Қайднома

Қидирув

Зафарнинг чин зафарли юриши

Зафарнинг чин зафарли юриши

  09.04.2019 10:30
  0
  608
Зафарнинг чин зафарли юриши

Воқеалар кўплигини-я... «Сурхон» 2-ўринда, «Навбаҳор» турнир жадвалининг охирги қаторида, «Пахтакор» 100 фоизли натижа эгаси, АГМКдан голлар ёмғирию, Зафар Полвоновдан «флэш». Яна бирданига 3та йирик ҳисоб, юқори маҳсулдорлик, пенальтилар бўрони. Ҳа, 3-тур мухлисларга мутлақо нодир ҳодисотлар занжирини тортиқ этди.

1-2-КУНЛАР: ОЧЛ ОЛДИДАН ТУРЛИ СЦЕНАРИЙ

ОЧЛнинг 3-тур баҳсини узоқ Саудияда ўтказадиган «Локомотив» пайшанба куни дебютантлардан бири - «Андижон»га қарши майдонга тушиб, Суперлига-2019нинг йирик ҳисобли ғалабалари ҳисобини очиб берди. Диққатга сазовор томони, «темирйўлчилар» ­ўйиндаги 4та голни ҳам танаффусдан кейин нишонлашди. Эҳтимолки, биринчи 45 дақиқаликда муносиб ҳимоя­ланган Элдор Сакаев жамоасига иккинчи бўлим бошида орқа чизиқ вакили Анзур Исмоилов томонидан урилган гол салбий таъсир қилгандир. Ҳар ҳолда, Андрей Фёдоров шогирдлари шундан кейин босимдан қутулиб, эркинроқ ҳаракатланишди ва учрашувнинг охирги 20 дақиқасида Виталий Мирний дарвозасини бирин-кетин 3 марта ишғол қилиб, ҳисобни 4:0га етказиб қўйишди. Темурхўжа Абдухолиқовнинг кетма-кет 2-ўйинда гол урганини алоҳида таъкидлаш керак. Қолган 2та гол Игорь Йелич ва захирадан майдонга тушган Жамшид Искандеров номига ёзилди.  

ОЧЛ-2019нинг яна бир иштирокчиси - «Пахтакор» эртасига «Насаф» билан ўйинни жуда яхши бошладию, охирида анча қийналди. «Шерлар» учрашувнинг 12-дақиқасидаёқ Жалолиддин Машариповнинг фаоллиги натижасида пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди (тўп жарима майдони ичида «аждарлар» вакилининг қўлига тегди) ва Марат Бикмаев имкониятни қўлдан чиқармади. Ўйиннинг асосий воқеалари эса иккинчи бўлимда кузатилди. Чунончи, биринчи 45 дақиқаликда сокин ўйнаган «Насаф» дарҳол дадиллик билан олдинга ташланди. Бу фаоллик 54-дақиқада самара ҳам берди - Ислом Кенжабоев узатмасидан сўнг хавфни бартараф этишга уринган Владимир Козак тўпни ўз жамоаси дарвозасига киритиб қўйди. Кейинги дақиқаларда майдонда очиқ футбол намойиш этилди. Яъни ҳар икки жамоа ҳисобда олдинга чиқиб олиш учун галма-гал қулай имкониятлар ҳосил қилди. Аммо футболчиларга аниқлик етишмади, ҳакам томонидан қўшиб берилган 3-дақиқагача. Айни шу лаҳзада Акром Комилов чиройли зарба йўллагач, тўп дарвоза устуни билан «ачомлашиб» ортга қайтди ва Марат Бикмаев аралашувидан кейин Егор Кримец якуний ҳисобни ўрнатди - 2:1. Инсоф юзасидан айтиш керак, бу вазият ўйиндан ташқари ҳолатдек кўринди, лекин бош ҳакам Азиз Асимов голни инобатга олди. Хуллас, «шерлар» ҳам худди «темирйўлчилар» каби ОЧЛ ўйини арафасида кайфиятларини созлаб олишди.

3-КУН: 4та ПЕНАЛЬТИ ЁХУД АБРАМОВ ИМЗОСИ

3-турдан ўрин олган ҳисоб бўйича 3-4-ўйинлар кутилмаган натижалар тақдим этди қайсидир маънода. Хусусан, яхшигина таркибга эга ва ўз олдига жиддий вазифалар қўйган «Навбаҳор» Фарғонада Вадим Абрамов қўл остидаги «Бунёдкор»га ютқазди. Пенальти белгиси остида кечган ўйин (бош ҳакам Ильгиз Танташев нақ 4 марта 11 метрли жарима нуқтасига ишора қилди)да ҳисоб 4-дақиқадаёқ очилди. «Лочинлар» «қалдирғочлар»нинг дастлабки ҳужумларидан бирини бартараф этишда хатога йўл қўйишди ва 2002 йилда туғилган Жасур Жалолиддинов бундан унумли фойдаланиб, Дилшод Ҳамроев дарвозасини ишғол этди. «Навба­ҳор»ни бундай сценарий сира қониқтирмасди ва Андрей Канчельскис шогирдлари дарҳол бор эътиборни ҳужумга қаратишди. Лекин бу Вадим Абрамов жамоаси учун айни муддао эди - «қалдирғочлар» бирин-кетин кескин қарши ҳужумлар уюштириб, 37 дақиқада пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди ва Хуршид Ғиёсов ҳисобдаги фарқни оширди - 0:2. Иккинчи бўлимда эса наманганликлар ҳужумлар сонини кўпайтиришди, сифатни ҳам яхшилашди. Қатор хавфли «ҳамла»лардан кейин 64-дақиқада «Бунёдкор» ҳимоясида ҳам «носоз»лик кузатилди - қўл билан ўйналгани учун пенальти белгиланди. Натижада Александр Касьян илк жавоб голини урди. 79-дақиқага келиб, захирадан майдонга туширилган Аббос Ғуломов 20 метр чамаси узоқликдан ажойиб зарба йўллаб, Мурод Зуҳуровни доғда қолдирди - 2:2. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмасди - 85-дақиқада Хуршид Ғиёсов яна пенальти воситасида жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. У бу сафар номинал мезбонларни Суҳроб Иззатовга нисбатан ишлатилган қўполлик учун жазолади. Асосий вақт якунланиши арафасида ҳакам Остон Ўруновнинг қоидага зид равишда тўхтатиб қолинганидан ҳам кўз юммади - яна пенальти, тўп олдида яна Александр Касьян. Битта томони, россиялик ҳужумчи Хуршид Ғиёсовданфарқли равишда иккинчи уринишда Мурод Зуҳуровни доғда қолдиролмади. Дарвозабон қайтарган тўп айнан Касьянга келиб тушгани ҳам «лочинлар»га наф бермади. Хуллас, «Бунёдкор» жорий мавсум илк марта ғалаба қозонди, «Навбаҳор» эса кетма-кет 2-бора мағлубиятни тан олди. Вадим Абрамов имзоси? Мураббий томонидан «Навбаҳор»га қарши қўйилган таркибга эътибор қаратинг - биргина дарвозабонни инобатга олмаганда, майдонда 1994-2002 йиллар оралиғида туғилган футболчилар тўп суришди. Дейлик, 17 ёшли Жасур Жалолиддинов илк гол муаллифига айланди. Очиғи, мураббийларимизга айнан ёшларга ишонч бағишлаш хислати етишмайди. Шуни инобатга олган ҳолда, Вадим Абрамовни алоҳида эътироф этишни лозим кўрдик. Умуман, ёш «Бунёдкор» ўйинида Вадим Карленовичнинг имзоси ҳозирдан яққол сезилмоқда. Андрей Канчельскис бошқарувидаги «Нав­баҳор» эса 3-турдан кейин аутсайдер ролида. Буни ким кутганди?

«Динамо» эса ўз майдонида «Металлург»дан 3 очко тортиб олди - асосан ирода эвазига. Бу ўйинда ҳам тезкор гол кузатилди - Ихтиёр Тошпўлатов 19-дақиқада Зафар Сафоевни ожиз қолдириб, стадиондаги 8000дан кўп мухлисга қувонч улашди. Лекин бекободликлар тезда мувозанатни тиклашди - бурчак зарбасидан сўнг дарвозабон тўпни қайтарди ва барчадан илдамроқ ҳаракатланган Музаффар Музаффаровнинг уриниши самарали чиқди - 1:1. Шу билан мухлислар 90}3-дақиқагача гол кутишди ва ахийри «динамочилар» уларни уйларига яхши кайфиятда қайтишларига замин яратишди. Миркомил Локаевнинг чамаси 16 метрдан бош билан зарба йўллаши, Зафар Сафоевнинг тасодифан сирғаниб кетиши ва тўпнинг оҳиста дарвоза тўридан жой олиши - булар дебютант ва бинойидек таркибга эга клублар ўртасидаги учрашувнинг кульминацион нуқтаси. 2:1 - буниси «Динамо»нинг илк ғалабасию, «Металлург»нинг илк мағлубияти...

3-КУН: 12 ЙИЛДАН КЕЙИН...

АГМК - «Қўқон-1912» учрашувида Ўзбекистон чемпионати юқори лигасида 12 йилдан буён кузатилмаган воқеа рўй берди - Зафар Полвоновнинг бир ўзи Боян Кнежевич дарвозасини нақ 5 бора «ўқ»қа тутди. Эътиборлиси, 2006 йилги мавсумда 3та «флэш» қайд этилган бўлса, кейинчалик ҳеч қайси футболчига 1та ўйинда 5та гол уриш насиб этмаётганди. Қисқаси, АГМК ҳужумчиси Носир Отақўзиев («Нефтчи»), Ҳамдам Раҳмонов («Динамо») ва Ориф Мирзоев («Навбаҳор»)дан кейин «пента-трик»ка эришган футболчи бўлди. Шунинг­дек, Дилшод Жўраев ҳам қўқонликларни 2 бора ранжитди. Бунга Нўъмон Ҳасанов жамоасидан штатли пенальтичи Мурод Холмуҳаммедов 1 марта жавоб қайтарди. Якуний натижа 7:1 - «Қўқон-1912» мутлақо таслим, АГМК эса жорий чемпионатнинг энг сермаҳсул жамоаси. 

«Қизилқум» сафарда «Бухоро» билан ўйинни жуда зўр бошлади - 5-дақиқадаёқ нигарагуалик Медина Смит Ариагнер чемпионатимиздаги 2-голини нишонлади. У бу вазиятда Алишер Саноев узатмасидан унумли фойдаланди. Бироқ Ҳамиджон Актамов жамоаси устунликни мустаҳкамлай олмади, аксинча, Бахтиёр Ашурматов шогирдлари бўлим ўрталарида Достон Иброҳимовнинг аниқ зарбаси билан мувозанатни тиклашди. Жамоалар вакиллари ҳарчанд уринишмасин, 1:1 ҳисобини ўзгартира олишмади. Демакки, «Қизилқум» мағлубиятсиз одимламоқда, «Бухоро»да эса ҳали ғалаба йўқ.    

«Сурхон»нинг шаштига қаранг! Термизликлар илк сафар ўйинида «Сўғдиёна»ни мулзам ҳолга тушириб қўйишди. Бу учрашув тақдири биринчи бўлимдаёқ ҳал этилди. Шавкат Саломов қайд этган тезкор «дубль» Сергей Лушан жамоасини мутлақо издан чиқарди, чоғи. Натижада Шавкат илк 45 дақиқаликнинг иккинчи қисмида Шерзод Ҳакимовнинг жорий мавсум ҳисобидан 3-голини нишонлашига замин яратди. Шу тариқа ўйиннинг иккинчи бўлими шунчаки, расмиятчиликка ўхшаб қолди. Диққат қилинг, Андрей Микляев жамоаси турнир жадвали пешқадами - «Пахтакор»нинг бош таъқибчиси!

 

 

 

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Ҳар бир муаммо клуб ичида ҳал этилиши керак. Бугун аввало, ўзим учун қарор қабул қилишим лозим: ишни давом эттираман ёки кетаман... Элдор Сакаев («Андижон» бош мураббийи).

- Бундай ўйинларда тезкор гол уриш талаб этилади. Шунда рақиб ўз-ўзидан «очилади». Андрей Фёдоров («Локомотив» бош мураббийи).

- Бугун гранд жамоага қарши майдонга тушдик. Афсуски, ҳакамлик ўйин суръатига мос келмади. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

- Худди «Бунёдкор» билан бўлган ўйиндаги каби биринчи голдан кейин негадир майдонда «дам олиш»­ни хоҳлагандек ҳаракатландик... Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- Агар қоида чиндан бузилса, битта ўйин давомида 6та пенальти белгилаш ҳам мумкин. Вадим Абрамов («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Биринчи бўлимдаги мазмунсиз ўйинимиз учун мухлислардан узр сўрайман. Айни биринчи 45 дақиқаликдаги сусткашлик қимматга тушди... Андрей Канчельскис («Навбаҳор» бош мураббийи).

- Ўйин сифатидан тўлиқ қониқдим, дея олмайман. Лекин ғалабага муносиб ўйнадик. Даврон Файзиев («Динамо» бош мураббийи).

- Барчасини кўрдинглар, ўта йирик ҳисоб... Футболчилик даврида ҳам, мураббийлик фаолиятимда ҳам бундай хунук мағлубиятга дуч келган эмасдим. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи).

- Ўйинимизда ҳали ишловга муҳтож жиҳатлар бор. Зеро, рақиб ҳар доим ҳам бундай эркин тўп суриш имконини беравермайди. Миржалол Қосимов (АГМК бош мураббийи).

- Мағлубиятда бор айбни ўз зиммамга оламан. Йигитларда айб йўқ. Раҳбариятнинг ҳар қандай қарорини қабул қилишга тайёрман... Сергей Лушан («Сўғдиёна» бош мураббийи).

 

Тур Статистикаси

Ўйин: 7

Гол: 28  (ўртача: 4)

Томошабин: 48355 (ўртача: 6907...)

Мезбонлар ғалабаси: 4

Меҳмонлар ғалабаси: 2

Дуранг: 1

Йирик ҳисобли ғалаба: 3 (АГМК - 7:1, «Локомотив» - 4:0, «Сурхон» - 3:0)

Энг  сермаҳсул ўйин: АГМК - «Қўқон-1912» (8та гол)

Огоҳлантириш: 34 (ўртача: 4,85...)

Четлатиш: 2 (0,28...)

Энг «қўпол» ўйинлар: «Навбаҳор» - «Бунёдкор» (8та «сариқ»), АГМК - «Қўқон-1912» (3та «сариқ» } 2та «қизил»)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Пахтакор» - «Насаф» (14670)

Пенальти: 7 (6таси самарали)

«Дубль»: 3 (Хуршид Ғиёсов, «Бунёдкор»; Дилшод Жўраев, АГМК; Шавкат Саломов, «Сурхон»)

«Хет-трик»: -

«Покер»: -

«Флэш»: 1 (Зафар Полвонов, АГМК)

Автогол: 1 (Владимир Козак, «Пахтакор»)

 

 

1       Пахтакор                      3              3             0              0             7-3                9

2       Сурхон                          3              2             1              0             5-1                7

3       Локомотив                    3              2             0              1             6-3                6

4       ҚизилҚум                     3              1             2              0             5-3                5

5       АГМК                             3              1             1              1             8-4                4

6       Насаф                           3              1             1              1             5-4                4

7       Металлург                    3              1             1              1             4-3                4

8       Динамо                         3              1             1              1             3-3                4

9       Бунёдкор                      3              1             0              2             5-6                3

10     СўҒдиёна                      3              1             0              2             3-7                3

11     Бухоро                          3              0             2              1             1-3                2

12     Андижон                      3              0             2              1             1-5                2

13     ҚўҚон-1912                  3              0             2              1             2-8                2

14     Навбаҳор                     3               0             1             2              3-5                1

 

Тўпурарлар

Зафар Полвонов (АГМК) - 5та

Шерзод Ҳакимов («Сурхон») - 3та

Драган Черан («Пахтакор) - 3та (1та - пен.)

Дилшод Жўраев (АГМК) - 3та (2та - пен.)

Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив») - 2та...

 

 

 

4-тур

12 апрель (жума)

18:15 МЕТАЛЛУРГ - ҚИЗИЛҚУМ

19:15 НАСАФ - НАВБАҲОР

13 апрель (шанба)

16:15 ДИНАМО - СЎҒДИЁНА

18:20 БУНЁДКОР - АНДИЖОН

14 апрель (якшанба)

16:15 СУРХОН - ПАХТАКОР

17:00 ҚЎҚОН-1912 - БУХОРО

18:20 ЛОКОМОТИВ – АГМК

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz