Қайднома

Қидирув

Ишонинг, 16 ёш – «ёш» эмас ёки ТУР ҚАҲРАМОНИ - ЖАСУР ЖАЛОЛИДДИНОВ

Ишонинг, 16 ёш – «ёш» эмас ёки ТУР ҚАҲРАМОНИ - ЖАСУР ЖАЛОЛИДДИНОВ

  16.04.2019 01:00
  0
  559
Ишонинг, 16 ёш – «ёш» эмас ёки ТУР ҚАҲРАМОНИ - ЖАСУР ЖАЛОЛИДДИНОВ

Суперлиганинг 4-турига келиб, жа­моа­лар ўйинида ўзига хослик ҳамда маълум бир услуб кўзга ташлана бошлангани эътиборга молик. Дейлик, «Нав­баҳор» вазият қалтис бўлса, ҳаттоки, «Насаф»ни ҳам сафарда енгишини исботлаб, ҳаммани ажаблантирди. «Сурхон» эса гарчи ўйинни ҳимоядан ташкил қилсада, сифатли қарши ҳужумлари билан «Пахтакор»ни ҳам шошириб қўйиш мумкинлиги кўрсатди. «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилаётган Жасур Жалолиддинов кўплаб мураббий-мутахассисларда қизиқиш уйғотгани аниқ. Яхшигина дўстона муносабатларга эга Фёдоров - Қосимов жуфтлигининг ўзаро рақобатлари ҳам диққат марказида бўлди.

 

1-КУН: КЕНГАШ ТАЪСИРИ

«Қизилқум» билан ўйин «Металлург» учун қай даражада муҳим аҳамият касб этганини билиб олиш қийин эмасди. Зеро, бекободликлар муқим таркиб ва маълум даражадаги кучайтиришларга қарамай, ўтган турда дебютант - «Динамо» майдонидан алам билан ортга қайтишганди. Ўйин тафсилотларига тўхталсак, майдонда аввалига муросасизлик кузатилди. Аммо мезбонлар вакили Аббос Отахонов ўнг қанотдан олдинга бориб, тўпни жарима майдонига узатганида, Салим Мустафоев уни қўл билан қайтариб қолди - пенальти. Жаримани эса Станислав Андреев аниқ амалга оширди. Қўйиб юборилган голдан сўнг меҳмонлар тезкорлик билан қарши ҳужумга ўтиб, тезда жавоб голини нишонлашди. Гол муаллифи - Миржалол Қосимов, Медина Смит эса ассистент ролида. Орадан кўп ўтмай, «Металлург» тўпурари Зоҳид Абдуллаев фаоллашди. Чунончи, у шу кунгача мамлакат чемпионати, Ўзбекистон кубоги ва халқаро учрашувларда рақиблар дарвозасига 98 марта ишғол қилган ва Геннадий Красницкий номидаги тўпурарлар клубига кириш арафасида эди. Зоҳид биринчи бўлимнинг ўзида Евгений Черемисин қўриқлаётган дарвозани икки марта ишғол қилиб, ниятига етди. Иккинчи бўлимда ўйин­нинг бориши деярли ўзгармади: устунлик яна  мезбонлар тарафида бўлди, буни Баҳром Абдураҳимов амалда ҳам исботлаб, якуний ҳисобни ўрнатди - 4:1. 

Турнинг марказий ўйинларидан бири - «Насаф» - «Навбаҳор» тўқнашуви ҳам қизиқарли, кутилганидек, муросасиз курашлар остида кечди. Бу йилги чемпионатда ҳали ғалаба нималигини билмаган «Навбаҳор» ўз майдонида даҳшатли ўйнайдиган «Насаф»ни енгди. Аслида беллашувни майдон эгалари ҳужумкор тарзда бошлашди ҳамда дастлабки дақиқаларда жуда фаол кўринишди. Лекин бўлим ўрталарига келиб, секин-аста водийликлар ҳужуми хавфли тус ола бошлади. Дейлик, 27-дақиқада «лочинлар» ҳужумчиси Александр Касьян бош билан зарба йўллаб, мақсадига етишишига оз қолди. Легионер футболчи шундан кейинги қулай вазиятда «Насаф» дарвозасини ишғол қилди, барибир. Аниқроқ айтсак, «Навбаҳор»нинг тезкор қарши ҳужуми асносида Остон Ўрунов унинг қулай позицияга чиқиб бораётганини кўриб, тўпни дарҳол аниқ етказиб берди. Натижада Касьян ҳимоячиларни ортда қолдириб, дарвозабон қаршисидан чиқди ва мўлжални аниқ олди - 0:1. Ҳайратланарлиси, урган голидан ҳаддан ортиқ қувонган легионер муваффақиятни нишонлаш чоғи кутилмаган жароҳат орттириб олиб, майдонни эрта тарк этди. Мезбонлар ўйиннинг қолган вақтида ҳисобни тенглаштириш учун катта куч сарфлашди. Аммо «Навбаҳор» дарвозабони Ўткир Юсупов бир нечта вазиятларда «сейв» намойиш қилиб, Бобур Давлатов, Азиз Ғаниев каби футболчиларнинг ажойиб зарбаларини бартараф этди. Тарихдан маълумки, «Навбаҳор» Қаршида «Насаф»ни сўнгги марта 20 йил аввал, 1999 йилнинг 10 май куни мағлуб этган. Факт шуки, «Навбаҳор» ўта масъулиятли паллада керакли ғалабани қўлга киритди. Ажабмас, энди жамоа ўйини чинакамига «очилиб» кетса.

 

2-КУН: БИРИНЧИ ИСТЕЪФО

Очиғини айтганда, ўтган тур «Сурхон»га 0:3 кўринишида бой берилган ўйин сабаб, «Сўғдиёна» бош мураббийи Сергей Лушан курсиси анча «қимирлаб» қолганди. Буни яққол ҳис қилиб турган жамоа футболчилари сафарда «Динамо»га қарши ўйинни кучли иштиёқ, аммо анчагина эҳтиёткорлик руҳида бошлашди. Лекин ўйин давомида Даврон Умиров, Шоҳруз Норхонов каби футболчилардан омад юз ўгирди. Қайсидир лаҳзаларда эса «Динамо» дарвозаси сари йўлланган зарбаларга аниқлик етишмади. Биринчи бўлим давомида асосан «Сўғдиёна» ҳужумларини қайтарган самар­қандликлар танаффусдан сўнг анча жонланишди ва рақиб дарвозаси сари кетма-кет ҳужумлар ташкил қилишди. Ана шундай вазиятларнинг бирида Қадамбой Нурметов жиззахликлар посбони Милан Митровични доғда қолдириб, ҳисобни очди. Ўйин охиригача ҳар икки жамоада қулай имкониятлар юзага келдию, аммо 3 очко тақдирини шу ягона гол ҳал қилди. Эътиборлиси шундаки, беллашув якунига етгач, «Сўғдиёна» бош мураббийи Сергей Лушан истеъфога чиқишини маълум қилди. Унинг ўрнини Улуғбек Бақоев эгаллаши кутилмоқда. 

«Бунёдкор» барчани ҳайратлантиришда давом этмоқда. Тўғри, аввалги турлардаги рақиблар - «Пахтакор» ва «Локомотив» ёки «Навбаҳор»га қарши ўйинларда ёш «қалдирғочлар» дадил ҳаракат қилишгани учун нисбатан илиқ таассуротлар уйғотган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Аммо галдаги рақиб - «Андижон» ҳам «Бунёдкор» майдонида ижобий натижага умид боғлагани тайин эди. Хуллас, учрашув бошлангач, «Бунёдкор»нинг ёш йигитчалари тезкор ҳужумлар билан дарҳол «бургутлар» жарима майдони сари ташланишди. Илк хавфли зарбани 6-дақиқада Миржаҳон Мираҳмадов йўлладию, тўп йўналишини Виталий Мирний бир амаллаб ўзгартирди. Яна бир вазиятда Дилшод Аҳмадалиев дарвоза устунини «пойлади». Иккинчи бўлимда «қалдирғочлар» қанотлардаги тезкор футболчилардан самаралироқ фойдалана бошлашди ва бу 56-дақиқага келиб, ҳисобнинг ўзгаришига олиб келди. Аввалги турда «Навбаҳор» дарвозасини ишғол қилиб, гол «таъми»ни ҳис қилган ёш, умидли Жасур Жалолиддинов чамаси 20 метрлардан ажо­йиб зарба йўллаб, «Андижон» посбонини ҳам ожиз қолдирди. Эътибор беринг, кетма-кет иккинчи ўйинда «Бунёдкор»га ғалаба туҳфа қилаётган Жасур яна бир ойдан кейингина 17 ёшни қарши олади. Водий жамоаси қўйиб юборилган голдан сўнг «уйғониб», ҳолатни ўнглаш учун бор имкониятларни ишга солди, бироқ бундан наф чиқмади. Шунингдек, «Бунёдкор» футболчилари ҳам Мирний дарвозасига бошқа йўл топа олмадилар. Хўш, энди ким «16 ёш - профессионал футбол учун эрта...», дея олади? Қолаверса, «Ақл ёшда эмас, бошда» ҳикмати ҳам бежизга айтилмаган. Дарвоқе, «Бунёдкор»­га боғлиқ яна бир қизиқарли факт: клубнинг 4 таркиби 12-13 апрель кунларида бир хил - 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Аввалига «Бунёдкор-2» Про-лиганинг 1-турида сафарда «Раш-Милк»дан устун келди. Кейин эса ўринбосарлар ва аёллар жамоалари ҳам ўз рақибларини ягона гол эвазига енгди. Қисқаси, «қалдирғочлар»нинг оммавий парвози...

 

3-КУН: МУРОСАЛИ ЕТАКЧИЛАР...

Шубҳасиз, якшанба кунги учрашувлар ичида энг диққатга сазовори Термизда кузатилиши кутилганди ва шундай бўлиб чиқди ҳам. Чунончи, чемпионатни ишончли бошлаган «Пахтакор» сафар ўйинида «Сурхон»га қарши қандай курашиши барчани бирдек қизиқтирарди. Шу боис, ҳаво ҳарорати анча юқори бўлишига қарамай, «Сурхон» спорт маркази ўриндиқлари ўйин бошланишидан анча аввал мухлислар билан тўлди. Қувонарлиси шуки, гарчи 97 дақиқа давом этган учрашувда бирорта гол кўрмаган бўлсакда, Суперлигада «Пахтакор» ва «Локомотив»га қарши муносиб кураша оладиган жамоа шаклланаётгани гувоҳига айландик. Ҳа, вазиятлар ҳар иккала клуб футболчиларида бўлди, ҳужумлар ташкил этилди, лекин бу ўйинда кўпроқ мураббийларнинг тактик ечимлари ўзаро тўқнашди. Чунончи, «Сурхон» аъзолари рақибнинг энг хавфли икки вакили - Драган Черан ҳамда Жалолиддин Машариповни бутунлай «қуролсизлантиришди». Бироқ Шота Арвеладзе ҳам Шавкат Саломовнинг қарши ҳужумлар чоғида ақл билан иш тутишини ҳисобга олиб, ҳимоячиларни унга қарши муносиб тайёрлай олгани сезилди. Хуллас, «Сурхон» ўз майдонида ғалабага тенг дурангга эришди. «Пахтакор» эса кучли рақибга қарши учрашувда 1 очко билан кифояланди.

Нўъмон Ҳасанов бошқарувидаги «Қўқон-1912» аввалги ўйинда АГМК меҳмони бўлиб, «нокаут» ҳолатини бошдан кечирганди. Афтидан, ўша аламли мағлубият руҳи ҳали-ҳамон жамоани тарк этмаган кўринади. Ҳар ҳолда, «Бухоро»га қарши ўйин гарчи водийда ўтган бўлсада, қўқонликларда ғалаба сари ундовчи шиддат кўзга ташланмади. Аксинча, «Бухоро» футболчилари вазиятлар қадрига етишгани боис, сафардан 3 очко билан қайтишди - 3:1. Аслида ҳисобни мезбонлар очишлари мумкин эди. Дейлик, «Қўқон-1912» ҳужумчиси Шаҳбоз Эркинов 18-дақиқада қулай вазиятдан аниқ зарба беролмади. Меҳмонлар вакили Асадбек Собиржонов эса биринчи бўлим ўртасида меҳмонларни олдинга олиб чиқди. Шундан сўнг қўқонликлар ҳужумга зўр беришдию, бундан наф чиқара олишмади. Аксинча, «Бухоро» аъзоси Достон Иброҳимов бўлим тугашига 3 дақиқа қолганида, ўз номини таблога ёздирди. Танаффусдан сўнг кайфияти кўтарилган меҳмонлар Иван Нагаевнинг аниқ зарбаси туфайли фарқни йирик кўринишга келтириб, Нўъмон Ҳасанов шогирдларини янада қийин ҳолатга солиб қўйишди. Лекин қўқонликлар сардори ва штатли пенальтичиси Мурод Холмуҳаммедов одатдагидек, 11 метрли жарима зарбасидан унумли фойдаланиб, жамоадошларига бироз таскин улашди. Якуний ҳисоб - 1:3. Бизнингча, бу ўйинда «Қўқон-1912»ни ипидан-игнасигача биладиган Бахтиёр Ашурматовнинг ақлли қарорлари унинг янги жамоасига наф келтирди.

«Локомотив»га устозлик қилаётган Андрей Фёдоров ва АГМКнинг янги бош мураббийи Миржалол Қосимов бир вақтлар елкама-елка тўп суришганидан хабардорсиз. Бугун эса бу икки инсон мураббий сифатида бир-бирига қарши чиқмоқда. Эътиборлиси, «темирйўлчилар» аъзолари ҳам, «кончилар» ҳам ўз устозлари шаъни учун «Локомотив» майдонидаги қизиқарли баҳсда астойдил меҳнат қилишди. Воқеаларга келсак, дастлабки дақиқалардан тезликни оширган олмалиқликлар 4-дақиқадаёқ ҳисобни очишди. Голга Зафар Полвонов муаллифлик қилгани диққатга арзийдиган алоҳида мавзу. Чунончи, олдинги турда «пента-трик» қайд этган ҳужумчи тўпурарлар пойгасида таъқибчиларидан анча узоқлашиб олди. 21-дақиқада Арсланмурат Аманов АГМК дарвозасига зарба йўллади, бироқ тўп устунга тегиб, майдондан чиқиб кетди. Бўлим ўрталарида олмалиқликлар, аниқроғи, Зоҳир Пиримов ҳам «Локо» дарвозасини ишғол қилди. Фақат бу вазиятда дарвозабонга қўполлик ишлатилгани боис, гол инобатга олинмади. Биринчи бўлим тугашига 2 дақиқа қолганида эса, Темурхўжа Абдухолиқов ниҳоят, мақсадига эришиб, мувозанатни тиклади. Бу «темирйўлчилар»га қўшимча куч бағишлади, чоғи, яна икки дақиқа ўтар-ўтмас, Ислом Тўхтахўжаев ҳам бурчакдан узатилган тўпни дарвозага йўллади - 2:1. Танаффусдан сўнг жамоалар яна ўз омадларини ҳужумдан излашди. Аммо мухлислар ўйинда бошқа гол кўришмади.

 

 

«МЕТАЛЛУРГ» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 4:1 (1:1)

12 апрель. Бекобод. «Металлург» стадиони. 6920 томошабин.

Ҳакамлар: Ш.Қосимов, С.Шоюсупов, Т.Гайнуллин, Т.Суюнов.

Голлар: Станислав Андреев (19-пен.), Зоҳид Абдуллаев (35, 38), Баҳром Абдураҳимов (90}2) - Миржалол Қосимов (26).

 

 «НАСАФ» - «НАВБАҲОР» - 0:1 (0:1)

12 апрель. Қарши. «Марказий» стадиони. 14586 томошабин.

Ҳакамлар: Т.Тўхтасинов, А.Маражабов, З.Абдураҳмонов, А.Эргашев.

Гол: Александр Касьян (31).

 

 «ДИНАМО» - «СЎҒДИЁНА» - 1:0 (0:0)

13 апрель. Самарқанд. «Динамо» стадиони.

5127 томошабин.

Ҳакамлар: О.Тўйчибоев, Ш.Аъзамов, Р.Кападзе,

Ш.Ражабов.

Гол: Қадамбой Нурметов (51).

 

 «БУНЁДКОР» - «АНДИЖОН» - 1:0 (0:0)

13 апрель. Олмалиқ. ОТМК стадиони. 2415 томошабин.

Ҳакамлар: А.Рисқуллаев, А.Усмонов, А.Цапенко,

Д.Раҳмонов.

Гол: Жасур Жалолиддинов (56).

 

«СУРХОН» -  «ПАХТАКОР» - 0:0

14 апрель. Термиз. «Сурхон» стадиони. 14234 томошабин.

Ҳакамлар: З.Қодиров, О.Жумаев, Р.Самандаров,

Р.Абдувоҳидов.

 

 «ЛОКОМОТИВ» - АГМК - 2:1 (2:1)

14 апрель. Тошкент. ТТЙМИ стадиони. 1819 томошабин.

Ҳакамлар: Р.Эрматов, А.Расулов, Ж.Саидов,

А.Худойберганов.

Голлар: Темурхўжа Абдухолиқов (43), Ислом Тўхтахўжаев (45}1) - Зафар Полвонов (4).

 

 «ҚЎҚОН-1912» - «БУХОРО» - 1:3 (0:2)

14 апрель. Фарғона. «Истиқлол» стадиони. 4362 томошабин.

Ҳакамлар: В.Серазетдинов, А.Сидоров, Т.Галеев, А.Раҳимов.

Голлар: Мурод Холмуҳаммедов (68-пен.) - Асадбек Собиржонов (25), Достон Иброҳимов (41), Иван Нагаев (58).

 

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Очиғи, муҳит ва майдонни кўриб, ўйинга қўшилгим келди. Афсуски, ҳозирги ҳолатим ўйнашга ярамайди-да... Андрей Канчельскис («Навбаҳор» бош мураббийи).

- Тан оламан, жамоам бугун ғалабага лойиқ эмасди. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

- Бугун фақат рақиб жамоа ҳақиқий ўйин намойиш этди. Мана, 3та учрашувдирки, жамоамиз ижросида ҳали чинакам футбол кўраётганим йўқ. Бугун истеъфо ҳақида ариза беришга қарор қилдим. Сергей Лушан («Сўғдиёна» бош мураббийи)

- Мағлубиятдан сўнг нима дейишга ҳам ҳайронман. Сафарда кетма-кет ўйнаш осон эмас... Жамшид Саидов («Андижон» мураббийи).

- Бугун омад бизга кулиб боққанини тан оламан. Жамоа ўз ўйинини топиб олдими ёки йўқ - буни ке­йинги турда кўрамиз. Вадим Абрамов («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Ўйин давомида бир қатор жиҳатлар устида ҳали кўп ишлашимиз лозимлиги кўринди. Айниқса, ҳимоядан тезкор ҳужумга ўтишда анча тер тўкишимиз керак. Андрей Микляев («Сурхон» бош мураббийи).

- Яқиндагина Чемпионлар Лигаси доирасида сафарга чиққанимиз сабаб, бугун иккинчи бўлимда ташаббусни рақибга берган ҳолда, ҳаракат қилдик. Андрей Фёдоров («Локомотив» бош мураббийи).

 - Мухлисларимизга сабр берсин. Мағлубиятда ҳимоячилар ёки дарвозабонни айбламайман. Майдонда 11 киши ўйнайди. Шундай экан, натижада барча бирдек айбдор. Азиз Тўхтабоев («Қўқон-1912» мураббийи).

 

ТУР ҚАҲРАМОНИ - ЖАСУР ЖАЛОЛИДДИНОВ

Аслида «дубль» қайд этиш асносида 100та гол маррасига етган Зоҳид Абдуллаевни тур қаҳрамони сифатида мақташимиз лозим эди. Бироқ ёш факторидан кўз юмолмадик. Қолаверса, Жасур Жалолиддинов «Бунёдкор»га ғалаба келтирган ягона гол муаллифидир. Яна бир факт шуки, Вадим Абрамов жамоасининг жорий чемпионатдаги илк ғалабасида ҳам шу 16 ёшли ўсмир бош ролни бажарганди. Ўйлаймизки, Зоҳид Абдуллаев ва «Металлург» мухлислари ёш иқтидорга озгина «симпатия» билан қараганимизни тўғри тушунишади. Асосийси, Жасур шу руҳда давом этса, бас.

 

Тур Статистикаси

Ўйин: 7

Гол: 15  (ўртача: 2,14...)

Томошабин: 49463 (ўртача: 7066...)

Мезбонлар ғалабаси: 4

Меҳмонлар ғалабаси: 2

Дуранг: 1

Йирик ҳисобли ғалаба: 1 ( «Металлург» - 4:1)

Энг  сермаҳсул ўйин: «Металлург» - «Қизилқум» (5та гол)

Огоҳлантириш: 19 (ўртача: 2,71...)

Четлатиш: 1 (0,14...)

Энг «қўпол» ўйин: «Динамо» - «Сўғдиёна» (4та «сариқ» } 1та «қизил»)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Насаф» - «Навбаҳор» (14586)

Пенальти: 2 (самарали)

«Дубль»: 1 (Зоҳид Абдуллаев, «Металлург»)

«Хет-трик»: -

«Покер»: -

Автогол:  -

1 ПАХТАКОР               4                     3                     1                     0                     7-3                  10

2 ЛОКОМОТИВ           4                     3                     0                     1                     8-4                  9

3 СУРХОН                   4                     2                     2                     0                     5-1                  8

4 МЕТАЛЛУРГ            4                     2                     1                     1                     8-4                  7

5 ДИНАМО                  4                     2                     1                     1                     4-3                  7

6 БУНЁДКОР              4                     2                     0                     2                     6-6                  6

7 БУХОРО                   4                     1                     2                     1                     4-4                  5

8 ҚИЗИЛҚУМ              4                     1                     2                     1                     6-7                  5

9 АГМК                        4                     1                     1                     2                     9-6                  4

10 НАСАФ                   4                     1                     1                     2                     5-5                  4

11 НАВБАҲОР            4                     1                     1                     2                     4-5                  4

12 СЎҒДИЁНА             4                     1                     0                     3                     3-8                  3

13 АНДИЖОН             4                     0                     2                     2                     1-6                  2

14 ҚўҚон-1912           4                     0                   2                     2                     3-11                 2

 

Тўпурарлар

Зафар Полвонов (АГМК) - 6та

Шерзод Ҳакимов («Сурхон») - 3та

Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив») - 3та

Драган Черан («Пахтакор) - 3та (1та - пен.)

Дилшод Жўраев (АГМК) - 3та (2та - пен.)

 

5-тур

 

18 апрель (пайшанба)

17:00 АНДИЖОН - НАСАФ

18:15 ПАХТАКОР - ДИНАМО

19:15 БУХОРО - ЛОКОМОТИВ

19 апрель (жума)

18:30 ҚИЗИЛҚУМ - ҚЎҚОН-1912

20 апрель (шанба)

17:15 АГМК - БУНЁДКОР

21 апрель (якшанба)

17:15 НАВБАҲОР - СУРХОН

19:20 СЎҒДИЁНА – МЕТАЛЛУРГ

Абдураҳмонхўжа АҲМЕДОВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz