Қайднома

Қидирув

Лауреатлар: МАВҚЕНИ МУСТАҲКАМЛАШ МАВРИДИ

Лауреатлар: МАВҚЕНИ МУСТАҲКАМЛАШ МАВРИДИ

  14.04.2019 01:51
  0
  402
Лауреатлар: МАВҚЕНИ МУСТАҲКАМЛАШ МАВРИДИ

Баҳорнинг дастлабки ойи одатга кўра, миллий чемпионатимизга старт берилди, шунинг­дек, миллий терма жамоамиз Хитойда ташкилланган China Cup мусобақасида қатнашди, олимпиячиларимиз Осиё чемпионати саралашида иштирок этишди. Қолаверса, ўзбек клублари ОЧЛда дастлабки тур ўйинларини ўтказишди. Мазкур учрашувларда ўзини ижобий томондан кўрсатган футболчилар учради. Шогирдларини ғалабалар сари ундаган мураббийлар ҳам, албатта. «ИнтерФутбол» талқини бўйича март ойи лауреатлигига муносиб кўрилганлар чин маънода ўз жамоалари билан эътирофга лойиқ натижаларга эришишди.

Футболчилар орасида бу сафар ҳам «Пахтакор» клуби ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Жалолиддин Машарипов биринчи ўринни эгаллади. Дарҳақиқат, бу ярим ҳимоячининг сўнгги пайтларда кўрсатаётган ўйини кўпчиликка манзур бўлмоқда. Асосийси, Машариповнинг фаоллиги жамоаси фойдасига ишламоқда, рақиб ҳимоячилари уни тўхтатишда катта қийинчиликка учрашмоқда. Шунингдек, Жалолиддин ассистентликни ҳам қойиллатмоқда. Хуллас, маҳоратли ярим ҳимоя­чи март ойида Coca Cola Суперлига, ОЧЛ ҳамда China Cup мусобақаларида бирдек барқарор тўп сурди.

Россия чемпионатидаги иштирок орқали тажрибасини тоблаб, «Ростов» мухлислари ёқимтойига айланиб бораётган Элдор Шомуродов лауреатлар рўйхатида иккинчи поғонага лойиқ кўрилди. Иқтидорли ҳужумчининг фойдали иш коэффициенти тобора ортмоқда. Натижада, мураббийлар ҳам унга кўпроқ ишонч билдиришмоқда. Муҳими, Элдор бу ишончни оқлаб, жамоаси ғалабаларига муносиб улуш қўшмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон термаси ўйинларида ҳам қатнашиб, рақиб дарвозасини ишғол қилишда давом этмоқда. Хусусан, China Cup турнири доирасидаги мезбонларга қарши кечган баҳсда ягона ғалаба голи ҳам айнан Шомуродов ҳисобига ёзилди.

«Локомотив» билан чемпионлик унвонини сақлашга астойдил киришган Темурхўжа Абдухолиқовга учинчи ўрин насиб этди. Эҳтимол, март ойи «темирйўлчилар» учун у қадар омадли кечмагандир. Ҳар ҳолда, сафар ўйинларида имконият бой берилиши «Локо» нуфузига бироз путур етказгани айни ҳақиқат. Албатта, ғалабали ўйинлар ҳам бор ва уларнинг аксарияти Абдухолиқовнинг фаол ҳаракатлари эвазига қўлга киритилмоқда. Мазкур ҳолатда «Навбаҳор»га қарши кечган баҳсда урилган ягона голнинг аҳамияти нечоғли юқори бўлганини эслаш кифоя. Умуман, Темурхўжа сўнгги 31 кун мобайнида «Локомотив»нинг 4та ўйинида майдонга тушиб, 333 дақиқа тўп сурди ва ўз ҳисобига 2та гол ёздириб қўйди.

Шунингдек, март ойи лауреатлигига лойиқ бўлган бошқа футболчилар ҳам учради. Жумладан, Марат Бикмаев, Шавкат Саломов, Элгужа Григалашвили, Жасур Ҳасанов сингари маҳорат соҳиблари мухлисларга хуш ёқадиган ўйин намойиш этишди.

Энди мураббийлар кучли учлигига эътибор қаратамиз.

Бу ерда энг юқори ўрин Рўзиқул Бердиевга насиб этди. «Насаф» жорий мавсум бошида яна бир қатор етакчиларини бошқа клубларга қўйиб юборганига қарамай, ҳамон ўз анъаналарига содиқ ҳолда ўйнамоқда. Асосан ёшлардан иборат бўлган таркиб билан ҳам кучли жамоаларга муносиб рақобат туғдираётган «аждарлар» ўйинида мураббий имзоси яққол сезилмоқда. Футболчиларнинг кўтаринки кайфиятда, кучли рақиблардан чўчимай тўп суришаётгани талабчанлик бобида бошқалардан ажралиб турадиган Бердиевнинг ютуғидир, албатта.

Тошкентдаги фаолиятининг дастлабки даврида жиддий муаммоларга йўлиққан Шота Арвеладзе бугунги кунда ўзи истаган таркибни шакллантира олди, чоғи. Ҳар ҳолда, грузиялик мутахассис бошқарувидаги «Пахтакор» ўйинига мазмун кирди, футболчиларнинг ҳаракатларида ҳам хилма-хиллик кузатилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, март ойида ўтказилган учрашувлар - ҳам Суперлига, ҳам ОЧЛ баҳсларида «шерлар» ижобий натижаларга эришиб, мавқеларини анча мустаҳкамлаб олишди. Арвеладзе эса бунинг самараси ўлароқ лауреатлар рўйхатидан ўрин эгаллади.

Узоқ муддатли танаффусдан сўнг элитага қайтган «Сурхон»нинг таркиби қайта шаклланди, жамоа мавсумлар оралиғида маҳоратли футболчиларни жалб этиш эвазига кучайди. Лекин барибир, ўйинчиларнинг майдонда бир-бирларини ўзаро яхши тушуниб тўп суришлари учун мураббийдан катта билим ва кўникма талаб этилади. Андрей Микляев эса буни шараф билан уддаламоқда. «Сурхон» илк учрашувларда мухлисларга хуш ёқадиган футбол кўрсатиб, дастлабки очколарни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Микляев эса март ойининг энг яхши уч мураббийидан бири сифатида эътироф этилди.

Кучли учликдан четда қолганлар орасида ҳам мақтовга лойиқлари бор, албатта. Жумладан, Андрей Фёдоров «Локомотив»ни яхши бошқармоқда, Ҳамиджон Актамов бошчилигидаги «Қизилқум» ёрқин таассурот қолдирмоқда, Миржалол Қосимовнинг АГМКдаги фаолияти ҳам кўпчиликка манзур бўлмоқда. Аммо айрим жиҳатлар бу мутахассисларнинг март ойи лауреатлари сафида бўлишларига тўсқинлик қилди.

 

Футболчиларнинг январь|февраль давомидаги натижалари

Т|р     Футболчи                            Ўйин      Дақиқа             Гол

         

1.       Жалолиддин Машарипов     4            346                   -

2.       Элдор Шомуродов              4            128                   -

3.       Темурхўжа Абдухолиқов     4            333                   2

 

Изоҳ:Фақат расмий учрашувлар инобатга олинган.

 

ФУТБОЛЧИЛАР

Январь|февраль

1. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

2. Игнатий Нестеров («Уҳуд», С.Арабистони)

3. Сардор Рашидов («Насьонал», Португалия)

Март

1. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

2. Элдор Шомуродов («Ростов», Россия)

3. Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив»)

 

МУРАББИЙЛАР

Январь|февраль

1. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

2. Андрей Фёдоров («Локомотив»)

3. Эктор Купер (Ўзбекистон МТЖ)

Март

1. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

3. Андрей Микляев («Сурхон»)

 

УМУМИЙ НАТИЖА

Мураббийлар

1. Шота Арвеладзе - 8 очко

2. Рўзиқул Бердиев - 5 очко

3. Андрей Фёдоров - 3 очко

4. Эктор Купер - 1 очко

5. Андрей Микляев - 1 очко

 

Умумий натижа

Футболчилар

1. Жалолиддин Машарипов - 10 очко

2. Игнатий Нестеров - 3 очко

3. Элдор Шомуродов - 3 очко

4. Сардор Рашидов - 1 очко

5. Темурхўжа Абдухолиқов - 1 очко

Изоҳ: 1-ўрин - 5 очко, 2-ўрин - 3 очко, 3-ўрин - 1 очко.

Ўткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz