Қайднома

Қидирув

УЧТА ТУР САРҲИСОБИ ЁХУД ЯНА НИМАЛАР ҚИЛИНИШИ КЕРАК

УЧТА ТУР САРҲИСОБИ ЁХУД ЯНА НИМАЛАР ҚИЛИНИШИ КЕРАК

  13.04.2019 05:15
  0
  609
УЧТА ТУР САРҲИСОБИ ЁХУД ЯНА НИМАЛАР ҚИЛИНИШИ КЕРАК

Ортда қолган учта тур якунига кўра, Coca Cola Суперлигада, кутилганидек, «Пахтакор» жадвалнинг биринчи поғонасига жойлашган. Айни пайт кичик «сенсация» қайд этаётган «Сурхон» 2-ўринни эгаллаб турган бўлишига қарамай, пойтахт «темирйўлчилари» барибир, «Пахтакор»нинг асосий потенциал рақиби саналади. 1-турдаёқ ўзаро ўйин ўтказилиши факторигина «Локомотив»нинг 3-поғонага тушишига сабаб бўлган, акс ҳолда, Андрей Фёдоров шогирдлари бугунга келиб «Сурхон»ни ўзларидан юқорига ўтказиб юбормаган бўлишарди...

 

1. «СУРХОН» ВА «ДИНАМО»

Ростини айтганда, чемпионат бошланишидан бир неча кун олдин Суперлигани зўр бериб танқид қилган жуда кўплаб инсонлар ҳам ҳозирда миллий чемпионатимизни фаол қизиқиш билан кузатаётганига умуман шубҳа қилмайман. Ҳақиқат юзасидан айтсам, ҳаттоки ўзим ҳам «Сурхон» ва «Динамо»нинг юқори лигамизга қўшиб олинишидан норози бўлган тарафдагилар ичида эдим. Аслида иккала жамоа ҳам ростдан Суперлигага арзийдиган клублар бўлсада, шунчаки, спорт принципларининг яна бир карра бузилиши шундай ҳиссиётларнинг жўш уришига сабаб бўлганди. Ўшанда фикр билдирадиганлар хоҳлаганча фикр билдиришди.

Менга энг ёққани, бир интернет фойдаланувчисининг «Ҳаммаларинг спорт принциплари ҳақида бонг урасизлар! Илгари «Сурхон»ни олий лигадан пастга мажбуран тушириб юборишгани ҳақида эса ҳеч бирингиз лом-мим демаяпсиз, аслида бу - ўша ноҳақлик учун тўғри қарор», деган гаплари бўлди. Ростдан ҳам ЎФАнинг ҳар бир қарорини ҳамма ўз «қаричи» билан ўлчайди. Бирор-бир фикр қарама-қарши фикрсиз қолмайдиган замонда яшаяпмиз. Майли, шуниси ҳам маъқул, якунда футболимиз ривожланади.

Хуллас, спорт принциплари яна бузилиб бошланган миллий чемпионатимизда ҳеч қанча вақт ўтмасиданоқ уч тур ортда қолди ва ўша ҳамманинг танқидига учраган «Сурхон» ва «Динамо» ўз «оппонент»ларига аёвсиз зарба бераётгандек, жадвалнинг анчагина юқори поғоналарида боришмоқда. «Сурхон»ни юқорида тилга олдик, «Динамо» ҳам агар тўплар нисбати ҳисобга олинмаса, 5-ўрин жамоаси билан бир хил очко жам­ғарган ва айни пайтда Даврон Файзиев шогирдларини ҳам бемалол кучли бешлик вакили деб ҳисоблаш мумкин.

2. «ПАХТАКОР»

Чемпион ёки «Пахтакор» ёки «Локомотив» бўлади, бунга энди ҳеч кимда шубҳа қолмади. Янаям аниқроқ айтганда, бу йил чемпион ўзгаради - «Пахтакор» бу мавсум ҳар қандай ўлчов билан ўлчаганда ҳам «Локомотив»­дан анча бақувватроқ кўринмоқда. Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ ўйинларига «плей-офф» баҳслари орқали чиқиш Шота Арвеладзенинг ҳам жонига теккан бўлса керак. Бу йил у нима қилиб бўлса ҳам тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритиш пайида бўлиши аниқ. Ҳозирча Арвеладзе буни уддаламоқда ҳам. Агар ортиқча «қоқилиш»лар бўлмаса, «Пахтакор» буни амалга ошириши айни ҳақиқат.

Мен бундай ўхшаш мавсумларга олдин ҳам дуч келганман. Биринчиси - 1998 йилги чемпионлик. Эски мухлислар ҳам буни эслашса керак. Бунгача узоқ вақт чемпионлик нашидасини сура олмаган «Пахтакор» 1998 йилги мавсум учун ўз сафига Миржалол Қосимов, Бахтиёр Ашурматов каби футболчиларни жалб этган ва ҳали мавсум бошланмасиданоқ чемпион бўлиши ойдек равшан бўлиб қолганди.

Кейингиси - 2002 йилги мавсум. Ўшанда «Навбаҳор» вакиллари Сервер Жепаров, Анвар Солиев ва Леонид Кошелев, «Нефтчи»дан Темур Кападзе каби ёш иқтидор эгаларини ўз сафига жалб қилган, мавсум давомида миллий терма жамоа базаси сифатида шакллантирилиши мақсад қилиб қўйилган «Пахтакор»нинг мавсум бошиданоқ бўлажак чемпион жамоа экани билиниб қолганди. Ёдингизда бўлса, айнан мана шу ярим ҳимоя тўртлиги билан «Пахтакор» анча узоқ вақт чемпионлик шоҳсупасидан тушмаган. То «Қурувчи» номи билан майдонга чиққан «Бун­ёдкор» пайдо бўлгунга қадар.

Тўғри, орадаги йилларда «Пахтакор» яна чемпионлик нашидасини суришга муваффақ бўлди. Лекин у мавсумларда жамоанинг ғалабасини олдиндан тахмин қилиб бўлмасди. Хуллас, бу йилги мавсум менга айнан ўша 1998 ва 2002 йиллардаги чемпионатларнинг бошини эслатмоқда. Худди ўша йиллардаги каби бу мавсумда ҳам «Пахтакор» чемпионликка эришиши ҳозирдан аниқлашиб бормоқда.

3. «ЛОКОМОТИВ»

Юқоридаги гаплардан Андрей Фёдоров ва унинг атрофидагилар хафа бўлишмасин-у, лекин «Локо» бу йилги мавсумлар оралиғида селекция ишларида «Пахтакор»га яққол ютқазиб қўйди. Сотиб юборилган футболчиларнинг ўрнини боса оладиган тузукроқ ижрочилар олинмади. Бу борада, айниқса, олдинги чизиқ - ярим ҳимоя ва ҳужум мустаҳкамланмаганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳимояга «Навбаҳор»дан келиб қўшилган Даврон Ҳошимов ва ярим ҳимояга «Бухоро»дан жалб қилинган Арслонмурот Амановни айтмаса, бошқа футболчилар асосий таркибга унчалик ҳам «тортмайди». Шу нуқтаи назардан, жамоа­нинг захираси унчалик ранг-баранг эмас. Айнан мана шу факторлар, башарти, жамоа икки давра оралиғида ўз сафига янги футболчиларни жалб этишнинг уддасидан чиқа олмаса, ўз сўзини айтиши ҳақиқатга яқин.

Биринчи турда «Пахтакор»дан қабул қилиб олинган мағлубият «Локомотив» раҳбарияти учун том маънода «сигнал» бўлдики, клуб яқин икки ой ичида мазкур муаммоларнинг ечими устида бош қотирмаса бўлмайди.

«Темирйўлчилар»нинг ҳимоя чизиғи деярли миллий терма жамоамиз ҳимояси эканига қарамай, ўрта ва олд чизиқ вакиллари бу борада деярли мақтана олишмайди. Боз устига, жамоа айни пайт иккита фронтда кураш олиб бормоқда ва Осиё майдонларидаги учрашувларни қай даражада муваффақиятли якунлашимиз ҳам мамлакатимиз футболи учун берилажак йўлланмалар квотасига ўз таъсирини ўтказиши аниқ.

4. «НАВБАҲОР»

Уч тур якунига кўра Наманган жамоасининг жадвалда энг сўнгги поғонага жойлашгани - ҳозирча Суперлигамизнинг ҳақиқий кутилмаган воқелиги. Ёдингизда бўлса, мавсум бошланишидан олдин чемпионликка даъвогар эканини баралла айтган уч жамоадан бири айнан «Навбаҳор» бўлганди. Ҳаттоки, ўтган мавсум бошланишидан олдин ҳам «Навбаҳор»да бу каби улкан гап-сўзларни учратиш қийин эди.

«Пахтакор» ва «Локомотив»га қаршилик қиладиган («Навбаҳор»дан бошқа) бирор жамоанинг «Бош мақсадимиз - чемпионлик» деганини, адашмасам, ҳеч ким эшитмади. Ҳаттоки, ўз олдига улкан мақсадларни қўйган, Миржалол Қосимовдек мураббийни оммага таништирган АГМК ҳам Саудиядаги йирик мағлубиятдан сўнг чемпионликка даъвогарлик борасида аниқ гап-сўз айтмаганди.

Энди «Навбаҳор» ҳақида бироз тўхталсак. Кўринишидан жамоа раҳбарияти Андрей Канчельскиснинг ишларидан унчалик ҳам қониқмаётганини ўз ичида сақлаб турган бўлсада, мен «Навбаҳор»нинг кейинги турда «Насаф»га имкониятни бой берган тақдирида ҳам уни ишдан бўшатиб юбормасликлари тарафдориман. Ростини тан олиш керак, Канчельскис ўз ихтиёридаги ижрочилар билан жамоани анча йўлга солиб қўйгани шундоққина кўриниб турибди. Тўғри, натижалар жудаям хунук, лекин бу ерда футбол ташқарисидаги анча гапирса арзийдиган фактлар бор.

Аввало, майдон муаммоси. Доимо ўзининг уй ўйинларидан максимал даражада фойдаланишга ўрганган «Навбаҳор» ҳозирча бирорта ўйинни Наманганда ўтказгани йўқ (бу борада «Қўқон-1912» ва «Андижон» натижаларига ҳам қаранг). Аксига олиб, ўша ўз майдонида ўтиши керак бўлган ўйинларнинг бири Тошкентдаги ТТЙМИ стадионида ўтган бўлса, ке­йингисига Фарғонадаги «Истиқлол» аренаси мезбонлик қилди. Шундай бўлаяптики, «Навбаҳор» деярли барча ўйинларни сафарда ўтказмоқда.

Мен «Навбаҳор»нинг ўз уйидаги ўйинларда майдон сифати ёмонлиги сабабли зафар қучиши ҳақида нашрлардан ўқигандим. Бу тўғри талқин эмас. Фикримча, Намангандаги майдон сифати ўзгарган ҳолатдаги ўйинларда «Навбаҳор» ўзини «сувга тушган балиқ»дек ҳис қилиши, олдингиларидан-да мукаммалроқ ғалабаларга эришиши аниқ. Бу кунларга ҳам жуда оз фурсат қолмоқда ва истардимки, ўша пайт қандай натижа қайд этишидан қатъий назар, жамоа раҳбарияти Андрей Канчельскисни ишдан бўшатиб юбормаслиги керак. У шунчаки, шунақа мўътадил бўлмаган пайтга тўғри келиб қолди.

Худди Арвеладзе каби Канчельскис ҳам Наманганда 1-2 йил ичида кучли жамоа шакллантира олишига шахсан мен ишонаман.

Дастлабки турда майдони анча ёмон ҳолатдаги ТТЙМИ стадионида «Қўқон-1912» билан дуранг қайд этган Канчельскис шогирдларининг сафарда «Локомотив»га қарши қандай ўйнаганини кўпчилик кўрди. Ўша ўйинни бевосита стадиондан туриб кузатган инсон сифатида шуни айтишим мумкинки, учрашувнинг 1-бўлимида «Локомотив» «Навбаҳор» қаршисида жудаям қийналди. Пойтахт «темирйўлчилари» билан сафардаги ўйинларда яқин вақт ичида бирор жамоа бунақа ишончли футбол намойиш этганини эслолмайман. Мағлубиятга учраган бўлишига қарамай, Канчельскис шогирдлари ўйиндан ҳатто ўзлари ҳам мамнун ҳолда уйларига йўл олишди.

«Бунёдкор»га қарши 2:3 ҳисобидаги мағлубият - мана шуниси Канчельскиснинг хатоси. Хато шундаки, ўйиндан олдин рақиб кучига тўғри баҳо берилмаганди. Бу хатони тўғрилашга ҳаттоки рақибни 2-бўлимдаги сон-саноқсиз ўққа тутишлар ҳам камлик қилди - натижада яна мағлубият. Лекин хато ҳаммада бўлади. Асосийси - Андрей Канчельскиснинг ўзбек футболига тегиши мумкин бўлган улкан фойдаси қандайдир 2-3 ой ичида эмас, бутун мавсум давомида кўринади, шуни яна бир бор таъкидламоқчи эдим.

5. «НАСАФ»

Аслида мақолани «Насаф»дан бошлашим керак эди. Нима бўлди-ю, гап «Сурхон» ва «Динамо» орқали яна ўша «Пахтакор» ва «Локомотив»га ўтиб кетиб қолди. Қашқадарё жамоаси, хусусан, Рўзиқул Бердиев ҳақида бугун бутун бошли мақола ёзсам ҳам камлик қилади. «Насаф» устозини «Воҳанинг даҳо мураббийи» десам қаршилар йўқми?

Ёш йигитчалар билан «Насаф» қайд этаётган натижани ҳар қандай сўз билан таърифлашга тил ожиз. Лекин бунинг тагида қандай ишлар ётибди? Бошқа жамоалар ҳам айнан мана шу нуқтага эътибор қаратишларини сўраб қолардим.

Гап жамоанинг инфратузилмаси ҳақида кетмоқда. Шу онларда 2003 йилги мавсум олдидан ўша пайтда бутун дунё даражасида даҳо мураббий деб тан олинган сэр Алекс Фергюсоннинг айтган гаплари ёдимга тушиб кетди: «Мен ўз жамоамдаги футболчиларга шундай ўринбосар ижрочиларни тайёрлаб қўйганманки, эрта-индин улар Бекхэм кетса ҳам, бошқаси кетса ҳам уларнинг ўрнини бемалол боса олишади».

Ўшанда Бекхэмнинг «Реал»га ўтиши ҳақида гап-сўзлар урчиб бораётганди. Кўп ўтмай, бу иш амалга ошди-ю, «буюк мураббий» айтган гаплар ҳам ўз тасдиғини топди. «Манчестер Юнайтед» то Фергюсон жамоадан кетгунига қадар номи унчалик танилмаган футболчилар билан ҳам Англия футболи чўққисида яна бир неча муддат қолиб кетди...

Айтмоқчи бўлганим, ўзимизнинг Рўзиқул Бердиев ҳам айнан ўша сэр Алекс Фергюсон йўлидан бормоқда, унинг жуда кўп ишлари айнан ўша Фергюсонга ўхшаб кетаётганидан хурсандман. Фергюсон шундай мураббий эдики, ҳеч қачон қиммат футболчиларни сотиб олмаган. Ёш истеъдод эгаларини қидириб топиб, уларни ўша юқори даражага ўзи олиб чиқарди. Ўзимизда фаолият юритаётган Андрей Канчельскис ҳам айнан унинг қўл остида Европа юлдузи даражасига етган ўйинчилардан саналади. Фергюсондан олган билимлари Канчельскиснинг ёдида сақланиб қолганига шахсан мен ишонаман. Худди «Насаф» устози каби «Навбаҳор» мураббийи ҳам Наманганда футбол инфратузилмасини шакллантиришда бош-қош бўлиши керак.

6. ҚОЛГАН 8 ЖАМОА

Мақола учун ажратилган жой жуда кам қолганига қарамай, ҳозир қолган жамоаларга ҳам умумий тарзда тўхталиб ўтиш имконияти бор. Назаримда, «Пахтакор» ва «Локомотив»дан бошқа барча 12 жамоада имконият ҳозирча бир хил, фикримча. Масалан, «Бухоро», «Қўқон-1912», «Андижон» ва «Навбаҳор» охирги тўртта ўринга жойлашган бўлсаларда, биттагина ғалаба уларни 5-ўрингача олиб чиқиши мумкин. Ва аксинча, «Сурхон» 2-ўринга жойлашгани билан 1-2та мағлубият жамоани 7-8-ўринларга суриб юбориши ҳеч гап эмас. Суперлига баҳслари энди бошланмоқда, чемпионликни «Пахтакор»га «тақдим» этиб қўйганимизга қарамай, бунинг хато фикр эканидан умид қилган ҳолда бошқа жамоалар курашини кузатишда давом этамиз...

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz