Қайднома

Қидирув

Футбол ва бизнес: РОНАЛДУНИНГ МОЛИЯВИЙ ИМПЕРИЯСИ

Футбол ва бизнес: РОНАЛДУНИНГ МОЛИЯВИЙ ИМПЕРИЯСИ

  21.04.2019 01:16
  0
  613
Футбол ва бизнес: РОНАЛДУНИНГ МОЛИЯВИЙ ИМПЕРИЯСИ

Йилига 108 млн. доллар соф даромад олаётган португалиялик суперюлдуз «Форбс»нинг энг сердаромад машҳурлар рейтингида 10-ўринда бормоқда. Бироқ яқин келажакда Роналду янада юқорироқ поғоналарга кўтарилишига шубҳа йўқ. Чунки у муваффақиятли тўп суриш билан бир қаторда ўзининг тадбиркорлик фаолиятини ҳам шиддат билан ривожлантирмоқда. Ҳозирда даромадининг 1|3 қисмини у яшил майдон ташқарисида топмоқда. Яқинда «Ювентус» ҳужумчисининг сармоялари эвазига Испанияда махсус ихтисослашган клиника ўз фаолиятини бошлади.

Сочлар - даромад манбаи

Март ойининг 19-санасида португалиялик футболчи яна бир бизнес-лойиҳа остига ўз имзосини қўйди. Бу гал у Испанияда сочни қайта экишга ихтисослашган клиникага асос солди. Бунёдкорлик ишлари акцияларининг 50 фоизи Кри Рога тегишли бўлган Insparya Group компанияси томонидан амалга оширилди. Матбуот хабарларига кўра, шифо марказига ҳужумчининг қаллиғи Жоржина Родригес раҳбарлик қилади. Оилавий бизнеснинг даромади чакки эмас: муассаса Португалияда 10та клиника очган, ҳозирга қадар 35000га яқин мижозга қайтадан соч эккани учун уларнинг ҳар биридан 4000-7000 евро атрофида хизмат ҳақи олган. Бу Роналду бизнесининг кичик бир шахобчаси, холос.

ПайпоҚ, труси, кўйлаклар

Машҳурлик португалиялик футболчига CR7 кўринишидаги шахсий брендини яратиш имкониятини берди. Мазкур логотип остида турли либослар ва маиший товарлар - кўйлаклар, пайпоқ, ички либослар, духи ва рўмоллар ишлаб чиқарилмоқда. Роналду номи остида чиқаётган буюмларнинг баҳоси баланд: пардоз-андоз суви 60 евро атрофида, кўйлаклар 65дан юқори, пайпоқлар 12, трусилар 25 евродан бошланади. Ички либосларни ишлаб чиқаришга 1939 йилда асос солинган Дания компанияси масъул. Уларнинг ташқи дизайнига эса америкалик Ричард Чай жавоб беради. Маълумотларга кўра, сотилган буюмлар қийматининг 13 фоизи Кри Ро ғазнасига тушади. Умуман, CR7 брендининг йиллик тушуми 6-10 млн. евро атрофида.

Меҳмонхоналар

Роналду ўз сармоясининг асосий қисмини Португалиядаги меҳмонхоналар тармоғига йўллади. Нью-Йорк, Мадрид, Лиссабон ва қадрдон Мадейрадаги меҳмонхоналар қурилиши учун футболчи 37 млн. евро ажратди. Шу тариқа лойиҳа акцияларининг 50 фоизи унинг тасарруфига ўтди. «Бу мен учун тамоман янги соҳа», деганди 2016 йилдаги Европа чемпиони. Лекин ҳозирча ишлари чакки эмас: Португалиядаги иккита меҳмонхона ўз фаолиятини бошлаб юборди, бошқа шаҳарлардагисини мижозлар сабрсизлик билан кутишмоқда.

Реклама шартномалари

CR7 - Роналду бизнесидаги ягона йўналиш эмас. Барча машҳур кишилар қатори, Португалия терма жамоаси сардори ҳам ҳомийлик келишувлари эвазига рисоладагидек пул ишламоқда. Масалан, у 2009 йилда Armani фирмасида Дэвид Бекхэм ўрнини эгаллади. Шунингдек, Кри Ро мотор мойларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Castrol компанияси билан ҳамкорликни давом эттирмоқда. Футболчи нуфузининг ошиб бораётганини инобатга олган корхона унинг йиллик иш ҳақини 2 млн.дан 6 млн.га оширди. «Форбс»­нинг ҳисоб-китобларига кўра, Роналду фақат реклама келишувларидан ҳар йили 20 млн.дан кўпроқ даромад олмоқда. Ҳомийлар тез-тез ўзгариб туради, лекин футбол юлдузи учун дарров янги ҳамкор топилади.

Дилтортар соатлар

Роналду - сифатли соатлар ишқибози, у турли таниқли фирмаларда ишлаб чиқарилган 50дан ортиқ вақт ўлчов асбоблари соҳиби. Шу боис, Швейцариянинг машҳур фирмаси билан ҳамкорлик қилиш футболчи учун муҳим аҳамият касб этарди. Томонлар келишувга эришишди, аммо унинг молиявий жиҳатлари ошкор этилмади. Шуниси маълумки, дунёнинг етакчи соатсозлари машҳурликда улардан қолишмайдиган ҳамкорлари ҳурматини доимо ўрнига қўядилар: Евро-2016даги ғалабанинг бир йиллиги шарафига Криштиану ва терма жамоанинг бошқа аъзолари махсус соатлар билан тақдирланишди. Умуман, фирмада яратилган янги нусхадаги маҳсулот аввал Роналдуга юборилади.

Nike

34 ёшли юлдузнинг асосий ҳамкори - Nike компанияси. Роналду анчадан бери АҚШдаги саноат гигантининг маҳсулотларини расмий фотосессиялар ва ижтимоий тармоқлар ёрдамида овоза қилиб келмоқда. Компания мутасаддилари ҳам ўзларининг энг сермаҳсул «хизматчи»ларини талаб даражасида рағбатлантиришга интиладилар. Масалан, Кри Ро 33 ёшга тўлиши муносабати билан Nike фирмасидан оппоқ рангдаги бир жуфт кроссовкани совға сифатида қабул қилиб олди. Пойафзал логотипи соф олтиндан ишлангани алоҳида эътиборга лойиқ Табиийки, ҳамкорлик Роналдуга улкан даромад келтирмоқда. Британия матбуотининг 2016 йилдаги маълумотига кўра, «Ювентус» ҳужумчиси Америка компанияси билан умрбодлик шартномага имзо чеккан. Унга кўра, Криштиану ҳар йили 24 млн. доллар соф даромадга эга бўлади.

Пойафзал можароси

Лекин 2015 йилда Роналду Nike компаниясининг ҳамкорлигидан маҳрум бўлиши ҳам мумкин эди. Гап шундаки, ўшанда ҳужумчи CR7 бренди остида эркаклар пойафзаллари коллекциясини яратишга киришган ва португалиялик усталар яратган маҳсулотлар дизайни ва синови бўйича бевосита иштирок этганди. Натижада бежирим кроссовкалар, бутсалар, туфлиларни тайёрлашга ихтисослашган тизим юзага келди. Аммо Nike футболчи билан ҳамкорликни тўхтатишини маълум қилгач, Роналду ўша куниёқ корхонани ёпди. Компания унинг тезкорлигини муносиб қадрлаб, унга бериладиган маблағ миқдорини оширди: умрбод шартнома имзолангунига қадар футболчи ҳар йили 8 млн. доллар оларди.

Ижтимоий тармоҚлар

Шу йилнинг бошланишида Роналду «Инстаграм»да 150 млн. мижоз тўплаган дастлабки инсонга айланди. Март ойининг охирида бу кўрсаткич яна 10 млн.га ошди. Рекорд натижа ҳам сармоядорлар эътиборидан четда қолмади. Улар Роналдунинг Интернетдаги машҳурлигидан ҳам унумли фойдаланишга уринмоқдалар: «Инстаграм»даги ҳар бир реклама учун ҳужумчи 750000 евро олар экан. Матбуотдаги маълумотларга таянадиган бўлсак, 2017 йилнинг охирида ўз мижозларини ижтимоий тармоқларда овоза қилиш учун Роналду 400000 евро билан кифояланган. Демак, бу йўналишдаги ўсиш ҳам чакки эмас.

МашҒулот заллари

Роналдунинг атлетларга хос гавдаси Американинг Crunch Fitness тармоғи мутахассислари эътиборини тортди. Ўзаро ҳамкорлик хусусида бир тўхтамга келингач, томонлар Роналду «Реал»да тўп сурган даврдаёқ Мадриднинг ўзида иккита CR7 тренажёр клубини очишди. Уларнинг бири энг нуфузли Сьюдад Линеаль туманида жойлашган. Режага кўра, бундай муассасалар аста-секин Европанинг бошқа ҳудудларида ҳам барпо этилади. Кри Ронинг Туринга кўчиб ўтиши «тренажёр» бизнесининг равнақига зарар етказмади.

Ўз номини сотиш

Португалиялик тўпурар сармоялар учун янгидан-янги ҳудудларни кашф этишда давом этмоқда. Жумладан, 2015 йилда у «Валенсия»нинг сингапурлик соҳиби Питер Лима тасарруфидаги Mint Media компаниясига ўз образидан фойдаланиш ҳуқуқи акцияларининг 60 фоизини сотиб юборди. Бу усул унчалик мураккаб эмас: Роналду ўз ҳомийсининг турли тадбирларига ташриф буюриб, ўзини Осиё бозорида овоза қилади. Тўғри, 2016 йилда футболчи бир марта ўз вазифасини адо эта олмади: «Реал» сафар учун таътил берган бўлсада, у Туркиядаги маҳаллий алоқа операторининг мобил интернетдаги янги технологиялар тақдимотига бора олмади.

Хўжа АБДУЛАҲАД тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz