Қайднома

Қидирув

ҚАНДИНГНИ УР, «МОЛЬДЕ»!

ҚАНДИНГНИ УР, «МОЛЬДЕ»!

  08.04.2019 07:01
  0
  267
ҚАНДИНГНИ УР, «МОЛЬДЕ»!

Ишонасизми-йўқми, шу қишда атиги икки инсон Норвегиянинг «Мольде» клубига жамоанинг бир йиллик бюджетидан кўра кўпроқ фойда келтиришди. Бу маълумотни энди бемалол расмий дея изоҳлаш мумкин. Гап шундаки, Зальцбургнинг «Ред Булл» клубига трансфер қилинган 18 ёшли ҳужумчи Эрлинг Холанн «Мольде» ғазнасига умумий ҳисобда 5 млн. евро (яна қанчадир бонуслар ҳам бор) «тўккан» бўлса, Оле-Гуннар Сульшернинг «Манчестер Юнайтед» устози сифатида расман тан олиниши румсдальцликлар учун сира кутилмаган бойликни туҳфа қилди. Агар Норвегия ОАВларида берилаётган хабарларга таянсак, бу миқдор 80 млн. крона — яъни 8 миллион евродан ошиқроқни ташкил қилмоқда.

 

Келинг, энди шу 8 миллионнинг Норвегия учун қанчалик аҳамиятли эканини кўриб чиқайлик. Сульшернинг «Юнайтед»га трансфери Норвегия футболи тарихида қиймати бўйича учинчи бўлди. Бундан олдинроқ Жон Оби Микел «Люн»дан «Челси»га 20 млн. евро эвазига ўтган ва Жон Карью «Русенборг»дан «Валенсия»га 9 млн. еврога сотилганди. Эътибор беринг, юқоридаги ҳар икки ҳолатда ҳам гап келажаги порлоқ ёш футболчилар ҳақида кетяпти, асло мураббий ҳақида эмас. Сульшернинг ўзига келсак, 1996 йили «МЮ» уни ўз сафига қўшиб олиш учун тахминан 2,5 млн. евро сарфлаганди. Қарангки, мураббий Сульшернинг нархи футболчи Сульшерникидан уч баравар қимматроқ бўлиб чиқяпти.

Айтганча, «Мольде» ижрочи-директори Эйстейн Неерланд ҳам куни кеча клуб Сульшер учун белгиланган компенсация пулини олганини айтди. Аммо у ушбу тўлов миқдори ростдан ҳам 80 млн. крона эканини на тасдиқлади ва на рад этди.

«Манчестер Юнайтед» мураббий учун пул тўлаши ва Холаннинг кетиши ойдинлашгач, «Мольде» Норвегия ўлчамлари билан қаралганда, бир қатор «кучли» трансферларга киришиб, биргина ўтган қишнинг ўзида олдинги тўрт мавсумда харидлар учун сарфлаган маблағдан кўпроқ пул ишлатди. Дейлик, аввалига Типпелиганинг ўтган йилги мавсумида энг яхши чап қанот ҳимоячиси бўлган Эйрик Андерсен «Мольде» сафига қўшилди. Кейинроқ эса «Будё-Глимт» клуби сардори, тажрибали марказий ҳимоячи Мартин Бьорнбак харид қилинди. Шунингдек, ҳужумчи Ои Омойжуанфо ва ўнг қанот ҳимоячиси, «Хёугесунн» вице-сардори Кристоффер Харальдсейдлар ҳам жамоа сафига қўшилишди. Тан олиш лозим, юқоридаги харидлар - Норвегия учун анчагина йирик савдо. Чунончи, Андерсен ёки Бьорнбак каби футболчилар Россиянинг ўртамиёна клублари талабларига бемалол жавоб берган бўлишарди.

Шундай қилиб, «Мольде» қишда бош мураббий ва энг умидли тарбияланувчисини йўқотди-ю, аммо бир томондан, бойиб олди, иккинчи томондан, чемпионлик шоҳсупаси сари дадил қадам қўйди. Эслатиб ўтамиз, румсдальцликлар сўнгги бор 2014 йилда бу мақомга эришишганди. Қолаверса, «Мольде»нинг янги мавсумдаги муваффақиятига ҳеч ким, ҳатто асосий рақобатчилардан бири саналган «Стабек» клуби устози Хеннинг Берг ҳам шубҳа қилмаяпти ва интервьюларининг бирида айтганидек: «Мольде» — мавсумнинг бош фаворити».

Энг қизиғи шундаки, Сульшер кетганидан кейин «Мольде» ҳатто ўйин услубини ҳам ўзгартиргани йўқ. Бундан буён жамоани клубда узоқ вақтдан бери фаолият юритган, шунингдек, Сульшернинг ёрдамчиси саналган Эрлинг Моэ бошқарадиган бўлди. Таъкидлаш лозимки, Моэ - Сульшер «Манчестер Юнайтед»дан тушган таклиф ҳақида хабар берган биринчи одам ҳисобланади. «Биз майдонда машғулот ўтказаётгандик. Оле менга шундай деди: «Бу янгиликни эшитиш учун, яхшиси, ўтириб ол». Лекин мен ўтирмадим. Аксинча, у томонга дўмбалоқ ошиб бордим. Кейин кутилмаган хабарни эшитдим. Ўйлашимча, Оле шу пайтда ич-ичидан қувонаётганди», — дейди Моэ.

Мана энди, янги мураббийнинг олдида машаққатли вазифа турибди. Бир томондан, «Мольде» кўп йиллик анъанани бузмаслиги лозим - клуб пул топишда давом этиши учун еврокубокларга йўл олиши шарт. Бошқа томондан, яқиндагина амалга оширилган йирик трансферлардан сўнг «Русенборг»нинг яккаҳокимлигига ҳам бир амаллаб чек қўймаса бўлмайди. Чунончи, «Русенборг» сўнгги йилларда ички чемпионатда жуда бемалол ҳаракат қиладиган бўлиб қолди.

«Мольде»нинг янги мураббийида қўшимча ижобий рағбатлантирувчи хислат ҳам бор. Гап шундаки, у «Ковентри Сити» (ҳа, ажабланманг, аксарият скандинавияликлар камтарона инглиз жамоаларига мухлислик қилишади) клуби шайдоси. «Ковентри» эса сўнгги 50 йилда илк бор юксалиш сари юз буриб, жорий мавсум Лига 1да тўққизинчи ўринда бормоқда ва ҳамон Чемпионшипнинг «плей-офф»и учун имконият сақлаб турибди. Моэнинг айтишича, Сульшер кетганидан сўнг «Мольде» бош мураббийи хонасида рўй берган ягона ўзгариш айнан икки мутахассиснинг қарашлари билан бевосита боғлиқ. Хуллас, шу пайтгача деворда осиғлиқ турган «Манчестер Юнайтед» вимпели олиниб, стол тортмасига жойлаштирилди. Унинг ўрнига эса «Ковентри Сити» вимпели фахр билан илиб қўйилди...

Ж.Бобохонов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz