Қайднома

Қидирув

Андреа ПИРЛО: «ҚАЧОНДИР ЕТАКЧИ УЧЛИКДАН ЖОЙ ОЛАМАН».

Андреа ПИРЛО: «ҚАЧОНДИР ЕТАКЧИ УЧЛИКДАН ЖОЙ ОЛАМАН».

  09.04.2019 10:01
  0
  200
Андреа ПИРЛО: «ҚАЧОНДИР ЕТАКЧИ УЧЛИКДАН ЖОЙ ОЛАМАН».

Италия терма жамоаси, «Милан» ҳамда «Ювентус» клублари собиқ ярим ҳимоячиси Андреа Пирло - «Узатмалар маэстроси» футболчилик фаолиятини якунлагач, янада вазмин ва сермулоҳаза кишига айланди. У футболда босиб ўтган йўлидан мутлақо мамнун ва ҳозир ҳам шароитга қараб, шуғулланиб туради, майдонга тушиш имкониятини қўлдан чиқармайди. Мана, Пирло яқинда «Ливерпуль» ва «Милан» фахрийлари ўртасида ташкиллаштирилган ўйинда иштирок этди. Кейин эса La Gazzetta dello Sport газетаси мухбирларининг интервью масаласидаги илтимосларини рад этмай, Италия футболига оид фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

 

- Олдинроқ мураббийлик фаолияти хусусида ўйлаётганингизни айтган эдингиз. Манчини эса бу борада бош қотиришга ҳам улгурмаганди. Унинг Италия терма жамоасидаги ишини қандай баҳолайсиз?

- Рисоладагидек ишламоқда. 3 нафар савияли марказий ярим ҳимоячи ягона мақсадни кўзлайди: доимо чинакам футбол намойиш этишни. Жумладан, Финляндия термасига қарши кечган баҳс ҳам бунга мисол. Қисқаси, Манчини замонавий ғояларга таянмоқда.

- Биз аввало, Европада ғалабага интилишимиз керак, кейин эса ЖЧда - Манчини  бу масалада бироз  ошириб юбормаяптими?

- Йўқ, асло. Жамоамиз лоақал шу олий мақсадлар йўлида бор имкониятини ишга солиши лозим. Кўряпмизки, ўйин сифати чакки эмас, бу борада камчилик йўқ, жаҳон футболидаги ҳозирги рақобат ҳам ўта ваҳимали кўринмаяпти. Ишга «Биз уриниб кўрамиз, аммо...» қабилида ёндашишдан маъно йўқ. Демоқчиманки, футболда фақат энг юқори чўққини кўзлаш керак.

- Балотеллини оқлаш жараёни якунига етдими?

- Мана, Марио майдонга қайтди, у энди терма жамоа либосини яна кийиш илинжида. Агар ўз хатоларини тушуниб етган бўлса, бу яхши. Зеро, унда иқтидор бор. Менимча, Мойзе Киннинг жалб этилиши ҳам жуда тўғри қарор. Дейлик, йигитча Удинедаги ўйинда ишончни тўлиқ оқлади. Шахсан менга Мойзенинг гол уришга интилиши жуда маъқул келди.

- У Италия футболи байроқдори - «Ювентус»да ўз маҳоратига сайқал бермоқда...

- «Юве»нинг чемпионатдаги ҳукмронлиги футболимиз равнақи учун минус эканлигини айтаётган мутахассисларни сира тушунмайман. Бу мутлақо нотўғри фикр. «Юве» савияни тобора кўтариш орқали рақобатчиларини ҳам тинмай изланишга мажбурламоқда. Энг муҳими, «кекса синьора» фақат ички мусобақалар эмас, халқаро даражада ҳам яхши ўйнамоқда. Қисқаси, клуб шу аснода Италия футболи тараққиётига катта ҳисса қўшмоқда.

- Сизнингча, жорий мавсум «А» серия турнир жадвалида «Ювентус»дан кейин қайси жамоалар жойлашади?

- Ўйлашимча, айни пайт юқори ўринларда бораётган 3та жамоа ўз мавқеини бой бермайди. «Лацио»ни эса кўтарилиш учун асосий даъвогар сифатида тилга олиш мумкин. «Наполи» кутилган натижа қайд этмоқда. Ҳа, «Интер» янада юқорироққа кўтарилиш имкониятига эга эди, бироқ энг муҳим паллада сустлашиб қолди. Чамамда, «нерадзурралар»га жароҳатлар ва Икарди можароси халақит берди. «Рома» аксинча, ўз даражасида ўйнолмаяпти. «Бўрилар» ўтган йили ЧЛ ярим финалига чиқишганини ҳисобга олиб, уларнинг лоақал «А» серияда сезиларли ўсиш қайд этишларини тахмин қилгандим. Кўринишидан, Рим клубида мувозанат бузилди: ёшларга ишонч билдириб, тажрибадан воз кечиш қимматга тушди.

- Асосий муаммо - «Ювентус» ва бошқалар ўртасидаги тафовут. Хўш, фарқ янада катталашмайдими, «синьора»га яқинлашиш салоҳиятига эга жамоани қачон кўрамиз?

- Тушунарлики, «Юве»га чинакам рақобат тақдим этишни истайдиган клуб ўта сифатли трансферларни амалга ошириши керак. Ҳозирги ҳолатда яқинлашишнинг ягона йўли шу.

- Дербидан кейинги «Интер» - бу ўз кучини англаган жамоами ёки доимо шундай ўйин кўрсатолмаслигидан афсусланадиган беқарор дружина?

- Биринчи вариант тўғрироқ. Ўзи «Интер» шундай ҳаёт-мамот жангларида хавфли. «Нерадзурралар» энг тўғри йўлни танлашди - аниқ битта услубга таяниб, ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам ҳамжиҳат ҳаракатланишди. Одатда «Милан» шундай ўйнарди, бироқ бу сафар...

- Шахсан сизга қайси бири маъқул: асосан Икардига таянадиган «Интер»ми ёки Мартинес етакчилигида ўйнайдиган жамоа?

- Лаутаро универсал ўйинчи, жамоа учун елиб-югуради. Икарди эса «гол-одам». Улар ёнма-ён ўйнашса, ажойиб жуфтлик юзага келарди.

- Жамоа вакилларининг мутасаддилардан Икардини сардорлик боғичидан маҳрум этишни сўрагани ўринлими?

- Бу воқеани тўлиқ тушуниш учун ўтмишга қайтиш зарур. Шунда қандайдир сабаб аниқланар... Ҳа, жамоа ўта жиддий усул қўллади. Ўзи футболда баъзан шундай кескин зиддиятлар ҳам учраб туради.

- Шундай ҳолатнинг юзага келишига Икардининг рафиқаси ва агенти сабабчи эмасми? Эҳтимол, у бошқа агент билан ҳамкорлик қилганида, можаро кўлами озроқ бўларди...

- Қоидага биноан, агент клуб офисида музокара олиб бориш орқали барчасини ўз ўрнида ҳал қилишга уринади. Қисқаси, Икарди масаласини одоб-ахлоқ мезонларидан чиқмаган ҳолда, ортиқча шов-шув ва овозасиз кўриб чиқишганида, бунчалик чигаллик юзага келмасди.

- Можародан ким кўпроқ зарар кўрди - «Интер»ми ёки Икарди?

- «Интер» қандай бўлса, шундайлигича қолди, майдонга тушмай қўйган футболчи эса қийматини йўқотади. Икарди шу  тахлит иш тутишда давом этса, уни ким ўз клуби таклиф этади? Иккинчи масала - ҳужумчи маълум танаффусдан кейин аввалгидек самарали тўп сура оладими?

- «Милан»нинг дербига қадар намойиш этган шиддати тасодифмиди ёки жамоа ўша ўйинда шунчаки, кутилмаган омадсизликка йўлиқди?

- 3-дақиқада қўйиб юборилган голни кутилмаган омадсизликка менгзаш мумкин. Зеро, «Милан» шу туфайли ўйинни ўзига хос саналмаган услубда бошлашга мажбур бўлди. Қолаверса, «россонерлар» голдан кейин тезда ўзларига келишди. Демак, муваффақиятли серия тасодиф эмасди.

- Қизиқ, Гаттузодан нималарни кутган ва нималарни кутмаган эдингиз?

- Унинг ҳимоявий услубни жорий этиб, аввало, дарвоза дахлсизлигига сақлашга эътибор қаратишини тахмин қилгандим. Чиройли ўйин кўрсатадиган жамоа шакллантириш йўлида бу қадар таваккал иш тутишини эса сира кутмагандим. Кўринишидан, Рино катта сабоқ олмоқда. Менимча, футболчи -Гаттузо ва мураббий - Гаттузо ўртасида катта фарқ бор.

- Игуаиндан воз кечилгани «Милан»га манфаат келтирдими?

- Воқеалар ривожидан келиб чиқсак, ҳа. Ҳар ҳолда, Пентек анча ёш, шунга қарамай, бир маромда гол урмоқда. У мудом дарвоза томон интилиши билан Инзагини эслатмоқда. Назаримда, Кшиштоф тўпнинг қаерга тушишини аввалдан аниқ биладигандек... 

- «Интер» ва «Милан» клублари 4-3-3 ва 4-2-3-1 тактик чизмаларидан фойдаланмоқда. Сизга қайси услуб кўпроқ ёқади?

- Албатта, 4-3-3.

- «Ювентус» ЧЛдаги хилма-хил ўйинлари билан футбол оламини остин-устун қилиб юборди.

- Бунинг ажабланарли томони йўқ. Биринчидан, жамоа етарли салоҳиятга эга, иккинчидан, жавоб ўйинига барча жиҳатларга эътибор берган ҳолда, пухта тайёргарлик кўрди. Хуллас, «Юве» жавоб учрашувида Мадридга ўз соясини юборганини кўрсатди. Энг асосийси, бунга аввало, ўзини ишонтира олди.

- Энди сал қитмирроқ савол: агар Роналду майдонга тушмаганида, ўйин 1:0 ҳисобида якунланиши мумкинмиди?

- 1:0 хусусида аниқ гапиролмайман, аммо таблода 3:0 ҳисоби порлаши жуда қийин эди. Яна бир томони шуки, туринликлар Роналдуни айнан шундай ўйинлар учун харид қилишган. Буни ҳужумчининг ўзи ҳам яхши билади.

- Айтингчи, шахсан сиз «А» серияда шундай Роналдуни кўришни кутганмидингиз?

- Агар 33 ёшга қадар соғлом турмуш тарзини бузмаган ва ўзгартирмаган бўлсанг, сенда мотивация масаласида ҳеч қандай муаммо туғилмайди. Фақат янги муҳитга мослашсанг, бас. Буни Роналду мисолида яна бир марта кўрдик - гап йўқ.

- «Ювентус» худди «Атлетико»га қарши баҳсдаги каби 3 нафар марказий ҳимоячи билан кучлироқми ёки орқада 4 киши ўйнаши керак?

- Барчаси муайян шароитга боғлиқ. «Атлетико»га қарши баҳсда 3 нафар ҳимоячи услуби яхши самара берди. Лекин рақиб олдинги чизиқда 3 нафар ҳужумчи билан ўйнаса, ҳимоячилар сонини ошириш ўринли ҳисобланади.

- Вақтида ЧЛда 2 марта зафар қучгансиз. Табиийки, зафарли мавсумда муайян ўйинлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади?

- Деярли ҳар мавсум шундай бўлади. «Ювентус» мисолида айтсам, финал ўйинига мезбонлик қилувчи стадион эгасини мусобақадан чиқариб юбориш - совринга катта қадам ташлаш дегани...

- Энди «Аякс» навбатда турибди.

- Омадли қуръа. Голландияликлар нимчорак финалнинг энг ёрқин  ўйинини намойиш этишди. Тўғри, «Реал» тушунарсиз пала-партишликларга йўл қўйди, бунақаси гранд жамоаларда кўп кузатилмайди. Хусусан, «Ювентус» бундай «томоша»га сира изн бермаса керак. Менимча, жамоа «Аякс»ни жисмоний куч эвазига маҳв этади.

- Умуман, «Ювентус»нинг турнирда ғолиб чиқиш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Туринликларни шундоқ ҳам кўп мақтаб юбордим. Аввало, жамоанинг ўзи имкониятларини тўғри чамалаши ва ҳар бир учрашувнинг илк дақиқасиданоқ рақибни муайян ритмга бўйсундириши лозим. Яъни Мадридда уддалолмаган ишини энди амалга ошириши шарт.

- Асосий рақобатчилар - «Манчестер Сити» ва «Барселона», тўғрими?

- Назаримда, «Юве» ҳозирги ҳолатда ҳаттоки, «Барса»дан ҳам кучлироқдек. «Сити»га келсак, ҳа, у ўта хавфли рақиб.

- Италия клублари балки «дубл»га эришар... «Наполи» ЕЛда зафар қучишга қодирми?

- «Арсенал» тўсиғидан ўтиш осон эмас, албатта. Бу жамоани «Челси» билан тенг кўраман. Лекин дон Карло ўз ишининг чин устаси, у қандай иш тутишни яхши билади.

- Хўш, мураббийлик соҳасига ўтсангиз, Анчелоттидан айнан нимани «ўмариш»ни хоҳлардингиз?

- Жамоа бошқарувига бор билим-тажрибани, қалб қўрини сарфлаш ва мураккаб вазиятлардан осонликча чиқишга ёрдам берадиган хотиржамлик фазилатларини. Мана, Анчелотти «Наполи»ни ортиқча ғавғоларсиз батамом ўзгартиришга эришди.

- Бироқ France Football мураббийлар рейтингида дон Карлони «атиги» 8-поғонага муносиб кўрди?

- Муҳими, Анчелоттида афсонавий мураббийлар рўйхатида янада юқорироқ кўтарилиш учун вақт етарли. Шунингдек, 5-ўринда қайд этилган Гвардиола ҳам яхши имкониятга эга. Ўзи рейтинглар ўзгариб туради, эҳтимол, мен ҳам қачондир етакчи учликдан жой оларман...

- Демак, мураббийликни мақсадсиз танламагансиз.

- Ҳозирга қадар анча таҳсил олдим, ўқиш-ўрганишни ҳамон давом эттиряпман. Дарвоқе, сентябрь ойида магистр мақомини оламан.

- Аслида аллақачон Италия термасида Манчини ёрдамчиси сифатида иш бошлашингиз мумкин эди.

- Ўшанда ТВ эксперти сифатидаги мажбуриятларим туфайли муаммо юзага келди. Ваҳоланки, шартнома тузаётганда, бундай бўлмаслигига ваъда беришганди. Бундан қаттиқ ранжиганим йўқ, лекин кўнглим бироз совуди.

- Кейин U-21 тоифасидаги Европа чемпионати элчисига айландингиз.

- Италияда ташкиллаштириладиган мазкур турнир футболимиз равнақига кучли туртки берса, ажабмас. 21 ёшли йигитлар - миллий жамоамизнинг эртанги куни.

- Бу мусобақада 15 йиллик танаффусдан сўнг яна ғолиб чиқиш реал мақсадми ёки...?

- Афсуски, қуръа ташлаш жараёнида ёшларимизга енгил гуруҳ тақдим этолмадим. Лекин якуний ғалабага умид боғлаш учун асослар бор: ди Бьяжо юксак савияли таркибга эга.

- Евро-2020 саралаш босқичига жалб этилган ўйинчиларни назарда тутяпсиз, шундайми?

- Миллий жамоа йиғини ортиқча юк эмас, балки ўзига хос рағбатдир. Катталар миқёсида майдонга тушган ёш футболчи ўз тенгдошларини олға бошлаши шарт. Саулнинг фаолияти бунга ёрқин мисол: у 2017 йилиёқ «Атлетико» клуби ва Испания термаси асосий таркибига кирди. Кейин U-21 белгиси остидаги чемпионат финалида «хет-трик»ка эришди (Сауль аслида итальянларга қарши кечган ярим финалда ўзини кўрсатганди).

- Ди Бьяжо жамоасида ким Сауль ролини бажариши мумкин?

- Заньолога умид билан қараш мумкин. Бу йигитда барчаси жойида - жисмоний қувват, ўйинни тушуниш, тезлик ва техника...

С.Раҳмонов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz