Қайднома

Қидирув

Ўзбек футбол теграсида

Ўзбек футбол теграсида

  22.04.2019 02:54
  0
  770
Ўзбек футбол теграсида

Бу мавсум умуман ишламаган клублар Про-лигаларга барибир қўйилмади. Шунга қарамай, айрим жойларда катта футбол «уйғонди»: Янгиерда, Яйпанда, Нарпайда, Шаҳрихонда, Оҳангаронда ва ҳоказо. В Про-лигадан жой олган «Турон» - «Локомотив-БФК» ўйинини кўриш учун стадионга 5 мингга яқин одам келди. Баҳром Ҳакимов бошчилик қилаётган Яйпан жамоаси лицензиялаш талабларини энг яхши бажарган клублардан бири. В Про-лига клуби чипталарни 5 минг сўмдан сотганида стадионида шунча одам бор.

Учрашувлар вақтини белгилаш масаласи

ЎзПФЛ ўйинлар вақти ҳамма учун қулай бўлиши устида иш олиб боради. Бироқ манфаатлар тўқнашувида ҳар доим ҳам бунинг имкони бўлавермайди. Айни вақтда клублар 18:00 да майдонга чиқиб келишни истайдилар. Кимдир кечроқ, кимдир эртароқ ўйнашни истамайди. Ёзга бориб эса бунинг акси бўлади, 19:00 ҳаммага бирдек ёқади, эртароғи аксинча.

2018 йилги мавсумда ЎзПФЛ ва «Спорт» ҳаммасини рисоладагидек қилишга ҳаракат қилди. 2019 йилга келиб эса клублар ўйинлар вақти мухлисларга қийинчилик туғдираётгани ҳақида айтиб, стадионга ташриф буюрувчилар сонини ошириш ваъдаси билан ўйинлар вақти масаласида ўз таклифларини бера бошлашди.

Табиийки, стадионга мухлислар ташрифининг ошишидан клуб ҳам, ЎзПФЛ ҳам манфаатдор. «Спорт» ҳам иложи борича барча учрашувларни трансляция қилиб келяпти. Шундан келиб чиқиб, учта йўл қоляпти:

- Клубларни эшитмай, ЎзПФЛ айтганини қилиш

- Клубларни эшитиб, жонли трансляцияларни камайтириш

- Жонли трансляцияни параллел бошқа телеканалда ҳам кўрсатиш

P.S. «Спорт» каналига берилиши мумкин бўлган эҳтимолий теҳникани ҳам унутмаслик керак. ТВ имконияти даражасида ишлаяпти. Янада кўпроғи учун янада кучлироқ ва янада кўпроқ техника керак бўлади.

***

«Андижон» муаммодан халос бўлди

Предраг Вуйович «Андижон» таркибида 2015 йил тўп сурган. Кейинчалик қарздорлик юзасидан ФИФАга шикоят аризаси билан мурожаат қилган. Шу вақтдан буён ФИФА мазкур иш юзасидан ҳозирги «Андижон» жамоасини тинч қўймасди. Клубнинг ҳозирги раҳбарияти масалага нуқта қўйиш юзасидан иш олиб борди. Адашмасам, Швейцарияга вакиллар ҳам жўнатилди.

Гап шундаки, Вуйович тўп сурган «Андижон профессионал футбол клуби» МЖЧ Андижон вилоят иқтисодий суди томонидан 2017 йилда тугатилган. Айни вақтдаги жамоа эса «Андижон футбол спорт» МЖЧ сифатида 2016 йилда ташкил топган. Иккинчи томон биринчисининг мол-мулкини ҳам, қарзларини ҳам бўйнига олмаган. ФИФА турли текширувлардан кейин буни тан олди (ўртада «Андижон бахтли ёшлари» МЖЧ ҳам фаолият юритган).

Кўза кунда эмас, кунида синади. Клубларнинг муаммолари билан банкрот қилиб юборилиши авваллари кўп кузатилган. Жамоа янги МЖЧ сифатида қайта ташкил этилган ва ҳар сафар сувдан қуруқ чиқаверган. Аммо ФИФА бу каби ишларни бугун қаттиқ назорат қилади. ЎзПФЛ регламентида ҳам бу каби ишларга алоҳида банд ажратилган. Клублар чин маънода профессионал фаолият олиб бориши лозим.

2019 йилда клублар икки мартадан аудит текширувидан ўтказилади. Насиб бўлса, бу галгиси аввалгиларидан анча жиддий бўлади.

***

Арвеладзе эркин фикр билдиришга хақли

«Арвеладзе майдон чимини белгилаб беради, у айтса ҳаракатга тушилади» қабилидаги гапларни ўқиб, айрим одамлар бирор нарсани тушуниши учун қулоғининг тагига бориб айтиш шартмикин, деб ўйлаб қоласан киши.

ЎзПФЛ «Сурхон» майдони бўйича ҳеч кимга эътироз билдирмади. Эътироз фақатгина стадион прожектори бўйича. «Сурхон» майдони ЎзПФЛ минимал талабларига жавоб беради. Бироқ бу талаблар ҳар йили ошириб борилиши инобатга олинса, барибир «Сурхон» майдон юзасидан ишлаши шарт. Қистов билан клуб ўт ўрадиган, уни текислайдиган ва қатор бошқа функцияларни бажара оладиган замонавий машина сотиб олади. Бу эса майдон чимига ижобий таъсир кўрсатади. Бу машина жуда кўплаб футбол клубларида йўқ.

Арвеладзе эса худди сиз каби эркин фикр билдиришга ҳақли бўлган мураббийлардан бири. ЎзПФЛ унинг айтганидан сўнг ҳаракатга келадиган ташкилот эмас. Ўша ЎзПФЛ юқорида тургани учун ҳам Арвеладзе жамоаси 16:15 да ҳам ўйнайверади керак бўлса, керак бўлса бундан ёмон майдонга чиқиб келади ҳам, бошқа йўли йўқ. Ўйиндан кейин эса фикри сўралади ва у фикрини айтади. Бунинг нимаси ёмон?

Сурхондарёга ЎзПФЛ ва ЎФА раҳбарияти «Пахтакор» ўйинини томоша қилиш учун эмас, футбол академиясининг ҳолатини яхшилаш масаласида борди. Бизга «Сурхон»нинг очко олгани-ю, «Пахтакор»нинг йўқотгани умуман қизиқ эмас. Бизга Сурхондарё футболининг эртаси бўладиган болалар ва уларнинг келгуси тақдири аҳамиятлироқ.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz