Қайднома

Қидирув

ОЧЛ-2019: НАВБАТДА ҚАЙСИ КЛУБЛАР?

ОЧЛ-2019: НАВБАТДА ҚАЙСИ КЛУБЛАР?

  09.04.2019 17:28
  0
  129
ОЧЛ-2019: НАВБАТДА ҚАЙСИ КЛУБЛАР?

«Ал-Иттиҳод» («Локомотив» рақиби) ҳам, «Ал-Садд» («Пахтакор» рақиби) ҳам XXI асрнинг дастлабки 10 йиллигида Осиёда ўз қудратини тўлиқ намоён этган, бироқ орадан кўп ўтмай, мавқеини нисбатан йўқотган жамоалар тоифасига киради. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳар иккиси Ўзбекистон клубларига қарши ўйинларни фаворит ролида бошлашга одатланган. Хўш, навбатдаги рақиблар ҳақида яна нималарни билиш керак?

«Иттиҳод»сиз ОЧЛ - ҒАРИБ МАНЗАРА...

Ўтган йили Саудия миллий чемпионатида 9-ўрин билан чекланган «Ал-Иттиҳод» ОЧЛга мамлакат кубоги соҳиби сифатида тўғридан-тўғри йўл олди. Клуб жорий мавсум маҳаллий чемпионатда янада суст иштирок этмоқда. Жиддаликлар 21-26-турлар оралиғида 3та ғалаба қайд этишгани эвазигагина 13-ўринга кўтарилишди. Чемпионат финишига оз қолганини инобатга олсак, ўтган йилги натижани қайд этиш учун имконият йўқ.

Маълумот учун

Ташкил топган вақти: 1927 йил 4 январь

Тўлиқ номи: «Ал-Иттиҳод Жидда»

Лақаблари: «Халқ жамоаси», «Осиё қироли», «Клубдан каттароқ»

Президенти: Лоай Ҳишом Назир

Стадиони: «Қирол Абдуллоҳ Спорт Сити» (сиғими - 62345)

Бош мураббийи: Хосе Луис Сиерра (Чили)

Совринлари: Саудия Премьер-Лигаси чемпиони (8 карра) - 1982, 1997, 1999, 2000, 2001, 2003, 2007, 2009; С.Арабистони кубоги эгаси (9 карра) - 1958, 1959, 1960, 1963, 1967, 1988, 2010, 2013, 2018; «Шаҳзода кубоги» турнири ғолиби (8 карра): 1958, 1959, 1963, 1991, 1997, 2001, 2004, 2016|2017; С.Арабистони ФФ кубоги эгаси (3 карра) - 1986, 1997, 1999; ОЧЛ ғолиби (2 карра) - 2004, 2005

Экипировкаси: сариқ-қора футболка, қора труса, сариқ-қора гетра

Жорий мавсум (2018|2019) миллий чемпионатнинг 26-туридан кейинги ҳолати: 26та ўйин, 6та ғалаба, 7та дуранг, 13та мағлубият, тўплар нисбати: 33-40. 13-ўрин.

Умумий картина. Чилилик 50 ёшли Хосе Луис Сиерра бошқараётган жамоа ОЧЛда ҳам турлича таассурот уй-ғотмоқда. Жиддаликлар Саудия Премьер-Лигаси-2017|2018да ўртачадан бироз паст статистика қайд этишди: 26та ўйин, 8та ғалаба, 9та дуранг, 9та мағлубият, тўплар нисбати: 34-41. Ўтган мавсум клуб сафида Аҳмад Акаичи (Тунис) ҳаммадан кўп гол (10та) урган бўлса, Карлос Вильянуэва 7та самарали узатмага муаллифлик қилганди.

Уй аренаси. «Ал-Иттиҳод» рақибларини Жиддадаги «Қирол Абдуллоҳ Спорт Сити» мажмуасида қабул қилади. 62345 томошабинга мўлжалланган арена 2014 йилнинг 1 май куни фойдаланишга топширилган. Ўшанда «Ал-Аҳли» ва «Ал-Шабаб» жамоалари мамлакат кубоги учун майдонга тушганди.

Бош мураббий: Хосе Луис «Кото» Сиерра Пандо. 1968 йилнинг 5 декабрь куни Чили пойтахти - Сантьягода туғилган. Асосан Чилининг «Коло-Коло» ва «Унион Эспаньол» клублари сафида ўйнаган. Чили миллий жамоасидаги статистикаси ҳам чакки эмас: 53та ўйин, 8та гол. 2016 йил 22 июль - 2018 йил 1 июнь оралиғида ҳам айнан «Ал-Иттиҳод»ни бошқарди. Кейин орада маълум муддат, яъни июндан  октябрга қадар «Шабаб Ал-Аҳли» (БАА)да ишлади. Бироқ атиги 9та ўйиндан кейин бу жамоа билан хайрлашишига тўғри келди. Жорий йилнинг 24 февралида эса яна Жидда клуби бошқарувини қўлга олди.

Легионерлар. Жорий мавсум «Ал-Иттиҳод» сафида 9 нафар (!) легионер тўп сурмоқда. Улар орасида ўйин тақдирига нуқта қўйишга қодир йигитлар ҳам бор. Карим ал Аҳмади (Марокаш). «Астон Вилла» ва «Фейеноорд»даги ўйинлари билан танилган футболчи 2018 йилнинг 9 июль куни «Ал-Иттиҳод» сафига эркин агент сифатида қўшилди. Шу кунга қадар 21та ўйинда қатнашиб, 7та сариқ карточка олган ўнг қанот ярим ҳимоячиси таркибда рақобатни кескин оширди. Ҳар ҳолда, марокашлик футболчи етарли амалиётга эга бўлмоқда. Карлос Вильянуэва (Чили). 3 йил олдин БААнинг «Ал-Шабаб» клубидан таклиф этилган Чили футболи вакили ортда қолган вақт ичида 7та гол урди. У ҳар мавсум ўйинларнинг камида 70 фоизида иштирок этмоқда. Дарвоқе, 33 ёшли Карлос мавсум-2008|2009да «Блэкберн» сафида ҳам тўп сурган. Ромариньо (Бразилия). 1990 йилнинг 12 декабрь куни Палестина шаҳрида туғилган. Осиёда «Ал-Жаиш» ва «Ал-Жазира» клубларида ўйнашга улгурди. Жорий йил бошидан буён «Иттиҳод»нинг 5та голига муаллифлик қилди. 2010 йилдан кейинги фаолиятида жами 90та гол урган бўлса, шундан 52тасини Осиё жамоалари либосида нишонлаган. Шунингдек, Мэттью Журман (Австралия), Мануэль Маруан да Коста (Марокаш), Александр Прийович (Сербия), Гарри Родригес (Кабо-Верде), Секуэ Саного (Кот-д`Ивуар), Жонас (Бразилия) каби легионерлар ҳам «Иттиҳод»да охирги ўринда эмаслар.

Ўзаро ҳисоб-китоб. «Ал-Иттиҳод» ва «Локомотив» клублари ОЧЛ гуруҳ босқичида 2 марта ўзаро ўйнаган.

1). 2016 йил 23 февраль. Тошкент. «Локомотив» - «Ал-Иттиҳод» - 1:1 (0:0). Голлар: Сардор Мирзаев (89) - Хельмин Ривас (34). Бош ҳакам: Бенжамин Уильямс (Австралия).

2). 2016 йил 1 март. Жидда. «Ал-Иттиҳод» - «Локомотив» - 1:1 (1:0). Голлар: Салли Мунтари (14) - Темурхўжа Абдухолиқов (80-пен.). Бош ҳакам: Ким Донг Жин (Ж.Корея).

«Ал-Иттиҳод»нинг ОЧЛдаги иштироки

2004 йил: чемпион (7та ғалаба, 3та дуранг, 1та мағлубият)

2005 йил: чемпион (4та ғалаба, 2та дуранг)

2006 йил: чорак финал (1та ғалаба, 1та мағлубият)

2008 йил: гуруҳ босқичи (3та ғалаба, 3та мағлубият)

2009 йил: финал (7та ғалаба, 4та дуранг, 1та мағлубият)

2010 йил: гуруҳ босқичи (2та ғалаба, 2та дуранг, 2та мағлубият)

2011 йил: ярим финал (5та ғалаба, 2та дуранг, 4та мағлубият)

2012 йил: ярим финал (8та ғалаба, 1та дуранг, 2та мағлубият)

2014 йил: чорак финал (5та ғалаба, 1та дуранг, 4та мағлубият)

2016 йил: гуруҳ босқичи (2та ғалаба, 3та дуранг, 1та мағлубият)

2019 йил: ???? (1та ғалаба, 1та мағлубият)

------------------------------------------------------------------

«Ал-Садд» нечоҒли жиддий?

Қатар миқёсида 53та соврин (!) ютган «Ал-Садд» тизимида гандбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси ва енгил атлетика  жамоалари ҳам бор. «Садд»нинг тарихи ўзига хос: қатарлик илғор ўсмир талабалар (энг каттаси 17 ёшда бўлган) турли жамоалар таркибига профессионал футболчи сифатида кира олишмагач, мамлакатнинг ёшлар ва спорт масалалари вазири билан маслаҳатлашиб, 1969 йилнинг 21 октябрь куни янги клубга асос солишган. Мавсум-1971дан эътиборан эса жамоа сов-ринлар учун курашга қўшилади. «Ал-Садд» янги асрга қадар икки даврни бошдан ўтказди: 1969-1980 йиллар - шаклланиш ва ривожланиш жараёни ҳамда 1980-2000 йиллар - марраларни забт этиш палласи. Жамоанинг кейинги ҳаётида эса «Фоссатти эраси» ҳам кузатилди. Яъни «Садд» уругвайлик мураббий бошқарувида янги даражага чиқди.

Маълумот учун

Ташкил топган вақти: 1969 йил 21 октябрь

Тўлиқ номи: «Ал-Садд Спортс Клуб»

Лақаблари: «Хўжайин», «Бўрилар», «Жаҳон даражаси»

Соҳиби: Муҳаммад бин Ҳамад бин Халифа ал Тани

Стадиони: «Жассим бин Ҳамад Стэдиум» (сиғими -12946)

Бош мураббийи: Жезуальдо Феррейра (Португалия)

Совринлари Қатар чемпиони (13 карра - рекорд) - 1971|1972, 1973|1974, 1978|1979, 1979|1980, 1980|1981, 1986|1987, 1987|1988, 1988|1989, 1999|2000, 2003|2004, 2005|2006, 2006|2007, 2012|2013; Қатар кубоги эгаси  (16 карра - рекорд) - 1975, 1977, 1982, 1985, 1986, 1988, 1991, 1994, 2000, 2001, 2003, 2005, 2007, 2014, 2015, 2017; «Шаҳзода кубоги» турнири ғолиби (6 карра - рекорд) - 1998, 2003, 2006, 2007, 2008, 2017; Қатар суперкубоги соҳиби (14 карра - рекорд) - 1978, 1979, 1980, 1982, 1986, 1987, 1989, 1991, 1998, 2000, 2002, 2007, 2014, 2017; ОЧЛ ғолиби (1 марта) - 2011, Осиё Чемпионлар кубогида ҳам бир бора зафар қучган; Клублар ўртасидаги ЖЧ бронза медали эгаси -  2011 йил

Техник ҳомийси: Puma (2017 йилдан)

Жорий мавсум (2018|2019) миллий чемпионатнинг 20-туридан кейинги ҳолати: 20та ўйин, 16та ғалаба, 3та дуранг, 1та мағлубият, тўплар нисбати: 87-19. 1-ўрин

Умумий картина. ОЧЛда ғалаба натижасини сурган Қатарнинг ягона вакили - «Ал-Садд» жорий мавсум мамлакатнинг 2-жамоаси сифатида ўйнамоқда. Дохаликлар Юлдузлар лигаси-2017|2018да кумуш медални қўлга киритишди: 22та ўйин, 16та ғалаба, 1та дуранг, 5та мағлубият, тўплар нисбати: 68-25. Ўтган мавсум Бағдод Бунеджаҳ «Садд»нинг бош юлдузи сифатида кўзга ташланди - 16та гол. Жорий чемпионат якунига қадар буюк Хави жамоаси ва амалдаги чемпион - «Ал-Дуҳайл» ўртасида «олтин» учун жиддий жанг кечиши тайин.

Уй аренаси. Дохадаги «Жассим бин Ҳамад Стэдиум» стадиони «Ал-Садд» хизматида. 1975 йили очилган ушбу арена сўнгги марта мавсум-2009|2010 давомида реконструкция қилинди. Дарвоқе, 2014 ва 2016 йиллар Италия суперкубоги тақдирига айнан «Жассим бин Ҳамад»да ойдинлик киритилди.

Бош мураббий: Мануэль Жезуальдо Феррейра. 1946 йилнинг 24 май куни Гаутенг шаҳри (ЖАР)да туғилган. 2015 йилнинг 28 ноябридан буён «Ал-Садд»га устозлик қилмоқда. Умуман, Жезуальдо Феррейра мураббийлик фаолияти давомида «Порту» ва «Замалек» клубларида ҳам маълум ютуқларга эришган.

Легионерлар. Бағдод Бунеджаҳ (Жазоир). Охирги вақтларда Осиёда бу футболчи ҳақида жуда кўп гапирилмоқда. Эътиборлиси, у 2018 йил 7 декабрь - 2019 йил 30 март оралиғида фақат 1та ўйинда гол уролмади. Хави (Испания). Испан футболи афсонаси 4 мавсумдан буён «Садд» билан бирга: 81та ўйин, 21та гол. «Барселона» фахри клуб сафига 2015 йилнинг 1 июль куни қўшилган эди. Габи (Испания). 1983 йилнинг 10 июль куни туғилган. «Атлетико» (Мадрид)даги узоқ йиллик фаолиятидан сўнг Қатарга йўл олган фахрий футболчи янги жамоасининг 19та ўйинида қатнашишга улгурди. Жунг Ву Юнг (Ж.Корея). 1989 йилнинг 14 декабрида туғилган. 2011 йилдан буён хориж клубларида ўйнамоқда.

Ўзаро ҳисоб-китоб. «Ал-Садд» ва «Пахтакор» ОЧЛ гуруҳ босқичида 2 марта ўзаро куч синашган.

1). 2011 йил 16 март. Доха. «Ал-Садд» - «Пахтакор» - 2:1 (1:0). Голлар: Ли Жунг Су (45), Али Ҳасан Афиф (61) - Темурхўжа Абдухолиқов (57). Бош ҳакам: Чой Мюнг Йонг (Ж.Корея).

2). 2011 йил 11 май. Тошкент. «Пахтакор» - «Ал-Садд» - 1:1 (0:0). Голлар: Станислав Андреев (60) - Мажди Сиддиқ (90}3). Бош ҳакам: Андре ал Ҳаддод (Ливан).

Факт? «Ал-Садд»нинг ОЧЛ гуруҳ босқичидаги илк голига Серхио Рикардо муаллифлик қилган. Бразилиялик машҳур футболчи 2003 йилнинг 9 март куни «Истиқлол» (Теҳрон)га қарши кечган ўйиннинг 72-дақиқасида ҳисобни қисқартирганди (1:2), бироқ қатарликлар якунда мағлубиятдан қутулолмаганлар, барибир.

«Ал-Садд»нинг ОЧЛдаги иштироки

2002|2003 йиллар: гуруҳ босқичи (1та ғалаба, 2та мағлубият)

2004 йил: гуруҳ босқичи (1та ғалаба, 2та дуранг, 1та мағлубият)

2005 йил: чорак финал (4та ғалаба, 4та мағлубият)

2006 йил: гуруҳ босқичи (4та ғалаба, 1та дуранг, 1та мағлубият)

2007 йил: гуруҳ босқичи (1та ғалаба, 1та дуранг, 4та мағлубият)

2008 йил: гуруҳ босқичи (1та ғалаба, 3та дуранг, 2та мағлубият)

2010 йил: гуруҳ босқичи (2та ғалаба, 2та дуранг, 2та мағлубият)

2011 йил: чемпион (5та ғалаба, 5та дуранг, 2та мағлубият)

2014 йил: чорак финал (2та ғалаба, 5та дуранг, 3та мағлубият)

2015 йил: нимчорак финал (3та ғалаба, 2та дуранг, 3та мағлубият)

2018 йил: ярим финал (6та ғалаба, 3та дуранг, 3та мағлубият)

2019 йил: ??? (1та ғалаба, 1та мағлубият)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz