Қайднома

Қидирув

Радамель ФАЛЬКАО: «АПЛдаги ФУТБОЛ МЕНГА ТЎҒРИ КЕЛМАЙДИ»

Радамель ФАЛЬКАО: «АПЛдаги ФУТБОЛ МЕНГА ТЎҒРИ КЕЛМАЙДИ»

  10.04.2019 01:28
  0
  265
Радамель ФАЛЬКАО: «АПЛдаги ФУТБОЛ МЕНГА ТЎҒРИ КЕЛМАЙДИ»

Радамель Фалькао 33 ёшида тинимсиз гол уриб, оқсаётган «Монако»ни «судраб юрибди». Колумбиялик футболчининг айтишича, у фаолиятини якунлаганидан сўнг спортнинг бейсбол тури билан профессионал тарзда шуғулланмоқчи. Радамель бу ҳақда France Football нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

- Радамель, «Марлинс» (Майами шаҳрининг бейсбол жамоаси) ўйинларини ҳамон кузатиб боряпсизми?

- Ҳа. Таътилимни Флоридада ўтказаман. Ўшанда «Марлинс»нинг ўйинларини томоша қилиш учун албатта, вақт топаман. Бейсболни жуда яхши кўраман. Болалигимда Венесуэлада (ушбу мамлакатда яшаган) мазкур спорт тури билан шуғулланардим. Умуман олганда, ёмон ўйнамаганман. Менинг, умуман, мамлакатдаги барча болаларнинг кумири Андрес «Эль Гато» Галаррага бўлган. Шунингдек, Омар Визкел ва Оззи Гилленларнинг ҳам ҳаракатларини кузатардим. Улар ҳам мен каби шортстоп позициясида ўйнашган.

- Бейсболнинг қайси жиҳатлари кейинчалик футболда асқотган?

- Фикрни жамлаш. Бейсбол футбол каби динамик спорт тури эмас. Унда хаёлни бир жойга қўйиш, хотиржамлик, ўзига бўлган ишонч ва ҳаракатларнинг аниқлиги муҳим роль ўйнайди. Баъзида еттита иннингда (бир давра тўққиз иннингдан иборат бўлади) ҳам тўпга тегмаслигингиз мумкин. Лекин фикрни бўлмаслик лозим. Чунки исталган пайтда ўйинга қўшилиб кетишингиз мумкин.

- Йохан Кройфф ҳам ёшлигида бейсбол билан шуғулланган. Айтишича, бундан реактивликни ўзлаштирган экан...

- Ҳа, бейсбол ҳаракатлар координациясини ривожлантиришда фойда берадиган ажойиб спорт тури. Шунингдек, у интизомга ўргатади. Унда реакцияни ривожлантирасиз. Ахир тўп сизга 130 км|соат тезликда учиб келади. Ана шу тўпга чиллак («бита») билан уришни тасаввур қилиб кўринг. Агар шундай реакцияни ривожлантирсангиз, футболда қўл келиши табиий. Боз устига, футболда осонроқ. Негаки, тўп бу тезликда учиб келмайди. Хуллас, футболчилик фаолиятимни якунлаганимдан сўнг бейсбол билан шуғулланмоқчиман.

- Майкл Жордан сингарими?

- Ҳа, худди Жордандек. Лекин Майкл юқори савияда ўйнай олмаган. 31 ёшли Жордан иккинчи лигада «Байронс» жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Менда ҳам шундай мақсад бор. Худди футболдаги каби бейсболда ҳам муваффақият қозонмоқчиман.

- Футболчилик фаолиятингиз бошланганига кўп бўлди. Адашмасам, 13 ёшингизда. Профессионал футболдаги биринчи голингизни эслай оласизми?

- Жуда яхши эслайман. Бу 1999 йили рўй берганди. Ўшанда Колумбия футболида бир қоида бор эди. Биринчи дивизион клублари ҳеч бўлмаса бир нафар 20 ёшдан кичик футболчини майдонга туширишлари шарт этиб белгиланганди. Иккинчи лига вакиллари учун эса бу лимит 17 ёшни ташкил қиларди. Бир дақиқага бўлса ҳам туширишлари лозим бўлган. Ўшанда «Лансерос Бояка» жамоаси сафида ўйнардим ва 13 ёшда эдим. Лекин катта ёшлилар билан бирга тўп сураверардим. Барибир, мени ҳимоя қилишарди. Бир куни ҳамма ёш футболчилар жароҳат олишганди. Менга «Қани, Фалькао! Фақат сен қолдинг», дейишган. Аммо дастлабки голимни бир мавсумдан кейин «Санта Фе» (Богота) фарм клуби бўлган «Кондора» дарвозасига урганман.

- Чемпионлар Лигасидаги биринчи голингиз-чи?

- 2009 йили Мадриднинг «Атлетико»сига урганман. Ўшанда «Порту»да ўйнардим. «Матрасчилар» дарвозасини товоним билан нишонга олганман.

- Фаолиятингизда нимадан афсусланасиз?

- Шунчаки, роҳат олиш учун кўпроқ ўйнашим керак эди. «Ривер Плейт»­да тўп сурган кезларимни назарда тутяпман. У ерга 15 ёшлигимда бориб, тенгқурларим билан ўйнардим. Лекин профессионал бўлиш истаги тинчлик бермасди. Фақат шу ҳақда ўйлардим. Шахсий ҳаёт ва шунга ўхшаш нарсаларни унутиб қўйгандим. Ҳаммаси бирданига бўлишини хоҳлардим. Агар бирор ишим ўнгидан келмаса, қаттиқ жаҳлим чиқарди.

- Сиз жарима майдони ўйинчиси саналасиз. Лекин ҳар доим бундай бўлмагансиз. Шундайми?

- Фаолиятимнинг энг муҳим даври «Порту»га тўғри келади. Беш йилдан буён бир-бири билан ўйнаган коллективга келиб қўшилганман. Жамоанинг ўз услуби бор эди ва бунга мослашишим талаб этиларди. Вазифам фақат гол уришдан иборат бўлган. Қанотларда эса тўпни қойилмақом тарзда етказиб бера оладиган футболчилар ўйнарди. Ҳар бир ўйин­чининг майдонда ўз вазифаси бор эди. Меники рақиб дарвозасига яқинроқ туриш бўлган. Айнан «Порту»да марказий ҳужумчига айланганман.

- Шундоқ ҳам ҳар доим ҳужумда ўйнагансиз...

- Деярли ҳар доим. Ўсмирлар терма жамоасида плеймейкер вазифасини бажарардим.

- Янги роль қанчалик ёқиб қолган?

- Охирги пасни беришни уддалардим, ўйинни яхши ўқий олардим. Умуман олганда, ҳамиша олдинги чизиқда ўйнаш ёққан.

- Марказий ҳужумчи бўлиш учун муайян бир характерга эга бўлиш керакми?

- Муҳими - гол уриш истаги. Лекин ҳужумчилар кўпинча 80 дақиқа тўпга тегинмасликлари мумкин. Кейин эса гол уриб, ўйин қаҳрамонига айланишади. Бошқа бир ўйинчи эса бутун учрашув давомида тинимсиз меҳнат қилади, жамоа учун ўйнайди. Лекин ўйиндан ке­йин ҳеч ким уни қайд этмайди. Яъни, ҳужумчиларга фақат голига қараб баҳо беришади. Менимча, бу ноҳақлик.

- Марказий ҳужумчи ҳамиша бошқаларга боғланиб қолади...

- Ва у ҳамиша тўп оширилишини кутиши керак. Айнан «Порту»да шундай ўйнашни ўрганганман. Яъни жамоадошлар билан ҳамкорлик қилишни. Ҳужумчи учун голли вазиятларни яратиб берадиган футболчилари бор жамоа керак. Акс ҳолда...

- Бу билан «Атлетико» ушбу тоифага кирмаган, демоқчимисиз?

- Қаерда, қайси жамоада ўйнамай, маҳаллий чемпионатга мослашишга ҳаракат қилганман. «Атлетико»да «Порту» сингари қанотдан қойилмақом тарзда тўпни етказиб берадиган футболчилар бўлмаган. Шунингдек, чемпионат ҳам мутлақо бошқача. Ла Лигада жамоалар тўп билан кўп ишлашади. У ерда чиройли футбол шайдолари бисёр. Англияда эса умуман тескариси, футболчи 90 дақиқа тиним билмайди. Бу менинг футболим эмас.

- Гарчи бўйингиз баланд бўлмасада, бош билан яхши ўйнайсиз. Буни қандай ривожлантиргансиз?

- Аввалданоқ бош билан ўйнаш ёқарди. Кейин Аргентина чемпионатида бу жиҳатимни ривожлантирдим. Чунки у ерда ҳужумчилар бош билан кўп ўйнашади. Умуман, ҳужумчи бош билан яхши ўйнаши керак.

- Аммо мисол қилиб айтадиган бўлсак, Анелька ёки Анри каби футболчилар бу жиҳатдан кучли эмаслар.

- Фикрингизга қўшиламан. Роналдо ҳам. Лекин менда табиий хусусият бор. Боз устига, бош билан ўйнашни кўп машқ қилганман.

- ЖЧ-2014дан олдин тиззангиздан олган жароҳатингиз руҳий зарба бўлганми?

- Ҳар қандай футболчи жароҳатдан тикланганидан сўнг ўйинини топиб олишга қийналади. Ҳа, бу руҳий зарба. Аввалига яккакурашлардан қочишга уринасиз. Менинг муаммоим шундай иборат эдики, жароҳат туфайли жаҳон чемпионатини ўтказиб юборганман. Колумбия 16 йил мундиалнинг финал босқичига чиқа олмаганди. Шундай имконият вужудга келганда фойдалана олмаганимдан қайғурганман. Ваҳоланки, саралаш баҳсларини кўтаринки руҳда ўтказгандим.

- Неймар ЖЧ-2018 олдидан жароҳат олди. Барча чемпионатгача тиклана олмаслигини айтганди. Бироқ у бунинг уддасидан чиқди...

- Менда бошқача бўлган. Қайта жароҳат олишим хавфи юқори эди. Ахир ўз организмимни ўзим яхши биламан-ку. Тўғри, ўзимни тузалгандек кўрсатишга ҳам ҳаракат қилганман. Бироқ бор кучим билан ўйнасам, жароҳат олиш ҳақида ўйламайман. Шунингдек, мендан кўра тайёрроқ бўлган футболчининг ўрнини эгаллаб олган бўлардим.

- Сиз Моуриньо, Луи ван Гал, Симеоне, Виллаш-Боаш, Жардим каби мураббийлар қўл остида шуғуллангансиз. Улардан қай бири фаолиятингизда муҳим роль ўйнаган?

- Пассареллани унутдингиз. Шу­нинг­дек, «Порту»даги Жезуалду Ферейрани ҳам. Айнан ундан ҳужумчи нима қилиши ёки қилмаслиги кераклигини ўрганганман. Кейинчалик унинг ўрнини Виллаш-Боаш эгаллади. У ҳам ўз фикрларини миямизга қуя олган. Симеоненинг «Атлетико»сига мутлақо бошқача футболчи сифатида ташриф буюрганман. Кейин «Монако»да Жардим қўл остида янада ишончли ўйнай бошладим. Ван Гал - ўзига хос ҳолат. Нимани ўйлаётганини юзингизга айтарди. Умуман олганда, шундай қилиш керак. Баъзида уни тушунмасдим. Лекин Луи ҳам фаолиятимдаги муҳим мураббийлардан бири саналади.

- Моуриньо ҳақида қандай фикрдасиз?

-  «Челси»га борганимда у жамоани уч йилдан буён бошқарарди. Орадан тўрт ой ўтгач, уни ҳайдаб юборишди. Хуллас, Жозенинг қандай мураббий эканлигини ҳис қилишим учун вақт бўлмади.

- Тьерри Анри-чи?

- Футболни яхши тушунади. Лекин уч ойда ҳеч нима қилиб бўлмайди.

- Ҳозир «Монако» яхши ўйин кўрсатмоқда.

- Яхши футболчилар келди, жароҳат олганлар сафга қайтди. Албатта, ўйин ўзгарди. Одатда, жамоа етакчисини йўқотса, ўйинини ҳам йўқотади. Мана, «Реал»га қаранг, Криштиану кетганидан сўнг нима бўлди? Дастлабки уч-тўрт ой умуман ўзларига ўхшашмади. Тўрт ой - бу ярим мавсум дегани.

- Жардимнинг қайтишини эшитиб ҳайрон бўлдингизми?

- Бунақаси бўлиб туради. Чемпионат аввалида мураббийни ҳайдашади, кейин қайтариб олиб келишади. Жорий мавсум «Вильярреал»да ҳам шундай бўлди. Раҳбарлар нимани исташса, шу бўлади.

- «Йўлбарс» лақабини қаердан олгансиз?

- Аргентинада, «Ривер Плейт»да шундай аташган. Ўйинларнинг биридан сўнг Гонзало Лудуено худди йўлбарсдек ўйнаганимни айтган. Шундан сўнг лақаб бўлиб қолди.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz