Қайднома

Қидирув

Педру МЕНДЕШ: «СИЁСАТ МЕНГА ТЎҒРИ КЕЛМАЙДИ»

Педру МЕНДЕШ: «СИЁСАТ МЕНГА ТЎҒРИ КЕЛМАЙДИ»

  14.04.2019 07:07
  0
  207
Педру МЕНДЕШ: «СИЁСАТ МЕНГА ТЎҒРИ КЕЛМАЙДИ»

Педру Мендеш Жозе Моуриньонинг «Порту»сида тўп сурган ва Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлган. Кейинчалик у «Тоттенхэм», «Портсмут» ва «Рейнжерс» каби клубларда ўйнади. Фаолиятини якунлаганидан сўнг Мендеш футбол агентига айланди. Айни пайтда унинг бир қатор мижозлари Беларусь чемпионатида фаолият олиб боришмоқда. Яқинда Россиянинг «Футбол» ҳафтаномаси португалиялик агент билан суҳбат уюштирди.

 — Ҳозирда Португалия терма жамоаси дейилганда кўз ўнгимизга Криштиану Роналду келади. Лекин унинг фаолияти охирлаб бормоқда. Шундай экан, унга ўринбосар топиш керак. Сиз кимга эътибор қаратишни маслаҳат берардингиз?

— Бу жуда қийин савол. Мамлакатимизда иқтидорли футболчилар кўп. Лекин жаҳоннинг энг яхши ўйинчисига ўринбосар топишнинг ўзи бўлмайди. Таркибингизда 15-16 нафар иқтидорли футболчилар бўлиши мумкин. Аммо улар ҳам Роналдунинг ўрнини боса олишмайди.

— «Вулверхэмптон» ҳозир худди Португалия термасига ўхшаб қолган. Ушбу жамоа ўйинларини кузатиб борасизми?

— Баъзида «бўрилар»нинг ўйинлари шарҳини телевизор орқали кўриб тураман. Улар учун хурсандман. Бунинг устига, жамоа бош мураббийи Нуну Эшпириту Санту менинг дўстим ва қўшним. У ҳам Гимарайншда яшайди.

— Унинг мураббийлигига қандай баҳо берасиз?

— Нуну-мураббий қандайлигини билмайман. Аммо уни инсон сифатида яхши биламан. Мураббийлик фаолиятини Португалияда бошлаган. Кейин «Валенсия» ва «Порту» клубларини бошқарди. Бу борада тажрибаси етарли. Унинг қўл остида «Вулверхэмптон» қайд этаётган натижалар ҳайратлантиради.

— Айни пайтда «бўрилар» сафида «Спортинг»даги собиқ жамоадошингиз Руй Патрисиу ўйнамоқда. У юқори савияли дарвозабон бўлсада, бутун фаолияти давомида бирорта топ клубда ўйнамади.

— Бу мен учун ҳам ажабланарли. У яхши дарвозабон. Балки топ клубда ўйнаш имконияти туғилмагандир. Бироқ ҳозир у жаҳоннинг энг кучли лигаси - АПЛда ўйнамоқда.

— «Порту»да бир йил ўйнагансиз ва Жозе Моуриньо қўл остида ҳаракат қилгансиз. Ҳозирги Жозе 2003-2004 йиллардаги Жозедан фарқ қиладими?

— Моуриньони телевизор орқали кўрсангиз, бошқа одам. Машғулотлар базасида эса умуман бошқача инсон. У матбуот анжуманларидаги босимга бардош беради ва ўз футболчиларини ҳимоя қилади.

— Уни «Беназир» қилиб турган кучли тарафлари қайси?

— Бошқариш усули.

— Демак, сиз ишлаган мураббийлар ичида Жозе энг ностандарти?

— Шундайлардан бири. Мисол учун, Гарри Реднапп қўл остида ҳам ўйнаганман. У ҳақиқатдан ҳам ўзгача. «Рейнжерс»да мураббийим Уолтер Смит бўлган. Фантастик шахс.

— Педру, сиз ҳозир футбол агентисиз. Бу қандай рўй берди?

— Ҳаммаси дўстларим билан суҳбатдан кейин бошланди. Ўшандаёқ мураббий бўлиб ишламаслигимни тушунгандим. Аммо ушбу спорт туридан кетишни истамадим. Шу боис ҳам дўстларим билан маслаҳатлашдим. Улардан бири Фернанду Мейра MNM SPORTS MANAGEMENT агентлигида ишлайди. Шу тариқа ўзимни агент сифатида синаб кўришга бел боғладим.

— Мижозларингиз кўпми?

— Бу сир бўла қолсин.

— Улардан бири Брестнинг «Динамо»сида ўйнаяптими?

— Ҳа. Ўтган ёзда ҳимоячи Денис Дуарте Беларусь клуби билан шартнома имзолади. Дуартедан ташқари «Динамо»да яна бир мижозим бор - ярим ҳимоячи Чиди Осучукву. У ушбу жамоага икки йил олдин келган.

— Таниқли Жорже Мендеш сизнинг агентингиз бўлган. У қандайдир маслаҳатлар берганми?

— Тўғрисини айтсам, бу борада гаплашмаганмиз.

— «Портсмут»даги собиқ жамоадошингиз Сол Кэмпбелл фаолиятини якунлаганидан сўнг сиёсатга кириб кетди. Сиз ҳам футболдан бошқа соҳа билан шуғулланиш ҳақида ўйламаганмисиз?

— Сиёсат мен учун эмас. Бир сафар Гимарайнш шаҳар кенгашига номзоднинг ишончли вакили бўлишни таклиф қилишган. Лекин рад жавобини берганман.

— АПЛга ўтган футболчиларнинг кўпчилиги ноқулай об-ҳаводан нолийди. Сиз ўйнаганингизда нимага мослашиш қийин бўлган?

— Англияга мослашиб олиш мен учун унчалик қийин бўлмаган. 2004 йилнинг ёзида «Тоттенхэм»га ўтганимда, клуб бир неча янги ўйинчиларни ўз сафига қўшиб олганди. Умуман, кўпчилигимиз хорижда биринчи ўйинни ўтказаётгандик. Шу боис ҳам бир-биримизни қўллаб турганмиз. Натижада мослашиш қийин кечмаган.

— Ижтимоий тармоқларга муносабатингиз қандай? «Твиттер» ёки «Инстаграм»да саҳифангиз борми?

— «Инстаграм»да аккаунтим бор. Лекин у ерга кам кираман. Баъзида фанатлар билан фикр алмашиб тураман.

— Педру Мендешнинг оддий куни қандай ўтади?

— Эрталаб туриб спортзалга бораман. Лекин ҳар куни эмас. Менга паддл-теннис (оригинал теннисдан кортнинг ҳажми, сеткаларнинг баландлиги ва ракеткалари билан фарқ қилади) ўйнаш ёқади. Кейин овқатланиб офисга бораман. Бўш вақтимни фарзандларим билан ўтказаман. Баъзида иш юзасидан эрталаблари учрашувим бўлади.

А.Ҳамидов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz