Қайднома

Қидирув

Унаи Эмери: «Энг муҳими - хотиржамлик»

Унаи Эмери: «Энг муҳими - хотиржамлик»

  16.04.2019 05:40
  0
  409
Унаи Эмери: «Энг муҳими - хотиржамлик»

Мавсум аввалида «Арсенал»ни Арсен Венгердек афсонавий мураббийдан қабул қилиб олган испаниялик мутахассис Унаи Эмери хусусида турли фикрлар билдирилганди - ҳам ижобий, ҳам салбий. Муҳими, у дебют мавсумидаёқ барча хавотирларни четга суриб, зиммасидаги вазифасини рисоладагидек адо этмоқда. Ҳар ҳолда, «тўпчилар» янги бош мураббий раҳбарлигида ҳужумкор, мазмунли футбол намойиш қилишмоқда. «Арсенал» жорий мавсумни совриндорлар сафида якунласа, бундан ҳеч ким ортиқча  ажабланмаса керак. Шунингдек, жамоада ЕЛда ғалаба қозониш имконияти бор. Зеро, Эмери шогирдлари чорак финалнинг дастлабки беллашувида «Наполи»ни ишончли тарзда енгишди - 2:0. Малакали мураббий ва СОРА90 портали журналисти ўртасидаги мулоқот эса асосан унинг Лондондаги фаолиятини қамраб олди.

 

- Айтингчи, айнан «Арсенал»ни танлашингиз боиси нима?

- Асосийси - бу ўзига яраша иззатталаб клуб. «Арсенал» ҳамиша юксак марралар сари интилишга одатланган. Қолаверса, клуб бой тарих ва ёрқин фаолият йўлига эга. Ҳозирги барча ҳаракатларимиз жамоанинг порлоқ келажагига замин яратишга қаратилган. Шахсан мен учун бундай буюк жамоани бошқариш - чинакам синов. Хўш, ким ҳам шундай шарафли юмушдан воз кечади?

- Аммо жамоага узоқ йиллик умрини бағишлаган фидойи мураббий ўрнини эгаллаш осон эмас.

- Бу ерга келишимдан аввал Арсен Венгер фаолиятини, жамоани қандай шакллантирганию, юксак мақомга кўтарганини синчиклаб ўрганиб чиқдим. Унинг ўрнини эгаллаш - улкан масъулият. Муҳими, ҳозирда тўғри йўлдан бораётганимга асло шубҳаланмаяпман. Бундан ташқари, клуб раҳбарияти менга ишонч билан қарамоқдаки, бу ўзига хос қувват бағишламоқда. Жамоа ажойиб машғулотлар базаси ва стадионга эга. «Арсенал»ни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам муаммо йўқ, нафақат Англия, балки дунёнинг турли нуқталарида «канонирлар»га хайрихоҳ мухлислар етарли. Ҳа, масъулият юки жуда оғир, лекин табиатан ўз салоҳиятимга тўлиқ ишонаман.

- Ўзи сизда Венгер билан бафуржа гаплашиш имконияти бўлдими?

- Мураббийлик фаолиятим давомида бир неча марта учрашиб, ўзаро суҳбатлашганмиз. Лондонга келганимдан кейин эса Венгер билан  бир мартагина кўришдим. Асосийси, бир-биримизга чуқур ҳурмат ҳисси билан қараймиз. Умуман олганда, барча касбдошларимизда самарали мулоқот учун ажойиб имконият бор. Дейлик, Европанинг турли жамоалари мураббийлари ҳар йили бир марта Ньонда тўпланадилар. Лондонда эса иккимиз шунчаки, футболнинг умумий жиҳатлари юзасидан суҳбатлашдик.

- «Тоттенхэм»га қарши учрашувнинг танаффусида шогирдларингизга қандай кўрсатмалар берганингиздан хабаримиз йўқ. Бироқ учрашувнинг иккинчи бўлимида жамоангизнинг мавсумдаги энг ёрқин ўйини кузатилди. Ҳар ҳолда, «канонирлар» кучли иштиёқ ва ёниқ кўзлар билан тўп суришди. Улар гўё мураббийдан чексиз қувват олишгандек таассурот уйғотишди. Қизиқ, ўзингиз учун мавсумнинг энг ёрқин лавҳаси қайси?

- Менга барчаси ёқади - ҳар бир лавҳа қадрли. Бошқача айтганда, ҳар бир ўйиндан лаззатланаман. Мухлислар нима учун «Тоттенхэм»га қарши ўйинни кўп эслатаётганларини тушуниш қийин эмас - дербидаги ғалаба қиймати баланд. Албатта, мен учун ҳам шундай. Аммо моҳиятан олганда, барча-барчасидан - машғулотлар, ўйинлар, ҳар бир қадамимдан алоҳида завқ олишни истайман. Мураббий учун энг муҳими - якуний натижа, яъни мавсумни қандай якунлаш. Босиб ўтилган йўл муҳим, чунки мавсумнинг якуни - шунчаки, бир қисқа лавҳа. Аммо унга машаққатли меҳнат орқали борилади. Мисол учун баъзида нохуш ҳолатлар ҳам учраши мумкин. Шундай пайтларда жамоанинг муносабати муҳим аҳамият касб этади. Мағлубият онлари имкон борича шогирдларим ёнида кўпроқ бўлиш, уларга далда бериш, жамоадаги аҳиллик ва ҳамжиҳатликни сақлаб қолишга уринаман.

- Ажойиб фалсафа асосида иш олиб борар экансиз - яхшисига ҳам, ёмонига ҳам бирдек чидаш керак!

- Фаолиятим давомида бу борада аллақачон аниқ тўхтамга келганман - жамоанг ғолиб чиққан пайт ижобий ҳиссиётлар таъсирида қоласан ва ўйинчилар билан гаплашиш ўта гаштли. Аммо мағлубиятдан кейин қандайдир таянчга эҳтиёж сезасан. Мураббий бунда ўзига хос меъёрга амал қилиши, ҳар қандай вазиятда ҳам, ундан четга чиқмаслиги талаб этилади. Соддароқ айтганда, у «олтин ўрта»ни топиши шарт. Табиийки, вазиятларга мухлислардек муносабат билдиролмайман - ҳаддан ташқари қувонишга ҳам, тушкунлик домига ўралиб қолишга ҳам ҳаққим йўқ. Шогирдларимда худди шундай ёндашувни шаклантиришдан умидворман. Мухлисликнинг йўриғи бошқа: ютсак мақтовларга, ютқазсак аксинча, танқидларга кўмиламиз. Мураббий буларнинг барчасини хотиржам қабул қилиши шарт. Чунки у эртага яна қайтиши, бошлаган ишини давом эттириши керак. Қисқаси, мураббий учун энг муҳими - хотиржамлик.

- «Арсенал»га «Тоттенхэм» устидан 4:2 ҳисобида ғалаба тортиқ этган иккинчи бўлим арафасида шогирдларингизга қандай алоҳида кўрсатмалар берганингизни айтмадингиз...

- Одатда танаффусда турли вазиятлар ва лавҳаларни таҳлил қиламиз. Муҳокаманинг энг муҳим жиҳати шуки, шогирдларимни ҳамиша биринчи  бўлимга нисбатан самаралироқ тўп суришга ундайман, бу борада зарур маслаҳатлар бераман. Мағлубиятга учраётган пайт эса йигитларда иштиёқни уйғотиш қийинроқ, албатта. «Тоттенхэм»га қарши кечган ўша ўйинда стадиондаги муҳит ҳам аъло даражада эди, мухлислар кўмаги яққол сезилди. Натижада Обамеянг, кейин Лаказетт ва Торрейра гол уришди. Асосийси, улар сифатли ўйин кўрсатишди.

- Лаказеттнинг гол урган палладаги бахтиёр чеҳраси беихтиёр беғуборликни эслатди. Аммо ҳужумчи бошқа вазиятларда ўта тажовузкор кўринди. Бу сиз айтган меъёрга яққол мисол, шундайми?

- Ҳа, бошқа ўйинчилар қатори Лаказетт ҳам маълум меъёр даражасига эга. Мураббий доимо шогирдлари 100 фоиз мотивация билан ўйнашларини истайди. Бироқ бунинг иложи йўқ - кимдир «Тоттенхэм»га қарши ўйинда, бошқаси кейинги баҳсда юқори иштиёқни намойиш этиши мумкин. Тўғри, дербига муносабат ўзгача. Лекин мен ва жамоам учун барча учрашувлар муҳим. Демак, биз барқарорликка эришмоғимиз лозим. Бунинг учун ҳар қайси футболчининг савиясини талаб даражасига олиб чиқиш керак. Айтишга осон, амалда эса... Тушунарлики, юқори савияга доимий машғулотлар ва тинимсиз изланишлар орқали чиқилади.

- Инглиз клублари ва бошқа мамлакатларда фаолият юритаётган мураббийлар ўртасида қандай сезиларли фарқ бор?

- Назаримда, инглиз футболининг фалсафаси чуқурроқ, мухлисларда эса садоқат тушунчаси кучлироқ. Испанлар ҳам ўта эҳтиросли, французлар эса нисбатан хотиржамроқ. Англияда мухлислик таъсири яққол билиниб туради - ўз майдонингиз ёки сафарда ўйнаётганингизнинг аҳамияти йўқ. Бу ерда мураббийлик ролида ўзимни яхши ҳис этяпман, чунки футболни кучли эҳтирос билан севаман. Ўйинга тайёргарлик кўриш, ҳакам ҳуштаги чалинишини кутиш, учрашув жараёни - ҳаммаси завқли. Шу ҳиссиётларни атрофимдагиларга юқтиришни хоҳлайман, шунга уринаман. Бу ердаги мухлислик маданияти, лиқ тўла трибуналар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

- «Арсенал» мухлислари ўз муносабатларини очиқ-ойдин изҳор этиш билан ажралиб турадилар. Айтингчи, бундай бетгачопарлик мураббийга нохушлик туғдирмайдими?

- Мухлисларга нисбатан муносабат муҳим аҳамиятга эга. Биз улар учун профессионал даражада тўп сурамиз. Сиз билан суҳбатлашиб ўтиришимизнинг асосий сабабчилари ҳам мухлислардир. Ортимизда минглаб, миллионлаб киши тургани учун футболда эканлигимиз ҳам айни ҳақиқат. Ҳа, кимдир «Ливерпуль» ёки «Тоттенхэм»га мухлислик қилади, биз эса «Арсенал» тарафдорларимиз. Қалбимизда - фақат футбол. Ўйинчилик фаолиятимни «Реал Сосьедад»да бошлаганман. Шу боис, қалбимнинг бир четига шу клубнинг мовий ранги муҳрланган. Кейин Сегундада тўп сурдим, мураббийлик соҳасига бош суқдим. Шу тариқа ўзим ишлаган барча жамоаларга кўнглимдан жой бердим. Ҳозир «Арсенал»даман, демак, бор куч-маҳоратимни шу клубга сарфлайман.

- Хўш, АПЛда «Арсенал» билан қандай вазифаларни амалга оширмоқчисиз?

- Олдимда турган асосий вазифа моҳияти шуки, ҳар қайси шогирдим барча жабҳаларда ўсиши ва жамоадошларининг энг яқин дўстига айланиши лозим. Оддийроқ ифода этганда, барча йигитлар жамоа - яхлит куч сифатида аъло даражада ўйнашлари шарт. Бу борада шогирдларимга имкон борича кўмаклашаман, қўлимдан келадиган ёрдамни аямайман. Жамоага келган ҳар бир футболчи маҳоратининг ошишига ишониши ва кетадиган пайти «Аввалгидан яхшироқ тўп сурадиган бўлдим» қабилида якдил хулосага келишини истардим. Иккинчидан, клуб тарихида қолишга арзийдиган қандайдир ишни амалга ошириш ниятидаман. Яъни шундай жамоа шакллантирайки, у доимо чиройли футбол намойиш этсин. Чиройли футбол нима? Ҳар қандай мухлис кўнглига фахр туйғусини соладиган ўйин. Мухлислар ғалаба учун борини сарфлайдиган ўйинчини бошларига кўтариб юришади. Учинчидан, биз сов-ринлар ва кубокларга эга бўлиш учун тўп сурамиз. Бу осон бўлмасада, қандайдир соврин ютишимизга ишонаман. АПЛ турнир жадвалида 1-поғонага яқинлашишимиз ҳам муҳим. Масалан, ЕЛда кураш олиб боряпмиз. Турнирда ғалаба қозониш анча мушкул, қувонтирадиган томони, биз ҳамон даъвогарлар қаторидамиз. АПЛ - мураккаб чемпионат. Шундай бўлсада, имкони борича курашяпмиз. Хуллас, клуб тарихида янги саҳифа очиш учун барча имкониятларни сафарбар этяпмиз.

- Мураббийлик соҳасида сизга ким  кўпроқ таъсир ўтказганини айта оласизми?

- Ҳозиргача ишим тушган ҳар бир касбдошимдан ниманидир ўрганишга интиламан. Айниқса, профессионал футболдаги илк устозим Жон Тошакдан миннатдорман. У Сан-Себастьян клубида иш бошлагани ҳамоно футболчиларга нисбатан талабчанликни оширганди. Натижада барчамиз футболга ўзгача назар билан қарашни ўргатдик. Хусусан, мен асосий таркиб ўйинчиси саналсамда, Тошак таъсирида худди мураббий каби фикрлашга одатландим. Кейин 3 йил таҳсил олиб, тегишли лизенция олдим. Хуллас, декабрь ойида ҳам «Лорка»да тўп сурган бўлсам, янги йилни мураббий ролида қаршиладим.

- Футболчилар бу ўзгаришни қандай қабул қилишди?

- Аввалига ҳайрон бўлишди. Декабрда Рождество байрами муносабати билан Испания чемпионатида танаффус юзага келади. Ажойиб тарих - қисқа таътилга футболчи сифатида чиқиб, 1 ҳафтадан кейин мураббий бўлиб қайтгандим.

- Сўнгги савол: сизнингча, жорий мавсумда қайси шогирдингиз ўйинида сезиларли ўсиш кузатилди?

- Муайян бир футболчини алоҳида эътироф этишим қийин. Таркиб 25 нафар ўйинчидан иборат, 18 киши «заявка»га киритилади, 11 нафари майдонга тушади. Демакки, барча йигитлар бир вақтнинг ўзида маҳоратларини тўлиқ намойиш этолмайдилар. Мен эса улар босқичма-бос-қич юксалишларини истайман. Кутилганидан кўра ёрқинроқ ўйин кўрсатганларни аниқлаш анча осон. Масалан, Лукас Торрейра ва Маттео Гендузи мавсум аввалига қараганда анча фаол ўйнамоқдалар. Обамеянгда маҳсулдорлик чакки эмас, Лаказетт ва Месут Озил ҳаракатида мантиқ мужассам. Шунингдек, Колашинац, Ивоби, Мейтленд-Найлз ва албатта, Лено тобора ишончли ўйнамоқдалар.

 Содиқ СОБИР тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz