5 миллион фунт тўлаганди.

---------------------------------------------

2. МАССИМИЛИАНО АЛЛЕГРИ (Италия)

Сотган футболчиларининг умумий нархи: 595,59 миллион фунт

51 ёшли итальян мутахассиси 2010 йили «Милан» бошқарувини қўлга олганидан буён топ-даражада фаолият юритмоқда. 2014 йили «Ювентус»да иш бошлаган мураббий кўплаб совринларни қўлга киритиш орқали дунё футболи грандлари эътиборини ўзига қаратди. Қизиғи, шу пайтга қадар Аллегри бирор маротаба футболчи сифатида ўйнамаган, хориж клубларида мураббийлик қилмаганди. Массимилиано, афтидан, Италия чемпионатида ўзини анча қулай ҳис этмоқда, ваҳоланки, бу тенденция яқин йиллар ичида ўзгармаслигига кафолат йўқ. Аллегри шу пайт­гача нақ 100 нафар футболчи сотган бўлса, ушбу келишувлар натижасида муайян клублар ғазнасига 600 миллион фунтга яқин пул келиб тушган. Италиялик мутахассис ишлаган даврда амалга оширилган энг йирик трансфер, юқорида таъкидланган Поль Погбанинг «МЮ»га сотилиши бўлган. Қолган сотувлар у қадар ҳашаматли кўринмаслиги турган гап - Леонардо Бонуччи учун «Милан» 38 миллион, Тьяго Сильва учун «ПСЖ» 37,5 миллион, Артуро Видаль учун «Бавария» 34 миллион, Маттиа Кальдара учун «Милан» 31,5, Альваро Мората учун «Реал» 27 миллион, Златан Ибрагимович учун «ПСЖ» 19 миллион фунт стерлинг тўлаган. Худди шундай мисоллар яна талайгина. Аммо уларнинг ҳаммаси қўшиб ҳисобланса, Аллегри бугунги рейтингимизда 2-ўринни эгаллаши учун етарли сумма ҳосил бўлади. Массимилианонинг мураббийлик фаолияти давомида эришган ютуқлари орасида 5 марта Италия чемпионлигини қўлга киритгани алоҳида ўрин тутади - бир марта «Милан» билан, тўрт марта «Ювентус» билан. Еврокубокларда эса ҳозирча Аллегри жамоалари сов­ринсиз қолишмоқда. Балки айнан шу сабабдан италиялик мутахассис «ўз қозонида қовурилишни» хоҳлаётгандир?! Мавриди келганда таъкидлаш жоизки, Аллегри даврида харид қилинган футболчи Криштиану Роналду ҳисобланади. Ўтган йилнинг ёзги трансферлар ойнасида португалиялик юлдуз учун «Ювентус» «Реал»га 105 миллион фунт тўлаганди.

------------------------------------------------

1. ЛЕОНАРДУ ЖАРДИМ (Португалия)

Сотган футболчиларининг умумий нархи: 785,66 миллион фунт

Португалиялик бошқа бир мутахассис Леонарду Жардим сотилган футболчилар эвазига ўзи ишлаган клубларга келтирган пуллар миқдори бўйича мураббийлар орасида энг юқори поғонада. Албатта, «Монако» бу сумманинг аксар қисмини Килиан Мбаппе («ПСЖ»га, 121,5 млн. фунт), Тома Лемар («Атлетико», 63 млн. фунт), Антони Мартиаль («Манчестер Юнайтед», 54 млн. фунт), Бенжамин Менди («Манчестер Сити», 52 млн. фунт), Фабиньо («Ливерпуль», 40,5 млн. фунт), Бернарду Силва («Манчестер Сити», 45 млн. фунт), Тьемуэ Бакайоко («Челси», 36 млн. фунт) каби иқтидор соҳибларини сотиш эвазига қўлга киритган. Умумий ҳисобда, муайян клублар Жардим ишлаган пайтда 52 нафар футболчиларни турли клубларга трансфер қилиш орқали 800 миллион фунтга яқин маблағга эга бўлишган. Умуман, «Монако» раҳбарияти спортда йирик натижаларга эришишдан кўра, молиявий манфаатни устун кўрган. Айнан мутасаддиларнинг шундай позиция танлаши сабабли Жардим атиги бир марта Франция чемпионлигини қўлга киритиш билан чекланган - бу ютуқ 2016|2017 йиллар мавсумига тўғри келган. Қизиғи, ўтган йилнинг октябрида «Монако» Жардимни истеъфога чиқаришга қарор қилди, бироқ бир неча ойдан кейин клуб эгалари хатога йўл қўйишганини тушуниб, португалиялик мутахассисни ортга қайтаришди. Айни пайт бу мураббийнинг олдида «Монако»ни Франция футболи элитасида сақлаб қолиш вазифаси турибди. Жамоа қисқа муддат ичида жуда кўплаб юлдузларни сотиб юборди, бу эса яна бир бор кадрлар сиёсатини режалаштиришга эҳтиёж борлигини англатмоқда. Аммо «Монако»нинг ҳозирги муаммоларида Жардимнинг айби у қадар катта эмас ва айнан шунинг учун ҳам клуб хўжайинлари уни қайтаришга жазм этишди. Жардим пайтида амалга оширилган йирик харидлар ҳақида гап борганда, Александр Головин ҳамда Бальде Кейтани айтиш мумкин. Князликлар бу футболчиларнинг ҳар бирига мос равишда ЦСКА ва «Лацио»га 27 миллион фунтдан тўлашган.

А.Абдуҳамитов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz