Қайднома

Қидирув

Уго – уста пенальтитўсар

Уго – уста пенальтитўсар

  18.04.2019 01:45
  0
  375
Уго – уста пенальтитўсар

«ТОТТЕНХЭМ» ДАРВОЗАБОНИ УГО ЛЬОРИС ВА ПЕНАЛЬТИЛАР. Франциялик фахрий голкипер охирги 2 ой ичида Жейми Варди, Пьер-Эмерик Обамеянг ва Серхио Агуэро каби ас ҳужумчиларга қарши «дуэл»га киришиб, барчасида ғалаба қозонди. Яъни уларнинг 11 метрли жарима нуқтасидан йўллаган зарбаларини бартараф этишга муваффақ бўлди.

Европа Чемпионлар Лига чорак финалидан ўрин олган «Манчестер Сити»га қарши ўйин «Тоттенхэм» учун ғоят аламли бошланди: 11-дақиқада «шаҳарликлар» ҳеч нарсадан даъво қилмай, бурчак тўпини амалга оширишган бир паллада бош ҳакам Бьорн Куйперс кутилмаганда, майдон чети томон югурди - видеотакрорга назар солиш учун. Кейин Раҳим Стерлингнинг зарбасидан сўнг тўп ҳимоячи Дэнни Роузнинг қўлига текканини кўриб, 11 метрли нуқтага ишора қилди. Хуллас, VAR аралашувидан кейин белгиланган пенальти Уго Льорис учун яна бир бора ўзини кўрсатиш имконияти бўлиб чиқди.

 

Кўринишидан, Куйперс ва унинг видеоассистентлари бу ҳолатда УЕФА қўлланмаси асосида қарор қабул қилишди. Европа футбол ташкилотининг ҳакамлик масалалари бўйича катта офицери Роберто Розетти январь ойида барчасини жуда яхши тушунтирганди:«Пенальти белгилаш масаласида қўл ҳолати асосий мезон ҳисобланади. Агар футболчининг қўли елкадан баланд кўтарилган ёки гавдага нисбатан етарли масофада ёйилган бўлса - бу пенальти. Футболчининг зарба йўлини тўсиш мақсадида қўли ёрдамида гавдасини кенгайтиришга уриниши ҳам қоидага хилоф».

Хуллас, Куйперс пенальти белгилагач, тўп олдига Серхио Агуэро яқинлашди. Бироқ Уго Льорис қойилмақом даражада ташланиб, ҳисоб очилишига йўл қўймади. Кўринишидан, француз кипери аргентиналик ҳужумчининг 11 метрли жарима зарбасини қандай ижро этишини яхшилаб ўрганиб чиққан, шекилли. Рақамлар билан айтсак, Серхио мавсум-2017|2018дан буён жами 14 марта пенальти тепган бўлса, шундан 10тасида тўпни дарвозабоннинг чап томонига йўллаган. У бу сафар ҳам чап бурчакни нишонга олди ва Угонинг навбатдаги «ўлжа»сига айланди.

Диққатга сазовор жиҳати шуки, Агуэронинг пенальти нуқтасидан чап томонга йўллаган аввалги барча зарбалари самарали чиққанди. Демак, Льорис унинг бу борадаги бехато сериясига чек қўйди. Шунингдек, Агуэро 2006 йил, яъни Европага келганидан буён бирор киперга 2та «дуэл»да ютқазмаганди. Льорис бу борада ҳам биринчи бўлди. «Тоттенхэм» дарвозабони 2014 йилнинг октябрь ойида ҳам аргентиналик ҳужумчининг 11 метрли зарбасини бартараф этганди (АПЛ доирасидаги учрашувда).

Умуман, Льориснинг пенальти тўсиш бобидаги статистикаси идеал даражада яхши эмас: у 81та «дуэл»дан 14тасида устун келиб, 67тасида ожиз қолган. Боз устига, француз футболчиси жорий мавсумнинг биринчи ярмида кетма-кет 5та пенальтида жамоасига ёрдам беролмаганди (Европа Миллатлар лигасида - 2 бора, АПЛда - 3 бора).

2019 йилга келиб, Льорис бирданига кучли пенальтишуносга айланди-қўйди. У аввалига 10 февраль куни «Лестер»га қарши кечган баҳс (3:1)да Жейми Вардидан устун келди.

2 март кунига келиб, энди Пьер-Эмерик Обамеянг франциялик кипер қаршисида мулзам қолди. Льорис бу сафар ўйиннинг 90-дақиқасида «Арсенал» ҳужумчиси зарбасини тўсиб, «Тоттенхэм»ни муқаррар мағлубиятдан қутқариб қолди (1:1) ва «Лондон дербиси» қаҳрамонига айланди.

Кўпчилик Угонинг тўпга ташланишдан олдин одатдагидан кўпроқ тин олишига  эътибор қаратгандир. Французнинг ўзи ташланиш техникасини оддий изоҳлайди: «Ҳаммаси тўп тепувчи рақибга боғлиқ. Айримлар дарвозабоннинг кичик бир ҳаракатини кутишади ва тўпни қайси бурчакка йўналтиришни энг сўнгги лаҳзада ҳал қилишади. Одатда рақибнинг бир тўхтамга келишини имкон борича ортга суришга ҳаракат қиламан. Лекин бунда энг мураккаби - барчасига максимал даражада оддий қараш. Бу борада алоҳида мақтанишга муносиб голкиперлар бор, мен эса рақибни унчалик яхши «назорат» қилолмайман».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz