Қайднома

Қидирув

Жавлон МИРАБДУЛЛАЕВ: «ЖАРОҲАТЛАР ФАОЛИЯТИМГА САЛБИЙ ТАЪСИР КЎРСАТДИ»

Жавлон МИРАБДУЛЛАЕВ: «ЖАРОҲАТЛАР ФАОЛИЯТИМГА САЛБИЙ ТАЪСИР КЎРСАТДИ»

  08.04.2019 03:36
  0
  599
Жавлон МИРАБДУЛЛАЕВ: «ЖАРОҲАТЛАР ФАОЛИЯТИМГА САЛБИЙ ТАЪСИР КЎРСАТДИ»

Бундан бир неча йиллар аввал «Бунёдкор» клубида навбатдаги истеъдод соҳиби етишиб чиққанди. У 2010 йили Тошкентда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати, бир йилдан кейин эса Мексикадаги жаҳон чемпионати (U-17)даги ўйинлари орқали омма эътиборига тушди. Аммо клубдаги кучли рақобат туфайли маълум муддат «Андижон», «Металлург» жамоаларида ижарада тўп сурди. 2016 йили «қалдирғочлар» сафига қайтган ҳимоячи жароҳат сабаб узоқ муддатга сафдан чиқди. 2017 йили у яна катта футболга қайтди, бироқ жароҳатлар уни қайта безовта қилаверди. Бугунги суҳбатдошимиз - Жавлон Мирабдуллаев. Қарийб икки йилдан буён яшил майдондан узоқда юрган футболчи бизга берган интервьюсида ҳозирги аҳволи ҳақида гапирди.

 

- 2017 йилги мавсум ҳозирча фаолиятингиздаги сўнггиси бўлиб турибди...

- Ҳаммасини бошидан бошласам. 2016 йили «Бунёдкор» сафида ОЧЛ «плей-офф» босқичи доирасидаги «Ал-Шабаб»га қарши кечган учрашувда оғир жароҳат олдим. Ўша йили бошқа футбол ўйнамадим. Вақтим жароҳатимни даволашга сарфланди. 2017 йили яна яшил майдонга қайтдим. Олий лиганинг дастлабки турларида Сергей Лушан ўзимни кўрсатишимга имкон берди. Лекин барибир, футболдаги биринчи рақамли душман - жароҳат ўз сўзини айтди.

- Кечагидек ёдимда, ёш бўлишингизга қарамай, рақиб сафидаги бразилиялик ҳужумчига имкон бермаган эдингиз...

- Ўшанда Қатарда ўтказилган Осиё чемпионатидан сўнг «қалдирғочлар» сафига қўшилгандим. Чунки қонунан «Бунёдкор»га тегишли эдим. Дарҳақиқат, ўша куни фаолиятимдаги энг яхши ўйнларимдан бирини ўтказдим. Мавсум давомида мураббийлар Рустам Ашурматов иккимиздан тандем ҳосил қилишни режалаштиргандилар. Мухлисларга ҳам ўша ўйиндаги ҳаракатларим маъқул келганди.

- Дарвоқе, Қатарда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида жамоа олдига Олимпиадага чиқиш вазифаси қў­йилганди. Лекин гуруҳ босқичидаёқ ортга қайтишга мажбур бўлдинглар. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?

- Билсангиз, олимпия терма жамоа­сида 2015 йилнинг ўзида уч марта мураббий алмашди. Бахтиёр Ашурматов, Виктор Жалилов, Самвел Бабаян. Бу, албатта, зараримизга ишлади. Футболчилар қийналишди. Ички муҳитга салбий таъсир қилди, дея оламан. Бор гап шу.

- Ироққа қарши кечган учрашувдаги қўпол хатоингизни қандай изоҳлайсиз?

- Дастлаб лайнсмен байроғини кўтарди. Бош ҳакам эса ўйинни давом эттиришни кўрсатди. Натижада диққатни йўқотдим. Тўғри, ўша вазиятда ҳакамга қарамасдан ўйнайверишим керак эди.

- 2010 йилги ўсмирлар терма жамоасидаги футболчилардан қай бири ўзини кўрсата олди?

- Менимча, Сардор Собирхўжаев. У ҳақиқий жангчи. Қўйиб берсангиз, етакчилик қобилиятини намоён эта олади. Сардор Раҳмонов эса ҳимоядан ҳужумга ўтишда жуда тезкор. Шунингдек, Жасур Ҳакимовнинг салоҳияти юқори баҳога муносиб.

- Тўп сурган жамоаларингизнинг қай бирида маҳоратингизни тўлиқ намойиш этдингиз?

- Азамат Абдураимов бошчилигидаги «Андижон» жамоасида маълум муддат ўйнадим. «Металлург»да бир ярим йил тўп сурдим. Фикримча, айнан Бекободда ўзимни тўлиқ намоён эта олдим. Бунинг учун Рустам Мирсодиқовга раҳмат айтаман.

- Келгусидаги режаларингизда яшил майдонга қайтиш ҳам борми?

- Билмадим. Бу борада аниқ жавоб айта олмайман. Назаримда, биринчи ўринда соғлиққа эътибор қаратиш лозим. «Бунёдкор»га Сергей Лушандан сўнг Миржалол Қосимов та­йинланди. Машғулотлар жараёнида мени кўрди. Кейин ушбу мутахассис билан бафуржа гаплашдик. «Жавлон, соғлиғингга қара, футбол қочмайди. Киши, аввало, ўз соғлиғи ҳақида қайғуриши керак», - деб маслаҳат бердилар.

- Бугунги кунда етишиб чиқаётган ёш футболчиларнинг асосий хатолари нимада деб ўйлайсиз?

- Мураббийга ўз характерини кўрсатишида. Кимдир хатога йўл қўйса, айбни биринчи навбатда ўзидан ахтармоғи керак. Шундай футболчилар борки, мураббийга гап қайтаришади, унинг қарорларини ҳурмат қилишмайди. Бу жуда катта хато.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz