Қайднома

Қидирув

VAR – ФУТБОЛ КУШАНДАСИ…МИ?

VAR – ФУТБОЛ КУШАНДАСИ…МИ?

  26.04.2019 13:00
  0
  203
VAR – ФУТБОЛ КУШАНДАСИ…МИ?

Замонавий футбол дунёсига VAR (рефери видеоассистенти) тушунчаси кириб келганидан сўнг мазкур технология борасида жуда кўп фикрлар янгради. Кимдир VARни футбол учун фойдали деб ҳисобласа, яна кимлардир мазкур янгилик футболдаги ҳиссиётларни йўққа чиқарадиган «кушанда» эканини таъкидламоқда. Бу мавзуда энг қизиқ ҳолат «Тоттенхэм» бош мураббийи Маурисио Почеттинода кузатилди. Чунончи, аргентиналик мутахассис шу пайтга қадар VARни фақатгина ёмонлаб келарди. Аммо айнан шу тизим туфайли ЕЧЛ чорак финалида «шпорлар» «Манчестер Сити» тўсиғидан ўтиб, ярим финалга чиқишди. Бу ўйинда гап Раҳим Стерлинг томонидан сўнгги дақиқаларда урилган, аммо Жунайд Чақир VAR ёрдамидан сўнг бекор қилган гол ҳақида бормоқда. Soccer.ru портали ходимлари эса мазкур воқеа баҳона янги тизимнинг футболга нима бериши-ю, нимадан маҳрум қилиши борасида мақола тайёрлашди.

 

Маурисио Почеттино (2018 йил 1 март, Англия кубоги ўйинидан сўнг): «Ўйлашимча, видеотакрорлар тизими туфайли ўйиннинг ўзига бўлган эътибор пасайиб кетяпти. Мен ҳар доим инглиз ҳакамларини Европанинг энг яхшилари сифатида ҳурмат қилганман, эҳтимол, улар дунёнинг энг кучлиларидир. Аммо уларга мазкур тизим ёрдамлашяптими ёки ишларига халал беряптими, бунисини аниқ айтолмайман. Футбол - бу ҳиссиётларга бой спорт тури. Агар биз эмоцияларимизни йўқ қилмоқчи бўлсак, унда VAR айни муддао ва футбол бутунлай бошқа қиёфага киради. Ҳакамлик борган сари қийинлашяпти, уларга ачинаман. Ундан ҳам кўпроқ футбол ишқибозларига ачинаман, чунки бундай ҳолатларга кўникиш осон бўлмаяпти».

Маурисио Почеттино (2019 йил 24 январь): «Англияга VAR тизимини татбиқ этмаслик - яхши ғоя. Модомики, бизда ҳали тўлиқ маълумот йўқ экан, бир йил ёхуд ундан-да кўпроқ сабр қилиб турганимиз маъқул. Ўзгаришлар туфайли футбол мухлисларни ғазаблантира бошлашидан ташвишдаман. Биргина қарор қабул қилиш учун беш дақиқа вақт сарфланса, бу пайтда ишқибозлар нима қилишади?! Европадаги исталган ўйинни олинг: ҳеч ким VARдан рози эмас».

Европа Чемпионлар Лигаси чорак финалидаги «Манчестер Сити»га қарши умумий ғалабадан сўнг Почеттинога ҳазил тариқасида VAR тизимидан узр сўраш таклиф этилди. Бироқ аргентиналик мутахассис бу мавзуда гапиришни истамади ва «Тоттенхэм»ни тақдирнинг ўзи мукофотлагани хусусида фикр билдирди. Ҳолбуки, Почеттино видеотакрорларнинг доимий «душмани» сифатида VAR «Манчестер Сити» ва унинг мухлисларидан қувонч­ли ҳиссиётларни тортиб олгани сабабли тизимга миннатдорчилик билдириб қўйса бўлаверарди...

Шуниси маълумки, кейинги сафар VAR «Тоттенхэм» зарарига қарор чиқарса, Почеттино яна тизим устидан нолишни бошлайди. Бу нисбат биргина аргентиналик мутахассис эмас, VARнинг бошқа «душманлари»га ҳам тегишли: бундай кишилар қарор ўзларининг фойдаларига бўлса, индашмайди, борди-ю бунинг акси рўй берса: «VAR - ҳиссиётлар кушандаси!» деб айюҳаннос солишади. Мана шу нуқтаи назардан олиб қаралса, Хосеп Гвардиола - чинакам мард инсон. Чунончи, у ҳар қандай ҳолатда ҳам, ўз фикрида қатъий туради.

Хосеп Гвардиола (2018 йил 3 декабрь): «АПЛ ўйинларига видеотакрорнинг жалб қилинмагани мени ҳайрон қолдирди. Зеро, VAR тизими - замонавий футбол учун зарур технология. Тўғри, бугун Англия янгиликдан юз буряпти, аммо эртами-кеч, бу тизим АПЛга кириб келади».

Хосеп Гвардиола (2019 йил 21 февраль. Ҳимоячи Отаменди четлатилган ва «Сити» дарвозасига икки марта пенальти белгиланган «Шальке»га қарши ўйиндан сўнг): «Мен ҳар доим VARнинг тарафдори бўлиб келганман. Ростдан ҳам, ҳар икки вазиятда пенальтига асос бор эди. Қизил карточка хусусида ҳам асло ҳакамга эътирозим йўқ».

Хосеп Гвардиола (2019 йил 19 апрель. VAR тизими туфайли «Тоттенхэм» дарвозасига урилган гол бекор қилинди ва «Манчестер Сити» ЕЧЛдаги иштирокини тўхтатди): «Шубҳасиз, Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетганимиз жуда аламли бўлди. Ваҳоланки, биз чиройли ўйин кўрсатиб, кўплаб хавфли вазиятлар яратгандик. VAR ҳакамларга боғлиқ хатоларни камайтириш учун ўйлаб топилган. Бу технологиянинг футболда қўлланилишини мунтазам ёқлаб келганман ва шундай бўлиб қолаверади».

Хўш, ЕЧЛ «плей-офф» баҳсларида қатнашган ва бевосита VAR билан тўқнашган бошқа мураббийларнинг тизим ҳақидаги фикрлари қандай?

Дейлик, Юрген Клопп шу пайтгача VARни ёқлаб ёки уни ёмонлаб, бирор-бир кескин фикр билдирмаган. Аниқроғи, мутахассис шу пайтгача тизим борасида икки мартагина гапирди, холос. Уларнинг биринчиси куз фаслида, Англия Лига кубогининг «Челси»га қарши ўинидан сўнг янграганди. Бу ўйинда ҳакамлар «Челси»нинг ўйиндан ташқари ҳолатдан урилган голини (ҳатто видеотакрордан кейин ҳам) инобатга олишганди.

Юрген Клопп (2018 йил 27 сентябрь): «Стандартдан тўп узатилаётган пайтда «Челси»нинг бир йўла икки ўйинчиси «офсайд»да турганди. Тўғри, бу футболчилар тўпга тегишмади, аммо улар менинг шогирдларим йўлини тўсиб қўйишди. Агар стандартлар вақтида ўйиндан ташқари ҳолатда турган ўйинчиларга рақиб йўлини тўсишга рухсат берилса, футбол бутунлай ўзгариб кетади. Шунингдек, биринчи зарбани йўллаган Баркли ҳам «офсайд»да эди. Эҳтимол, бу оддий кўзга сезилмагандир, аммо ҳакамлар буни видеотакрорлар орқали яққол сезишганди. Ана энди менга айтинглар-чи, агар ҳакамлар қарор қабул қилишга чўчишса, VARнинг нима кераги бор?»

Иккинчи сафар эса Клопп «Манчестер Сити» - «Тоттенхэм» ўйинидан сўнг VAR борасида сўз очиб, испаниялик ҳамкасбига ҳамдардлик йўллади. Клоппнинг фикрича, у «Манчестер Сити»даги ўша нохуш вазиятни «ўз танасида яққол ҳис қилган» ва ҳалигача қандай қилиб ҳакамлар Раҳим Стерлингнинг голини инобатга олишмаганини тушуна олмаётганини таъкидлаган.

«Ювентус» клуби бош мураббийи Массилимилано Аллегри ҳам ЕЧЛ гуруҳ босқичининг «Валенсия»га қарши ўйинидан сўнг VAR ҳақида ижобий фикр билдирди. Ёдингизда бўлса, ўша учрашувда Роналду майдондан четлатилганди. Аллегрининг фикрича, ўшанда ҳужумчига қизил карточка кўрсатилмаса ҳам бўларди.

Массимилиано Аллегри (2018 йил 20 сентябрь): «Шуни аниқ айта оламанки, VAR бу вазиятда ҳакамга катта ёрдам берган бўларди. Бундай ҳолатдан кейин ЕЧЛ ўйинида камчилик бўлиб қолиш жуда қийин. Бунинг натижасида биз мағлуб бўлишимиз ҳам ҳеч гап эмасди. Аёнки, кейинги ўйинларда Роналдунинг ўрни билинади».

VAR ҳақидаги фикрлар «Барселона» бош мураббийи Эрнесто Вальвердеда ҳам бор. АПЛдан фарқли равишда, Ла Лига аллақачон рефери видеоассистенти хизматидан фойдаланишни йўлга қўйган ва Эрнесто бошчилигидаги «Барса» VAR билан нафақат ЧЛ, балки ички чемпионатда ҳам бир неча марта тўқнаш келди.

Эрнесто Вальверде: «VAR ва бошқа янги технологиялар футболнинг чинакам қоидалар асосида, ҳалол ўтиши учун ёрдам беради, деб умид қиламан. Аммо бу янгиликларнинг бевосита ўйинга таъсири ҳақида ҳозирча якуний хулосаларни билдирмай турган маъқул. Дейлик, шахсан мен VAR туфайли футболда шиддатга путур етишини хоҳламайман, чунки футбол ўз шиддати билан жозибали. Шубҳасиз, баъзида ҳакамларга ташқи ёрдам керак, лекин биз ўша ёрдамни идеал тарзда бера оламизмикан, деган савол туғилади. Бас, шундай экан, мен ҳам худди сизлар каби, буларнинг охири нима билан якунланишини кутганим афзал».

«Аякс» устози Эрик тен Хаг ҳозирча тизим ҳақида умуман оғиз очмаётганди, аммо «Аякс»нинг «Реал»га қарши биринчи ўйиндаги голи бекор қилингач, ўзини тутиб тура олмади: «Бу шармандалик. Бизнинг «тоза» голимиз инобатга олинмади. Ҳакамлар эса тинмай ўша вазиятда Тадич рақиб дарвозабонига халал берганини таъкидлашмоқда. Видеотакрорларни ўзим ҳам кўрдим, лекин голни бекор қилиш учун улар айтган «жиддий сабаб»ни топа олмадим».

Мураббийлардан сўнг VAR тизими бўйича рус шарҳловчиси Василий Уткин ҳам ўз фикрларини қуйидагича баён қилади: «Илм-фан ва техника тараққиёти инсонга қарши бўлолмайди. VAR шу пайтгача футболга жиддий зиён келтирмади. Мени айтди дейсиз, ҳали VAR мухлисларга шундай қувонч туйғуларини олиб келадики, бунақасини ҳатто тасаввур ҳам қила олмайсиз».

А.ҲАМИДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz