Қайднома

Қидирув

МАНЕнинг мумтоз мавсуми

МАНЕнинг мумтоз мавсуми

  15.04.2019 06:31
  0
  472
МАНЕнинг мумтоз мавсуми

«Ливерпул»нинг сенегаллик ҳужумчиси доимо талаб даражасида тўп сурган, лекин шу пайтгача ҳеч ким унга етарли эътибор бермаганди. Жорий мавсумни ўта муваффақиятли ўтказаётган Садио Мане ҳозирда «пешона тери» (пенальтиларсиз) эвазига урилган голлар бўйича АПЛда яққол етакчи (17та гол) бўлиб турибди. Умумий ҳисобда эса жамоадоши Муҳаммад Салоҳ билан бир хил кўрсаткичга (20та гол) эга. Мухлис-у мутахассислар бу меҳнатсевар футболчидан мақтовларини аяшмаяпти. Жумладан, эҳтиросли Юрген Клопп шогирдини шундай таърифлади: «Маненинг жаҳон даражасидаги ўйинчи эканини ҳаммамиз яхши биламиз...», «Ўз ишига муносабати ва меҳнатсеварлигини инобатга олсак, у янада ёрқинроқ тўп суришга қодир».

 

«Реал»дек номдор гранднинг унга харидор бўлаётгани ҳам Садионинг улкан салоҳият соҳиби эканлигини тасдиқлайди. Албатта, Зидан Мадридга қайтганидан кейин қарийб барча кўзга яқин маҳорат соҳибларини «Қироллик клуби»га бичишлари ҳеч кимни ажаблантирмайди. Лекин Азар, Мбаппе ва Погба сингари юлдузлар қаторидан жой олиш ҳар қандай футболчи учун энг юксак мақтов. Хўш, ўзининг қайси фазилатлари эвазига Мане шундай эътирофга сазовор бўлди?

Садио аввал ҳам зўр эди

Таажжубки, ҳозир «Ливерпуль» ўтган мавсумга қараганда самарали тўп сурмоқда, чемпионликка асосий даъвогар бўлиб турибди. Муваффақиятда Маненинг улуши салмоқли. Аммо эҳтирослардан холи бўлган совуққон статистика маълумотларига кўра, сенегаллик ҳужумчи ҳозиргидан кўра ўтган мавсумда фойдалироқ тўп сурган экан. Масалан, унинг битта ўйиндаги ҳал қилувчи узатмалари коэффициенти салкам 2 бараварга юқорироқ (1,98га 1,17) бўлганди. 90 дақиқа ичидаги аниқ зарбалар ўртача кўрсаткичи эса 2,83га 2,51. Рақибларини алдаб ўтиш борасида ҳам Садио аввалги мавсумда яхшироқ натижа қайд этган: 1,9га 1,6. Тўғри, фақат битта кўрсаткич бўйича Мане ўсишни қайд этди: зарба кучи 2017|2018да 1,6га тенг эди, ҳозир у 1,8га кўтарилди.

Сенегаллик футболчи бу йил доимо диққат марказида бўлишининг асосий сабаби 2та: сермаҳсул ўйини ва Муҳаммад Салоҳ. Аввалги мавсумда Садио атиги 10та гол урганди, ҳозир у 17 марта рақиб посбонларини ранжитиб улгурди. Ваҳоланки, ундан иккала мавсумда деярли бир хил самарадорлик (11,52 ва 12,72) кутилганди. Ҳужумчи бу ишончни ўтган мавсумда оқлай олмаганди, ҳозир ортиғи билан адо этди. Қўшимчасига, мавсум ҳали тугагани йўқ.

Салоҳ эса аввалги мавсумда нақ 32та голни ўз ҳисобига ёзиб қўйганди. Бундан ташқари, мисрлик мерган ўз жамоадошларининг 10та голларига ассистентлик вазифасини ҳам адо этган ва Кевин де Брюйнедан ўзиб кетганди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Мане майдоннинг исталган нуқтасида вазиятни ўз ҳукмига бўйсундира олади. Ундаги воқеалар ривожини олдиндан кўра олиш қобилияти ҳатто ўта тор ҳудудларда ҳам бехато ҳаракатланиш имкониятини беради. Тезлиги эса рақибларидан ўзиб кетишини таъминлайди. Бўшлиқда ва рақиблари қуршовида тўғри ечимни топа олиши эвазига Садио Клоппнинг универсал жангчисига айланди.

Доимий ҳаракатдаги ҳужумчини назорат қилишнинг деярли иложи йўқ. Чунки у ҳеч қачон бир жойда узоқ туриб қолмайди, керак бўлса, йўналишни бутунлай ўзгартиради. «Челси»га қарши баҳсда у Фабрегас ва Аспиликуэталарни қандай осонлик билан ортда қолдиргани фикримизни исботлайди. Ёдингизда бўлса, у бўш зонада тўпни қийинчиликсиз қабул қилган ва Робертсонга узатиб, ўзи Аспиликуэта тарк этган ҳудудга йўл олганди.

Бошқа бир мисол - бу сафар Мане мустақил равишда вазиятни кескинлаштириш мақсадида икки марта кутилмаган ҳаракатларни амалга оширди. Аввалига у қанотдан марказ томон ҳаракатланиб, тўпни тўхтатмасдан Фирминога узатди. Натижада «Бёрнли»нинг марказида узилиш юзага келди. Кейин Садио шиддат билан олға интилди ва бирданига тўхтади. Уни таъқиб қилаётган Бардсли эса ундан ўзиб кетди. Шу тариқа улар ўртасида бир метрча бўшлиқ ва Манеда 1,2 сония вақт пайдо бўлди. Албатта, Бардс­ли тўхтаб, Садио томон югура бошлади. Бироқ у қимматли сонияларни бой берганди: Мане Фирминодан тўпни қабул қилиб, янада олдинроққа узатди. Бобби эса қулай вазиятдан унумли фойдаланди.

Тўпни қайси ҳудудда қабул қилишидан қатъий назар, Мане ўзи ва жамоадошлари учун бўшлиқ яратишга интилади. Аммо унинг қандай қарорга келишини ҳеч ким билмайди. Кўпинча у рақиблар жойлашувидаги хатолардан фойдаланиб, ажойиб рейд­ларни уюштириши мумкин.

Юқори тезлик ва бўшлиқни бехато ҳис этиш фазилатлари эвазига Садио вертикал, жумладан, ҳаводан йўлланадиган узатмалар устасига айланди. Ҳа, 175 см.ли бўй билан «иккинчи қават»да устунликка эришиш қийин. Лекин тўп Маненинг бошига эмас, балки у етиб бориши лозим бўлган нуқтага йўлланса, Садио ҳар қандай рақибни доғда қолдиради. Нимчорак финалнинг жавоб учрашувида «Бавария» айнан шу манёвр­нинг «қурбон»ига айланди: Виржил ван Дейк томонидан узатилган тўпни ҳужумчи Рафинья ва Зюле ўртасида юзага келган йўлакда қабул қилди. Кейин бир-икки ҳаракат билан улардан узоқлашиб, тўпни хотиржамлик билан дарвозага йўллади. Тўғри, бу ерда тўпни илиб олишга интилган Нойернинг олдинга чиқиб кетганлиги рақибига қўл келди. Бироқ бу Маненинг ақлли ҳаракати нуфузига соя сола олмайди.

Кези келганда Садио марказий ҳимоя чизиғидан яшин тезлигидаги рейдларни ҳам амалга оширади: яқинда у қанотга яқинроқ жойдан тезланиш ола туриб, «Ньюкасл» марказий ҳимоячиси Фирмино томон югурганини кўриб қолди ва ўша заҳоти йўналишни ўзгартирди. Тез орада у икки нафар ҳимоячи орасида тўпни эгаллаб, дарвозани нишонга олди.

«Манчестер Сити»га қарши баҳсда ҳам шундай вазият юзага келганди. Таажжубки, ҳужумчи қандайдир йўллар орқали ўз қўриқчиларидан фориғ бўла олади, улар Манедан ортда қолиб кетишади ёки бошқа рақиблари билан банд бўлишади. Ассистентликни ҳам ўрнига қўядиган Муҳаммад Салоҳ бир гал тўпни тек турган Компани ва Садиодан ортда қолган Стоунз оралиғига йўллади. Мане эса вақтни бой бермай, дарвозага зарба йўллади. Тўғри, бу сафар дарвоза устуни рақиб фойдасига ишлади.

Табиийки, қарши ҳужумлар пайтида сенегаллик ҳужумчи янада хавфлироқ бўлади. «Рома»га қарши беллашувда у аввал ўз дарвозаси томон бурчак зарбаси амалга оширилганда ҳимоячиларга кўмаклашди, тўпни эгаллаши билан олдинга интилди. Фирмино билан «девор» услубидаги узатма ёрдамида ўйнади, кейин тўпни ўз йўналиши бўйича олдинга узатди. Оқибатда Флоренци ва Фасиодан ўзиб, дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқди.

Клоппнинг «Ливерпул»ида ўйинчилар учун аниқ ва қатъий услуб жорий этилмаган. Шу боис ўйинга ижодий ёндашиш муҳим аҳамият касб этади. Масалан, тезлик ва дриблинг бобида Фирминодан устунроқ бўлган Мане керакли пайтда жамоадошининг комбинациялар устаси эканлигидан унумли фойдаланади. Қисқаси, футболчилар шерикларининг камчиликларини тўлдириб, устунликларидан кўпроқ фойдаланишга интиладилар.

Жорий мавсумда Садио аввалгидан кўра кўпроқ рақиб дарвозасига хавф солишга одатланди. Натижада сермаҳсуллик кўрсаткичи ошди. Шунингдек, хавфли вазиятлардан самарали фойдаланиш коэффициенти ҳам.

Юрген Клопп учун Маненинг энг қимматли фазилати шуки, у тўпсиз ҳаракатлардан зерикмайди, прессинг ва контрпрессингда доимо фаол, ҳимоячиларга ёрдам беришга шай. Жамоанинг заиф жиҳатлари хусусида гап кетганда аввало Салоҳнинг ўнг қаноти тилга олинади, сўл қанотга эътирозлар йўқ. Чунки Садио бу чизиқда кўп ва хўп тер тўкади. Ўзининг олдинги чизиқдаги асосий юмушларини унутмаган ва талаб даражасида адо этган ҳолда, албатта.

Хўш, Садио Мане салбий жиҳатлардан холими? Йўқ албатта, унда ҳам айрим камчиликлар мавжуд. Яққол кўзга ташланиб турадиган камчилиги шуки, тўпни кўпинча ортга қараган ҳолатда қабул қилади, кейин уни ўзига мослаб олиш учун қимматли сонияларни йўқотади. Табиийки, ҳужумнинг шиддати ва самарадорлиги пасайиб кетади. Тўғри, камчиликлардан ҳеч ким кафолатланган эмаслиги ҳам айни ҳақиқат.

А.Абдуҳамитов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz