Қайднома

Қидирув

«БОРУССИЯ» М: «ЎЗ КУЧИМИЗ ВА ХИТОЙГА СУЯНАМИЗ»

«БОРУССИЯ» М: «ЎЗ КУЧИМИЗ ВА ХИТОЙГА СУЯНАМИЗ»

  15.04.2019 09:36
  0
  534
«БОРУССИЯ» М: «ЎЗ КУЧИМИЗ ВА ХИТОЙГА СУЯНАМИЗ»

Ўз вақтида «Боруссия Менхенгладбах» «Бавария»га муносиб қаршилик кўрсатиб, «Кумуш товоқ»дек нуфузли совринга сазовор бўларди. Бугун жамоа чемпионликка умид қилиши қийин, лекин уни қўлга киритишда дортмундлик номдошига сезиларли кўмак беришга қодир. RMA мактабининг «Спорт турлари менежменти» факультети талабалари учун Германияда ташкил этилган малака ошириш курсларида клуб директори Петер Хамбухен жамоанинг «Олтин аср» меросидан қай йўсинда фойдаланаётгани хусусида гапириб берди.

ЎТМИШ. «ОЛТИН АСР»

- «Боруссия М» анчадан бери совринларсиз фаолият юритмоқда: Германия кубогига 1995, сўнгги чемпионликка эса 1977 йилда сазовор бўлганди. Ана шу нохуш анъананинг мухлислар аудиторияси, биринчи навбатда, уларнинг сонига таъсири қандай?

- Жавобни саволингизга қўшимча киритиш билан бошлайман: сов­ринлардан мосуво эканимизни қўя турайлик, жамоа охирги 20 йил ичида икки марта қуйи лигага тушиб кетди. Гарчи тезда элитага қайтган бўлсада...

Мухлисларимиз миқдорига келсак, албатта, агар биз 70-йиллар савиясида тўп сурганимизда, улар янада кўпроқ бўлишарди. Бироқ биз ҳозир ҳам эътибор пасайганидан нолимаймиз. Мавсум давомида 54000 ўринли уй стадионимизга ўртача 50000 киши ташриф буюради, мухлисларимизга 31000 дона абонемент­лар сотилган. «Боруссия Парк» тўлалигича клуб тасарруфида. У 85 млн. евро эвазига 2004 йилда қуриб битказилган. Сўнгги 20 йил ичида жамоани нақд пул билан қўллаб турадиган клуб аъзоларининг сони 5000дан 83500 кишига кўтарилди. Ижтимоий тармоқларда 3 млн.дан ортиқ мижозларимиз мавжуд, мамлакат ва унинг ташқарисидаги расмий фан-клубларимиз сони 1000дан ошиқ.

Тадқиқотлар натижасига кўра, Германиядаги мухлислар сони 45 млн. атрофида. Шунинг 7 млн.и «Боруссия М»га бефарқ эмаслар. Бу борада биз «Дортмунд» ва «Бавария»дан кейин 3-ўриндамиз.

Бу бизнинг ички ҳисоб-китобларимиз натижаси бўлсада, факт факт­лигича қолаверади: «Боруссия М» - бошқа жамоалар ишқибозларида энг кам нафрат уйғотадиган клуб. Норасмий антирейтинг жадвалига кўра, атиги 10 фоиз мухлислар бизга хайрихоҳ эмаслар. Бу кўрсаткич дортмунд­ликларда 13, Мюнхен грандида эса 36 фоизга тенг.

- Жамоангиз ишқибозлари асосан кимлар?

- Уларнинг ўртача портретини таърифлайдиган бўлсак, у Гладбах ёки унинг яқинида яшайдиган, зиёли ва моддий жиҳатдан таъминланган 40-45 ёшдаги кишилар. Ёшнинг бу борадаги аҳамияти юқори. Гап шундаки, улар айнан 70-йилларда таваллуд топишган. Бу давр «Боруссия М» учун ўта қадрли. 1970 йилда жамоа ўз тарихидаги илк чемпионлигини нишонлади, 10 йил ичида 5та кумуш товоқ, 3та Германия кубокларидан биттасини ва 2та УЕФА кубогини қўлга киритди. Бундан ташқари, икки марта нуфузли турнирнинг финалига чиқди. 1977 йилда эса ЕЧКнинг финалида Кевин Киган етакчилигидаги буюк «Ливерпул»га имкониятни бой берди. Қисқаси, 70-йиллар жамоанинг олтин даври бўлди.

- Ўша даврнинг шукуҳи кўпроқ қайси жиҳатларда сезилади?

- Барча жабҳаларда. Эътибор берган бўлсангиз, трибуналар периметрига улкан баннерлар ўрнатилган. Улардан жамоамиз юлдузлари, даҳолари жой олишган. Яъни, 70-йиллар қаҳрамонлари: Берти Фогтс, Юпп Хайнкес, Гюнтер Нетцер, Аллан Симонсен... Рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Масалан, Хайнкес - жаҳон ва Европа чемпиони, Германиянинг 4 карра чемпиони, мамлакат ва УЕФА кубоклари соҳиби, мураббий сифатида эса фаолиятида 2та жамоа билан ЕЧЛда ғолиб чиққан 4 мураббийнинг бири. У «Реал» ва «Бавария»ни шоҳсупага олиб чиққан.

Гюнтер Нетцер - Германия ва Испания чемпионатларида икки мартадан, жаҳон ва қитъа чемпионатларида бир мартадан зафар қучган афсона. 1973 йилда у мураббийнинг рухсатисиз захирадан майдонга тушиб, қўшимча вақтда азалий рақиб - «Кёльн» дарвозани ишғол этган ва жамоага мамлакат кубогини ҳадя этганди. Эътиборлиси, Гюнтернинг олисдан йўллаган кучли зарбаси гол билан якунланган. Ва ниҳоят, Аллан Симонсен - жамоа таркибида «Олтин тўп»га сазовор бўлган ягона даниялик легионер. Ёки жамоамиз тахаллусини олайлик - «Тойчоқлар». Бу лақабга жамоа чинданда навқирон, шўх, тезкор ва ҳужумкор ўйин кўрсатгани учун лойиқ кўрилганди. Дарвоқе, тойчоғимиз Гюнтерга 10-рақам берилганининг боиси ҳам шунда. Ўша даврда Нетцер шу рақам остида майдонга тушарди.

Клуб афсоналари нафақат стадион, балки шундоққина унга туташ жойлашган меҳмонхонани безатишда ҳам муҳим ўрин эгаллашган. Масалан, хоналарнинг биридаги суратлар 1975 ва 1979 йиллардаги УЕФА кубоклари беллашувларидан ҳикоя қилади. Жумладан, «Боруссия М» 1975 йил финалининг дастлабки учрашувидаги 0:0 ҳисобли дурангдан кейин ўз майдонида «Твенте»ни 5:1 ҳисобида таслим этгани ҳақида.

ҲОЗИРГИ ДАВР. ЎЗ КУЧЛАРИГА СУЯНИШ

- Ҳозирда барча жамоалар, айниқса, топ-клублар маълум бир фалсафа асосида фаолият юритадилар. «Боруссия М» ҳам ўз фалсафасига эгами?

- Албатта, эга. Уни қисқача изоҳлайдиган бўлсак, бу - ўз имкониятларимизга суяниш. Бевосита мухлисларга тааллуқли жиҳатларга келсак, клуб улар билан яқин алоқада бўлишга, бирлашишга интилади. Биз ўз мухлисларимизни иложи борича бахтли кўришни истаймиз, орзуларини рўёбга чиқаришга уринамиз.

Фалсафанинг соф спорт жиҳатини оладиган бўлсак, ўз академиямизга катта эътибор қаратяпмиз, уни жаҳоннинг энг яхши билим масканлари даражасига кўтаришга интиляпмиз. Жумладан, мажмуадаги улкан таъмирлаш жараёни тугалланиш арафасида. У ерда асосий жамоадан ташқари, 9 ёшдан 23 ёшгача бўлган тарбияланувчилар шуғулланишади. Академия стадионга яқин жойда, 7та табиий ва 3та сунъий қопламали майдонлари бор. Шунингдек, саломатликни тиклаш маркази, 24 тарбияланувчига мўлжалланган интернатга эга.

Бундан ташқари, ўқув-машғулот марказида юксак технологияларга асосланган футбол тренажёрлари билан жиҳозланган бўлим ташкил этмоқчимиз.

Стадиондан янада унумлироқ фойдаланиш мақсадида у ерда турли даражадаги тадбирларни ўтказиш учун ижарага берамиз. Ҳар йили 400га яқин кўриклар, конференциялар ва шоу дастурлари ўтказилади.

КЕЛАЖАК. ХИТОЙНИ КАШФ ЭТИШ

- «Боруссия М»нинг ҳозирги бюджети қанча?

- Даромад қисми 180 млн. евро. Асосий манбалари: ТВ ҳуқуқлари сотуви (65 млн.), ҳомийлар ва шериклардан келадиган тушум (41млн.) ва учрашувлар эвазига олинадиган даромад (28 млн.)

Табиийки, бу кўрсаткичларни кўтариш, аудиторияни кенгайтириш устида тинимсиз иш олиб боряпмиз. Шунингдек, янги ҳамкорларни топиш ҳаракатидамиз. Айниқса, жамоага азалдан кучли қизиқиш билдирадиган Швейцарияда. Бу юртда кўп сонли мухлисларимиз бор, жамоамизда швейцариялик футболчилар ҳам кўпчиликни ташкил этишади. Асосий таркибнинг ўзида 5 нафар Швейцария вакиллари тўп сурмоқда. Масалан, дарвозабон Янн Зоммер - Гладбахнинг юлдузи. У «Базель» сафида 4 марта чемпион бўлди, 2 марта (2016, 2018) Швейцариянинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. 2014|2015 йиллар мавсумида «Боруссия М» 14 йиллик танаффусдан кейин илк марта совриндор («бронза») бўлишида Зоммернинг ҳиссаси сезиларли бўлди.

Швейцария бобида ҳаммаси тушунарли, тилимиз бир, қадриятларимиз яқин. Бироқ биз эндиликда Осиёга ҳам катта эътибор қарата бошладик. Ҳозирда Сингапурда болалар ва ўсмирлар академияси фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, яқинда Хитой бозорига йўл олдик. Шанхай ва Сичуан шаҳарларида расмий ваколатхоналаримиз ишга киришдилар, сайтимиздан хитойча вариант жой олди. Шунингдек, «Твиттер» ва «Фейсбук»­ка яқин бўлган Хитойдаги энг йирик ижтимоий тармоқни йўлга қўйдик. Ҳозирда 650000 мижозга эгамиз.

Осиё вакиллари билан европалик мижозларимиз қизиқиш бобида кескин фарқланадилар. Қитъадошларимиз, жумладан, немислар асосан футболга оид - жамоалар, ўйинчилар ҳақидаги маълумотларни қидирадилар. Хитойликларни эса футболга алоқаси бўлмаган жиҳатлар, дейлик, қайси футболчининг қандай машинада юриши, маъшуқаси ким эканлиги кўпроқ қизиқтиради. Биз ҳар ойда Хитой аудиториясига мўлжалланган 30тага яқин видеоматериални жойлаштирамиз. Бу шунчаки қандайдир маълумотнинг Хитой тилига ўгирилгани эмас, балки айнан шу халқнинг талабига жавоб берадиган эксклюзив материал кўринишида бўлади.

Хўш, энди айтинг-чи, хитойлик мижозларимиз учун жамоамизнинг қайси аъзоси қизиқарлироқ? Сардоримиз Ларс Штиндлми ёки ёрқин тўпураримиз Торган Азар, «Челси»даги Азарнинг туғишган укаси? Униси ҳам, буниси ҳам эмас. Хитойликлар орасида тойчоғимиз Гюнтерга етадигани йўқ. Ажабланарли, тўғрими? Бироқ унутманг, бу - Хитой!

- Айтинг-чи, «Боруссия М» Хитойдаги оммавийликни топ-клублар даражасига кўтара оладими? Яъни, бу ҳаракатлардан моддий манфаатлар ҳам бўладими? Ўтмишдаги шонли тарихни кўз-кўз қилиш билан иш битмайди-ку?

- Ҳозирча бу масалада фикр билдириш ўринли эмас. Биз яқинда ишга киришдик. Асосий вазифамиз - у ерда дурустроқ ўрнашиб олиш, бизни иложи борича кўпроқ кишилар танишига эришиш.

Асосий ютуғимиз шундаки, биз Хитойга айни пайтида, манфаатларимиз бу юртнинг манфаатларига мос тушган пайтда келдик. Ҳукумат мутасаддилари ўз олдиларига юксак мақсадларни қўйишган - футболни мамлакат миқёсида ривожлантириб, 2050 йилга қадар ЖЧда зафар қучиш. Албатта, бу фантастикани эслатади. Лекин сал аввалроқ Хитой гимнастикаси, фигурали учиш усталарини тасаввур ҳам қилолмасдик. Ҳозир уларни жаҳон танийди.

У ердаги барча мактаблардаги жисмоний тарбия дарсларида футболдан сабоқ берилмоқда. Аҳолининг меҳнатсеварлиги, мақсадга эришиш йўлидаги кучли иштиёқи ва энг асосийси, кадрлар захирасининг чексизлигини инобатга олсак, футболда ҳам орзуларини амалга оширишларига шубҳа қолмайди.

Лекин бунинг учун биринчи нав­батда малакали мутахассислар талаб этилади. Айнан мана шу масалада «Боруссия М» академияси самарали ва ўзаро манфаатли фаолият юритишига умид қилиш мумкин. Шундай экан, бизнинг саъй-ҳаракатларимиз ҳам зое кетмаслиги аниқ. Осиёлик ҳамкорларимиз эса бизнинг салоҳиятимизга шубҳа қилмасалар ҳам бўлаверади. Биз Европанинг кучли чемпионатларидан бирига эгамиз, жаҳон футболига қанчадан-қанча ёрқин юлдузларни етказиб берганмиз. Клуб тизимида 4 ёшидан бошлаб таҳсил олган Марк-Андре тер Штеген 19 ёшида асосий жамоада дебютини нишонлади, 2014 йилда эса «Барселона»га ўтиш орқали клуб ғазнасини 12 млн. еврога бойитди. Бунга ўхшаш мисолларни истаганча келтириш мумкин.

Уткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz