Қайднома

Қидирув

Мактаб ўқувчисига 10 млн. евролик мегашартнома?!

Мактаб ўқувчисига 10 млн. евролик мегашартнома?!

  25.04.2019 09:58
  0
  624
Мактаб ўқувчисига 10 млн. евролик мегашартнома?!

Nike компанияси «Боруссия» Д. клубига тегишли мактаб ўқувчисини баҳоси 10 000 000 еврога тенг шартнома билан сийлади. Йўқ, «0»лар сонида адашмадик, чиндан ҳам, миллионлар ҳақида гап бормоқда. Юсуф Мукоко иқтидори ҳақида бундан 4 йил олдин гапира бошлагандилар ва муҳокама ҳамон давом этмоқда. Мана, «Боруссия»нинг 14 ёшли умиди яқинда футбол оламида кузатилган энг улкан ва ажабланарли реклама шартномаларидан бири соҳибига айланди. Оддий айтганда, Юсуф кейинги бир неча йил ичида Nike компаниясидан чамаси 10 миллион евро олади. Аслида Мукоко ҳақида айтарли маълумот йўқ, фақат матбуотчилар унинг болалар футболида алоҳида ажралиб турганию, жуда кўп гол ураётганини бот-бот ёзишмоқда.

 

***   Юсуф Мукоко чиндан ҳам, ўта сермаҳсул ҳужумчи. Transfermarkt.de портали маълумотларига таяниб айтсак, мегаиқтидорли болакай жорий мавсум 21та ўйинда 36та (!)та гол урди. Асосийси, Мукоко анчадан буён самарадорлик бобида шундай барқарор.

***   Истиқболли ҳужумчи Камерунда туғилган, лекин болалигидан Германия клубларида ўйнамоқда. Аниқроғи, Юсуф Мукоко икки мамлакат фуқаросидир. Тўғри, айни пайт ёшлар миқёсида Германия футболи шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.

***   У ўз ёшига нисбатан олсак, ижтимоий тармоқларда жуда машҳур. Мисол учун, «Инстаграм» тармоғида нақ 200 минг обуначиси бор. Таққослаш учун айтсак, россиялик энг таниқли футболчи Александр Головиннинг саҳифасига 400 минг киши ёзилган.

***   Мукоко ҳозирда «Боруссия» тизимидаги U-17 жамоаси сафида тўп сурмоқда. У гарчи нафақат барча шериклари, балки рақибларидан ҳам кичик бўлсада, ҳамманинг ҳавасини келтирувчи голлар урмоқда. Муҳими, мунтазам равишда.

***   Қизиқ, Юсуф чиндан ҳам, 10 миллион евро оладими? Ҳа. Фақат бирданига эмас. Қолаверса, 10 «лимон» - бу Nike билан тузилган узоқ муддатли шартноманинг потенциал суммаси, холос. Хуллас, асли камерунлик йигитча шунча олиш учун маълум шартларни бажариши керак. Германия компанияси ҳозирча келишувда кўзда тутилган умумий суммадан чамаси 10 фоизи (1 миллион евро)ни тўлади. Тушунарлики, шунинг ўзи 14 ёшли бола учун жуда кўп. Қисқаси, Юсуф Мукоко қолган 9 миллионни Бундеслигада дебют қилган тақдирида олиши мумкин. Шунда ҳам дарҳол эмас, босқичма-босқич. Шартномада моддий манфаатдорликка элтувчи алоҳида бандлар белгилаб қўйилган. Лекин уларнинг кучга кириши учун Юсуф аввало, Германия чемпионати доирасидаги ўйинда «Боруссия» либосини кийиши керак.

***   Юсуф Мукоко дарҳақиқат, 14 ёшдами? Вақтида кўпчилик бу борада болакайга шубҳа билан қаради, уни ҳаттоки, ёшини қалбакилаштирганликда гумон остига олишди. Бунда ажабланадиган томони йўқ. Ҳар ҳолда, Европада айниқса, африкалик футболчилар паспортига шубҳа билан қарашга одатланишган. Зеро, Африканинг кўплаб мамлакатларида туғилган санани ўзгартириш имконсиз иш саналмайди. Юсуф Мукоко ҳолатида эса унинг отаси дарҳол ўртага тушиб, ўғли туғилганидан кейиноқ барчасини Камеруннинг Германиядаги элчихонасида расмийлаштирганини баён қилди.

***   Германия футбол иттифоқи ҳам «Боруссия» ўйинчиси ҳужжатларини алоҳида текшириб чиқди ва ҳеч қандай қонунбузарликни аниқлагани йўқ. Дарвоқе, Мукоко 11 ёшидан «Дортмунд» тизимида шуғулланмоқда.

***   Юсуфнинг 2021 йилга қадар Бундеслига учрашувида қатнашолмаслиги аниқ. Гап шундаки, Германия чемпионати регламентига кўра, 17 ёшдан кичик футболчи асосий жамоа сафида майдонга тушолмайди. Мукоко эса катта футболга айнан «Боруссия» клубида қадам қўймоқчи.

***   Дортмундликлар Юсуфни 2016 йили «Санкт Паули» болалар жамоасидан таклиф этишган. Германия матбуоти эса камерунлик вундеркинд ҳақида илк марта 2014 йили ёзганди. Ўшанда 10 ёшли Мукоко болалар турнирида 14та гол уриб, бош тўп-урар бўлган, жамоаси эса ғолибликни қўлга киритганди.

Мукоконинг мақсади  - тезроқ катталар даражасига кўтарилиш ва совринлар ютиш. «Биринчи навбатдаги вазифам - профессионал футболчи мақомини олиш. Кейинги мақсадлар қатор-қатор - «Боруссия» билан Европа ЧЛда ғалаба қозониш, «Олтин тўп» соҳибига айланиш...», - дейди 14 ёшли Мукоко. Нима ҳам дердик, иштиёқингга қойил, Юсуф!

Хўжа АБДУЛАҲАД тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz