Қайднома

Қидирув

«Пахтакор»нинг ҳужум сиймоси

«Пахтакор»нинг ҳужум сиймоси

  16.04.2019 09:49
  0
  377
«Пахтакор»нинг ҳужум сиймоси

Ўз вақтида «Пахтакор» ва мамлакат терма жамоасидаги ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган маҳоратли ҳужумчи Владимир Фёдоров ҳақидаги мақоланинг сўнгги қисми билан танишиб, ўзбек футболи ривожига улкан ҳисса қўшган футболчининг тақдирига яна назар ташлаймиз.

(Давоми. Бошланиши аввалги сонларда)

1977 йилнинг 24 апрель куни Собиқ иттифоқ термаси ЖЧ-78 саралаши доирасида Греция жамоасига қарши принципиал ўйин ўтказди. Учрашув «Лужники» стадионида, 50 минг томошабин гувоҳлигида ўтди. Бошланғич таркибда майдонга тушган Фёдоров 83-дақиқада ўрнини Владимир Онишенкога бўшатиб берди. Бу пайтга келиб, ҳисоб иттифоқчилар фойдасига 2:0 бўлиб турганди.

30 апрелда иккинчи саралаш ўйини Будапештда - Венгрия термасига қарши ўтказилди. Ушбу баҳсни кўргани 80 минг мухлис келди. Фёдоров 90 дақиқа ўйнади. «Футбол-хоккей» нашрида берилган шарҳ қуйидагича кўриниш олди: «Меҳмонлар олдинга фақат икки тезкор мушкетёр - Блохин ва Фёдоровни қўйишди, асосан узоқ масофага узатмалар йўлланди. Венгрлар ҳужумида эса нафақат Пустаи ҳамда Варади, балки барча ярим ҳимоячилар, жумладан, ҳимоячи Кереки ҳам тез-тез кўриниш бериб турди...»

Айнан Кереки 67-дақиқада гол урди, натижада ҳисоб 2:0 бўлди. 88-дақиқада эса Давид Кипиани орадаги фарқни қисқартирди, лекин Собиқ иттифоқ термаси ҳарчанд уринмасин, мағлубиятдан қутула олмади. Фёдоров ва шериклари ўзаро ҳамжиҳатликда тўп сура олмадилар, иккинчи бўлимда қаҳрамонимизнинг ўйини қовушмади.

Олдинга ўтиб шуни айтиш мумкинки, Собиқ иттифоқ термаси ўз гуруҳидан чиқолмай, ЖЧ-78дан четда қолади. Бу давр мазкур миллий жамоа учун нохуш ўтганди - 1973 йилдан 1979 йилгача икки марта мундиал (1974, 1978) йўлланмасидан қуруқ қолган, бир марта (1976) Европа чемпионатини ўтказиб юборганди.

Фёдоров ўзининг термадаги сўнгги ўйинини мавсум-77да, 28 июлда ўтказди: ГДР жамоаси билан Лейпцигда ўтказилган ўйинни кўриш учун 95 минг мухлис ташриф буюрди - аншлаг! Ҳикоямиз қаҳрамони бир ярим бўлим ўйнаб, 70-дақиқада ўрнини «Динамо Киев» вакили Владимир Бессоновга бўшатиб берди. Бу пайтга келиб ҳисоб 1:1 бўлиб турганди. Мазкур ўйинчи алмаштирилиши наф келтирмади. 90-дақиқада немислар ғалабани «илиб» кетишди. Гол урилишидан уч дақиқа аввал Давид Кипиани қизил карточка олганди.

Умуман, 1977 йил Фёдоровнинг шахсий ҳаётида ҳам ўзгаришларга бой бўлди. Майда қўшни қиз билан танишди. Унинг исми Светлана эди. Улар бир неча ой учрашиб юргач, ўша йилнинг кузида турмуш қуришди. Тўйда кўплаб дўстлар қатнашишди, барчалари хурсанд, зеро «Пахтакор» ўша мавсумни ажойиб тарзда ўтказиб, олий лига йўлланмасини қўлга киритганди.

Собиқ иттифоқ чемпионатининг 1978 йилги мавсуми дастлабки учрашувини «Пахтакор» 8 апрель куни Тошкентда ЦСКАга қарши ўтказди. Ўйинни кўргани 20 минг мухлис келди, албатта, бу 60 минг кишига мўлжалланган стадион учун анча кам эди. Бироқ мезбонларни бу омил унчалик ташвишлантирмади ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Эътиборлиси, ягона голни 53-дақиқада айнан Владимир Фёдоров урди.

Москванинг «Локомотив» клубига қарши кечган кейинги баҳсда ҳам у тўп киритди, ўйин 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Сўнгра кетма-кет иккита мағлубият қайд этилди - «Зенит» (4:5) ҳамда «Қайрат» (2:3)га имконият бой берилди. Қозоғистон клубига қарши баҳсда Фёдоров яна рақиб дарвозасини ишғол қилди, бу ҳисобни очувчи гол бўлди (53-дақиқада). Бироқ тошкентликларга бу ёрдам бермади - орадан тўрт дақиқа ўтиб, улар 1:2 ҳисобида ютқаза бошлашди. Қисқаси, бу ўйин муваффақиятсиз кечди. Умуман, мавсум-78 ўта омадсиз демасак-да, шунга яқин тарзда ўтганди. Гарчи «Пахтакор»нинг ҳужум чизиғига эътирозлар бўлмаса-да (45та гол уришди - бу мавсумни чемпионлик билан якунлаган Тбилисининг «Динамо»сидан кейинги иккинчи кўрсаткичдир), мудофаадагилар ишончни оқлашмади - 42та тўп ўтказиб юборилди (чемпионатдаги учинчи кўрсаткич).

Фёдоров ҳақида гапирадиган бўлсак, у мавсум-78да 15та ўйин ўтказиб, 7та гол урди. Нима сабабдан қаҳрамонимиз бунча кам ўйнади? Бу ҳақда бизга яхши таниш муаллиф Владимир Сафаров шундай ёзганди: «3 июнда Тошкентда кечган «Заря»га қарши баҳсда нохуш воқеа рўй берди. Асабий тарзда ўтган ўйинда тошкентликлар биринчи бўлимда ўтказиб юборилган голга жавоб қайтара олмаётгандилар. Тўп учун кураш кетаётган пайтда Фёдоров беихтиёр ҳакам Балаяннинг оёғини босиб олди, у эса ғазаб устида футболчини майдондан четлатди, вазиятга аралашган Бакановга эса сариқ карточка кўрсатди. Аммо можаро шу билан якунланмади. «Пахтакор»нинг турнир жадвалида шиддат билан юқорилаши кимгадир ёқмаётганди (бу пайтга келиб жамоа 9та ўйин ўтказиб, 4 ғалаба, 2 дуранг ва 3 мағлубият қайд этганди. - муаллиф). «Заря» билан учрашувда кузатилган воқеани кўриб чиққан қўмита кескин жазо қўллади - Фёдоров 10та, Баканов эса 5та ўйинга дисквалификация қилинди. Мазкур қарор тошкентликларга салбий таъсир кўрсатди, кетма-кет мағлубиятлар қайд этилди, ора-сира дуранг ўйнашди ва «Пахтакор» чемпионатда юқори ўринларга даъвогарлик қилаётганлар сафидан тушиб қолди...»

Солнома муаллифининг «Фёдоровни жазолаш четда турганлар аралашуви билан амалга ошгани» тўғрисидаги гапларига кимлардир қўшилмаслиги мумкин. Аммо ушбу талқиннинг ҳақиқатга яқин эканини исботлайдиган факт бор эди - «Пахтакор»нинг айнан шу ҳужумчиси рақибларга энг кўп хавф туғдираётганди. Зеро «Заря» билан ўйиндан аввал ўтказилган 9та учрашувда Фёдоров 6та гол урганди - деярли ҳар бир баҳсда ўз номини таблога ёздириб қўяётганди. У қатнашган ўйинларда «Пахтакор» ҳисобидаги голлар сони 17тага етганди. Фёдоровсиз ўтказилган кейинги беллашувларда эса тошкентликлар томонидан атиги 9та тўп киритилди, жамоа 6 марта мағлубиятга учради, фақат бир учрашувда ғалаба қозонди («Қайрат», 1:0). Владимир Фёдоров» «Пахтакор» учун мана шундай аҳамият касб этарди.

Қаҳрамонимиз сафга 26 августда қўшилди, унинг клуби Бокуда маҳаллий «Нефтчи»га қарши баҳсда майдонга тушиши керак эди. Мазкур ўйинда қадрдон ҳужумчи ҳисобига кучайган тошкентликлар майдон эгаларини 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Фёдоров битта гол урди. Аммо бу унинг ўша мавсумдаги сўнгги голи эди, чунки кейинги 8та учрашувни у «қуруқ» ўтказди. Унга нима бўлгани тушунарсиз. Мавсум-78 якунида «Пахтакор» 11-ўринни эгаллади.

Таъкидлаш жоизки, «Заря»га қарши баҳсда рўй берган воқеа, ундан кейинги дисквалификация Фёдоровнинг Собиқ иттифоқ термасидаги (Н. Симонян мураббийлигида) фаолиятига ҳам нуқта қўйганди. Мавсум-78нинг дастлабки қисмида термада иккита ўйин ўтказди, холос. 8 март санасида Франкфурт-на-Майнеда ўтказилган ГФР жамоасига қарши баҳсда майдонга тушди ва 75-дақиқада унинг ўрнини Виктор Колотов эгаллади. Бу пайтга келиб иттифоқчилар 0:1 ҳисобида ютқазишаётган, мазкур ўйинчи алмаштирилиши эса фойда келтирмаганди - учрашув мезбонларнинг кичик ҳисобдаги устунлиги билан якунланди.

14 майда Фёдоров яна мамлакат миллий жамоаси либосини кийиб, Бухарестда ўтказилган Руминия термасига қарши баҳсда майдонга тушди. Бу сафар у атиги бир бўлим тўп сурди, холос. Ушбу ўйин ҳақида «Футбол-хоккей» нашри шундай ёзганди: «...Бизникилар 3-дақиқадаёқ ҳисобни очишлари мумкин эди, аммо қулай вазиятга чиқиб борган Фёдоровнинг зарбасига аниқлик етишмади. Биринчи бўлимда Собиқ иттифоқ термаси бироз устунликка эришди. Лекин Блохиннинг фаоллиги на Фёдоров, на Кипиани томонидан қўллаб-қувватланди. Бўлим ўрталарида ўнг қанот ярим ҳимоячиси позициясида ўйнаган Бережной рақиб жарима майдончаси яқинига диагонал узатма йўллади. Блохин эса ҳимоячи ортидан югуриб чиқиб, чиройли зарба билан тўпни тўхтатмасдан тўрга жойлади...»

Иккинчи бўлим бошида Фёдоровнинг ўрнига Юрий Чесноков тушди. Аммо таблодаги ҳисоб ўзгармади ва Собиқ иттифоқ термаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу билан Фёдоровнинг миллий жамоадаги фаолияти тугади, зеро икки ҳафтадан сўнг ўша нохуш воқеа кузатилгач, «Пахтакор»нинг энг яхши тўпурарини термага чақирмай қўйишди. Бу пайтга келиб унинг клубдоши Михаил Ан эса бош жамоадан мунтазам таклиф оларди. Афсуски, уларни жуфтликда ўйнатишмади - ахир бу «Пахтакор»даги энг кучли тандем эди.

Қайд этиш керакки, Аннинг Собиқ иттифоқ термасидаги дебюти 1974 йилнинг кузига тўғри келганди (худди В. Фёдоров сингари). Аниқроқ айтадиган бўлсак, 1974 йилнинг 29 сентябрь куни, Римда ўтказилган «Рома» клубига қарши ўртоқлик учрашувида Михаил илк марта иттифоқчилар либосида майдонга тушди. Ўйин 1:1 ҳисобида якунланди. У пайтлари жамоада Константин Бесков бош мураббий эди. Шундан кейин Аннинг термадаги фаолияти тўхтаб, Фёдоровники давом этди.

Тўрт йилдан сўнг вазият ўзгарди: Фёдоровни термадан «қувишди», Анни эса яна чақиришди (мураббий Н. Симонян эди). 1978 йилнинг 6 сентябрида Ан Теҳронда ўтказилган Эрон жамоасига қарши баҳсда майдонга тушди. Тўғри, ўшанда у ўйин охирларида - 73-дақиқада Валерий Газзевнинг ўрнини эгаллаганди. Мазкур баҳс иттифоқчиларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди.

Икки ҳафта ўтиб Ан яна Собиқ иттифоқ термаси таркибида ўйнади - Ереванда ўтказилган учрашувдаги рақиб Греция бўлганди. Ўйин Европа чемпионати-80 саралаши доирасида ўтказилганди. Ушбу баҳсда Ан 71-дақиқада Вагиз Хидиятуллиннинг ўрнига майдонга тушди. Бу пайтга келиб иттифоқчилар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишаётганди. Аммо Аннинг миллий жамоадаги фаолияти шу билан тўхтаб қолмади.

1979 йилнинг февралида Михаил Собиқ иттифоқ термаси таркибида Шимолий Америка турнесига йўл олди. Ўша пайтлари маҳаллий матбуот шундай ёзганди: «Биринчи ўйин АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида, ўз сафига жаҳон чемпионатининг беш иштирокчисини жалб этган Мексика термасига қарши кечди. Учрашув мураккаб шароитда, ёмғирдан кейин намиққан майдонда ўтди. Ярим ҳимоячимиз Михаил Ан томонидан йўлланган зарбаларнинг бири термамизга ғалаба келтирди - 1:0. Сўнгра Сиэтлда АҚШ жамоаси билан ўйин ўтказилди. Ҳисоб 1:1 бўлиб турганда яна Ан ғалаба тўпини киритди».

Қизиғи, шундай сермаҳсуллик Аннинг кейинчалик ҳам термага чақирилиши учун етарли бўлмади. Жамоа 1979 йилнинг март ойи охирларида Болгария термасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказганида, «Пахтакор» етакчиларидан бирини таклиф этишмади. Бироқ бу миллий жамоа эшиклари Фёдоров ва Ан учун ёпилганини англатмасди. Катта эҳтимол билан улар яна терма либосида майдонга тушишлари мумкин эди, бироқ машъум ҳодиса туфайли бу иш амалга ошмади...

1979 йилги мавсумни «Пахтакор» ишончли тарзда бошлади. Иккинчи ўйиндаёқ тошкентликлар ўз майдонларида аввалги мавсумда кумуш медалларга эга бўлган Киев «Динамо»сини қабул қилиб, 1:0 ҳисобида зафар қучишди. Тўғри, ўша дастлабки учрашувларда Фёдоровга тўп киритиш насиб этмади. Натижада у илк голини ҳисоб бўйича саккизинчи ўйинда - сафарда «Зенит»га қарши кечган баҳсда урди. Бу пайтга келиб мезбонлар 2:0 ҳисобида олдинда боришаётганди. Фёдоровнинг 75-дақиқада урган голи эса тошкентликларга умид бағишлаб, улар мағлубиятдан қутулиб қолишга астойдил интилишди. Бироқ буни уддалай олмадилар.

Шундан сўнг Фёдоров яна иккита тўп киритди: 8 июлда Бокунинг «Нефтчи» (1:0) клубига қарши сафарда, 8 августда Ворошиловграднинг «Заря» (3:1) клубига қарши Тошкентда кечган ўйинларда ўз номини таблога ёздириб қўйди.

Кўриб турганингиздек, «Пахтакор» ҳар икки ўйинда ҳам ғалаба қозонди. Жамоа барқарорликка эришиб, биринчи давранинг охирги қисмида бешта учрашувда мағлубият нималигини билмади. Бироқ айнан 8 августда ўтказилган «Заря»га қарши баҳс «Пахтакор»нинг ўша таркиби учун сўнггиси бўлиб қолди.

Тошкентликлар кейинги ўйинни 13 август куни Минскда ўтказишлари керак эди. «Пахтакорчилар» ғалаба қозонишларига заррача шубҳа қилишмас, зеро бир ой аввал минскликларни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратишганди. «Пахтакор»нинг Белоруссияга сафари қандай якунланишини ҳеч ким тахмин қилмаганди.

11 август, шанба тонгида «Пахтакор» футболчилари аэропортга келишди, «Аэрофлот» компаниясига тегишли, борт рақами 65735 бўлган Ту-134 русумли самолётда Минскка жўнашлари керак эди. Унга жамоанинг 14 нафар футболчиси жойлашди: Михаил Ан, Владимир Фёдоров, Олим Аширов, Сергей Покатилов, Равиль Агишев, Николай Куликов, Александр Корченов, Юрий Загуменних, Владимир Макаров, Константин Баканов, Виктор Чуркин, Шуҳрат Эшбўтаев, Владимир Собиров, Сирожиддин Бозоров. Шунингдек, иккинчи мураббий Идгай Тазетдинов, шифокор Владимир Чумаков, маъмур Мансур Толибжонов ҳам. Самолётда жами 44 нафар йўловчи бўлса, улардан 17 нафари «пахтакорчилар» эди. Жамоанинг катта мураббийи Олег Базилевич рафиқаси билан урушиб қолгани учун Минскка кейинроқ борадиган бўлди. Айнан оилавий можаро унинг ҳаётини сақлаб қолганди.

Владимир Макаровнинг рафиқаси Алла шундай эслайди: «Минск сафаридан бир ярим ҳафта аввал футболчиларнинг турмуш ўртоқлари билан Иссиқ-Кўлдаги пансионатга дам олгани боргандик. Володя яна бир фарзандли бўлмоқчилиги, бунинг учун соғлиғимни тиклаб олишим кераклигини айтганди. Бироқ... Иссиқ-Кўлга кетишимиздан аввал мен ва эрим қўрқинчли тушлар кўргандик. Тушимда 10 йил аввал вафот этган онам хонадонимизга келганини кўргандим. Ўшанда марҳум орамиздан кимнидир олиб кетмоқчи эканлигини тахмин қилгандим...».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz