Қайднома

Қидирув

«ҚИЗИЛ» ҚИЗҒАНИЛМАЙДИёки Майк Дин - энг «шафқатсиз» рефери-ми?

«ҚИЗИЛ» ҚИЗҒАНИЛМАЙДИёки Майк Дин - энг «шафқатсиз» рефери-ми?

  10.04.2019 08:55
  0
  168
«ҚИЗИЛ» ҚИЗҒАНИЛМАЙДИёки Майк Дин - энг «шафқатсиз» рефери-ми?

У яқинда АПЛ ўйинларида 100-марта қизил карточка кўрсатди - катта юбилей! Дин бу сафар «Вулверхэмптон» - «МЮ» учрашувида «қизил иблислар» вакилини майдондан анча барвақт четлатди ва бошида енгилмасдек кўринган Оле-Гуннар Сульшер яна мағлубият кўчасига кирди. Ҳа, 30-турда «Арсенал» қошида бош эгган «МЮ» 33-турда «Вулверхэмптон» олдида ҳам ожиз қолди.

Аслида бу гал «бўрилар»га қарши ўйин кубок доирасидаги қарама-қаршиликдан фарқли ўлароқ (манчестерликлар турнирнинг 1|8 финалида айнан «Вулверхэмптон»га ютқазиб, курашдан чиқиб кетишганди), «МЮ» учун анча хайрли бошланди. Яъни Скотт Мактоминай 13-дақиқадаёқ ҳисобни очиб, «қизил иблислар»га кўтаринки кайфият бағишлади. Бироқ кўп ўтмай, Диогу Жота меҳмонларни ранжитди (бу ҳужумчи кубок баҳсида ҳам «МЮ» дарвозасини нишонга олганди). Иккинчи бўлимда эса, аввалига рефери Майк Дин фаолиятидаги 100-қизил карточкани кўрсатиб, бу борада АПЛ рекордини ўрнатди. Қаттиққўл ҳакамнинг 100-«ҳайдалиш куйи» Эшли Янгга аталди: атиги 5 дақиқа ичида 2та «сариқ» ва «қизил»...

Маълумот учун айтиш керак, Дин ҳакамлик фаолиятида қизил карточкага илк марта бундан 18 йил муқаддам мурожаат қилганди. Ўшанда у Нолберто Соланога нисбатан охирги чорани қўллаганди. «Вулверхэмптон» - «МЮ» ўйинига қайтсак, Диннинг финал ҳуштаги янграшига 13 дақиқа қолган паллада Крис Смоллинг номига автогол ёзилди ва «МЮ» якунда мағлубиятни тан олди. Бу жамоанинг охирги 4та ўйиндаги 3-омадсизлиги бўлди. Боз устига, «Юнайтед» сўнгги 3та сафар ўйинида 2тадан гол қўйиб юборди. Ваҳоланки, жамоа Сульшер бошқарувидаги дастлабки 9та баҳсда атиги 1та гол қабул қилганди. Яна бир факт: «қизил иблислар» жорий мавсум «Вулверхэмптон» билан 3 марта учрашиб, лоақал бир бора ғалаба қозонолмадилар - 2та мағлубият ва 1та дуранг. Айтганча, «бўрилар»нинг битта мавсумда «МЮ»нинг 2 марта енгишлари охирги марта 1980 йили кузатилганди. Қолаверса,  «Вулверхэмптон» жорий мавсум «қизил иблислар»дан 2 марта устун келган ягона жамоадир.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz