Қайднома

Қидирув

Жасур ЖАЛОЛИДДИНОВ: «ЖАМОАМГА ЁРДАМИМ ТЕГСА, ЎЗИМНИ БАХТИЁР СЕЗАМАН»

Жасур ЖАЛОЛИДДИНОВ: «ЖАМОАМГА ЁРДАМИМ ТЕГСА, ЎЗИМНИ БАХТИЁР СЕЗАМАН»

  20.04.2019 10:20
  0
  142
Жасур ЖАЛОЛИДДИНОВ: «ЖАМОАМГА ЁРДАМИМ ТЕГСА, ЎЗИМНИ БАХТИЁР СЕЗАМАН»

«Бунёдкор» мавсумни Вадим Абрамов бошчилигида бошлаганидан хабарингиз бор. Молиявий қийинчиликларни бошдан кечирган «қалдирғочлар» бир қатор етакчи футболчиларидан айрилишди. Абрамов эса имкониятидан келиб чиққан ҳолда таркибни шакллантирди. Ҳозирда жамоада клуб академияси тарбияланувчилари бўлган бир қатор ёшлар ўйнашмоқда. Улар орасида ҳали 17 ёшга тўлмаган Жасур Жалолиддинов ҳам бор. Ушбу футболчи «Навбаҳор» ва «Андижон» жамоаларига қарши кечган баҳсларда «Бунёдкор»га олти очко ҳадя қилди, десак муболаға бўлмас. Айнан Жасурнинг голлари эвазига Наманган ва Андижон жамоалари мағлуб этилди. Куни кеча мухбиримиз Жалолиддинов билан «Телеграм» ижтимоий тармоғи орқали суҳбат уюштирди.

 

- Жасур, ўзингиз ҳақингизда қисқача сўзлаб берсангиз...

- 2002 йилнинг 15 май куни Навоий шаҳрида туғилганман. Уйимиз яқинида стадион бўларди. У ерда болалар шуғулланишарди. 4-5 ёшимдан у ерга қатнай бошлаганман. Тенгқурларим бўлмагани боис 1999 йили туғилган болалар билан шуғулланардим. Хусусан, Ислом Кенжабоев билан бир жамоада бўлганмиз. Биринчи мураббийим Асрор Пирназаров бўлган. Ушбу инсон қўлидан келган барчасини бизга ўргатган.

- «Бунёдкор»га келиб қолишингиз қандай юз берган?

- Навоий БЎСМ таркибида Самарқанддаги Республика мусобақасига борганмиз. Ўша ерда ҳозирда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига устозлик қилаётган Отабек Ғуломхўжаев бошчилигидаги «Бунёдкор-2002» жамоасига қарши баҳс олиб борганмиз. Ўйиндан сўнг Отабек ака «Бунёдкор»га келишимни маслаҳат берган. Бу ерга келганимда 2002 йилда туғилган болалар жамоасига Сергей Чигатаев устозлик қиларди. У мени жамоада олиб қолган. Шу тариқа «Бунёдкор» академиясидаги фаолиятимни бошлаганман.

Жамога келганимдан кейин Достон Ҳамдамов, Акром Комилов, Рустам Ашурматов каби футболчилар билан бирга бўлганман. У пайтда жуда кичкина эдим. Шу боис ҳам улар худди ўз укаларидек муносабатда бўлишарди.

Шу ўринда катта футболга қадам қўйишимда хизматлари синган Сергей Чигатаевга катта миннатдорчилик билдираман. Раҳматли Акмал Рисқуллаев ҳам мураббийим бўлганлар. У киши Чигатаевга ёрдамчи мураббий бўлиб келганлар. Ўша пайтда бизнинг ёшимиздаги жамоалар орасида Ўзбекистонда етакчи эдик. Мамлакатимизда етакчи бўлган «Пахтакор» ва «Насаф» академиялари жамоалари ҳам бизга тенг кела олмасди. Хориждаги мусобақаларга бориб, нималарга қодир эканлигимизни кўрсатишга ҳаракат қилардик. Малайзиядаги турнирда Франциянинг «ПСЖ» клубига қарши ўйнаганмиз. Улар бизни дастлаб менсишмаган. Парижликлар билан «плей-офф» босқичида тўқнаш келганмиз. Ўйиндан олдин Акмал ака билан Сергей Андреевич жуда таъсирли гапларни айтишган. «Улар ҳозир харитадан Ўзбекистонни топа олишмайди. Агар бугун ғалаба қозонсак, қидириб қолишади», дейишган. Ўйинда 0:1 ҳисобида ортда бораётганимизда жарима зарбасидан гол уриб, ҳисобни тенглаштирганман. Кейин пенальтилар сериясида 10:9 ҳисобида ғалаба қозониб, ўзига хос тарих яратганмиз.

- Асосий таркибга қандай кириб келдингиз?

- Ўтган йили ёшлар жамоасида ўйнадим. Таркибга мавсум ўрталарида қўшилдим. Аниқроғи, 16 ёшга тўлганимдан кейин. Умуман олганда, 16 ёшга тўлмаганларнинг ёшлар жамоасида ўйнаши мумкин эмас экан. Шу боис ҳам аввалига ўйинларда майдонга тушмасамда, жамоа билан маш­ғулотларда қатнашиб юрдим. 15 май куни 16га тўлганимдан кейин ўйнашни бошладим. Биринчи ўйиним «Пахтакор»га қарши кечди. Ўша учрашувда 30 дақиқа ўйнадим. Кейинги ўйиндан сўнг эса Миржалол Қосимов асосий таркибга жалб этди. Шундай инсон қўл остида ўйнаш мен учун фахр бўлган. Гарчи майдонга тушмасамда, асосий таркиб билан доим бирга юрардим. Захирада ўтириб бўлсада, «асосий»нинг ҳавосидан баҳра олганман. Спорт формасида бўлиш учун эса ёшлар жамоаси таркибида тўлиқ иштирок этардим. Асосий таркибда эса бир марта саккиз дақиқа ўйнаганман. Бунинг учун Миржалол Қосимовга миннатдорчилик билдираман.

- Жорий мавсумда асосий таркибга қай тарзда киритилдингиз?

- Ўзингизга маълум, жамоамизни Вадим Абрамов қабул қилиб олди. У иш бошлаган пайтда жамоада 40-50 нафар футболчи бор эди. Абрамов улар орасидан ўзи хоҳлаган футболчиларни саралаб олди. Мавсумолди йиғинлардаги назорат учрашувларида Вадим Карленович асосий таркибда майдонга туширди. Аммо расмий ўйинларда ҳам «асосий»да тушишимни хаёлимга келтирмагандим. Мураббийнинг ишончини оқлаш учун қўлимдан келганча ҳаракат қиламан.

- 17 ёшга тўлмасдан катта футболда довруғ қозонаман, деб ўйлаганмидингиз?

- Бунақа бўлади, деб ўйламаганман. Болалигимда 18-19 ёшимда ўйнаб кетишим керак, деб ўз устимда ишлашни канда қилмасдим. Агар шу ёшда ўзимни кўрсата олмасам, кейинчалик қийин бўлади, деб ҳисоблардим.

- Кетма-кет икки ўйинда жамоангизга 3 очко олиб келган голларингиз ҳақида...

- Тўғриси, мавсум аввалида гол уришим қийиндек туюлганди. Аммо ўйин пайтида фикрлар бошқача бўларкан. Биринчи голимни урганимда ҳиссиётлар умуман ўзгача бўлди. Иккинчи ўйинда чиройли гол уриб, жамоамга уч очко тортиқ қилганимдан жуда хурсандман. Умуман олганда, гол урибми, голга пас берибми, жамоамга ёрдамим тегса, мен учун муҳими шу. «Бунёдкор» мени едирди, ичирди, кийинтирди... Хуллас, «Бунёдкор» фарзандиман десам ҳам бўлаверади. Шу ёшда шундай даражага олиб чиқдими, демак «Бунёдкор»га фойдам тегса, ўзимни бахтли ҳис қиламан.

- Жамоада асосан қайси футболчилар сизни яхши тушунишади?

- Майдонда барчамиз бир-биримизни яхши тушунамиз. Вадим Абрамов бу жараённи яхши йўлга қўйди. Машғулотлар пайтида шу нарса устида кўп ишладик. Тактикамиз қисқа паслар бўлгани учун ҳам бир-биримизни тушуниб ҳаракат қилишимиз жуда муҳим.

- Оила аъзоларингиз футболга қанчалик қизиқишади?

- Онам кичкиналигимда оламдан ўтганлар. Икки ёки уч ёш бўлганман ўшанда. Тўғриси, аниқ эслай олмайман. Шундан сўнг отам мени ташлаб кетганлар. Кейин қайтганларидан сўнг у кишини қабул қилмаганман. Бувим, тоғаларим ва холам билан бирга яшаганман. Юқорида айтганимдек, уйимиз яқинида стадион борлиги учун футболга қизиқиш пайдо бўлган. Тўғриси, ўзимни футбол орқали чалғитардим. Ўз умримни футболга бағишлашга қарор қилганман. Худо омадимни бериб, мана шу даражага чиқдим. Тоғаларим футболга қизиқишади. Катта футболга кириб келганимдан кейин эса миллионлар ўйинига бефарқ бўлмаган қариндошларим сони ортди.

- Терма жамоалардаги фаолиятингиз ҳақида қандай фикрдасиз?

- Айни пайт 19 ёшгача бўлган болалардан ташкил топган терма жамоа сафида фаолият олиб боряпман. Мени бу жамоага Отабек Ғуломхўжаев чақирганлар.

- Transfermarkt.ru сайтида сизнинг трансфер баҳоингиз 50 минг доллар қилиб кўрсатилган...

- Ҳа, ўзим ҳам кўрдим.

- Жамоада қанча маош оляпсиз?

- Бу ҳақда маълумот беришни истамасдим. Раҳбариятга менга шунча маош берасиз, демаганман. Ҳозирги пайтда озгина кўп олиб, бойиб қолмайман ёки бунинг акси. Муҳими - мен учун ўйнашга имконият яратиб беришаётгани.

- Илк маошингиз қанча бўлган ва нималарга сарфлагансиз?

- Дастлабки маошим 300 минг сўм бўлган. Ёшлигимда биринчи ойлигимга бирор-бир егулик олиб, оила аъзоларим билан баҳам кўриш ва уларни шу тариқа хурсанд қилиш истаги бўлган. Ўшанда бу орзумни амалга оширгандим.

- Биринчи профессионал шартномангизни қачон тузгансиз?

- Ўтган йили. Шу мавсум аввалида яна янги келишувга эришдик ва «Бунёдкор» билан 2021 йилгача мўлжалланган шартномам бор.

- Орзуларингиз қандай?

- Энг катта орзум - Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида жаҳон чемпионатида ўйнаб, совринлар ютиш.

- Кумирингиз ким? Ўзбек ва хориж футболида қайси футболчига ҳавас қиласиз?

- Ўзбек футболида энг ёқтирган футболчим - Элдор Шомуродов. Элдор ака билан худди ака-укадекмиз. Шомуродов қийинчиликларни енгиб ўтиб, шу даражага чиққани билан ажралиб туради. Хориж футболида эса Лионель Мессининг мухлисиман. Унинг ўйинларини жуда ёқтираман. Мессига ўхшашнинг иложи йўқ. Чунки у жаҳонда ягона. Албатта, унинг ҳаракатларидан ниманидир ўзлаштиришга ҳаракат қиламан. «Андижон» билан ўйиндаги голим шунинг маҳсулидир.

- Ёқтирган рангингиз?

- Аниқ биттасини ажратиб кўрсатолмайман.

- Қандай автомобилларга қизиқасиз?

- Ҳозирча билмайман. Қачонки, машинага етадиган пул ишласам, кейин қизиқишни бошлайман.

- Бўш вақтларингизда нималар билан машғул бўласиз?

- Ҳозирча бўш вақтларимда дам олиб, куч йиғишга ҳаракат қиляпман. Чунки тан олиб айтишим керак, майдонда қийин бўляпти. Шу боис ҳам вақтида ухлаб, вақтида овқатланишни йўлга қўйишга ҳаракат қиляпман.

- Қандай китоблар ўқийсиз?

- Охирги марта инглиз тилини ўргатадиган китоб ўқидим. Айни пайтда шу тилни ўрганишга уриняпман.

 А.ҲАМИДОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz