Қайднома

Қидирув

ДАВРИМИЗ ҚАҲРАМОНИ ёки яна Почетино ҳақида...

ДАВРИМИЗ ҚАҲРАМОНИ ёки яна Почетино ҳақида...

  20.04.2019 09:24
  0
  289
ДАВРИМИЗ ҚАҲРАМОНИ ёки яна Почетино ҳақида...

Маурисио Почеттино биринчи устози Марсело Бьелсадан фалсафани, Фергюсондан менежерлик иқтидори, Венгердан ўйин романтикаси, Анчелоттидан шогирдлари билан тўғри муносабат ўрнатишни, Контедан оловли ҳиссиётларни ўрганди. Айни дам Почеттинони жаҳоннинг энг яхши мурабиийи дейиш мумкин. Бу бироз баландпарвоз эътироф дейсизми? Барчасини фактлар исботлаб турибди. Маурисио ҳақиқий титан каби ишламоқда. У чиройли футбол тимсоли. Эътиборлиси, камтарона молиявий имкониятлардан ҳам унумли фойдаланмоқда. Яна қандай пайтда - миллионлар ўйинида йирик маблағлар айланаётган бир даврда-я!

Спартанча шароитда

Почеттинонинг «қони» 2018 йилнинг 31 январида «тозаланди». Яъни 28 миллион еврога Лукас Моура сотиб олинди. Бунга қадар 2017 йил ёзида Серж Орье (25 млн.) ҳамда Фернандо Льоренте (8 млн.) таркибга қўшилганди. АПЛ клублари трансферларга эртакнамо суммаларни сарф­лашаётган бир паллада, Почеттино бир ярим йил мобайнида раҳбарлардан сариқ чақа ҳам олмади!

Ишониш қийин: шунга қарамай, жамоа чиройли ва сифатли футбол кўрсатмоқда, мунтазам равишда Чемпионлар Лигасида қатнашмоқда, АПЛ­да кумуш ва бронза медалларига эга чиқмоқда. Фақатгина бир муаммо бор: захира ўриндиғининг ночорлиги ўта масъулиятли дамда панд бермоқда.

Конте ва Раньерининг чемпионликка эришишганини Почеттино алам билан кузатди. Ваҳоланки, ўша мавсумларда «Тоттенхэм» бошқа мавсумларда «олтин» учун етарли бўладиган даражада кўп очко тўплаганди. 2016|2017 йиллар мавсумида «шпорлар» 86 очко жамғариб, иккинчи ўринни эгаллашди. Бир йил аввал худди шундай кўрсаткич билан чемпионликка эришиш мумкин эди, бироқ ногаҳон юксакликка кўтарилган «Лестер» уларга халал берди. Айнан шу 86 очко икки йил аввал, футбол космик даражадаги пуллар оғушига бурканиб улгурмаган пайтларда ҳам чемпионлик учун етарли бўларди.

Почеттино эришаётган ютуқларга қараб бир мақолнинг ҳақиқат эканини тушунасиз: барқарорлик - маҳорат белгиси. Маурисио ихтиёридаги футболчилардан 150 фоиз фойдаланди. Фақат айрим паллаларда омад етишмади.

У мисоли ўз «Оскар»ини кутаётган актёрдек, лекин кўпинча ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли мукофотдан четда қоляпти.

 

Шогирдлари ҳаҚида

Аргентиналик мутахассис Деле Аллидек иқтидор соҳибини кашф этди. Айнан Почеттино қўл остида Эриксен топ даражадаги плеймейкерга айланди. Маурисионинг саъй-ҳаракатлари билан «Тоттенхэм» Анг­лия термаси базаси бўлди. Дарвоқе, Клопп ҳам аргентиналик ҳамкасбидан қайсидир маънода қарздор: Почеттино «Саутгемптон»да ишлаган кезлари Деян Ловрен ва Садио Манени тарбиялади. Кейинчалик Гвардиола учун Кайл Уокерни тайёрлаб берди.

Ва албатта, Почеттинонинг персонал тарзда яратган зумради - Гарри Кейн. «Зумрад» сўзини ҳам баландпарвоз сўз деманг. Айни пайт Кейннинг нархи - 150 млн. евро. Маурисио қўл остида у бир ўйинда дарвоза томон 5тадан кам зарба йўлламаган. Гарри гол уриш учун 10 зарба йўллаши шартмас (Криштиану каби). Бир ўйинда 3,7та зарба кифоя. У ҳар мавсум ўртача 25та гол урмоқда. Xg (кутилаётган голлар) кўрсаткичида 20та гол қайд этилган пайт Кейн киритган тўплар сони 29тага етганди (мавсум-2017|2018 статистикаси). Бу юқори маҳоратдан дарак. Гарри дарҳақиқат истеъдодли ҳужумчи: ҳар икки оёғида яхши ўйнайди, боши билан берадиган зарбаларига гап бўлиши мумкинмас. Почеттино қўл остида у барча жабҳада ўсишга эришди: ҳужумга бироз орқароқдан киришиш, шерикларига кўмаклашиш, «ўнлик» позициясида ўйнаш. У тез-тез тренажёр залларида ишлайди, токи мураббий келиб у ердан ҳайдамагунча. Кейн бош мураббийнинг ҳимоясида.

 

Ўзаро муносабатлар

Иттифоқо, Англия термаси ва «Тоттенхэм» ҳимоячиси Дэнни Роуз тоғасининг ўлимидан хабар топди. Қайғу ва мотам ҳолатида биринчи бўлиб... мураббийга қўнғироқ қилди. Почеттино таскин бериш мақсадида дарҳол шогирдининг ёнига шошди. Бу - мураббий ва футболчи ўртасидаги ишончли ва яқин муносабатдан, аргентиналик мутахассиснинг ушбу масаладаги салоҳиятидан дарак. Бош­қа футболчилар ҳам уни яхши кўришади.

«Биз мураббийимиз учун курашишга ҳамиша тайёрмиз», - дейди Кейн.

Почеттино учун ҳаттоки, либослар ювиладиган кукун ҳиди ҳам муҳим: ечиниш хонасида ўйинчиларни ёқимли ис билан таъминлаш керак. Майда-чуйдаларга бу қадар эътибор қаратишга нима дейсиз?

Шунингдек, «Эспаньол»да ишлаган кезлари Почеттино фитнес бў­йича мураббийни ишдан бўшатди, ваҳоланки, ўша мутахассис биродари эди. Бу ҳам аргентиналикнинг нечоғли талабчан мураббий эканидан далолат. Мазкур ҳолатда уни Фергюсонга қиёслаш мумкин. Айтганча, Маурисионинг шотландиялик ҳамкасбига ихлоси баланд. Уларнинг бир-бирига ўхшаш жиҳатлари кўп: иккиси ҳам ажойиб тактик, қўл остидаги футболчилар билан илиқ муносабат ўрнатишган, бутун бошли сулола асосчилари.

«Тоттенхэм»да 20 йил фаолият юритмоқчиман», - дейди Почеттино. Агар аргентиналик мутахассис ҳам Алекс Фергюсоннинг йўлидан бориб, мураббийлар цехининг етук намояндасига айланса, ажойиб бўларди.

 

ТўсиҚлар ҳаҚида

Бироқ бир «лекин» бор: Даниель Леви, «шпорлар» президенти. Леви ишга шу тахлит ёндашишда давом этса, Венгернинг тақдири Почеттинонинг бошига тушиши ҳеч гап эмас. Аниқроқ айтганда, жамоа чиройли футбол кўрсатаверади, аммо ҳар гал совринлардан қуруқ қолаверади. Ҳозир ҳақиқатни тан олиш вақти. Почеттино 47 ёшда, аммо жамғармасида бирорта соврин йўқ. Аргентиналик мутахассис бу фактни ич-ичидан ҳис қилаётган бўлса, ажабмас: у «Тоттенхэм» даражасидан ўзиб кетган. У «шпорлар»га юраги ва меҳрини туҳфа этди. Энди келажаги ҳақида ўйлаши керак. «Сантьяго Бернабеу»га кўчиб ўтиш қолдирилди, у ерда яна Зизу ҳукмронлик ўрнатди. «МЮ» Сульшерга имконият беришни лозим топди. «Ювентус»? Балки, лекин эҳтимоли кам. Унда нима қилиш керак?

«Шпорлар»нинг энди янги стадиони бор. Таъбир жоиз бўлса, янги арена - янги ҳаёт. Бундай паллада мураббийдан айрилиш нотўғри. Почеттинонинг лондонликлар устози сифатида қолишини кўпчилик хоҳламоқда. Тўғри, турғунлик даврини бошидан кечираётган жойда ишлаш қийин, аммо чидаш керак. Фергюсон ҳам юлдузли онларини узоқ кутган.

Умуман, Чемпионлар Лигасининг жорий мавсумини «Тоттенхэм» жуда яхши ўтказмоқда, ярим финалга чиқиш учун дастлабки қадамни ҳам ташлаб улгурди. Ёзда клуб раҳбарларининг сусткашлик қилишга ҳаққилари йўқ. Ўртамиёна клубни топ даражага олиб чиқиш учун бундан яхши имконият бўлмаслиги ҳам мумкин. Жаноб Леви таркибни бирор-бир футболчи билан бойитиши шарт. Шартли равишда айтганда, «Аякс»дан Де Лигт, Ван де Бек ёки Тадич сотиб олинса, ёмон бўлмасди. Гап-сўзларга қараганда «шпорлар» «Фиорентино» аъзоси Федерико Кьеза учун 50 миллион евро ажратишга тайёр эканлар. Нима ҳам дердик, Маурисиога ёқадиган хабар.

«Тоттенхэм» бундай мураббийни қўлдан чиқармаслиги керак. Почеттинонинг ўзи ҳам бу клубга боғланиб қолган. Ушбу мутахассисдан Венгернинг эмас, Фергюсоннинг йўлини такрорлашини кутиб қоламиз.

«Бу мураббий менга - «шпорлар» ишқибозига фахрланишга арзийдиган кўплаб сабабларни берди. Ўн ёшли ўғлим мактабда ўзини эркин ҳис қилади, зеро биз мухлислик қиладиган клуб сафида Деле Алли, Кристиан Эриксен ва Гарри Кейн сингари ҳар ҳафта Премьер-лигадаги исталган клубга дарс бера оладиган даражадаги футболчилар бор», - дейди Британиянинг нуфузли журналистларидан бири Нихал Артанайке.

Маурисио Лондонда қолиши керак, айниқса, «Реал»га ўтиш иштиёқи сўнган бир паллада. Почеттино - давримиз қаҳрамони, меҳнат қилишда ҳақиқий тиран. Бир кун келиб, келажак авлод ундан намуна олишади.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz