Қайднома

Қидирув

Карлес ПУЙОЛЬ: «ЖАМОАНИНГ МЕССИГА БОҒЛАНИБ ҚОЛИШИ - МАНТИҚАН ТЎҒРИ»

Карлес ПУЙОЛЬ: «ЖАМОАНИНГ МЕССИГА БОҒЛАНИБ ҚОЛИШИ - МАНТИҚАН ТЎҒРИ»

  17.04.2019 03:55
  0
  583
Карлес ПУЙОЛЬ: «ЖАМОАНИНГ МЕССИГА БОҒЛАНИБ ҚОЛИШИ - МАНТИҚАН ТЎҒРИ»

Кўплаб совринларни қўлга киритган Карлес Пуйолни кўпчилик ҳамон «Барселона» етакчиси деб билади. Ҳозир у машҳур фирма вакили сифатида Чемпионлар Лигаси кубоги билан турнеларда қатнашмоқда. Унинг мураббий бўлиш нияти йўқ, шунга қарамай, ҳамон футболдан нафас олмоқда. Хорижлик ҳамкасбимизнинг қўнғирсоч афсона билан суҳбати анча қизиқарли кечди.

- 40 ёшгача футбол ўйнамоқчи эканлигингизни айтгандингиз, бироқ фаолиятингиз аввалроқ якунига етди. Майдонга бошқа туша олмаслигингизни қачон тушуниб етдингиз?

- Машғулотларда бошқа қатнашолмаслигимни англаганимдан кейин. Сўнгги икки йил жуда оғир ўтди, тиззамни уч марта операция қилдирдим. Ўйин ва спорт бўйича тушунчамдан барча хабардор - ҳамиша 100 фоиз кучимни сарфлашга ўрганганман. Талаб қилинаётган нарсани беролмаслигингни тушундингми, четга чиқишинг керак.

- Нима деб ўйлайсиз, дастлабки ўйинларингизнинг бирида Луиш Фигуни яхши қўриқлаганингиз фаолиятингизда туб бурилиш ясаганми?

- Ҳа. Ўшанда асосий жамоага кирганимга деярли бир йил бўлганди, бу мухлислар учун жуда муҳим эди. Фигу принципиал рақибимиз сафига ўтган, шу боис ўйинга бўлган муносабат ҳам бошқача эди. Ўша пайтдаги ҳолатни ҳамон яхши эслайман. Мендан Луиш ва бошқа футболчиларни астойдил қўриқлаш талаб этиларди. Ҳакам кетма-кет ҳуштак чаларди, мен югуришдан тўхтамасдим. Ҳеч нимани эшитмасдик.

- Фигунинг «Реал Мадрид» сафига ўтиши сотқинликми?

- Футболда ҳамма нарса учраб туради. Аммо сардор, энг яхши кўрган ўйинчиларингиздан бири асосий рақобатчи таркибига ўтса, ҳамиша аламли бўлади.

- Ҳам Ван Гал, ҳам Гвардиола билан ишлагансиз. Улардан қайси бирини танлайсиз?

- Мен учун Ван Гал нисбатан аҳамиятлироқ. Қийин паллада у менга ишонди, дебютимни ўтказишимги замин ҳозирлади. Ўша кезлардаги ҳиссиётларни ҳамиша юксак қадрлайман. Шунингдек, Райкард ҳам ўта муҳим шахс бўлган, Гвардиола даври эса энг ёқимлиси, шубҳасиз.

- Гвардиола шакллантирган таркибда асосий роллардан бирини бажаргансиз. Бундай натижадан фахрлансангиз керак?

- Келажакда нима бўлишини ҳеч қачон билмайсиз. Аммо ўша жамоа дарҳақиқат қойилмақом ўйин кўрсатарди. Буни нафақат «Барселона» мухлислари, балки бошқа клубларнинг аксарият ишқибозлари ҳам тан олишган.

- 2011 йили ўтказилган «эл-класико» ва ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Жозе Моуриньо айтган гаплар ёдингиздами?

- Бу «класико»нинг бир қисми эди. Баъзан бундай гап-сўзлар қўшимча мотивация, катта импульс беради. Мураккаб давр эди, хаёлим тиззамдаги жароҳат, ўйинга қайтиш фикри билан банд эди.

- Нима сабабдан Пеп бошқа клублар билан Чемпионлар Лигаси бош совринига эга бўлолмаяпти?

- Чунки бу жуда қийин вазифа. Ҳозир у «Манчестер Сити»да ажойиб фаолият юритмоқда, бундан аввал «Бавария»да ҳам шундай бўлганди. Унинг жамоалари кўрсатаётган ўйинни томоша қилиш ёқимли, услуби дарҳол кўзга ташланади. Умид қиламанки, ЕЧЛ финалида «Барселона» - «Манчестер Сити» қарама-қаршилигига гувоҳ бўламиз. Мухлислар ҳайратланишлари шубҳасиз.

- Сизнингча, «Барса» ўз услубини йўқотдими?

- Йўқ, бундай деб ўйламайман. Улар аввалгидек ўйнашга интилишмоқда. Тўпга эгалик қилишмоқда, ташаббусга эришишмоқда, аммо буни ҳар доим амалга ошириш имконсиз. «Барселона»нинг ҳозирги кўринишини мен ўйнаган даврдагиси билан солиштирсангиз, яна аввалгидек таркиб тузиш қийин эканини тушунасиз. Ғоя ва фалсафа аввалгидек, улар шундай ўйнашга уринишмоқда, аммо бу осон эмас.

- «Барселона»га сўнгги йилларда нима бўляпти? Нега жамоа Чемпионлар Лигасида муваффақият қозона олмаяпти?

- Жамоа ажойиб, лекин омадсиз кунлар ҳам учраб туради. Худди Римда, Парижда ва Туринда бўлгани каби. Бундай нуфузли турнирда хатога йўл қўйишга ҳаққингиз йўқ. Ўша «қоқилиш»лар тажриба мактаби вазифасини ўташи лозим. Кўрамиз, бу гал вазият қандай тус оларкан?

- Ўша дамларда жамоага етакчи етишмадими?

- Ундай эмас. Таркибда буюк етакчилар, катта тажриба ва кўникмаларга эга футболчилар бор.

- Мессига боғланиб қолиш ҳолати ҳақида нима дейсиз?

- Жамоангизда футбол тарихидаги энг яхши ўйинчи бўлса, унга боғланиб қолиш мантиқан тўғри. Қолаверса, унинг атрофидагилар ҳам буюк ўйинчилар, улар ҳам тарих яратишмоқда.

- Нега Месси Аргентина термасида бундай барқарор эмас?

- Яхлит жамоа, ягона фалсафага эга бўлиш лозим. Ўйлашимча, уларнинг термасида ажойиб футболчилар бор, аммо улар бир жамоа бўлиб ўйнай олишмайди.

- Роналду «хет-трик» қайд этади, Месси унга шундай жавоб қайтаради. Бу икки футболчи бир-бирига боғлиқми?

- Бундай деб ўйламайман. Ҳамма футболни кузатади, лекин Мессининг бундай ҳолатларга эътибор қаратишига ишонмайман. Бу унинг ўйин услуби, ҳамиша гол уришга интилади. Бироз аввал Роналду учта гол ургани учун Месси «Лион»га қарши баҳсни кўтаринки кайфиятда ўтказганини айтишдан маъни йўқ. Лионель ўтказган ўнта ўйиндан тўққизтаси томошабоп ўтади, яна бири эса шунчаки ажойиб бўлади.

- Де Лигт ўсишга эришяпти, Ван Дейк ёрқин ўйин кўрсатмоқда... Жаҳоннинг энг яхши марказий ҳимоячиси ким?

- Жерар Пике, бунга заррача шубҳа қилмайман.

- Рамосни танлайсизми ёки Пикени?

- Пикени.

- Пике сиздан ҳам яхшироқми?

- Ҳа, у жаҳондаги энг зўри. Биз турличамиз. Жерар «Барселона»да ҳар жабҳада муҳим ўрин тутади: ишга ёндашув, етакчилик, рақобат. У фавқулодда қобилият эгаси, ажойиб дўст.

- Артур Хавининг ворисими?

- Эҳтимол. У энди 22 ёшга тўлди, индивидуал тарзда ажойиб ҳаракат қилмоқда, ўхшаш жиҳатлар кўп, лекин... уни Хавига ўхшатиш - баландпарвоз гап. Ахир гап футбол тарихидаги энг яхши ярим ҳимоячилардан бири ҳақида кетмоқда. Босқичма-босқич бориш, Артурга ишлаш имкониятини бериш, ҳозир кўрсатаётгани учун уни табриклаш керак. У Хавининг ўйинлари қайд этилган видеоёзувларни кўриб, ўрганишда давом этиши лозим.

- Ҳозир сардор бўлганингизда, Дембелега нисбатан қандай муносабатда бўлардингиз?

- У яхши ўйинчи, гарчи баъзан қийинчиликлар учраб турсада. Унга ўйнаш, ёшликда барча хато қилиши мумкинлигини тушунишига имкон бериш даркор. Усмон энг яхши жамоада тўп суряпти ва бу имкониятдан фойдаланиб қолиши керак. Салоҳиятидан келиб чиқсак, у кўп нарсага қодир, тарих яратиши мумкин.

- Вальверде - «Барселона»га мос мураббийми?

- Шубҳасиз. «Барса»да ишлаш - мутлақо бошқа тажриба. Бу ўта талабчан клуб, бироқ Эрнесто ҳаммасини аъло даражада уддаламоқда.

- Коутиньога ҳозир нима етишмаяпти?

- Менимча, бирозгина қатъиятга эҳтиёжи бор, зеро у етарлича кўникмаларга эга. Бошқа клубларда нималарга қодирлигини кўрсатиб улгурган, «Барселона»га келган илк кунларида ҳам ёмон кўринмади. У шунчаки ўзига бўлган ишончини орттириши лозим.

- Неймар «Барса»дан кетиб хатога йўл қўйдими?

- Буни унинг ўзидан сўранг. Неймар энг яхши жой, энг яхши шериклар билан тўп сураётганди. У ажойиб футболчи, бироқ янги чақирувларни хоҳлади ва биз уни тўғри тушунишимиз керак. Ҳозир унинг ноҳақ бўлганини таъкидлаш осон: жароҳатлар, «ПСЖ» кутилган натижаларга эришолмаяпти, айниқса, ЕЧЛда. Неймарнинг фаолияти давом этяпти, қачон бутсаларини михга илса, шундагина хулосаларни билдириш мумкин.

- Зиданнинг «Реал»га қайтиши ҳақида нима дейсиз?

- Нима қилмоқчи бўлгани ҳақида бир тўхтамга келиш учун унинг ихтиёрида саккиз ой бор эди. Усиз жамоа анча қийналди. Лекин ҳозир бошқа масала бор: Зидан аввалги натижаларини яхшилай оладими?

- Луис Энрикенинг Испания термаси бош мураббийлигига тайинланганига нима дейсиз?

- У менинг яқин дўстим ва Испания ундан яхшироқ мураббий тополмасди. Луис Энрикега омад тилайман. Афсуски, унинг қўл остида ўйнаш насиб қилмади, акс ҳолда, кўп нарса ўрганардим.

- «Қизил фурия»нинг ҳозирги ҳолатига қандай баҳо берасиз?

- Айни пайт авлодлар алмашинуви кетмоқда. Биз фантастик натижаларга эришдик, жаҳон ва Европа чемпионатларида зафар қучдик. Ўзгаришлар даврига қарамай, менимча, ҳозирги таркибда ҳам маҳоратли мураббий бошчилигида кўплаб ютуқларга эришишга қодир футболчилар бор.

- Лопетегининг мундиал бошланиши арафасида истеъфога чиқарилганига нима дейсиз?

- Мураккаб вазият. Ўйлашимча, воқеаларнинг бундай ривож олиши яхшиликка эмасди. Жамоада нималар бўлганини билиш, ҳолатга аниқ баҳо бериш учун ўша жамоанинг ичида бўлиш керак. Мен эса у ерда эмасдим.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz