Қайднома

Қидирув

«Хетафе» ва «Алавес»нинг уйғониши

«Хетафе» ва «Алавес»нинг уйғониши

  15.04.2019 03:17
  0
  675
«Хетафе» ва «Алавес»нинг уйғониши

Маълумки, сўнгги йилларда «Барселона», «Реал» ва «Атлетико» учлиги Испания чемпионатида юқори ўринларни ҳеч кимга бермай келишяпти. Одатда, ЕЧЛга йўлланма берувчи тўртинчи чипта соҳиби сифатида «Валенсия» — «Севилья» — «Атлетик» клубларидан бири тилга олинарди. Бироқ бу мавсумда ҳаммаси ўзгариб кетди: бугунга келиб мунтазам равишда «абадий ўртамиёна» синфига мансуб саналган «Хетафе» йўлланмага бош даъвогар бўлиб турибди. Кечагина Сегундадан чиқиб келган «Алавес» эса кутилмаганда кучли еттиликда бормоқда.

«ХЕТАФЕ»

31 ўйинда 50 очко, жадвалда 4-ўрин

Бизнингча, «Хетафе» муваффақиятларининг бош сабабчиси — жамоа устози Хосе Бордалас. Таъкидлаш ўринлики, у Диего Симеоне услубидаги футболнинг яққол ихлосманди бўлиб, «Хетафе» ўйини тажовузкор прессинг, рақиб майдонидаги «1х1» кўриниш, майда тактик фоллар ва яккурашлардаги фаоллик асосига шакл­лантирилади.

Шунингдек, Бордалас кийиниш хонасида ҳам ҳаммасини қатъий ўз назоратида ушлашга одатланган. Дейлик, Хосе учун стулларни синдириш, шогирдларига қичқириш ҳамда тартиб-интизом талаб қилиш одатий ҳол. «Хетафе» футболчиларидан бирининг аноним интервьюсидан маълум бўлишича, жамоада ҳамма мураббийдан ўлгудай чўчиркан. Хуллас, бу мураббий футболчилардан ҳар бир майда-чуйда омилларга эътибор қаратишни ва сифатли позицион ўйин кўрсатишни талаб қилади. Бордалас истаган «сифатли ва тартибли ўйин» эса қуйидагича кўринишга эга: тўп рақибдан олиб қўйилгач, дарҳол гавдали ва бақувват ҳужумчи (асосан бу форвард 37 ёшли Хорхе Молина бўлади)га оширилади, у эса, ўз навбатида, ҳаводаги курашда рақибларни енгиб, тўпни тезкор ярим ҳимоячиларга узатади. Шу пайт таянч ярим ҳимоя ҳудудидан тезкорроқ ва ҳужумларни самарали якунлай олиш салоҳиятига эга бўлган бошқа бир футболчи чиқиб келади ва кўпроқ бу вазифа 30 ёшли Хайме Мата (Ла Лиганинг бу мавсумдаги кашфиёти) зиммасига юкланади. Шу тариқа, Мата жорий мавсумда Ла Лига баҳсларида 27 ўйинда 13та голни ўз номига расмийлаштириб, ҳозирча тўпурарлар рўйхатининг 6-поғонасида бормоқда. Қолаверса, у ажойиб кўрсаткичлари туфайли Испания термасида дебют қилишга ҳам улгурди.

Ана энди «Хетафе»нинг тажовузкор ўйинига боғлиқ бир нечта рақамларни келтирамиз:

* «Хетафе» ўйин вақтининг 30 фоизини майдоннинг рақибга тегишли қисмида ўтказяпти. Бундан кўра яхшироқ натижалар эса фақат «Реал», «Барселона» ва «Эйбар»дагина мавжуд.

* «Хетафе» рақиб дарвозасига берилган зарбалар сони бўйича Ла Лига жадвалида охиридан учинчи ўринда турибди - 10,5та. Аммо ана шу зарбаларнинг атиги 31 фоизигина жарима майдончаси ташқарисидан берилган. Демак, «Хетафе» оз сонли позицион ҳужумлардан максимал даражада фойдаланишга уринади. Яна ҳам аниқроқ айтганда, Бордаласнинг бирор-бир шогирди зарба беришга қарор қилса, бу ишни нияти амалга ошиши аниқ бўлгандагина бажаради.

* Қизиғи шундаки, «Хетафе» чемпионатда тўпни эгаллаб туриш борасида ҳаммадан паст кўрсаткичга эга - 43,1 фоиз. Узатмаларнинг аниқлиги борасида ҳам Хосе Бордалас жамоаси сўнгги поғонада. Бу эса юқоридаги фикрларимиз тўғри эканини яна бир марта тасдиқлайди. Яъни, «Хетафе» учун энг муҳими - ҳаволатиб узоқ масофага тўп ошириш, яшин тезлигида хавфли вазият содир этиб, ҳужум вакилини қулай позицияга олиб чиқиш.

* «Хетафе» дарвозабони Висенте Гуаита — энг бахтли одамлардан бири. Чунончи, бир ўйин давомида унинг дарвозасига атиги 10 мартагина зарба берилади, холос. Бундан камроқ кўрсаткич билан фақат «Эйбар» пос­бони мақтаниши мумкин. Шунинг учун ҳам «Хетафе» мавсум давомида 27та гол қўйиб юборди (тўғри, «Атлетико» ва «Валенсия»нинг натижаси бундан-да яхшироқ).

* «Хетафе» — Испания чемпионатидаги энг «қўпол» жамоа. Негаки, футболчилар бир ўйинда ўртача 17,1 марта ҳакамни ҳуштак чалишга мажбур қилишади. Бироқ шунга қарамай, Бордалас шогирдлари ҳадеганда «сариқ» олаверишмайди. Қисқаси, улар ҳимояга ўтиш чоғида майда, арзимас қоидабузишлар эвазига рақиб ҳужумини тўхтатишнинг ҳадисини олишган.

* «Хетафе» ўйинчилари деярли ҳеч қачон рақибни бирга-бир курашда алдаб ўтишмайди. Бу борада (7,3) жамоа чемпионатнинг энг сўнгги ўрнида. Бошқача айтсак, Бордалас қўли остидаги футболчиларнинг «Месси эмаслигини» яхши билади ва шу боис имкон туғилди, дегунча футболчиларни ўзидан кўра яхшироқ жойда турган шеригини дарҳол топишга мажбурлайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Хосе Бордалас яқин орада фаолиятини каттароқ ва таниқлироқ клубда бошласа, ажабмас. Чунки яхшигина қайсар характерга эга мутахассис ўз услуби билан Испания чемпионатида ном қозонишга улгурди. Борди-ю, «Хетафе» чиндан ҳам ЕЧЛ йўлланмаларидан бирини қўлга киритса, рақибларга осон бўлмаслиги аниқ.

 

«АЛАВЕС»

31 ўйинда 45 очко, жадвалда 7-ўрин

Аввалбошданоқ айтиш жоиз, «Алавес» — «Хетафе»дан фарқли ўлароқ, топ-5 лигалардаги «аномалия». Тўғри, жамоа устози Абелардо ҳам худди Хосе Бордалас каби тезкор ва тажовузкор футбол тарафдори, аммо бу клубда тартибли ҳимоя ва рақиб ҳужумини бузишга боғлиқ айрим муаммолар мавжуд. Келинг, яхшиси, «Алавес»нинг ҳам баъзи жиҳатларига эътибор қаратайлик:

* Агарда xG жадвалидаги маълумотларга ишонадиган бўлсак, «Алавес» 9 очко ишлаган ва яратилган хавфли вазиятларнинг умумий сони бўйича мазкур жадвалда 15-поғонадан жой олган.

* «Алавес» футболчилари рақиб дарвозаси томон «Хетафе»дан кўпроқ зарба йўллашган, аммо уларнинг аниқлиги борасида Ла Лиганинг энг паст кўрсаткичига эгалар.

* «Алавес» ўтказиб юборган голлар сони урилганидан кўра кўпроқ — 31:37.

* Шунингдек, бир ўйиндаги комбинациялар сони борасида ҳам «Алавес» Ла Лигадаги энг «камтар» клублардан - 13тагина. Мисол учун, ҳатто «Хетафе» ҳам ўзининг вертикал футболи билан ўйин давомида ўртача 28та комбинация уюштиради.

* «Алавес»нинг энг устун томони - стандартлар. Бу жиҳатдан жамоа «Барселона» билан бир хил натижага эришиб, 14та голни стандарт вазиятлардан сўнг рақиб дарвозасига йўллаган.

* Футболчиларнинг тахминий трансфер нархлари билан шуғулланадиган Transfermarkt сайтида айтилишича, «Алавес»нинг ҳозирги таркиби 90 млн. еврога тенг. «Хетафе»ники эса - 93,5 млн. Таққослаш учун, «Севилья» футболчиларининг умумий нархи 283,5 млн. евро, «Валенсия» таркиби эса 353,3 млн.га баҳоланган.

* Айни пайт «Алавес»нинг бош қаҳрамонлари - чап қанот ярим ҳимоячиси Хонни ҳамда дарвозабон Фернандо Пачеко ҳисобланишади. Чунончи, Хонни ўйин давомида самарали тўп оширишлар борасида фақат Мессини ўзидан олдинга ўтказиб юборган. Пачеко эса бир учрашув вақтидаги «сейв»лар сони бўйича Европанинг энг яхши киперлари сафида бормоқда. Фикримизча, «Алавес» муваффақиятларининг сири шундаки, кўп ҳолларда рақиблар жамоа кучига етарлича баҳо беришмади ва шунинг учун жазоланишди. Агар «Валенсия» ва «Севилья» клублари мавсумни жуда бўш ўтказишаётганини ҳисобга олсак, шу икки клубдан бири ЕЧЛ йўлланмасига эга чиқиш эҳтимоли юқори. Ва шуни ҳам қўшимча қилиш мумкинки, евроареналарда «Хетафе» ҳам, «Алавес» ҳам мўъжизалар кўрсатишга қодир.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz