Қайднома

Қидирув

Евротур: «УЛОҚ»НИ КИМ ОЛАДИ?

Евротур: «УЛОҚ»НИ КИМ ОЛАДИ?

  19.04.2019 03:59
  0
  484
Евротур: «УЛОҚ»НИ КИМ ОЛАДИ?

Машаққатли мавсумнинг ҳал қилувчи чорагида топ-бешликнинг 3тасида пешқадамлар омадсизликка учрашди. Аниқроғи, тежамкорликка зўр беришди. Аммо АПЛ ва Бундеслига етакчилари бу турни масъулиятни тўла ҳис этган ҳолда ўтказишди.

 

Англия. «Сити»ми ё «Ливерпуль»?

АПЛнинг 34-туридан кейин чемпионлик масаласи янада кескинлашди. Чунки марра яқин, хатони тузатиш имконияти эса тур сайин камайиб бориши барчага маълум. Шу боис, Лондонда «Кристал Пэлас» меҳмони бўлган «Манчестер Сити» майдонга фақат ғалаба илинжида тушгани аниқ. Баҳснинг меҳмонлар фаоллиги билан бошлангани буни яққол исботлайди. Ана шу фаоллик 15-дақиқада ҳисобнинг очилишини таъминлади. Уни Раҳим Стерлинг амалга оширди. Мезбонлар мувозанатни тиклашга уриниб кўришган бўлсада, рақиб бунга йўл қўймади.

Иккинчи бўлим ҳам «Сити»нинг устунлигида ўтди. Бўлим ўрталарида Раҳим «дубл»га эришиб, фарқни оширди. Миливоевич жавоб тўпини киритганида ўйин ниҳоясига яқинлашиб қолганди. Агуэро ўрнига майдонга тушган Жезуснинг голи 3 очко тақдирини узил-кесил ҳал қилди - 1:3.

«Сити» билан изма-из бораётган «Ливерпуль» эса «Энфилд»да етакчи тўртликка интилаётган «Челси»ни қабул қилди. Табиийки, очколар меҳмонларга ҳам жуда зарур эди. Боз устига, улар сўнгги йилларда «Энфилд»да майдон эгаларига қарши муваффақиятли тўп суришаётганди. Хуллас, беллашув томонларнинг навбатма-навбат ҳужум уюштиришлари билан бошланди. Аммо танафусгача ҳисоб очилмади.

Юрген Клопп ўз шогирдларига қандай кўрсатмалар берганидан бехабармиз. Лекин «қизиллар» иккинчи бўлимни ўта шиддатли бошлашди. Натижада 3 дақиқа ичида меҳмонлар дарвозаси икки марта забт этилди: аввалига Садио Мане ажойиб комбинацияни самарали якунлади, кейин Муҳаммад Салоҳ олис масофадан кучли зарба йўллади. Мазкур гол мавсумнинг энг чиройли голи унвонига лойиқ топилса, ажабланмаймиз. Шундан кейин меҳмонлар ҳам вазиятни ўнглаш учун ҳаракат қилиб кўришди, ўйинчилар алмашди. Лекин ҳисобни ўзгартира олишмади. Шу тариқа «Ливерпуль» яна етакчиликни ўз тасарруфига олди.

Шанба оқшомида «Хаддерсфилд»ни қабул қилган «Тоттенхэм» янги стадиондаги илк йирик (4:0) ғалабасини расмийлаштирди. «Шпорлар»нинг асосий таъқибчиларидан бири бўлмиш «МЮ» Лондоннинг яна бир вакили - «Вест Хэм»ни катта қийинчилик билан маҳв этди - 2:1. Турнинг якуний - «Уотфорд» - «Арсенал» баҳси меҳмонларнинг кичик ҳисобдаги (1:0) устунлиги билан тугади.

Испания. Сих ҳам куймади, кабоб ҳам

ЕЧЛ ярим финали йўлланмасини берувчи муҳим жавоб учрашуви арафасида Ла Лига пешқадами етакчи ўйинчиларига дам беришни лозим топди. Шу боис, жамоа Уэска сафаридан қуруқ қайтишга мажбур бўлди. Тўғри, яққол аутсайдер билан нурсиз дурангга имзо чекиш бир оёғи шоҳсупада турган амалдаги чемпион учун мақбул натижа эмас. Лекин Вальверде шогирдларини олдинда ўта жиддий синов - «МЮ»га қарши баҳс кутиб турганлигини унутмаслик керак. Ёдингизда бўлса, аввалги босқични 0:2 ҳисобидаги мағлубият билан бошлаган манкунианлар Париждан якуний ғалаба (3:1) билан қайтишганди. Шу боис, каталонияликлар сафардаги муваффақиятга (1:0) алданиб қолмаслик учун пухта ҳозирлик кўришга қарор қилишган бўлса, ажабмас.

Шу куни «Атлетико» Мадридда «Сельта» дарвозасига иккита жавобсиз гол уриб, ўз мавқеини мустаҳкамлаб олди. Тўғри, «Барса»нинг очко йўқотиши ўртадаги фарқ­нинг бироз қисқаришини таъминлаган бўлсада, «матрасчилар» учун кумуш медаллар ҳам муваффақият ҳисобланади.«Реал» эса турнинг сўнгги беллашувида «Леганес» билан очколарни бўлишиб олди. Оқибатда Мадриднинг икки вакили ўртасидаги фарқ 4 очкога етди.

Ниҳоят, ўз майдонида «Бетис» устидан ғалабага (3:2) эришган «Севилья» Вальядолидда жанговар дуранг (2:2) билан кифояланган «Хетафе» ўрнига кўтарилиб олди.

Германия. Учлик олисламоҚда

Маррага бор-йўғи 5 қадам қолганида Бундеслига етакчилари навбатдаги ғалабаларини нишонладилар. Жумладан, «Бавария» сафарда «Фортуна»ни йирик (4:1) ҳисобда таслим этиб, энг яқин таъқибчисининг умидини пучга чиқарди. Эътиборлиси, Команнинг биринчи бўлимдаги «дубл»и ўйин тақдирини деярли ҳал қилиб қўйди. Гнабрининг аниқ зарбаси эса ҳисобни йирик кўринишга олиб келди. Тўғри, мезбонлар 89-дақиқада пенальти эвазига жавоб тўпини киритишди. Лекин захирадан майдонга тушган Горецка қўшимча вақтнинг иккинчи дақиқасида рақибларини яна бир марта ранжитди - 4:1.

2-поғонани банд этган «Боруссия Д» бир кун аввал ўз майдонида «Майнц»дан қимматли 3 очкони тортиб олди. Лекин зафар осонликча қўлга киритилмади. Қизиғи шундаки, етакчи мерганлар ўзини кўрсата олмаётган мураккаб паллада ёшлар ишончни оқлашди. Яъни, атиги 7 дақиқа ичида «дубл»га эришган Жейдон Санчонинг голлари ғалабани таъминлади - меҳмонлар сўнгги дақиқаларда жавоб тўпини киритишга улгуришди. Лекин мағлубиятдан қутулиб қолишнинг иложи бўлмади. Муҳими, жамоа аввалги турдаги қақшатқич мағлубиятдан тегишли хулоса чиқара олганини исботлади. Айниқса, Роман Бюрки ишончли ҳаракатланди. Швейцариялик дарвозабон ўйин давомида 9та сэйвни намойиш этди. Бу жорий мавсумдаги энг юқори кўрсаткичдир.

Совриндорлар сафига кўтарилиб олган «РБ Лейпциг» ҳам ўз уйида ишончли тўп суриб, еврокубок ҳудудидан умидини узмаган «Вольфсбург» дарвозасига 2та жавобсиз гол урди. Шу тариқа жамоанинг мағлубиятсиз серияси 11тага етди.

Етакчи учликка интилаётган «Айнтрахт» кутилмаганда «Аугсбург»га ўз майдонида имкониятни бой берди - 1:3. Оқибатда у билан «РБ Лейпциг» ўртасидаги тафовут 6 очкога етди.

Италия. Етакчилардан бир хил одимлар

«Скудетто»ни деярли нақд қилган «Ювентус» «Барселона»дан ибрат олган ҳолда СПАЛга қарши захира таркибни майдонга туширди. Натижада Феррарада мавсумдаги иккинчи мағлубиятини тан олди. Аслида беллашув меҳмонлар учун муваффақиятли бошланиб, 30-дақиқада Мойзе Кин ҳисобни очганди. Бироқ мезбонлар танаффусдан кейин чемпионни икки марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этишди.

Шу куни майдонга тушган «Рома» «Удинезе»ни, «Милан» эса «Лацио»ни ўз майдонида бир хил (1:0) ҳисобда мағлубиятга учратишди. Якшанба оқшомида «Наполи» билан «Интер» худди келишиб олгандек сафар беллашувларини 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунлашди. Неаполликлар «Кьево»дан, миланликлар эса «Фрозиноне»дан устун келишди.

«Аталанта» - «Эмполи» қарама-қаршилигида томонлар нурсиз (0:0) дурангга имзо чекдилар. Натижада мезбонлар 4-ўринга кўтарилиб олиш имкониятини бой беришди, тиш-тирноқлари билан элитада қолишга интилаётган меҳмонлар эса сафардан умидбахш очко билан қайтишди.

Франция. Чемпиондан ишонарли... маҒлубият

Биринчи Дивизионнинг 32-турида тасаввур қилиш қийин бўлган воқеа юз берди: «Лилль» майдонида 1:1 ҳисобида танаффусга йўл олган «ПСЖ» иккинчи бўлимда ўз дарвозасидан 4та гол ўтказиб юборди. Албатта, майдон текис, тўп думалоқ, футболда кутилмаган натижалар бўлиб туради. Аммо Париж грандига нима бўлди? Наҳотки у навбатдаги чемпионликни расмийлаштиришга ошиқмаётган бўлса? Ёки бу шармандалик 7-дақиқадаги автогол ва биринчи бўлимдаги четлатишнинг оқибатими? Тушуниш қийин... Айниқса, жамоа 2016 йилнинг декабридан кейин илк бора шундай йирик ҳисобда мағлубиятга учраганини ҳисобга оладиган бўлсак. Ўшанда «ПСЖ» «Монпелье»га 3 тўп фарқи билан имкониятни бой берганди. Боз устига, Париж гранди янги асрда биринчи марта майдонни 1:5 ҳисобидаги шармандаликдан бош эгиб тарк этди. 2000 йилнинг 2 декабрида уни ранжитган «Седан» ҳозирда 4-дивизионда тўп сурмоқда.

Учинчи ўринда бораётган «Лион» Нантдан мағлубият (1:2) билан қайтди. Уни таъқиб қилаётган «Сент-Этьен» ва «Марсель» ўз майдонларида «Бордо (3:0) ва «Ним» (2:1)дан устун келишди ва «Лилл»га яқинлашиб олишди.

Содиқжон РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz