Қайднома

Қидирув

Атир – муваффақият сири

Атир – муваффақият сири

  08.04.2019 10:01
  0
  526
Атир – муваффақият сири

Франция терма жа­моа­си Евро-2020 саралаш баҳсларида Ислан­дия­га қарши баҳс олиб борди. Жаҳон чемпионлари рақиб дарвозасига жавобсиз тўртта тўп киритишди. Мазкур учрашувда «Барселона» ҳимоячиси Самуэль Умтити ўзини кўрсатди. Сэм нафақат ҳимояда, балки олдинги чизиқда ҳам яхши ҳаракат қилди. Тўп узатишлар аниқлиги 100 фоизни ташкил қилди. 107 пасдан 107таси аниқ. Optaнинг маълумотига кўра, бу Франция терма жамоа­си футболчилари учун охирги ўн йилликдаги рекорд натижадир.

Умтити жамоасининг биринчи голини урди. Ҳаммаси эса айнан шундан бошланди. Голни у жарима майдони ташқарисидан эмас, балки позицион ҳужумдан сўнг урди. Яхши очилди ва Мбаппе оширган тўпни боши билан дарвозага жойлаб қўйди.

Умуман олганда, Умтити Франция терма жамоасида 2016 йили дебют қилган бўлса, ўшандан буён тўртта тўп киритди. Бу терма жамоанинг бошқа ҳимоячиларига қараганда икки баравар кўп деганидир.

Сэм «Барселона»да икки ярим йилдан буён ўйнайди. Ўтган давр мобайнида у анча таниқли бўлиб улгурди. Бу вақт оралиғида «Барса» билан бешта, терма жамоа билан эса иккита совринни қўлга киритди.

«Юве» футболчиларининг айтишларича, «Милан»да ўйнаётган Бекхэм билан футболка алиштиришганида ёқимли ҳид келишини айтишганди. Бир пайтлари Умтити ҳам шунга ўхшаш гап гапирганди: «Лион»нинг ёшлар жамоасида ўйнаётганимда, машғулотимизга Мамаду Диарра ташриф буюрганди. Ундан атирнинг ҳиди келиб турарди. Шунда «Машғулотдан олдин атир сепасанми?» деб сўрадим. Диарра эса «Айнан «парфюм» туфайли «Реал»да кўплаб совринларни қўлга киритдим, Мадридда ҳамма танаффус пайтида атир сепади», деганди».

Мадриддаги бу одат Франция ва Италияга кўчиб ўтди. Энди Умтити билан Испанияга қайтди. Бу сафар «Барселона»га. Сэмнинг айтишича, бу унинг муваффақиятлари сиридан бири экан.

Жаҳон чемпионатида Умтити терма жамоасининг еттита ўйинидан олтитасида майдонга тушди. Айтганча, айнан у ўйнамаган учрашувда Франция Дания билан дуранг қайд этди. Қолган барча учрашувларда ғалаба қозонди.

Россия майдонларида ҳам Умтити гол урганди. Айнан унинг ярим финалда Бельгия дарвозасига киритган тўпи французларни финалга олиб чиққанди. Финалдаги ғалабадан сўнг Сэм жаҳон кубогини душга олиб кириб, бирга чўмилган.

ЖЧ-2018 финалидан олдинги матбуот анжуманида қизиқ ҳолат юз берганди. Унда терма жамоа матбуот котиби Филипп Турнон журналистлардан Пол Умтитига савол беришларини сўраган. Сэм эса кулиб, матбуот анжуманини тарк этганди. Лекин 76 ёшли Турнон ҳеч қанча ўтмай, хатосини «тўғрилаган» ва матбуот анжуманига Самуэл Погбани чақирган.

Бундай ҳолатлар кўп кузатилган. «Барселона» ҳомийларидан бири ўз автомобилларини тақдим қилаётган пайтда жамоанинг барча аъзоларини компания вакиллари билан суратга тушишга мажбурлаган. Тадбирнинг жиддийлигига қарамай, Умтити костюм кийган барча директорларга «шохча» кўрсатиб, суратни бузганди. Якунда Лео Месси ҳам ўзини кулгидан тўхтата олмаган.

Умтити - ажойиб йигит. Лекин сўнг­ги пайтларда уни жароҳатлар қийнамоқда. 2018 йилнинг охирида Сэм жароҳат олганидан сўнг «Барса» Мурильони харид қилишга мажбур бўлди. Умтити эса тиззасидан олган жароҳатини операция қилишга кўнмаганди. Ҳозир у майдонга қайтган. Бироқ сўнгги пайтларда «Барса» жароҳатларга мойил бўлган футболчини сотиб юбормоқчи эканлиги ҳақида хабарлар юрибди.

Табиийки, франциялик маҳоратли ҳимоячини ўз таркибида кўришга иштиёқманд клублар бисёр. Айниқса, Англиянинг номдор грандлари - «Арсенал» ва «Манчестер Юнайтед» Умтитига кўп бора «оғиз солишганди». Шундай экан, Сэм яқин ўтмишда жамоасиз қолиб кетиш хавфидан холи, десак муболаға бўлмайди. Ҳамма гап унинг фаолиятини қайси клубда давом эттиришига боғлиқ. Шубҳа йўқки, француз у ерда ҳам майдонга хушбўй атирлар ифори остида тушади.

Ўткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz