Қайднома

Қидирув

Хуршид Ғиёсов: «Мураббий тартибли футбол кўрсатишимизни талаб қилмоқда»

Хуршид Ғиёсов: «Мураббий тартибли футбол кўрсатишимизни талаб қилмоқда»

  26.04.2019 14:03
  0
  646
Хуршид Ғиёсов: «Мураббий тартибли футбол кўрсатишимизни талаб қилмоқда»

Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби учун жорий мавсум старти оғир келди. Суперлига дастлабки турида жамоа Жиззахдан аламли мағлубият билан қайтган бўлса, иккинчи турдан ўрин олган пойтахт дербисида яхши ўйин намойиш этгани ҳолда, очкосиз қолди. Албатта, «қалдирғочлар» устози Вадим Абрамов жамоани қайтадан шакллантираётганини ҳам унутмаслик керак. Муҳими, «Бунёдкор» кейинги ўйинларда кетма-кет ғалабаларни расмийлаштирди. Дастлаб Фарғонада «Навбаҳор» таслим этилган бўлса, сўнгра «Андижон» мағлубиятга учратилди. Яқинда Тошкент жамоаси етакчиларидан бири Хуршид Ғиёсовдан интервью олиб, унга ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдик.

 

- Хуршид, «Навбаҳор» билан ўйинда қўлга киритилган ғалабани сенсацияга қиёсласак бўладими?

- Йўқ, зеро «Бунёдкор» ўзига яраша обрўга эга клуб. Кўрдингиз, биринчи бўлимда ўзимиз хоҳлаган ўйинни кўрсата олдик. Яъни, рақибни услубимизга мослаштирдик. Бундай пайтда кўпроқ тўп билан муомала қилган жамоага осонроқ бўлади. Мураббийимиз ҳам ўйиндан олдин тартибли футбол кўрсатишимизни талаб қилди. Ўйлашимча, мухлислар зерикиб қолишмади. Қўлга киритилаётган ғалабалар ёш футболчиларнинг ўзига бўлган ишончини янада оширишига хизмат қилса, ажабмас.

- Ғалабалар ниманинг эвазига қўлга киритилмоқда? Жамоанинг аксарият қисми ёшлардан иборат эканлигини инобатга олсак, кучли рақибларни енгиш осон бўлмайди.

- Дарҳақиқат, жамоамиз асоси ёшлар эвазига қурилган. Муҳими, уларда иштиёқ жуда юқори, айни куч-қувватга тўлган маҳал. Қолаверса, кўп нарса мураббийга ҳам боғлиқ. Вадим Карленович кучли ва тажрибали мутахассислар сирасидан. Айнан мураббий қўллаган тактика ва кўрсатмаларга таянмоқдамиз. Ҳар бир ўйинда Абрамов тузган режани майдонда кўрсатишга ҳаракат қилсак, керакли натижага эриша оламиз.

- Сиз билан бирга олимпия терма жамоасида ўйнаган шерикларингизнинг аксарияти хориж жамоаларига йўл олишди. Ўзингизнинг бу борадаги режаларингиз қандай?

- Айрим хориж клубларидан таклифлар бўлди. Лекин бу ҳақда бирор-бир фикр билдиролмайман, барчаси аниқ бўлгандан сўнг нимадир дейиш мумкин. «Бунёдкор» билан яна бир йиллик шартномам бор, шу боис ҳозир бор эътиборим ўз жамоам ўйинларига қаратилган.

- Суперлига жорий йилдан эътиборан яна икки даврали тизмда ўтказилмоқда. Мазкур омил «Бунёдкор»га қандайдир енгиллик тақдим этадими?

- Менимча, бунинг фарқи йўқ бўлса керак. Чунки ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга тушамиз. Бизнинг вазифамиз - бор куч билан ўйнаб, мухлисларни қувонтириш. Мавсум давомида нечта ўйин ўтказилиши унчалик аҳамиятли эмас.

- Нима деб ўйлайсиз, «Бунёдкор» мавсум давомида чемпионат етакчилари - «Пахтакор» ва «Локомотив»га муносиб қаршилик кўрсата оладими? Чунки таркиб бир мунча кучсиз бўлсада, Тошкент дербисида жамоангиз кўрсатган ўйин ижтимоий тармоқларда юқори баҳоланди.

- Албатта! «Бунёдкор» номининг ўзи машҳур. Клуб логотипи туширилган либосда майдонга тушган ҳар бир футболчи ўзини аямаслиги лозим. Ким билан ўйнашимиздан қатъий назар, ижобий натижа илинжида ҳаракат қиламиз. Бизга ҳеч ким четдан келиб ёрдам бермайди. Бари ўзимизнинг қўлимизда.

- 2015 йили Янги Зеландияда бўлиб ўтган кичик жаҳон чемпионатидан қандай таассуротлар қолган?

- Ушбу мундиалга 2014 йили Мянмада ўтказилган Осиё чемпионати орқали йўлланма олганмиз. Жаҳон чемпионатида, биласиз, кучли гуруҳдан ўрин олганмиз. Гондурас, Германия, Фижи бизга рақиблик қилганди. Гондурас билан яхши ўйнаб, 3:4 ҳисобида мағлубиятга учраганмиз. Германияга эса 0:3га ютқазгандик. Шундан сўнг гуруҳдан чиқишимизга ишонч қолмаганди. Бироқ Фижини ютиб, мўъжиза туфайли 3 очко ва иккинчи ўрин билан кейинги босқичга йўл олдик. Европа вакили Австрия билан ўйинда яққол устунликка эришиб, 2:0 кўринишида зафар қучдик. Йигитларда ўзларига бўлган ишончи юқори эди. Ҳатто жуда кучли Сенегал тўсиғидан ўтишимиз ҳам мумкин эди, аммо... Ўйлашимча, кичик мундиал барчамиз учун катта мактаб вазифасини ўтади. Осиё жамоалари орасида фақат биз муваффақиятли иштирок этиб, ОФК эътирофини қозондик.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz