Қайднома

Қидирув

Бемаврид жароҳат ёки легионерларимиздан дараклар

Бемаврид жароҳат ёки легионерларимиздан дараклар

  23.04.2019 03:39
  0
  472
Бемаврид жароҳат ёки легионерларимиздан дараклар

Салбий натижа, ёқимсиз ҳолат. Жорий мавсум еврокубоклар йўлланмаси учун курашаётган «Ростов» Россия Премьер-Лигаси 24-турида «Оренбург» меҳмони бўлиб, йирик ҳисобда ютқазди - 0:3. Боз устига, ниҳоят, Ростов клуби бошланғич таркибидан жой олган ҳамюртимиз Элдор Шомуродов сўнгги дақиқада жароҳатланиб, майдонни эртароқ тарк этди. «Оренбург» сафидаги Вадим Афонин эса захирада қолди. Виталий Денисовга келсак, у «Крилья Советов»нинг Москвада «Динамо»га қарши кечган ўйини (0:1)да тўлиқ вақт ҳаракатланди.

Ашурматовдан илк гол. Жанубий Корея чемпионати иккинчи дивизионида ўйнаётган Рустам Ашурматов 7-турга келиб, янги жамоаси - «Гуангжу»даги голлари ҳисобини очди. У «Сувон Сити» (Жавлон Иброҳимовнинг клуби)га қарши кечган уй учрашувининг 13-дақиқасида аниқ зарба йўллаб, 2:1 ҳисобидаги ғалабага катта ҳисса қўшди. Жавлон эса меҳмон жамоа қайдномасига киритилмади. Эътиборлиси, 7-турдан кейин турнир жадвалида айнан «Гуангжу» пешқадамлик қилмоқда (15 очко). 8 очкога эга «Сувон Сити» эса  6-ўринда. Таркибида Шоҳруҳ Гадоев ва Санжар Турсуновни бирлаштирган «Тэжон» тур ўйинини кеча ўтказди. Жанубий Корея элит дивизиони - K-Leagueда ўйнаётган ягона легионеримиз - Икром Алибоевнинг клуби «Сеул» ўз майдонида аутсайдер - «Инч­хон Юнайтед»ни енголмади. Ҳамюртимиз 0:0 ҳисобида якунланган мазкур учрашувда тўлиқ 90 дақиқа давомида фаол тўп сурди. Турнир жадвалига назар ташласак, 8-турдан кейин «Сеул» ҳисобида 17 очко бор. Пойтахтликлар айни пайт «Ульсан Хюндай» ва «Чонбук» билан 1-ўринни бўлишиб турибди.

Омадсиз серия давоми. «Насьонал»нинг Португалия Примеросидаги ишлари асло юришмаяпти. Мадейраликлар 30-турда пешқадамлардан бири «Спортинг»ни қабул қилиб, 0:1 ҳисобида енгилишди. Жамоа сафига қўшилганидан ке­йин катта умид уйғотган, аммо кейинчалик «пана»га ўтган Сардор Рашидов бу сафар майдонга ҳам тушгани йўқ. «Нас­ьонал» чемпионат финишига 6та тур қолганида, турнир жадвалининг 17-поғонасида бормоқда (18та жамоа орасида).

Фақат Достон мунтазам ўйнамоқда. Япония чемпионатидаги вакилларимиздан биргина Достон Турсунов («Ренофа Ямагучи») етарли ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Унинг жамоаси «J»-2 лигаси 10-турида сафарда «Ямагата»ни ягона гол эвазига енгди. Ушбу ўйинда мезбонлар ҳужумчиси Забиҳилло Ўринбоев майдонга тушмаган бўлса, Достон тўлиқ вақт давомида ҳаракатда бўлди. «J»-1 лигасидаги Фозил Мусаев эса «Жубило Ивата»нинг «Нагоя Грампус» майдонидаги омадсиз ўйини (0:1)да атиги 86-дақиқада сафга қўшилди.

10 очкога тенг устунлик. Отабек Шукуровни жарроҳлик амалиёти учун Лондонга юборган «Шаржа» БАА чемпионатида дадил одимламоқда. Тўғри, шаржаликлар 21-тур ўйинида 4-ўринда бораётган «Ал-Айн»ни енголмадилар - 2:2. Шунга қарамай, жамоа турнир жадвалини ишонч билан бошқаришда давом этяпти. «Шаржа» айни пайт энг яқин таъқибчисидан 10 очко олдинда.

СИПГ 3-ўринда. «Шанхай СИПГ» Хитой Суперлигаси 6-турида «Тянжин Куанжин» меҳмони бўлиб, Одил Аҳмедовсиз ўйнади ва ортга 1 очко билан қайтди. Ҳозирда шанхайликлар 13 очко билан турнир жадвалининг 3-қаторида бормоқда. Пешқадам - «Пекин Гуоан» ҳисобида эса 18 очко бор.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz