Қайднома

Қидирув

Яна ўзгаришга муҳтож ОЧЛ турнири ҳақида…

Яна ўзгаришга муҳтож ОЧЛ турнири ҳақида…

  08.04.2019 01:26
  0
  240
Яна ўзгаришга муҳтож ОЧЛ турнири ҳақида…

Coca Cola Суперлига-2019да жамоалар сони 12тадан 14тага етказилганлиги, бундан ташқари, жорий мавсум «Пахтакор» ва «Локомотив»нинг яхши старт олганлиги ОЧЛдаги истиқболимизга катта умидлар билан боқишимизга асос бўлади. Лекин январь ойидаги саралаш ўйинлари билан бошланиб, ноябрь ойидаги иккита финал билан якунланадиган бу мусобақага ҳали кўп ислоҳотлар керак эканлиги сир эмас. Бу турнирнинг аҳамияти биз учун тез-тез ўзгариб қолаётгандек, назаримизда. Ҳадемай ОЧЛ жорий мавсуми гуруҳ босқичининг 3-тури старт олади. Қитъамизнинг энг нуфузли турнири қитъада ҳақиқатан ҳам ўзи хоҳлаган нуфузга, обрўга эга бўляптими? Ёки фақат араб ва хитойлик бизнес ҳамкорларининг истагини бажаряптими?

 

Турнирда кимлар ўйнаши керак?

Осиё футбол конфедерациясига аъзо 46та ассоциациянинг ҳаммасида ҳам футбол ривожланмаган. Осонроқ қилиб тушунтирадиган бўлсак, ҳамма ерда ҳам футбол биринчи рақамли спорт тури эмас. Аксарият мамлакатлар орасидаги масофанинг узоқлиги ОЧЛ гуруҳ босқичининг кенг жўғрофий характер олишига йўл қўймаяпти.

ОЧЛнинг жорий мавсуми аввалида 37та уюшма (Ғарбдан 12та, Шарқ­дан 25та) вакиллари гуруҳ босқичига йўл олиш учун курашиши лозим эди. Баҳрайн ва Сурия клубларида ОФК лицензияси билан боғлиқ муаммолар кузатилган. БАА, Саудия Арабистони, Жанубий Корея ва Хитойдан 3тадан жамоага гуруҳ босқичидан жой кафолатланди. Осиёнинг иккинчи даражали мусобақаси бўлмиш ОФК кубоги ғолибига ҳозирча мусобақанинг гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри жой ажратиб бўлмайди. Ироқ клублари гегемонлигидан сўнг бу мусобақада Тожикистон ва Туркманистон жамоалари финалга чиқиб юрибди. Малайзия чемпиони жорий мавсум ҳар ҳолда яхши ўйин кўрсатмоқда.

 

ОЧЛ гуруҳ босҚичининг тўҒри таҚсимланиши

Айни пайт мусобақа икки географик ҳудудга (Ғарбий ва Шарқий) бўлиб ўтказилмоқда. Буни тушуниш мумкин. Жамоаларнинг молиявий имкониятлари ва жисмоний юкламалари важидан келиб чиқиб шундай қарорга келинган. Лекин бир нарсани тўғри тушунайлик: ҳозир 2019 йил. Бу дегани янги асримизнинг дастлабки 20 йили ҳам ҳаш-паш деганча ўтиб кетмоқда. Биз бўлса, ҳали ҳам молиявий масалалар билан ўралашиб қоляпмиз. Келгуси 2-3 йил ичида бу ҳолатни ҳам яхшилаб ўрганиб чиқиш ва гуруҳлар тақсимотида ҳеч қандай олдиндан белгилашлар бўлмаслиги керак. Ҳар икки минтақадан 6тадан чемпионат вакиллари қатнашаётгани сўнгги 5 йилликнинг энг муҳим ютуқларидан бўлса керак.

Очколар қандай ҳисобланиши лозим?

ОФК 2016|2017 йиллар мавсумидан бошлаб коэффициентлар жадвалини ҳисоблашда саралаш босқичидаги натижаларни ҳам инобатга олишга қарор қилган. Гуруҳ босқичида эса жамғариладиган очколар фақат гуруҳ босқичида иштирок этадиган клублар сонига бўлинади ва ўртача балл ҳисобланади. Шу жо­йига бир таклиф бор. Биз ҳам УЕФА амалга киритган янги қоидани ўзимизда синаб кўрсак бўлади. Яъники, турнирда олдин ғолиб чиққан жамоалар коэффициентига қўшимча очколар қўшиб ҳисобланиши керак. Мисол учун, ғалаба қозонса, 1 балл, дуранг учун - 0,5 балл.

 

Легионерлар лимити керакми?

Мусобақа нуфузини юксалтириш йўлида қилинадиган бирламчи ишлардан бири - легионерлар учун белгиланган «3+1» лимитини бекор қилишдир. Чунки мухлислар стадионга кучли футболчиларнинг ўйинини томоша қилгани келадилар. Легионерлар масаласидаги чекловлар эса қитъамизда футболнинг гуркираб ривожланишига халақит беряпти.

Мисол учун, олайлик, Корея Кей-лигаси вакили «Тэжу ФК» сафида 3 нафар бразилиялик ва 1 нафар япон футболчиси бор. Таиланднинг етакчи клуби «Бурирам Юнайтед» сафида Бразилия, Мали, Венесуэла, Филиппин (2), Япония, Вьетнам фуқароларибўлган легионерлар тўп суришади, маҳаллий футболчилардан 3 нафари Таиланд терма жамоаси сафида Хитойда бўлиб ўтган халқаро турнирда иштирок этди.  Қисқаси, ОФК легионерларга қўйилган чекловни олиб ташласа, қитъа футболи ривожи йўлидаги ҳақиқий инқилоб юз берарди.

 

Харажатлар ва мукофот пуллари

Тўғри, қитъамиздаги мусобақа мукофот жамғармаси бўйича Европа ва Жанубий Америкадан ортда. Лекин айни пайтда берилаётган пуллар ҳам баъзи жамоаларни у қадар қизиқтирмаса керак. ОФК расмий сайтида эълон қилинган 68 саҳифали Осиё Чемпионлар Лигаси-2019 мусобақалар регламентининг 62-63-бобларида жамоаларга бериладиган сафар харажатлари ва мукофот пуллари тартибга солинади.

Айни пайт гуруҳ босқичи иштирокчиларига мазкур босқичга чиққани учун 40 минг доллар берилади. Агарда жамоа гуруҳ беллашувларида ғалаба қозонса, 60 минг доллар, дуранг учун эса 10 минг доллардан олади. Клубга босқичдан босқичга чиқиишига қараб қуйидагича бонуслар тўланади: 1|8 финал - 100 минг, 1|4 финал - 150 минг, 1|2 финал - 250 минг доллар. Чемпионга - 4 млн., финалчига - 2 млн. АҚШ долларидан тегади. Бундан ташқари, ҳар бир босқичдаги ғалабалар учун 50 минг доллардан тўлаб борилади.

Солиштириш учун ЕЧЛдаги (2018|2019 йиллар мавсуми учун) мукофот суммаларини келтириб ўтсак. Гуруҳ босқичидаги ғалаба учун - 2,7 млн. доллар, дуранг учун - 0,9 млн. доллар. Клубга босқичдан бос­қичга чиқиишига қараб қуйидагича бонуслар тўланади: 1|8 финал - 9,5 млн., 1|4 финал - 10,5 млн., 1|2 финал - 12 млн. доллар. Чемпионга - 19 млн., финалчига - 15 млн. АҚШ доллари тегади.

2019 йилги маълумотларга кўра, Либертадорес кубоги (Жанубий Америка) гуруҳ босқичи иштирокчисига 1 млн. доллар берилган бўлса, ярим финал иштирокчилари 1,75 млн. доллардан олишса, ғолибларга умумий ҳисобда 5,35 млн. доллар миқдорида мукофот берилади. Мусобақа чемпионига 12 млн. доллар берилиши назарда тутилган.

 

Ҳомийлар масаласи

Жаҳон чемпионатида бўлгани сингари, ОЧЛ ҳомийлари ҳам мультимиллий корпорациялардир. Уларнинг аксарияти Япония, Жанубий Корея, Австралия, БАА, Қатар каби чемпионатларнинг бош ҳомийлари ҳамдир. Мана уларнинг тўлиқ рўйхати:

Abu Dhabi Airport, Fly Emirates, Molten (Adidas компаниясининг Японияда расмий тўплар ишлаб чиқарувчи корхонаси), Nikon, Karcher, QNB Group, Allianz, Toyota, Tsingtao, Seiko, C’estbon, Lagardere Group, PES. Ҳомийлардан тушадиган маблағлар ва уларнинг мусобақасига қанчаси сарф этилиши хусусида ҳам ҳисоботлар бериб борилса, яхши бўларди.

2018 йил 24 октябрь санасида ОФК ОЧЛ ва ОФК кубогига ҳомийлик қилиш истагида бўлган брендлар билан имзоланган шартномалар ҳақида маълумот бериб, 2019 йилдан янги 5та бренд билан иш бошланаётганлигини маълум қилганди.

 

Трансляциялар

ОЧЛни олис Канада, АҚШ ва Европада ҳам томоша қилишади. Қитъамизда эса Хитой, Эрон, Ж.Корея, Австралия, Камбоджа миллий телеканаллари ҳам алоҳида лицензия шартномалари тузишган. АСЕАН (Fox Sports Asia), Яқин Шарқ ва Шимолий Африка (beIN SPORTS) минтақалари учун ОЧЛ эксклюзив тарзда узатилади.

Ўзбекистон МТРК таркибидаги «Спорт» телеканали ҳам мазкур турнирни мамлакат ҳудудида узатиш бў­йича трансляция ҳуқуқини қўлга киритган. «Спорт» телеканалида ўйиндан олдин меҳмон жамоа расмий шахс­лари, бош мураббийи ёки етакчи ўйинчилари билан эксклюзив интервьюлар кўпроқ уюштирилиши, уларнинг ўйиндан олдинги ҳаёти ҳақида қизиқарли маълумотлар онлайн тарзда репортаж тарзида узатиб борилиши, бўлғуси ўйин юзасидан футбол соҳасида илмий изланишлар олиб бораётган мутахассислар ва футбол функционерлари томонидан ихтисослашган ва умумий таҳлиллар уюштирилиши бўйича илтимосларимиз бор. Айнан шу соҳадаги изланишларни ОФК ва ЎФА ҳам қўллаб-қувватлаши керак.

 

Томошабинлар масаласи

ОЧЛнинг жорий мавсумидаги 32та ўйинга жами 471046 томошабин келган. Бу битта ўйинга 14720 нафар мухлис деганидир. «Локомотив»нинг уйидаги баҳсларга ҳатто 4 минг ҳам ишқибоз келмаяпти. «Пахтакор» эса рақиблардан ёлчигани учун унинг ўйин­ларида аншлаг кузатилмоқда. Умуман олганда, мухлислар масаласида унда иштирок этаётган клублар ва ОЧЛ жиддий ўзгаришларга, керак бўлса, ЁН БЕРИШларга қўл уриши даркор. Эътиборга муҳтож ижтимоий қатламларга (ногиронлар, болалар) ва аёлларга бўлган эътибор амалда бор «бўй-басти» билан акс этиши лозим.

 

Ўйин ўтказиладиган кунлар

Сўнгги уч мавсумдан буён Саудия Арабистони клублари иштирокидаги баҳсларнинг аксарияти душанба куни бўлиб ўтмоқда. Умуман олганда, 16та баҳс 3 кун давомида ўтказиляпти. Бизнингча, олдинги вариантга қайтиш керакмикан? Аслида, ПФЛ бизнинг чемпионат биринчи давра тақвимини ОЧЛ гуруҳ босқичи тақвимидан келиб чиққан ҳолда тузиб чиқиши даркор. Душанба ва сешанба кунлари ОЧЛда гуруҳ баҳслари ўтказилишини инобатга олиб, грандларнинг ўйинларини пайшанба (жума) кунига қўйса бўлади.

ФИКРАТ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz