Қайднома

Қидирув

Евротур: ГРАНД БАҲСЛАРГА БОЙ ТУР

Евротур: ГРАНД БАҲСЛАРГА БОЙ ТУР

  11.04.2019 00:12
  0
  347
Евротур: ГРАНД БАҲСЛАРГА БОЙ ТУР

Маррага яқин қолгани боис, топ чемпионатлар вакиллари ҳафта давомида икки мартадан майдонга тушишга мажбур бўлишди. Муҳими, мухлислар қизиқарли ва муросасиз беллашувларга гувоҳ бўлдилар.

Англия. Салоҳ яна ишга киришди

Олдинда «Порту»га қарши муҳим учрашувда майдонга тушиши лозим бўлган «Ливерпуль» 33-тур баҳсини жума оқшомида «Саутгемптон» майдонида ўтказди. Ғалабанинг аҳамияти катта эканлиги ўйиннинг кескинлигини таъминлади. Элитани тарк этиш хавфидан фориғ бўлмаган мезбонлар уни фаоллик билан бошлаб, тезкор гол (9-дақиқа) эвазига ҳисобни очишди. Лекин чемпионни изма-из таъқиб этаётган меҳмонлар ташаббусни ўз томонларига оғдириб, якунда иродали ғалабага эришдилар. Тўғри, бунинг учун анчагина тер тўкишга мажбур бўлишди. Аввалига Наби Кейта бир амаллаб жамоанинг танаффусга мувозанатни тиклаган ҳолда йўл олишини таъминлади. Кўпчиликнинг фикрича, ўша лаҳзада Муҳаммад Салоҳ ўйиндан ташқари ҳолатда эди. Бироқ гол инобатга олинди.

Иккинчи бўлимда томонлар тенгма-тенг ўйин кўрсатишди. Фақат Клопп томонидан амалга оширилган ўйинчи алмаштириш ўз самарасини берди - 59-дақиқада майдонга тушган Хендерсон аввал Салоҳга гол уриш имкониятини яратди, кейин ўзи сўнгги нуқтани қўйди - 1:3. Натижада «Ливерпуль» яна биринчи ўринга чиқиб олди. Мисрлик тўпурар эса АПЛ доирасидаги 50-голи эвазига Агуэрога яқинлашди.

Амалдаги чемпион - «Манчестер Сити» шанба куни «Уэмбли»да Англия кубогининг финал йўлланмаси учун «Брайтон» билан куч синашди. Табиийки, фаворит имкон қадар тежамкорлик билан тўп суришга ҳаракат қилди ва ўз мақсадига эришди. Оқибатда Габриэл Жезуснинг 4-дақиқадаги голи Хосеп Гвардиола жамоасини нуфузли турнир финалига олиб чиқди. «Брайтон» эса ўйин давомида фақат бир марта ҳисобни тенглаштириш имкониятига эга бўлди. Бироқ Эмерик Ляпорт дарвозага йўл олган тўпни чизиқ устидан қайтаришга улгурди.

Ярим финалнинг иккинчи учрашувида мухлислар «Уотфорд» - «Вулверхэмптон» драмасини (3:2) мириқиб томоша қилишди. Қизиғи шундаки, 80-дақиқагача «бўрилар» икки тўп фарқи билан олинда эдилар. Лекин Деулофеунинг аниқ зарбасидан кейин «Уотфорд» шиддатни оширди ва сўнгги сонияларда мувозанатни тиклади. Трой Дини баҳсни «овер-тайм»ларга кўчирган бўлса, Деулофеу ўз жамоасига финал йўлланмасини тақдим этди. Англия кубогининг янги соҳиби 18 май куни маълум бўлади.

АПЛга қайтсак, «Эвертон» - «Арсенал» (1:0) ва «Челси» - «Вест Хэм» (2:0) учрашувлари турнир жадвалига сезиларли ўзгариш киритди. Энди Сарри жамоаси 3, Эмери шогирдлари эса 5-поғонадан жой олишди.

 

Испания. Костанинг тарбиясизлиги панд берди

Ла Лиганинг турдаги марказий беллашуви «Камп-Ноу»да «Атлетико»ни қабул қилган чемпионни навбатдаги шоҳсупага янада яқинлаштирди. Майдон эгалари энг яқин таъқибчи устидан 2:0 ҳисобида устун келишди. Натижада очколар фарқи 11тага етди. Аслида бу тафовут 5 очкогача қисқариши ҳам мумкин эди. Чунки 28-дақиқада Диего Коста ҳакамни ҳақорат қилгани учун майдондан четлатилиб, жамоадошларини қийин вазиятга тушириб қўйди. Гарчи меҳмонлар озчилик бўлиб қолган бўлишсада, етакчига муносиб қаршилик кўрсатишди. Лекин Ян Облакнинг «сейв»лари, жамоадошларининг фидойилиги дарвоза дахлсизлигини сақлаш учун камлик қилди. Луис Суарес ва Лионель Мессининг аниқ зарбалари беллашув тақдирини ҳал қилди.

Учинчи ўрин билан кифояланишга мажбур бўлаётган «Реал» бу турда камтарин «Эйбар» устидан иродали ғалабага эришди. Таъкидлаш жоизки, Зидан шогирдлари танаффусга мағлуб бўлган ҳолда йўл олишганди. Ўз жамоадошларини нохуш ҳолатдан сўнгги ўйинларни сермаҳсул ўтказаётган Карим Бензема олиб чиқиб кетди: франциялик ҳужумчи икки марта рақиб дарвозабонини доғда қолдирди.

ЕЧЛ йўлланмаси учун жиддий курашаётган «Хетафе» ҳам «Атлетик»ни кичик ҳисоб (1:0)да маҳв этиб, ўз ўрнини сақлаб қолди. Акс ҳолда, Вальядолиддан қимматли 3 очко билан қайтган «Севилья»га йўл бўшатишига тўғри келарди.

 

Италия. Пентекка гап йўҚ, аммо «Милан»га...

«А» сериядаги қўшалоқ турда барча етакчилар ажабтовур натижаларни қайд этишди. Фақат Турин гранди бундан мустасно: «Юве» аввал Кальяри сафарида (2:0), кейин ўз майдонида «Милан»дан қимматли очколарни тортиб олди. Қолганлар эса барқарорлик кўрсата олмадилар. Жумладан, «Наполи» Эмполидаги мағлубият (1:2)дан кейин ўз уйида «Женоа»ни енга олмади - 1:1.

Ваҳоланки, меҳмонлар бир соатдан кўпроқ вақт ичида 10 киши бўлиб тўп суришганди. Аммо неаполликлар бу устунликдан фойдалана олмадилар.

«Интер» эса «Наполи»нинг очко йўқотишидан унумли фойдалана билмади. Ваҳоланки, жамоа аввалги турда Генуядан 4:0 ҳисобидаги йирик зафар билан қайтганди. Кейин ўз майдонида «Аталанта» билан нурсиз (0:0) дурангга имзо чекди.

Миланнинг шаҳарга номдош жамоаси ҳам ўз майдонида «Удинезе»ни енга олмаганди - 1:1. Энди Туриндан қуруқ қайтди. Тўғри, «Ювентус»ни маҳв этиш осон иш эмас. Бироқ меҳмонлар биринчи бўлимни ўз фойдаларига ҳал қилишган, боз устига, мезбонлар бир қатор етакчиларсиз майдонга тушишганди.

Аввалги турда «Фиорентина»ни енга олмаган (2:2) «Рома» Генуяда «Сампдория»дан 3 очкони тортиб олди - 1:0. «Лацио» яна ўз мухлисларини ранжитди - мағлубият (СПАЛ - 0:1) ва дуранг («Сассуоло» - 2:2).

 

Германия. «Бавария»дан кучли «тарсаки»

Ягона «кумуш товоқ» учун икки даъвогар ўртасидаги қарама-қаршилик нафақат 3 очко, балки чемпионлик масаласида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлсада, «Боруссия Д»нинг бунчалик ночор ҳолатга тушиб қолишини ҳатто мюнхенлик мухлислар ҳам кутмаган бўлишса, ажабмас. Боз устига, «Альянц-Арена»га 10000дан кўпроқ дортмундлик «12-ўйинчилар» ҳам умид билан ташриф буюришганди. Уларнинг суюклилари эса дастлабки 45 дақиқанинг ўзида 4 марта ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишди. Эътиборлиси, танаффусдан кейин ҳам меҳмонлар ўйинида ўзгариш юз бермади. Мезбонлар эса ҳимоя­ни унутмаган ҳолда хотиржамлик билан тўп суриб, финал ҳуштаги чалиниши арафасида яна бир бор Роман Бюрки дарвозасини забт этишди - 5:0. Меҳмонлар ҳеч бўлмаганда битта гол билан жавоб беришни ҳам уддалай олишмади. Шу тариқа «Бавария» яна биринчи ўринга кўтарилиб олди.

Кейинги поғоналарда бораётган «РБ Лепциг» ва Айн­трахт»лар сафарда мос равишда «Байер» (4:2) ва «Шальке» (2:1)дан устун келишди ва ўз мавқеларини мустаҳкамлашди.

 

Франция. Етакчилар учун омадсиз тур

Ҳа, турнир жадвалининг юқори 6 поғонасида бораётган жамоалар ҳисобот турини омадсиз ўтказишди. Жумладан, чемпионликни муддатидан аввал расмийлаштириши кутилаётган «ПСЖ» ўз майдонида «Страсбур» билан очколарни бўлишиб олди - 2:2. Боз устига, ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганида мағлубиятдан қутулиб қолди. Иккинчи ўриндаги «Лилль» «Реймс» билан битимга (1:1) имзо чекди. Уни таъқиб қилаётган «Лион» эса кутилмаганда аутсайдер - «Дижон»га 3 очкони совға қилди. «Сент-Этьен» сафарда «Амьен»ни енга олмади - 2:2, «Марсель» эса Бордодан қуруқ қайтди.

Cодиқжон РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz