Қайднома

Қидирув

ЕЧЛдаги "нодир жамоа" ёки Кларенс Зеедорф издошлари

ЕЧЛдаги "нодир жамоа" ёки Кларенс Зеедорф издошлари

  12.04.2019 06:40
  0
  659
ЕЧЛдаги

Мана, Европа Чемпионлар Лигаси чорак финал босқичи вақти ҳам етди. Демакки, Мадрид финали тобора яқинлашмоқда. Журналистлар шу онда клублар миқёсидаги энг зўр турнир иштирокчиларидан ўзига хос рамзий терма жамоа шакллантиришди. Улар бунда ЧЛда нақ 3та жамоани ғолиб чиқишига ҳисса қўшган Кларенс Зеедорф издошлари, яъни камида 2та клуб шарафини ҳимоя қилган ва ғалабалар ҳамда ўйинлар сони бўйича олдинда турган амалдаги футболчиларга позициялар бўйича алоҳида-алоҳида қараб чиқишди. Хуллас, қандай нодир жамоа юзага келгани билан қизиқсангиз, қуйидаги фотожамланмага кўз югуртириб чиқинг.

 

Дарвозабон - Икер КАСИЛЬЯС («Порту»), 3 карра ғолиб, 175та ўйин. Ўйинлар сони бўйича ЧЛ рекордчиси. Дарвозабонлар орасида унинг энг яқин таъқибчиси - Жанлуижи Буффон ҳисобида эса 121та ўйин бор. Тўғри, Криштиану Роналду ва Лионель Месси эртами-кеч, Касильясдан ўзиб кетишади, лекин ҳозирча гвардиячилар орасида айнан Икер олдинда.

Ҳимоячи - Даниэль АЛВЕШ («ПСЖ»), 3 карра ғолиб, 110та ўйин, 12та гол, 26та самарали узатма. Бразилиялик ҳимоячи «Барселона» билан хайрлашганидан кейин ҳам, «шалпангқулоқ»ни баланд кўтариш имкониятига эга бўлди, аммо «Ювентус» билан финални бой берди. Унинг «ПСЖ»даги уриниши ҳам ҳозирча самара келтиргани йўқ.

Ҳимоячи - ПЕПЕ («Порту»), 3 карра ғолиб, 96та ўйин, 3та гол, 4та самарали узатма. Тажрибали ҳимоячи «Реал» сафида ютган 3та кубоги олдига «Порту» белгисидагисини ҳам қўшиб қўйиш имкониятига эга. Тўғри, бунинг учун Португалия фуқаросига айланган асли бразилиялик футболчининг жамоаси аввало, «Ливерпуль», кейин яна 2та мегаклубни маҳв этиши керак. Ҳа, Пепенинг 4-марта ғолиблик нашидасини суриши қийин-ов... 

Ҳимоячи - Сами ХЕДИРА («Ювентус»), 1 карра ғолиб, 71та ўйин, 1та гол, 9та самарали узатма. ЧЛда ғолиблик йўлагидан юрган марказий ҳимоячилар - Серхио Рамос, Рафаэль Варан ёки Жерар Пике ҳамон ўз жамоаларига содиқ қолишяпти. Шунинг учун рамзий терма ҳимоясининг марказий нуқтасига истисно тариқасида Хедира қўйилди. Зеро, германиялик футболчи бу йил яна бош совринга қўл чўзиши мумкин - энди «Ювентус» билан.

Ҳимоячи - ДАНИЛО («Манчестер Сити»), 2 карра ғолиб, 39та ўйин, 1та гол, 6та самарали узатма. Чап қанотнинг ғолиб вакиллари орасида Давид Альба ва Марсело алоҳида ўрин тутадилар, аммо «Реал»да зафарга бурганган Данило улардан фарқли ўлароқ, бу ишни энди «Сити» билан такрорламоқчи.

Ярим ҳимоячи - Тьяго АЛЬКАНТАРА («Бавария»), 2 карра ғолиб, 51та ўйин, 8та гол, 11та самарали узатма. Бу футболчи ЧЛда ғалаба таъмини жуда эрта татиб кўрди - 2009 йилиёқ «Барселона» «заявка»сидан жой олганди. 2011 йилги финални эса майдон четидан кузатди. Тўғри, у «Бавария»да ҳозирча «шалпангқулоқ» томон яқинлашолмади.

Ярим ҳимоячи - Хамес РОДРИГЕС («Бавария»), 2 карра ғолиб, 51та ўйин, 5та гол, 11та самарали узатма. «Реал» сафида кетма-кет икки мавсум (2016 ва 2017 йиллар финалида) ғалаба нашидасини сурган колумбиялик ҳужумкор футболчи «Бавария» билан яна «қоқилди». Демак, у ҳам кейинги мавсумни кутишга мажбур.

Ярим ҳимоячи - Анхель ди Мария («ПСЖ»), 1 карра ғолиб, 73та ўйин, 18та гол, 22та самарали узатма. Аргентина футболи вакили «МЮ»даги омадсизликдан сўнг «ПСЖ»да яна юксак савияда ўйнай бошлади. Аммо парижликлар бу сафар ҳам ЧЛдан четга чиқишди, боз устига, айнан «қизил иблислар» олдида ожиз қолишди...

Ҳужумчи - НЕЙМАР («ПСЖ»), 1 карра ғолиб, 53та ўйин, 32та гол, 23та самарали узатма. «ПСЖ»га нимчорак финал ўйинларида айнан бразилиялик юлдуз етишмади, чоғи. Хуллас, «Барса»дан кетиб, ЧЛ бош совринига қўл узатолмаётган яна бир футболчи - бу Неймар.

Марио МАНЖУКИЧ («Ювентус»), 1 карра ғолиб, 59та ўйин, 21та гол, 6та самарали узатма. Жаҳоннинг вице-чемпиони 2013 йили «Бавария» билан ЧЛ тахтига кўтарилганди финалда «Боруссия» дарвозасига гол урган ҳолда. Марио кейинчалик «Ювентус» либосида ҳам ҳал қилувчи баҳсда гол қувончини туйди, аммо кубокка етишолмади, барибир.

Криштиану РОНАЛДУ («Ювентус»), 5 карра ғолиб, 160та ўйин, 124та гол, 44та самарали узатма. Таърифга тил ожиз - турнирнинг энг яхши тўпурари «Гол } пас» тизими бўйича 1та ўйинга ўртача деярли 1 балл тўғриламоқда. Роналду бу йил ЧК|ЧЛда тарихидаги мутлақ рекордчи - Хенто (6 карра ғолиб)га тенглашиб олишга астойдил уриниши тайин.

Захира - Клаудио Браво («Манчестер Сити»), 1 карра ғолиб, Мартин Касерес («Ювентус»), 1 карра ғолиб, Эмре Жан («Ювентус»), 1 карра ғолиб, Хуан Мата («МЮ»), 1 карра ғолиб, Дэниэль Старриж («Ливерпуль»), 1 карра ғолиб, Жердан Шакири («Ливерпуль»), 1 карра ғолиб, Альваро Мората («Атлетико»), 2 карра ғолиб

Бош мураббий - Хосеп ГВАРДИОЛА («Манчестер Сити»), 2 карра ғолиб, 112 ўйин, 68та ғалаба, 24та дуранг, 20та мағлубият. Асосий факт битта: жорий ЧЛда курашни давом эттираётган 8 нафар бош мураббий орасида биргина Пепга ғолиблик байроғини кўтариш насиб этган.

 

«Кўчманчи» рекордчи - Кларенс Зеедорф Парамарибода туғилган. Бу Амстердамдан 7496 километр узоқликдаги шаҳардир. Профессионал футболга эса 16 ёшида айнан Голландия пойтахтида қадам ташлади. Буюк хавбек фаолияти давомида ЧЛ кубогини нақ 4 марта боши узра баланд кўтарди - «Аякс» (1995 йил), «Реал» (1998 йил) ва «Милан» (2003 ва 2007 йиллар) сафида. Кларенс шунингдек, 1та финалда жамоаси билан мағлубият аламини татиб кўрди (Истанбулда). Умуман, у футбол тарихида катта профессионал сифатида ёрқин из қолдирди. Дейлик, самарали фаолиятига 37 ёшида Бразилиянинг «Ботафого» клубида нуқта қўйган бўлсада, ўшанда ҳам ажойиб спорт формасида эканлиги билан алоҳида ажралиб турган ва ёшларга ҳар томонлама ўрнак бўлганди.

Содиқжон ШАРИПОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz