Қайднома

Қидирув

Гари ЛИНЕКЕР: «ЕИдан ЧИҚИШ АНГЛИЯ ЗАРАРИГА ИШЛАЙДИ»

Гари ЛИНЕКЕР: «ЕИдан ЧИҚИШ АНГЛИЯ ЗАРАРИГА ИШЛАЙДИ»

  13.04.2019 08:54
  0
  238
Гари ЛИНЕКЕР: «ЕИдан ЧИҚИШ АНГЛИЯ ЗАРАРИГА ИШЛАЙДИ»

Англиялик собиқ футболчи Гари Линекер France Football нашрига берган интервьюсида Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши АПЛга зиён келтириши мумкинлиги ҳақида гапириб ўтди.

- Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиши Англия футболига таъсир ўтказадими?

- Албатта. Натижаси қандай бўлишини аниқ билмаймиз. Бу ноаниқликнинг ўзи ҳам бир муаммо. Эндиликда ЕИга кирадиган мамлакатлар фуқаролари бўлган футболчилар АПЛда ўйнаш учун виза олишлари керакми? Энди улар Премьер-лигада ўйнашга муносиб эканликларини исботлашлари лозим. Биринчи ўринда ёш футболчилар муаммога дуч келишади. Ахир бир қатор футболчилар айнан Англиядаги ўйинлари орқали танилишган. Ўша Н~Голо Канте ёки Риёд Маҳрезни олайлик. Бир пайтлари улар ҳеч қандай меҳнат визасисиз келишган. Албатта, АПЛ ҳаммасини олдингидек қолдиришга ҳаракат қилади. Лекин бунинг юридик жиҳатдан иложи борми? Клубларнинг президентларидан фақат икки нафари «Брексит» учун овоз берган. Лекин улар ҳам жиддий қарши бўлишмаган. Ҳақиқатан ҳам, бу барча учун бош оғриғига айланди.

- Демак, эндиликда Англия клублари хорижлик иқтидорли йигитларни одатдагидек таклиф қила олишмайди. Бундан эса чемпионат жабр кўради.

- Худди шундай. Лекин мутахассислар билан гаплашсангиз, ҳозирча ҳеч ким жиддий хавотирга тушмаяпти. Бироқ «Брексит» яқин. Қаерга кетаётганимизни тушунмадим. Агар ЕИдан чиқиб кетсак, худди 2016 йилдаги каби фунтнинг қадри тушиб кетади. Бу эса клубларнинг бюджетига салбий таъсир ўтказиши аниқ. Жейдон Санчо («Боруссия» Дортмунд), Рис Нелсон («Хоффенхайм»), Имил Смит-Роу («Лейпциг») каби ёш футболчиларимиз ўз бахтларини Европанинг бошқа мамлакатларидан қидирмоқчи бўлсалар нима бўлади?

- Энди футболчилар оддий ва меҳнат визасини олишга мажбурларми?

- Ҳозирча аниқ эмас. Европа Лигаси ва Чемпионлар Лигасида ўйнаётган клублар ҳам сафар учун виза оладиларми? Минглаб мухлислар ҳам. Қуръа билан ўйинлар орасидаги вақт қанча? Ҳаммасига уч-тўрт ҳафтада улгуриш керак. Бош вазир Тереза Мэй «Одамларнинг эркин миграциясига чек қўямиз» дейди. Мана гап. Биз шунинг учун овоз берганмизми? Ажойиб. Олдинлари чемпионатимизга келган хорижлик мухлислар ҳам виза олишлари керакми? Футбол мамлакатга катта пулларни олиб келяпти. Бу борада ҳам жиддий гаплашиб олиш керак. Бироқ ҳеч қандай реакция йўқ. Чунки футбол спортнинг «бир» тури холос. Сиёсатчилар футбол орқали ўз мақсадларига эришадилар, бошқаларнинг ютуғидан фойдаланадилар. Даҳшат. Жаҳон чемпионати пайтида ҳамма мамлакат терма жамоаси учун мухлислик қилди. Мулозимлар фақат шунақа пайт­да футбол ҳақида ўйлашади...

- Сиз футбол олами одамисиз. Бошқалар ҳам вазиятни муҳокама қилишяптими?

- Менинг муҳокама қилаётганим ҳам етарли. Шу боис ҳам улар мен билан муҳокама қилишлари лозим. Лекин ҳеч ким муаммонинг охирини ўйламаяпти. Умуман, бунинг спортга таъсири катта. Мана, Формула-1ни олайлик. Саккизта жамоа Буюк Британиядан. Эҳтиёт қисмларни хориждан олиб келишади. Бу ҳам бир бош оғриғи. Агар халқ бизни нима кутаётганини тушунганида, ҳеч ким ЕИдан чиқиб кетиш учун овоз бермасди. Ҳаммамизнинг «қулоғимизга лағмон илишди». Сайловнинг ўзи ҳам савол туғдирмоқда. Албатта, ЕИнинг ҳам камчиликлари бор. Лекин иттифоқ фуқаро жамиятининг бузилишига сабабчи бўлмайди. Аммо матбуотда бу ҳақда тўлиқ гапиришмайди. Ўтган икки ярим йил ичида сиёсий инқироз юзага келди. Иқтисодиёт оқсамоқда. Ҳозиргача «Брексит»нинг аниқ фойдасини тушунтириб берган одамни кўрмадим. Ҳамма балиқ овлаш ҳақида гапиряпти...

- Лекин балиқнинг 80 фоизи Европага экспорт қилинади.

- Тўғри. Ҳаттоки, ЕИдан чиқишга овоз берган фермерлар ҳам уларни яхшилик кутмаётганини ҳис қилишмоқда.

- Футболчилар ҳам сиз билан бу қайғуни бўлишишяптими?

- Ким билан гаплашган бўлсам, деярли ҳаммаси. Фақатгина бир-иккитасини инобатга олмаса. Клубларда ҳам аниқ бир фикр йўқ. Кимдир ундоқ ўйласа, бошқаси тескарисини гапиради. Ҳамма ўз фикрни очиқ айта олмаяпти. Мана, Юрген Клоппга гап йўқ. Характери зўр. Гвардиола... билмадим. У Каталониянинг мустақиллиги учун овоз берганди. Аввалдан «сиёсатчи»... Бошқалар нимага жимлигини тушунаман. Бир нима десангиз муаммога дуч келишингиз мумкин. Одамлар ишларини йўқотиб қў­йишдан қўрқишади.

- Сизга ҳам таъсир ўтказмоқчи бўлишдими?

- Албатта. Ижтимоий тармоқларда алламбало нарсаларни ёзаётганларни кўряпман. Лекин кўча-кўйда ҳеч нима дейишмайди. Бир сафар электричкада кетаётсам, бир одам ўгирилиб «Иккинчи референдуминг нима бўлади? Бир марта овоз бердик-ку», деди. Шу, холос.

- «Брексит»га қарши курашавериб чарчамадингизми?

- Мен футболчиман. Футболчи халқи қайсар бўлади. Мени қўллаб турганлар сони ижтимоий тармоқларда «лойга белаётганлар»дан кўпроқлиги хурсанд қилади. Кўпчиликдан фарқли ўлароқ, футболчи бўлганим учун матбуотга чиқиш имкониятим кўпроқ. Умид бор экан, «Брексит»га қарши боравераман. Мен ҳам ўзимни «патриот» деб ҳисоблайман. Лекин менинг ватанпарварлигим ўзим учун эмас. Ўзимни ҳақ деб ҳисоблайман.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz