Қайднома

Қидирув

Майдондан четлатишган рақобат

Майдондан четлатишган рақобат

  17.04.2019 01:12
  0
  678
Майдондан четлатишган рақобат

Сўнгги кунлардаги ўйинлар савияси ва натижасида жамоаларда кўзга ташланаётган вазиятлар таъсири яққол сезилмоқда. Дейлик, «Барселона» ва «Ювентус»нинг миллий чемпионатдаги ғолибликдан кўнгли тўқ. Испания Примеросида чемпион бўлишига ишонган «Барселона» очиқдан-очиқ «Уэска»ни аяди. Оддий ифода этсак, ҳотамтойлик билан аутсайдер бошини силади. Эрнесто Вальверде шогирдлари ҳар қанча ҳотамтой бўлишмасин, муҳим саналмаган баҳсда дуранг қайд этишди. «Ювентус» эса СПАЛга ғалаба қозониш имконини берди. Тўғри, Хуан Куадрадо ва Пауло Дибала мағлубиятдан қутулиш ҳамда гол уриб, дурангга эришиш учун роса ҳаракат қилишди. Лекин барибир, ўхшамади ва «Ювентус» «А» серия мавсумида 2-бор мағлубиятга учради. СПАЛ шунчаки, Италия футболи етакчисининг «Очко керакми, олавер» қабилидаги ҳолатидан фойдаланиб қолди...

 

Хуллас, рақибларда икки хил кайфият ва руҳий ҳолат ҳукмрон эди. Бу ҳол ўз-ўзидан натижага таъсир қилди. Аёнки, «Барселона» ва «Ювентус» мухлислари натижалардан ранжишмаган. Чунки улар бор эътиборни ЕЧЛ чорак финали жавоб учрашувларига қаратишган. Ҳар ҳолда, «МЮ»нинг Париждаги, «Аякс»нинг эса Мадриддаги ғолибона сурони ҳали унутилгани йўқ. Шундай вазиятда «Уэска» ёки СПАЛга қарши учрашувлар кўзга кўринармиди...?

АПЛда эса вазият бутунлай бошқача. «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» чемпионлик илинжида, «МЮ» ҳамда «Челси» кучли квартетга кириш орзусида борини беришга мажбур. Уларга қийин. Айниқса, «Манчестер Сити»га. Чунончи, «Тоттенхэм» жавоб учрашувига бутун борлиғи билан тайёрланаётгани аниқ.

Нима бўлганда ҳам, «Барселона» ва «Ювентус»дан фарқли ўлароқ, АПЛ етакчилари кучли рақобат ичра яшамоқда. АПЛда бирор ўйин эътибордан четда эмас. «А» серияда эса СПАЛ - «Ювентус» учрашувига нисбатан «Милан» -«Лацио», «Торино» - «Кальяри» баҳслари мухлисларни кўпроқ қизиқтирди. Ҳар икки учрашувда ҳам ҳисобнинг ўзгаришига VAR аралашди. Уларнинг бирида ҳаттоки, 3та қизил карточка кўрсатилди. Симоне Заза майдондан четлатилгач, «Кальяри» сон жиҳатдан қисқа муддатли устунликдан жуда унумли фойдаланди. Хўш, 1та ўйинда 3та футболчининг майдондан четлатилиши кўпми? Бу баҳс қўпол ўтган ҳисобланадими? Йўқ, асло! Бундай вазиятларда статистикага таяниб, хулоса чиқариш ярамайди. Қизил карточкалар учрашувдаги чегарасиз эҳтирос, ҳаяжон ва шижоат натижаси, холос. Мухлисга шундай ўйинлар ёқади ва у чинакам курашни кўриш учун стадионга боради. Шу маънода СПАЛ мухлислари стадионда катта байрам уюштиришганини тушунса бўлади. Улар «Ювентус»ни енгиш учун борини берган СПАЛ учун қувонаверишади.

Муҳтарам мухлис! Албатта, биз ҳар қайси баҳсда қизил карточка кўрсатилиши, пенальти белгиланиши керак, деган фикрдан йироқмиз. Демоқчимизки, ҳар бир баҳсда футбол ўйналиши мақсадга мувофиқ. Сезиб турибсизки, бизда бежиз шундай хулоса туғилмади. «Сурхон» ва «Пахтакор» иштирокидаги эҳтиёткорона ўйин томошасидан сўнг қанақасига бошқача хулоса чиқариш мумкин?! Ўйлаймизки, мухлислар жамоаларнинг эҳтиёткор ҳаракатини ҳаво ҳарорати билан боғлашмайди. Балки кутилмаган трансляция ва шахсан Умид Аҳмаджоновнинг стадионга ташрифи жамоаларни ҳушёр торттиргандир. Эҳтимол, мазкур икки ҳолат сабаб, жамоалар бирмунча босимни сезишгандир. Бироқ бу жиҳатлар эҳтиёткорлик учун асосий омил ҳисобланмайди асло. «Пахтакор»нинг сўнгги дақиқалардаги ҳужумлари ҳам аслида том маънода ғалаба хоҳишини анг­латмайди. Рақиб хатосини кутиш, ҳақиқий вазиятни яратишга астойдил интилмаслик стадионга йўл олаётган мухлис йўлини тўсади. Юзаки қараганда, дуранг учун ўйнаш, бир битимга келиш - томонларнинг хоҳишидек, гўё. Вазиятга чуқурроқ назар соладиган бўлсак, бу ҳол - футбол душмани. Инкор этмаймиз, «плей-офф» баҳсларида ютқазиш хавотири боис, ўйин маромини атайлаб бузишни қисман оқлаш мумкиндир, аммо эндигина қизғин тус олаётган Суперлигада муроса руҳидаги учрашувлар бўлмаслиги даркор. Мавсум аввалидаёқ рақиб кайфиятини бузмасликка интилиш кўзга ташланганида, кўпчилик 1-тур дурангларини ўткинчи ҳол сифатида баҳолаганди. «Сурхон» - «Пахтакор» учрашуви эса бу кайфият ўтиб кетмаганини сездирди. Агар Шерзод Ҳакимов гол урганида, «шерлар» шижоат билан тўп суришлари ва охир-оқибат, барибир, дурангга эришишлари мумкин эди. Ёки Марат Бикмаев ҳисобни очганида, балки «Сурхон» футболчилари ижросида тўхталишлар кузатилмасди ва жамоа гол уришга интиларди. Ҳа, афсуски, яна «агар» ва «балки» иборалари билан ўзимизни юпатяпмиз. Ҳолбуки, ёлғон юпанчлар умумфутбол нуқтаи назаридан жуда хавф­лидир...

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz