Қайднома

Қидирув

ЕВРОПА МИЛЛИЙ ЧЕМПИОНАТЛАРИНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ...

ЕВРОПА МИЛЛИЙ ЧЕМПИОНАТЛАРИНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ...

  17.04.2019 07:00
  0
  438
ЕВРОПА МИЛЛИЙ ЧЕМПИОНАТЛАРИНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ...

«Кўҳна қитъа»нинг қайси биринчилигида жамоалар очколарни кўпроқ бўлишиб олишини биласизми? Оддий айтганда, қайси лигада дуранглар фоизи кўп? «Мезбон-меҳмон» муносабати - чемпионатларда майдон эгаларининг ҳукмронлик даражасию, сафарда ўйнаган жамоаларнинг очко олиш имконияти қандай? Соккер.ру сайти шу саволларга жавоб бериш мақсадида Европанинг кучли 5та лигаси ва Россия ПЛ кўрсаткичларини таҳлил қилиб чиқди.

АПЛ - Англия чемпионати юқори дивизиони

Мезбон жамоалар ғалабаси: 48,8 фоиз

Меҳмон жамоалар ғалабаси: 33,3 фоиз

Дуранг: 17,9 фоиз

Энг кўп дуранг қайд этган жамоа: «Саутгемптон» (9та)

Энг кам дуранг қайд этган жамоа: «Тоттенхэм» (1та)

Англия Премьер-Лигасида жами ўйинларнинг деярли ярми мезбонлар ҳисобига ёзилмоқда. Меҳмон жамоалар эса ҳар 3та ўйиндан 1тасида ғалаба нашидасини сурмоқда ўртача кўрсаткич бўйича. Айнан шу нисбатни бошқа биринчиликлар кўрсаткичи билан таққослаш асносида ҳам АПЛнинг нега энг рақобатбардош чемпионат сифатида тилга олинишини фаҳмлаш мумкин. Англияда дарҳақиқат, кураш ва муросасизлик даражаси жуда-жуда юқори. Қаранг, жорий мавсум 8 апрелгача бўлган ўйинларнинг атиги 17,9 фоизида жамоалар дуранг натижага кўнди, холос. Қисқаси, ўртача ҳисобда 1та тур (10та ўйин)га 2та дуранг ҳам тўғри келмаяпти. Алоҳида айтиш керак, Англия чемпионати иштирокчилари ўртадаги очколарни бўлиб олишга унча хоҳишманд бўлмасаларда, жорий мавсум бу борада кузатилаётган ҳолат типик картина ҳисобланади - шунчаки, вазият тақозоси. Мисол учун, мавсум-2017Ғ2018 доирасидаги 26 фоиз ўйинда томонлар муроса кўчасини танлашганди, албатта, мажбурий ҳолатда.

Примеро - Испания чемпионати юқори дивизиони

Мезбон жамоалар ғалабаси: 42 фоиз

Меҳмон жамоалар ғалабаси: 28 фоиз

Дуранг: 30 фоиз

Энг кўп дуранг қайд этган жамоа: «Валенсия» (16та)

Энг кам дуранг қайд этган жамоа: «Реал» (3та)

Испания Ла-лигасидаги картина АПЛ манзарасидан кескин фарқланади. Бу ерда дуранг натижанинг жами ўйинларга нисбати 30 фоизни ташкил қилмоқда. Қолаверса, Пиреней ярим оролидаги асосий чемпионатда меҳмон клублар  ғалабаси билан тугаган ўйинлар сони камроқ - 28 фоиз. Умуман, дуранглар миқдори кўплиги боиз, мезбон жамоалар кўрсаткичи ҳам Англиядагига қараганда, анча кам. Тўғри, Примеронинг ҳозирги манзараси доимий эмас. ҳар ҳолда, аввалги мавсум атиги 22,6 фоиз учрашувда ғолиб жамоа аниқланмаганди. Дуранглар фоизининг ошиб кетганида, «Валенсия»нинг улуши катта: 31-турга қадар нақ 16та ўйинда 1та очко олиш билан чекланишди. «Валенсия» - Европанинг кучли 5та чемпионати иштирокчилари орасида энг дурангсевар жамоа.

«А» серия - Италия чемпионати юқори дивизиони

Мезбон жамоалар ғалабаси: 43,5 фоиз

Меҳмон жамоалар ғалабаси: 28,5 фоиз

Дуранг: 28 фоиз

Энг кўп дуранг қайд этган жамоа: «Фиорентина» (15та)

Энг кам дуранг қайд этган жамоа: «Ювентус» (3та)

Таҳлил кўрсатяптики, Испания ва Италия чемпионатлари ўртасида ўхшаш жиҳатлар бир талай. Ушбу биринчиликларда натижалар тақсимоти деярли бир хил. Мезбон жамоалар ғалабаси билан якунланган ўйинлар  меҳмонлар қўли баланд келган учрашувларга нисбатан чамаси 15 фоиз кўпдир. 28 фоиз баҳсда эса кучли томон аниқланмаяпти. Бу ўртача ҳисобда айтганда, ҳар бир турда деярли 3та дуранг қайд этилаётганини англатади. Умуман, «А» сериясини дурангсевар лига сифатида тилга олиш мумкин. Чунончи, Италияда охирги 5 йилдан буён дуранглар миқдори 25 фоиздан пастга тушаётгани йўқ.

Бундеслига - Германия чемпионати юқори дивизиони

Мезбон жамоалар ғалабаси: 45,2 фоиз

Меҳмон жамоалар ғалабаси: 31 фоиз

Дуранг: 23,8 фоиз

Энг кўп дуранг қайд этган жамоалар: «Хоффенхайм», «Фрайбург» (11тадан)

Энг кам дуранг қайд этган жамоа: «Байер» (3та)

Муросасизлик кўрсаткичи бўйича Англия Премьер-Лигасига энг яқини айнан Бундеслигадир. Тўғри, худди инглизларда бўлгани каби немисларда ҳам дуранглар сони шу мавсум камайди. Одатда Бундеслиганинг 25-27 фоиз учрашувида ғолиб клуб аниқланмай қоларди. Шунингдек, Германияда меҳмонлар ҳисобидаги ғалабалар фоизи баландроқ. Яъни Италия ва Испания чемпионатлари билан солиштирсак, шундай, аммо немислар ҳам бу борада инглизларга етолмаяптилар.

Лига 1 - Франция чемпионати юқори дивизиони

Мезбон жамоалар ғалабаси: 42,6 фоиз

Меҳмон жамоалар ғалабаси: 28,2 фоиз

Дуранг: 29,2 фоиз

Энг кўп дуранг қайд этган жамоалар:  «Реймс», «Анже» (14тадан)

Энг кам дуранг қайд этган жамоа: «ПСЖ» (3та)

Франция олий дивизионида дуранглар миқдори меҳмон жамоалар ғалабасидан кўпроқ. Бир қарашда, Примеро, «А» серия ва Лига 1 натижалар тузилмаси бобида бир-бирига ўхшаш. Дарвоқе, ўйинларнинг якуний натижаси таҳлилидан муайян чемпионат доирасидаги ўйинлар ҳисобини башорат қилишда қўшимча фактор сифатида фойдаланиш мумкин. Зеро, ҳар бир турнирда ўзининг ички муҳити ва таомиллари борки, улар натижалар картасида ҳам кўзга ташланади.

РПЛ - Россия чемпионати юқори дивизиони

Мезбон жамоалар ғалабаси: 42,6 фоиз

Меҳмон жамоалар ғалабаси: 30 фоиз

Дуранг: 28,4 фоиз

Энг кўп дуранг қайд этган жамоа: «Рубин» (12та)

Энг кам дуранг қайд этган жамоалар: «Зенит», «Крилья Советов» (3тадан)

РПЛ натижалар тақсимоти масаласида Испания Примероси, Италия «А» серияси ва Франция элит лигаси билан бир қаторда. Оддий айтганда, рус диёрида ҳам дуранглар миқдори кўп ва бу борадаги кўрсаткич анча барқарор: мавсум-2017Ғ2018 - 27,9 фоиз, мавсум-2016Ғ2017 - 27,1 фоиз, мавсум-2015Ғ2016 - 27,9 фоиз. Диққатга сазовор томони, Россия чемпионати меҳмон жамоалар ғалабалари сони бўйича ҳаттоки, Италия, Испания ва Франция лигаларидан ҳам олдинда. Албатта, бу ижобий аломат. Ҳар ҳолда, муайян чемпионатга баҳо беришда одатда «мезбон-меҳмон» муносабатига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

ЎРТАГА

- Англияда жорий мавсум дуранглар сони феноменал даражада камайди. Ўтган чемпионат кўрсаткичлари билан таққосласак, ғолиб жамоа аниқланмай қолган ўйинлар сони 8 фоиз камайди. АПЛ айни шу жиҳатда қолган биринчиликлардан яққол ажралиб турибди. Бошқа кўрсаткичлар масаласида Англия элит дивизиони ва қолганлар ўртасида катта фарқ йўқ.

Натижалар тақсимоти

 

 

 

Чемпионатлар

Мезбонлар

ғалабаси

Дуранг

Меҳмонлар

ғалабаси

Англия (АПЛ)

48,8 фоиз

17,9фоиз

33,3 фоиз

Испания (Ла-лига)

42 фоиз

30 фоиз

28 фоиз

Италия («А» серия)

43,5 фоиз

28 фоиз

28,5 фоиз

Германия

(Бундеслига)

45,2 фоиз

23,8 фоиз

31 фоиз

Франция (Лига 1)

42,6 фоиз

29,2 фоиз

28,2 фоиз

Россия (РПЛ)

42,6 фоиз

28,4 фоиз

30 фоиз

- АПЛ дуранглар сони рекорд даражада камлиги боис, ҳам мезбонлар, ҳам меҳмонлар ғалабаси  миқдори бўйича топ-чемпионатлар орасида етакчилик қилмоқда.

- Испания, Италия, Германия, Франция ва Россия чемпионларида мезбон клублар ғалабаси деярли тенг - 42-45,2 фоиз. Яъни 5та лига ўртасидаги фарқ атиги 3,2 фоизга тенг. Агар улар орасидан Бундеслигани четга суриб турсак, қолган 4та биринчикдаги кўрсаткич 42-43,5 фоиз атрофида. Демакки, майдон эгалари ғалабалари ўртасидаги фарқ атиги 1,5 фоиз, холос.

- Испания, Италия, Германия, Франция ва Россия чемпионатларида меҳмон жамоалар ғалабаси 28-31 фоизни ташкил қилмоқда. Фарқ - 3 фоиз. Агар Германия чемпионатини ҳисобга олмасак, Примеро, «А» серия, Лига 1 ва РПЛга тегишли кўрсаткичлар фарқи 2 фоизга тушади. Россия лигасини ҳам четга суриб айтсак, Испания, Италия ва Францияда меҳмонлар ғалабаси деярли тенг - 28-28,5 фоиз.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz