Бугунги кунда Европа қитъасидаги машҳур клубларда тўп сураётган футболчилар орасида «Шальке» академияси тарбияланувчилари бисёр. «Бавария»даги Мануэль Нойер, «Арсенал»даги Месут Озил, «Манчестер Сити»даги Лерой Сане, «ПСЖ»даги Юлиан Дракслер, «Ливерпул»даги Жоэль Матип, «Кристал Пэлас»даги Макс Майер, «Локомотив Москва»даги Бенедикт Хеведес шулар жумласидан. Бу албатта, «кончилар» мактабининг барча тарбияланувчилари эмас. Буни яхшироқ тушуниш учун гельзенкирхенликларнинг ижтимоий тарихига назар ташлаш керак бўлади.
«Иккинчи жаҳон уруши тугагач, бизнинг ҳудуддаги кўмир конларига бошқа мамлакатлардан кўплаб одамлар келишди. Улар орасида поляклар, турклар ва итальянлар кўпчиликни ташкил этганди. Табиийки, маданият, анъаналар ва ҳаттоки, генетика қоришмаси вужудга келди. Бугунги кунда ўша даврлар самарасини кўряпмиз, зеро ҳозир ҳам Гельзенкирен ва унинг атрофидаги меҳнаткашлар оиласида фарзандлар вояга етишмоқда. Улар болалик пайтларидаёқ керакли менталитетга эга бўлиб, мақсадга етиш йўлида астойдил меҳнат қилишни ўрганишади. Биздан эса ўз тарбияланувчиларимиз иқтидорига сайқал беришда зарур бўладиган тўғри йўналишни танлаб, ҳар куни уларнинг билим ва кўникмаларини ошириб бориш талаб этилади, - дейди «Шальке» академияси раҳбари Питер Кнебель. - Айтиш мумкинки, мамлакат 70 йил мобайнида озод даврда ривожланишга эришаётган паллада футболчилар билан бирга яшаб, ишлаганимиз омадимиздир. Кўплаб андозалардан воз кечилмоқда. Клуб базасидан 200 метр узоқликда туғилган йигитчанинг исм-шарифи Аҳмад Кутужу («кончилар» академиясининг 19 ёшли тарбияланувчиси, келиб чиқиши турк) экан, ўсмирларимизнинг инқирозга юз тутган немис менталитетидан холи экани ойдинлашади».
«Шальке»даги ёш иқтидор соҳиблари билан ишлаш тизими майда деталларгача ўрганиб, кейин тузилган. Бу ерда ҳали кичик ёшда бўлган тарбияланувчиларни югуриш машқлари ёки тренажёр залидаги машғулотлар билан қийнашмайди. «Кончилар» академиясидаги аксарият ишлар тўп билан муомала қилишга қаратилади. Ҳар бир ўйинчи 30 дақиқа мобайнида техникасини яхшилаш билан шуғулланади. Сўнгра ўсмирлар майдондаги ўйинга ўтишади, аммо мазкур ҳолатда ҳам эътибор голлар уриш ёки натижага эришиш эмас, айнан тўп билан муомала қилиш ҳамда узатмалар сифатига қаратилади. Бу машғулот ҳам якунлангач, футболчилар 20 метрли махсус квадратга жалб этилади: бу сафар тўрт нафар рақиб прессинг уюштираётганда тўпни ўзида сақлаб қолиш ўргатилади. Тўпга кўпи билан икки марта тегинишга рухсат берилади, сўнгра узатма бериб, шериги қайта пас узатаётганда бўш зонага чиқиб бориш керак бўлади. Машғулотлар пайтида мураббийлар кўрсатмаларни ўзгартириб туришади: жамоавий ўйин ва паслар билан амалга ошириладиган ҳаракатлардан сўнг турли усуллар ёрдамида рақибни алдаб ўтиш талаб этилади.
«Шальке»нинг ёшлар жамоалари мураббийларининг таъкидлашларича, ортиқча тактик майда-чуйдалар билан шогирдларини қийнашдан тийилишади. Бу ердагилар жамоа танлайдиган услуб, масалан, 4-4-2 ва 3-5-2 каби схемалар ўртасидаги фарқни тушуниш мажбурияти 14 ёшли боланинг фикру хаёлини бузмаслиги керак, деб ҳисоблашади.
«Болаларнинг ўзлари ўйинни тушунишни ўрганишлари лозим. Биз уларга ўйнаш имкониятини берамиз ва ишонинг, машғулот жараёнида натижа ўз-ўзидан келади. Агар мураббий ўсмирларга ғалаба муҳим эмаслигини таъкидласа, шогирдларининг кўзига қараши кифоя - тушкунлик ва маъюслик дарҳол кўринади. Лекин муҳими, биз вазиятни тушунамиз, тартибга амал қилишга интиламиз - мураббий футболчиларга бақирмаслиги керак, мабодо, жамоа ютқазса, тарбияланувчиларга ушбу натижа туфайли негатив муносабат билдириш ярамайди, - дейди Питер Кнебель. - Спортда ғолиблик менталитетини яратиш муҳим, лекин мазкур ҳолатда ортиқча тиришиб, ёш футболчининг руҳиятига салбий таъсир кўрсатмасликка эътибор қаратиш керак. Биз болакайлар ўсиш жараёнида ўйиннинг зарур пайтида керакли қарорлар чиқаришни мустақил ўрганишлари тарафдоримиз. Шундагина улар босимни енгиб ўтиб, ҳам ҳимоя, ҳам ҳужумда бирдек барқарорликка эриша олишлари мумкин».
Умумий ҳисобда ёш футболчиларнинг машғулоти 90 дақиқа давом этади. Унинг охирги қисмида мураббийлар футболчиларга бир-бирининг ўрнини тўлдирадиган машқларни таклиф этишади. Ўз навбатида, вазифани бажариш вақт, чидамлилик ва сақланган кучга қараб ўзгариб боради. Барчаси ҳар бир ёш тоифасига қараб махсус ўйлаб топилган. Мураббийлар вақти-вақти билан янгидан-янги топшириқлар беришлари натижасида футболчилар кутилмаган муаммоларга дуч келиб, мураккаб вазиятдан ўз вақтида чиқишни ҳам ўрганишади. Бу ўйин пайтида тўғри қарор чиқариш ва футбол жараёнини тушунишда асқотади.
«Мураббийларимиз ўйин жараёни бўйича тавсиялар бериш, оддий туюлган вазиятларда шогирдларига берилган топшириқларни ўзгартириш бўйича махсус ўқув жараёнидан ўтишади. Бизга ўзгаришга мойил мутахассислар ва машғулотлар керак, ўз навбатида, «Шальке» академиясининг асосий принципларига амал қилиниши шарт. Ўз вақтида Жоэль Матип ва Лерой Сане тайёргарликнинг шундай тизимидан ўтишган. Улар бир-бирига ўхшамайдиган футболчилар, аммо бир хил асосда таҳсил олишган, - дейди Кнебель. - Мураббий - ёш футболчининг ўсишида ўзига хос калит. Ихтиёрингизда бир нафар яхши мураббий бўлса, жамоангизда келажаги порлоқ 18 нафар яхши ўйинчи тарбияланади. Бирор-бир мутахассисни ишга олишдан аввал унинг инсонийлик сифатлари, одатлари ва ҳаётий ақидаларини инобатга оламиз. Бизга болалар билан ишлаш салоҳиятига эга профессионаллар керак. «Барселона» ёки «Аякс»га қаранг - улардаги 19 ёшли йигитлар билан ишлаш фалсафасида уйғунлик кузатилади. Бу айнан биз намуна оладиган жиҳатлардан биридир».
17 ва 19 ёшгача бўлган гуруҳлардаги футболчилар билан ишлаш деярли фарқланмайди. Муҳими - ўйинчилар қандай ишлаш, қайси паллада бироз дам олиш кераклигини яхши билишади. Жараён пайтида танаффуслар бўлади, аммо улар узоқ давом этмайди. Шу вақт мобайнида футболчилар чанқоғини қондириши ёки нафасини ростлаши мумкин. Ортиқча суҳбатлар ва кўнгилхушликларга ўрин йўқ.
Мураббийлар ўлчами 4х2 бўлган майдончадан туриб вазиятни кузатиб боришади, деярли гаплашишмайди - уларнинг ўша ерда эканлиги шогирдларининг катта куч билан ишлашларига туртки бўлади. Яна бир нарсани ишонч билан айтиш мумкинки, «Шальке» академиясида ҳеч ким ҳеч нарсага мажбурланмайди. Машғулотларга келган ҳар бир йигитча нималарга эришмоқчи эканини билади, шу боис ҳар куни астойдил меҳнат қилишга тайёр туради.
«Шальке» академиясидаги яна бир муҳим жиҳат - мураббийлар шогирдларига дўстдек муносабатда бўлишлари лозим. Ҳар бир ёш футболчи керакли паллада ортиқча қийинчиликсиз мураббийдан маслаҳат ёки ёрдам олиши мумкинлигини ҳис қилиши лозим. У устозидан қўрқмаслиги керак, акс ҳолда, ўқув-машғулот жараёни тарбияланувчилар учун зиндондек туюлади.
«Мураббий сифатида ўйинчиларнинг мажбурияти ва тартиб-интизомига масъулмиз. Бу бизнинг бурчимиз, уни махсус тарбиявий дастур асосида амалга оширамиз. Биз учун футболчилар мураббий ва бир-бирларини ҳурмат қилишлари муҳим. Боз устига, «Шальке» ўз тарбияланувчилари шахс нуқтаи назаридан ҳам майдон, ҳам унинг ташқарисида етарли таълим олишларини таъминлашга интилади», - дейди U-17 жамоаси бош мураббийи, 2012 йили Гельзенкирхен клубидаги профессионал фаолиятини якунлаган Франк Фаренхорст.
Кнебель ҳам ҳамкасбининг фикрларини қўллаб-қувватларкан, клуб Gesamtschule Berger Feld мактаби билан келишувга эга эканлигини қўшимча қилди. Ушбу таълим масканида 118 нафар муаллим 1300дан зиёд ўқувчилар билан ишлайди, уларнинг аксарияти якунда футболчи бўлишни хоҳлашади. Ўз вақтида Озил, Нойер, Баумйоханн, Хеведес, Бениш, Делура, Дракслер, Матип кабилар шу мактаб битирувчилари орасида бўлишган.
«Дейлик, «Шальке»нинг асосий жамоасида дебютини ўтказган Кутужу баҳор фасли ўрталарида диплом олиши керак. Клубда ёш футболчиларнинг таълим олишларига катта эътибор қаратамиз, уларнинг оддий ҳаётда тўғри фикр юритиб, яхши инсон бўлишларини хоҳлаймиз. Дастуримиз тўғри ишласа, якунда биз нафақат профессионал спортчи, балки етарли билимга эга шахсга эга бўламиз. Мураббийлар таълим олиш жараёни билан қизиқишлари керак, шу боис улар ота-оналар ва мактабдаги ўқитувчилар билан мунтазам гаплашиб туришади. Футболчи бор кучини фақат майдонга сарфлай олмайди», - дейди академия раҳбари. - Замонавий футбол ҳақиқий саноатга айланган, аммо нолишга ҳаққим йўқ, ахир бу соҳа менга иш беряпти. Укам Германиянинг 13-дивизионидаги ҳаваскорлар клубида меҳнат қилмоқда. Ушбу жамоанинг ёшлар тизимида бор-йўғи 18 нафар бола таҳсил олади, қолганлар эса нисбатан машҳурроқ академияларга боришни маъқул кўришади. «Шальке»да, биринчи навбатда, тарбияланувчиларни реал ҳаётга тайёрлаб боришимиз керак. Улар якунда айнан ҳаваскорлар клубида ўйнашлари мумкинлиги, 0,001 фоиз футболчидагина «Манчестер Сити» ёки Европа грандлари таркибига кириш эҳтимоли борлигини тушунишлари лозим. Аммо бу факт кейинги ҳаётлари, жамиятда ўз ўринларини топишларига акс таъсир ўтказмаслиги керак».
Бу фикрларга қўшилмасликнинг иложи йўқ. Ахир, жаҳон футболига ўнлаб топ-ўйинчиларни етиштириб берганлар билан баҳслашиб бўларканми? Улар, дарҳақиқат, нима қилишаётганини яхши билишади.
А.ҲАМИДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20