Қайднома

Қидирув

Диёр ТУРОПОВ: «МАҒЛУБИЯТ ТАСОДИФ ЭКАНЛИГИНИ ИСБОТЛАМОҚЧИМИЗ»

Диёр ТУРОПОВ: «МАҒЛУБИЯТ ТАСОДИФ ЭКАНЛИГИНИ ИСБОТЛАМОҚЧИМИЗ»

  22.04.2019 05:01
  0
  189
Диёр ТУРОПОВ: «МАҒЛУБИЯТ ТАСОДИФ ЭКАНЛИГИНИ ИСБОТЛАМОҚЧИМИЗ»

Пойтахтнинг «Локомотив» клуби мана икки йилдирки, Осиё Чемпионлар Лигасини гуруҳ босқичидаёқ якунлашга мажбур бўлмоқда. «Темирйўлчилар» сўнгги марта 2016 йили бу мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, ярим финал остонасида БААнинг «Ал-Айн» жамоасига мағлуб бўлишганди. Аввалги мавсумда жуда кучли гуруҳдан ўрин олган вакилларимиз бу йил нисбатан ўзининг даражасидаги рақиблар билан бир гуруҳдан жой олди. Аслида «Локомотив» қитъа миқёсидаги нуфузли турнирни ёмон бошламади, аммо кейинги икки ўйин дилни хира қилгани айни ҳақиқат. Муҳими, жамоа аъзолари руҳий тушкунликка тушиб қолишмади, чунки улар ўйин бобида мағлуб бўлишмади. Шу жиҳат уларга қўшимча куч берганини такидлаб ўтиш жоиз. Сoca Cola Суперлига 4-тури доирасида бўлиб ўтган «Локомотив» ва АГМК жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг жамоанинг муҳим ва тажрибали футболчисига айланиб улгурган Диёр Туроповдан интервью олдик.

 

- Диёр, «Ал-Иттиҳод» билан ўйинда қайд этилган мағлубиятдан сўнг руҳий тушкунликдан чиқиш қийин бўлмадими?

- Осиё Чемпионлар Лигаси билан миллий чемпионат ўйинлари орасида фарқ бор, барибир. Тайёргарлик жиҳатидан ҳам, ўйинга бўлган муносабат ҳам буткул бошқача бўлади. Чунки бу мусобақада биз нафақат клуб, балки бутун Ўзбекистон номидан майдонга тушамиз. Албатта, ушбу ҳолат зиммамиздаги масъулиятни янада оширади. Саудияда йўл қўйган хатоларимизни таҳлил қилиб, ўйинни иложи борича тезроқ унутишга ҳаракат қилдик. Кейинги баҳсда ғалаба қозонишимиз шарт эди. АГМК устидан қўлга киритилган ютуқ жамоадошларимга катта руҳий устунлик тақдим этган бўлса, ажабмас. «Ал-Иттиҳод»ни энди уйимизда қабул қиламиз, сафардаги мағлубият тасодиф эканлигини исботлашимиз зарур.

- Сафардаги хато ва камчиликларни бартараф этиш учун қандай ишлар олиб борилди?

- Машғулотлар жараёнида йўл қўйилган камчиликлар устида ишладик. Мураббийлар штаби қаерда қандай хатога йўл қўйганимизни кўрсатиб беришди. Бу нарса такрорланмайди, деган умиддаман. Олдиндаги учта турда фақат ғалаба бизни кейинги босқичга олиб чиқиши мумкин, шунинг учун майдонда боримизни берамиз. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ, жипслашган ҳолда ҳаракатлансак, гуруҳдан чиқамиз.

- Мана, «Локомотив» икки мавсумдан буён гуруҳдан чиқиш миссиясини бажара олмаяпти, кучли гуруҳдан жой олмоқда. Аммо бу галги рақиблар бир мунча кучсиздек...

- Гапингизга тўлиқ қўшиламан. Ўтган мавсум «Ал-Дуҳаил», «Зоб-Оҳан» каби кучли жамоалар билан ўйнадик. Уларнинг қандай кучга эга эканлигини биласиз. Гарчи Осиёнинг гранд жамоаларига мағлуб бўлсакда, муносиб қаршилик кўрсата олдик. Жорий йилда куч синашаётган рақибларимиз эса нисбатан ўзимизнинг даражамизда. Ортга йўл йўқ, қандай рақиб бўлишидан қатъий назар, ижобий натижа илинжида ҳаракат қиламиз.

- «Локомотив» иккала фронтда ҳам биринчи бўлимга қараганда, иккинчи бўлимни фаол ўтказмоқда. Жамоаниг ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб, бунга қандай изоҳ берасиз?

- Кўряпсиз, ҳам халқаро миқёсда, ҳам ички чемпионат ўйинларида осон бўлмаган учрашувларни ўтказяпмиз ва деярли ҳар бири тенгма-тенг бўлган жамоалар саналади. Учрашув бошида биз ҳам, рақиб ҳам жисмоний тарафлама яхши ҳолатда бўлади. Учрашувнинг асосий қисмида қайси жамоа жисмонан тетик бўлса, ижобий натижа ҳам улар томонида бўлади. Бошқача изоҳ беролмайман.

- Бугунги ўйин билан Суперкубок ўйинини солиштирадиган бўлсак, АГМКда қандай ўзгаришларни сездингиз?

- Фарқ жуда катта демаган бўлардим. АГМКда яхши мураббий ишлаяпти. Миржалол Қосимовни республикамиздаги энг етук мутахассислардан бири сифатида эътироф этамиз. Икки учрашувни таққослайдиган бўлсам, улар тактик томонлама ўсишга эришгани, мураббийнинг услубига аста-секинлик билан мослашиб олишаётганини сезиш қийин эмас. Шунингдек, тартибли футболни тўғри йўлга қўя олишган. Футболчиларида ҳам курашувчанлик хислатлари ўсган. Бугунги ўйинда ҳам бизга бир мунча қийинчилик туғдиришди. Айниқса, Бобур Йўлдошевнинг ўйини алоҳида эътиборга молик. У аксар ҳолларда тўпни олиб қўйиб, тезда шерикларини олдинга бошлади.

- Олмалиқ шаҳри жамоаси сиз учун бегона эмас, ушбу клуб орқали элга танилдингиз...

- Тўғри айтасиз. Ҳозирги даражага етиб келишимда АГМКнинг ҳиссаси беқиёс. Игорь Анатольевичдан ҳам миннатдорман, унинг қўл остида кўплаб ёш футболчилар тўп суриб, кейинчалик кучли жамоаларга йўл олишди. Жамоадошим Олег Зотеев ҳам катта футболга шу клубда қадам қўйган. Ўйлайманки, собиқ жамоамни ҳали олдинда катта ғалабалар кутмоқда.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz