Қайднома

Қидирув

Андрей АРШАВИН: «ФУТБОЛЧИЛИК ДАВРИМНИ СОҒИНМАЯПМАН»

Андрей АРШАВИН: «ФУТБОЛЧИЛИК ДАВРИМНИ СОҒИНМАЯПМАН»

  27.04.2019 01:21
  0
  230
Андрей АРШАВИН: «ФУТБОЛЧИЛИК ДАВРИМНИ СОҒИНМАЯПМАН»

«Зенит» клуби ва Россия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Андрей Аршавин айни пайт ўзини шарҳловчиликда синаб кўрмоқда. Умуман олганда, унинг футбол ўйинларини шарҳлаши кўпчиликка манзур бўляпти. Яқинда RT нашри Аршавин билан суҳбат уюштирди. 

— Евро Лигаси финалидан олдин KIA Москвага кубокни олиб келди. Ушбу мусобақада ғолиб чиққанингизга 11 йил бўлди. Ҳиссиётлар қандай?

— Кубокни кўриб қувондим. Гарчи бу мен кўтарган кубок эканлигига шубҳа қилсам ҳам. Манчестердаги ғалабадан сўнг фаолиятимдаги энг ёқимли ҳиссиётлардан бирини туйгандим. Шунингдек, финалнинг энг яхши ўйинчиси деб топилганман. Шу боис ҳам KIA кубокни Москвага олиб келганидан хурсандман.

— Фаолиятингиз давомида кўп ютуқларга эришгансиз. Улар орасида УЕФА кубогидаги зафар қандай ўрин тутади?

— Фаолиятимда учта муҳим ўйин бўлган: «Рейнжерс»га қарши финал, 2007 йилги Россия - Англия учрашуви ҳамда Раменскдаги баҳс. Айнан ўшанда «Зенит» илк бор Россия чемпиони бўлган.

— Манчестердаги финал ўша турнирдаги энг қийини бўлганми?

— Йўқ. Бунга қадар бир қатор оғир учрашувлар ўтказгандик. Мисол учун, «Вильярреал»га қарши ўйинларни олайлик. Марселда 1:3 ҳисобида имкониятни бой бериб, ўз майдонимизда 2:0 ҳисобида зафар қучганмиз. «Бавария»ни 4:0 ҳисобида мағлуб этган ўйинимизда, афсуски, иштирок этолмагандим. Финал эса ҳаяжонли, аммо бироз осон ўтган.

— Ҳозирги «Зенит»ни ўша пайтдаги «Зенит»га таққосласа бўладими?

— Йўқ, солиштиришим қийин. 11 йил олдин ўйнаган жамоа мутлақо бошқа бир тарих. Сергей Семак қўл остида эса бошқа ижрочилар тўп суришмоқда. Футбол ўтган давр мобайнида анча ўзгарди.

— Ҳозирги «Зенит» яна юксак натижаларни қайд этиши учун нима қилиш керак?

— Жамоа таркиби ёмон эмас. Шунчаки, тўғри йўлдан бориш кифоя. Ўшанда «Зенит» нафақат Европа Лигаси, балки бошқа турнирларда ҳам зафар қучиши мумкин эди.

— Учинчи еврокубок ўйинлари ташкил этилишига қандай муносабатдасиз?

— Формат, иштирокчилар, саралаш принципларини билмай туриб, бир нарса дейиш қийин. Лекин уни шунчаки ўйлаб топишган, деб ўйламайман. Демак, учинчи турнир миллий федерациялар учун керак. Улар ўз клублари халқаро ареналарда ўйнашини исташади.

— Сўнгги пайтларда ўзингизни телеэксперт сифатида намоён қилдингиз. Машҳур шарҳловчи Геннадий Орловнинг айтишича, сизда бу борада туғма иқтидор бор экан.

— Ўзимни бу соҳада яхши ҳис қиляпман. Ўзимга баҳо бериш ниятим йўқ. Буни телемухлислардан сўраш керак. Агар керак бўлсам, шарҳловчилик билан шуғулланишда давом этаман. Акс ҳолда, телеканаллар раҳбарлари шунчаки таклиф қилмай қўйишади.

— Айрим экспертлар ижтимоий тармоқларда фаоллар. Гари Линекер ёки Владислав Радимов шулар жумласидан. Сиз ҳам айни йўлдан боришни истамайсизми?

— Олдин ҳам айтганимдек, «Инстаграм» ва мен бошқа-бошқа оламмиз. Бироқ ҳозирги жараён ва фаолиятим туфайли бу билан шуғулланишга мажбурман.

— Ярим йил олдин фаолиятингизни якунлаганингизни маълум қилдингиз. Афсусда эмасмисиз?

— Бу саволга тез-тез жавоб бераман. Футболчилик давримни умуман соғинмаяпман. Бунга вақтим ҳам йўқ. Кўп ишлаяпман, сафарларга чиқяпман. «Зенит»нинг «Газпром Арена»даги ўйинига кирсам, майдонга тушиш истаги туғилмайди.

— РФИни Александр Дюков бош­қармоқда. Агар бирор-бир иш таклиф қилса, рози бўласизми?

— РФИда доимий ишчи бўлишни истамайман. Александр Валерьевич мендан истаганини сўраши мумкинлиги ва унга рад жавобини бера олмаслигимни билади.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz