Қайднома

Қидирув

Тибо КУРТУА: «ХОРИЖИЙ ТИЛЛАРНИ ЎРГАНИШНИ ЁҚТИРАМАН»

Тибо КУРТУА: «ХОРИЖИЙ ТИЛЛАРНИ ЎРГАНИШНИ ЁҚТИРАМАН»

  19.04.2019 09:01
  0
  535
Тибо КУРТУА: «ХОРИЖИЙ ТИЛЛАРНИ ЎРГАНИШНИ ЁҚТИРАМАН»

Бельгия терма жамоаси дарвозабони, бугунги кунда «Реал» шарафини ҳимоя қилаётган Тибо Куртуа El Transistor нашри учун интервью берди. Суҳбат чоғида у фаолияти ҳақида гапириб ўтди.

- Эрта ухламас экансиз. Испанча жадвалга кўникиб қолдингизми?

- Ҳа, ҳаммаси жойида. Боз устига фарзандларим уйда бўлишса, уларни овқатлантираман, чўмилтираман ва соат 21:00да ётқизаман. Кейин ўзим овқатланаман.

- Болаларингизнинг синфдошлари, уларнинг оталари «Реал» дарвозабони эканлигини билишадими?

- Ҳа. Синфида мени кўргани келмоқчи бўлган болалар ҳам бор. Шунингдек, мени майдонда кўриб, «Hala Madrid» демоқчиликларини айтишади.

- «Атлетико» ҳақидаги янгиликлар билан қизиқиб турасизми?

- Менга спорт ёқади, нашрларни ўқиб тураман, жумладан, «Атлетико» ҳақидагиларни ҳам. Шунингдек, Филипе ва Диеголар билан кўришиб турамиз ва янгиликлар алмашамиз.

- Лукасни танийсизми?

- Албатта. У билан яхши алоқадаман ва француз тилида гаплашамиз. У менинг давримда ҳам яхши эди. Ўз терма жамоаси билан бизга қарши жуда яхши ўйнаган ва мундиал финалида ўйнашимизга тўсқинлик қилган. У ажойиб марказий ҳимоячи. Жамоага янги келганимда, Лукас ва Коке эндигина филиалдан чиқишганди. Ҳозир ҳам «Атлетико»нинг айрим футболчилари билан яхши муносабатдаман. «Атлетико»даги давримни яхши хотиралар билан эслайман.

- Агар иқтидорли футболчи филиалдан асосий жамоага ўтса, уни келажакда нима кутаётганини ўшандаёқ билса бўладими?

- Футболчида нимадир борлиги билиниб туради. Ундайларда ўзига хос характер бўлади.

- Шунингдек, омад ҳам керак, шундаймасми?

- Ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, шу даражага чиқишимда «Генк» мураббийининг ҳиссаси катта. Клубдагилар тез ўсаётганимга шубҳа билан қарашган. Лекин мураббий менга ишонган.

- Лукаснинг «Бавария»га ўтиши сизни ажаблантирдими?

- Ҳайрон қолдим. Чунки «Атлетико» ҳам «Бавария» сингари ажойиб клуб.

- Россияга қарши ўйинда «қовун» туширдингиз...

- Россиялик футболчи тирсаги билан туртиб юборди. Лекин мен хато қилишни истамадим. Азар нимага майдонга йиқилмаганимни сўради. Мен эса ҳужумчи эмаслигим, бундай симуляцияларни билмаслигимни айтдим. Ўша вазиятда ўнг оёғим билан тўпни қайтаришим мумкин эди. Мураббий эса шундай ҳолатдан кейин ҳам бехато ўйнаб, катта руҳий босимни енгиб ўтганимни айтди. Ўз кучимга ишонаман.

- Испания матбуоти сизни яксон қилмоқчилигини айтгандингиз. Нима учун?

- Юқорида айтганимдек, спорт нашрларини ўқишни яхши кўраман. Аммо айрим ёзганлари мутлақо хақиқатга тўғри келмайди. Мен гаплашган журналист, ўз имконият даражамдан паст ўйнаганимни айтди. Менимча, матбуот ходимлари оддий нарсадан тортишувлар юзага келишини исташади. Мен ўйинлардан кейин бироз қизишган бўламан. Кийиниш хонасида яқинларимиз, матбуот нима дейишини мухокама қиламиз. Лекин жамоадошларим ва мураббийларнинг танқидларини тўғри қабул қиламан.

- Дарвозабонлар ҳам бошқа футболчилар каби жамоанинг барча маш­ғулотларида иштирок этишадими?

- Ҳаммаси мураббийга боғлиқ. Баъзида жамоа билан машғулотларнинг барчасини ўтаймиз. Баъзан эса 40-45 дақиқа кифоя қилади.

- Қай тарзда дарвозабон бўлгансиз?

- 5-6 ёшимда ота-онам каби волейбол ўйнардим. 7 ёшимда «Генк» менга қизиқиб, кўрикка чақирган. Аввалига чап қанот ҳимояда ўйнаганман. Лекин олдин волейбол билан шуғулланганим сабабли тўпни қайтариш учун йиқилиш рефлекси бор эди. Шунга бўлса керак, дарвозада ўйнай бошлаганман. 10 ёшимда эса ким бўлишимни сўрашган - дарвозабон ёки ўйинчи.

- «Аълочи» ўқувчи бўлганмисиз?

- Менимча, яхши ўқиганман, бу борада муаммо бўлмаган. Маркетинг­ни ўрганишни истайман. Балки буни бир-икки йилдан сўнг амалга оширарман. Муҳими - ўқишда давом этиш. Шунингдек, француз, инглиз ва испан тилларида бемалол гаплаша оламан. Немис, итальян ва португал тилларини эса оз-моз биламан. Менга хорижий тилларни ўрганиш ёқади.

- «Генк»да ҳаммаси тез рўй берганми?

- 16 ёшимда иккинчи жамоада ўйнашни бошлаганман. Лекин Янги йил байрами арафасида биринчи жамоага ўтказилганман. Апрель ойига келиб «Гент»га қарши муҳим учрашувда майдонга тушганман. Даст­лабки имкониятдан ажойиб тарзда фойдаланганман десам бўлади. Тўғри, кейинги йили ўйнамаганман. Лекин кейинчалик мураббий мени қўллаб турди. Биз эса чемпион бўлдик. Дастлабки профессионал шартномамни 18 ёшимда имзолаганман.

- «Челси»да ўйнашни орзу қилгандингиз, аммо «Атлетико»да ижарада тўп сурдингиз.

- «Челси» менга қизиқиб қолди. Лекин улар мени ижарага бермоқчи эканликларини билардим. Натижада «Атлетико»га йўл олдим. Ҳаммаси ўтиб кетди. Аммо ажойиб бўлган.

- Болаликдан «Реал» ишқибозимисиз?

- Менга Икер Касильяс ёққани боис, «Реал»нинг ўйинларини кузатиб борардим. Шунингдек, Эдвин Ван дер Сарнинг услуби ҳам ёқарди. Тўғри, болаликдан «Реал»нинг фанати бўлмаганман, лекин бефарқ ҳам эмасдим.

- «Атлетико» ва «Реал» бир-биридан катта фарқ қиладими?

- «Реал»да «Атлетико»га қараганда босим каттароқ. Жамоа мухлислари ҳам бироз талабчанлар. Бироқ бу ҳолат менга маъқул келади. «Бернабеу» ва «Кальдерон» стадионларини солиштириб бўлмайди. Лекин Вальдебебасни кўриб «Реал»нинг буюклигига ишонч ҳосил қиласиз. Бунақаси «Атлетико»да йўқ.

- «Реал»га ўтишдан олдин ким билан мулоқот қилгансиз?

- Ҳамма масалаларни агентим ҳал қилган. У менга барча маълумотларни етказиб турарди. Келишув деярли амалга ошганда хабар берган. Агар матбуотга қулоқ соладиган бўлсангиз, «Реал» ҳар йили 20дан ошиқ футболчини сотиб олади.

- Дарвозабонлар бир-бири билан дўстлашадими?

- Чех билан қалин дўстмиз. АПЛга ўтганимда у жуда катта ёрдам берган. Шунингдек, Кабальеро билан ҳам муносабатларимиз яхши. Бундан ташқари, Кейлор ҳам ажойиб инсон.

- «Реал»га ўтганингиздан афсусланмайсизми?

- Йўқ. Чунки Бу клубда ўйнашни ҳамиша орзу қилганман.

- Чемпионлар Лигасида қайси жамоа ғолиб чиқишини истардингиз?

- «Аякс».

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz