Қайднома

Қидирув

СУПЕРЛИГА-2019 ҚАНДАЙ ЎТЯПТИ?

СУПЕРЛИГА-2019 ҚАНДАЙ ЎТЯПТИ?

  19.04.2019 08:06
  0
  640
СУПЕРЛИГА-2019 ҚАНДАЙ ЎТЯПТИ?

Ташкил топганида катта умидлар боғлаганимиз Суперлига ушбу мавсумдан олдинги форматига қайтди. Фикримизча, 14та жамоа ўрнига 16та жамоа иштирок этгани ҳам маъқул эди. Майли, миллий кубок ва Осиё Чемпионлар Лигаси, халқаро ўртоқлик ўйинлари туфайли етакчи футбочиларнинг ўйин темпи ушлаб турилади, маҳорати янада чархлаб борилади. Суперлиганинг янги формати фонида футболчилар ҳам ўзларининг ривожланиш палласига кирадилар. Чемпионат бошланишидан олдин учраган айрим ноаниқ ва нохуш ҳолатлар тезда унутилиб, мухлис ва мутахассислар фақат майдонда бўлаётган кескинликларни муҳокама қиладилар. Қуйида бир футбол бўйича ҳаваскор таҳлилчи ва оддий мухлис сифатида кўрган-билганларимизнинг айримлари ҳақида гапирсак, баъзи хулоса ва мулоҳазаларни эътиборингизга туҳфа этсак.

 

Дебютантлар мотивацияси: «Сурхон» кучлими ёки «Динамо»?

«Сурхон» ва «Динамо»нинг ҳаракатларини кузата туриб, жорий мавсум Англия Премьер-лигасида «португал диаспораси» дея ном олган «Вулверхэмптон» кўз олдимизга келди. Бу жамоа ҳам 2018|2019 йилги чемпионатга Англия Чемпионшипидан чиқиб келди ва кучли олтиликка кириш учун астойдил уриниб кўрди. «Сурхон» ҳам дастлабки уч турда гранд жамоалар билан учрашмаганлиги боис, 7 очко жамғарди. Самарқанд шаҳри жамоасида ҳам худди шундай.

Лекин ҳар икки жамоанинг молиявий-ташкилий ҳолатида катта фарқ бор. «Сурхон» Суперлигадан жой олишини сезган ҳолда тайёргарлик кўрган бўлса, «Динамо» биринчи даврада очколар жамғаришига қараб унинг кейинги истиқболи маълум бўлади.

Термиз жамоасининг Жиззахда кўрсатган кучли ўйини уни ўртамиёналар орасида бўлишга рози эмаслигидан далолат беради. Шавкат Саломов, Асилбек Омонов, Шерзод Каримов, Шерзод Ҳакимов каби футболчилар билан «Сурхон» ўта рақобатбардош жамоа бўла олади. Самарқанд шаҳри жамоаси Ботирали Эргашев тимсолида жамоа учун ўта муҳим фигурага эга бўлди. Воҳид Шодиев ва Амиржон Сафаров каби икки хил манерадаги ҳужумчилар «Динамо»га қай тарзда фойда келтиришини кўрамиз. Амиржон Сафаров «Динамо» порлаган мавсум стартида ҳам ўзини ҳар томонлама кўрсата олганди.

 

«Пахтакор» ҚайтмоҚда!

«Ал-Садд» билан ўйин ёмғирли ҳавода ўтган бўлса ҳам, стадионга 32 мингдан ортиқ мухлис келди. Бунга сабаб, бир тарафдан рақиб жамоа сафида Хави ва Габининг келганлиги бўлиши мумкин, лекин аслида жамоа ҳар икки фронтда мағлубитясиз йўлга тушиб олди. Шота Арвеладзе жамоаси ўта рақобатбардош кўриниш олди. Жамоа асосий таркибига киришда Жавоҳир Сиддиқовнинг имконияти юқори баҳоланмаётган бир пайтда... Жамоадан бир футболчини ажратиб кўрсатиш лозим бўлса, биз Жалолиддин Машариповни ажратиб кўрсатмоқчимиз. Унинг қанотда кўрсатаётган ўйини фақат мақтовга лойиқ.

 

«Бунёдкор» нечанчи ўринда бўлади?

Вадим Абрамов жамоаси сўнгги 2 турда ғалаба қозониб, ҳали уни ҳисобдан чиқаришга эрта эканлигига ишора қилди. Футболдаги мақсадлари улкан ёшлардан иборат бу жамоа ҳали кўпларга бошоғриқ бўлади. Бош мураббий «Бунёдкор» таклифини қабул қилганда ўзбек футболида унинг сингари характерли мураббий йўқлигини ва мураккаб шароитда ишлашга ҳали ҳам кўникмалари борлигини исботламоқчи бўлган.

20 апрель куни жамоанинг собиқ бош мураббийи Миржалол Қосимов бошчилигидаги АГМК меҳмони бўладиган «Бунёдкор» бу ўйинга руҳан тайёр бўлса керак. Улардан фақат рақиб прессингига дош бериш ва қарши ҳужумларда ўткирроқ бўлиш талаб этилади. Мурод Зуҳуровнинг катта тажрибаси, Дилшод Аҳмадалиевнинг кучли характерли ўйини, Хуршид Ғиёсовнинг пенальтиларни бехато ижро этиши - бу жамоанинг фишкаси!

Саволга жавоб бериб ўтадиган бўлсак, «Бунёдкор» чемпионат якунида кучли бешликдан жой олади!

 

«Локомотив» чемпионлик учун курашадими?

Сўнгги мавсумларнинг чемпиони «Локомотив» ОЧЛ ва Суперлигада «оғиркарвон» старт олди. Анзур Исмоилов бошчилигидаги ҳимоя, ярим ҳимоядаги Искандеров типажи, Арслонмурот Амановдан кўпроқ чемпионат ўйинларида фойдаланиш режаси - бу биринчи давра учун «Локо» тузган режа бўлса керак. Темурхўжа Абдухолиқов ҳам яхши старт олди. Унга янада кўпроқ гол уриш учун бироз вақт керак. «Локо» янгидан шаклланаётган жамоа сифатида гавдаланмоқда. Аслида, бу - алдамчи таассуротдир.

Жамшид Искандеровнинг нега «Пахтакор»дан бу жамоага ўтганлиги, Игорь Йеличнинг гол ура олиши каби саволлар ўз-ўзидан риторик хусусиятга эга. Жамоанинг апрель ойида «Бухоро» ва «Қизилқум» билан ўйинларида жамоа ўз ҳимояси мустаҳкамлигини бошқача тактикалар билан текшириб олиши керак. Чунки жамоа май ойида ҳам ОЧЛ гуруҳ босқичини якунлайди, ҳам чемпионат биринчи давраси учун энг мураккаб рақиблари («Металлург», «Бунёдкор» ва «Насаф») билан баҳсларда фақат 3 очко олиши керак.

 

Водий футболи нуфузи...

Ўтган мавсум «Нефтчи» Суперлигадан тушиб кетган бўлса ҳам, тез орада «Андижон»нинг элитага қайтгани нишонланди. Жамоа ҳозирча Суперлигада ғалаба қозона олмади. Унинг ҳолати ҳатто қўқонликларникидан ҳам мураккаб десак адашмаган бўламиз. «Насаф» ва «Сурхон»га қарши ўйиларда жамоа ғалаба қозонмаса бўлмайди. Ўтган йили «Сурхон» - «Андижон» баҳси ўта қўпол тарзда ўтганлиги, ўйиннинг жангга (борича айтяпмиз!) айланиб кетганлиги сир эмас. Демак, Термизга бўладиган ташриф жамоанинг руҳий ҳолатини ҳам текшириб беради.

«Навбаҳор» жорий мавсум учун 1-ғалабаси билан турнир жадвали сўнгги ўрнидан кўтарила олди. Жамоадан дарвозабон Ботирали Эргашевнинг кетгани, ҳимоя чизиғида рақобатнинг сезилмаётгани ва бошқа сабаблар боис жамоа шу аҳволда.

Қўқон шаҳри жамоаси 3 майда «Локо»га рўпара бўлгунича сафарда «Қизилқум» ва «Металлург» билан ўйнайди. Нўъмон Ҳасановдан ирода кўрсатиш талаб этилади.

 

Томошабинлар билан ишлаш

Суперлига ғояси ўртага ташланганда, биринчи навбатда томошабинлар ташрифи инобатга олинган, албатта. 25та ўйинга ташриф буюрган 170180 томошабин Суперлиганинг келажагига ва қизиқарлигига ишонгани аниқ. Лекин Суперлига Хоразм, Сирдарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасини қамраб олмагани унинг бутун мамлакат бўйлаб тарқалганлиги фактига бироз соя солади, албатта. Тўғри, Про-лига бутун Ўзбекистон минтақаларини қамраб олиш учун ишлаб чиқилган турнир. Лекин унда ҳали кўплаб ислоҳотлар қилиниши кераклиги кўриниб турибди. Айниқса, унинг ҳам турли табақаларга бўлинганлиги футболимиз ўсиши учун эмас, балки орқага кетиб қолишига сабаб бўладигандек туюлмоқда.

Ўйин вақтининг кечга сурилганлиги, асосан дам олиш кунларига белгиланганлиги, телетрансляцияларнинг ҳар бир ўйинни қамраб олишга улгураётганлиги - бу Суперлиганинг яққол ютуқларидан. Яқин орада Рамзон ойи келишини инобатга олсак, клублар ва ПФЛ олдидаги вазифалар ҳам кўпаяди. Мухлисларга шароит яратиш борасида маркетинг ишларини янада такомиллаштириш устида тинмай иш олиб борилаётганлиги ҳам рост.

 

Ҳакамлар

Суперлигамизнинг бу мавсумида ҳам хориждан ҳакамлар ташрифини кўпайтириш лозим. Айниқса, қатарлик ва иорданиялик ҳакамларни ҳам чақириб кўриш зарар қилмайди. Буни тажриба алмашиш дея эътироф этган бўлардик. Бунақанги тажриба Осиё ва Шимолий Америка миқёсида қўллаб турилади. Бизнингча, хорижлик ҳакамларни ўртамиёна клублар ўртасидаги баҳсларга қўйиш керак. Тотализаторга қўйилган ўйинлар важи бўйича керакли клублар ўйинлари яна бир синовдан ўтказиб олинармиди? Қайси клублар учун хорижлик ҳакамларни олиб келиш ЎФА Ҳакамлар департаменти олдидаги муҳим вазифа сифатида қўйилса, мантиқан тўғри бўлади.

 

Айрим эътиборли фактлар (1-4-турлар бўйича)

Энг кўп огоҳлантириш олган футболчилар: 3та - Ҳакимхон Аъламхонов («Динамо»), Элёр Орипов («Динамо»)

Энг кўп гол урган ҳужумчилар - Зафар Полвонов (АГМК, 5та гол), Драган Черан («Пахтакор», 3та гол, 1 пенальти)

Энг кўп гол урган ярим ҳимоячилар - Шерзод Ҳакимов («Сурхон», 3та гол)

Энг кўп гол урган ҳимоячи - Дилшод Жўраев (АГМК, 3та гол, 2та пенальти)

Легионер дарвозабонлар: Евгений Черемисин («Қизилқум»), Милан Митрович («Сўғдиёна»), Боян Кнежевич («Қўқон-1912»)

Фаррйх ФАЙЗИЕВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz