Қайднома

Қидирув

"Пахтакор"нинг афсоновий ўйини ҳақида...

"Пахтакор"нинг афсоновий ўйини ҳақида...

  28.04.2019 03:23
  0
  226

1975 йил. «Пахтакор» (Тошкент) - «Динамо» (Киев) - 5:0. Ёши катта мухлисларимиз кўпчилик хотирасига муҳрланган ушбу фантастик ўйинни ҳалигача ўзгача энтикиш билан эслаб туришади. Умуман, нафақат бизда, балки бутун собиқ иттифоқ республикаларида ҳам ўзига хос характерини намоён қилган ва Ўзбекистонда «Халқ жамоаси» мақомини олган ўша даврдаги «Пахтакор»ни ҳалигача ширин энтикиш билан қўмсашади. Бу фикримизга sportgis сайтида берилган қуйидаги мақола яққол далилдир. Унда Тошкент жамоасининг 1975 йилги битта фантастик ўйини ҳақида ҳикоя қилинган.

1975 йилги мавсум собиқ иттифоқ футболи учун жуда омадли келади. Дейлик, Киев «Динамо»си Европа Кубок эгалари кубоги турнири финалига чиқиб, ҳал қилувчи баҳсда Венгриянинг «Ференцварош» клубига заррача имконият қолдирмайди - 3:0. Ўша вақт Украина футболининг рамзи саналган Киев «динамочилари» кейинчалик Европа суперкубоги учун Мюнхен «Бавария»сига қарши ўйнаб, икки учрашув натижасига кўра, 3:0 ҳисобида устун келишади. Айтиш жоиз, шундан кейин «Динамо» «Европа қироли» мақомини олганди. Хуллас, киевликлар Европа суперкубоги учун баҳсда қитъанинг энг кучли клубини енгишганидан атиги 10 кун ўтиб, «Пахтакор»га қарши майдонга тушишади. Бу ўйин Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтади.

 

«Пахтакор» (Тошкент) - «Динамо» (Киев) ўйинидан олдин чиқарилган анонс

«Пахтакор»га аслида 1975 йилги собиқ иттифоқ чемпионатида барқарорлик етишмаганди. Яъни тошкентликлик баъзи ўйинларда ўта ёрқин футбол кўрсатиб, айримларида мутлақо муваффақиятсиз иштирок этишган. Хусусан, жамоа киевликларга қарши ўйин арафасида ўта мураккаб ҳолатда эди. Чунончи, «Пахтакор» турнир жадвалининг энг охирги поғонасига тушиб қолган ва олий лигадаги ўрнини бой бермаслик илинжида асосий рақобатчилари билан жиддий кураш олиб бораётганди. Оддий айтганда, мусобақа доирасидаги охирги ўйинлар натижаси «Пахтакор»нинг элит лигадаги кейинги тақдирига ойдинлик киритиб берарди.

 

Ўйиндан олдин эълон қилинган «Пахтакор» ва «Динамо»нинг тахминий таркиби, собиқ иттифоқ чемпионати олий лигаси турнир жадвалининг ўша вақтдаги ҳолати

 «Пахтакор» - «Динамо» ўйинига чиқарилган анонсга қараб, киевликларнинг яқиндагина УЕФА суперкубогини бошлари узра баланд кўтарган деярли барча асосий ўйинчилари Тошкентдаги учрашувда майдонга тушишлари тахмин қилинган. Ваҳоланки, Валерий Лобановский томонидан шакллантирган «Динамо-Машина» 1975 йилги собиқ иттифоқ чемпионати олтин медалини деярли нақд қилиб қўйганди. Қолаверса, икки жамоа ўртасидаги қарама-қаршилик тарихида ҳам устунлик «Пахтакор» томонида эмасди.

 

«Пахтакор» - «Динамо» ўйини анонсидан парча

Икки жамоа ўйинлари тарихи

«Пахтакор» Киев «Динамо»си билан илк марта 1961 йилнинг 19 май куни Тошкентда тўқнаш келган. Эсда қолган ўша йили Украина пойтахти жамоаси илк марта чемпионат олтин медалига эга чиқади, лекин у биринчилик бошида олий лигада атиги иккинчи мавсумни ўтказаётган «Пахтакор»га ютқазиб қўйганди. 2:1 ҳисобида якунланган учрашувда голлардан бирини Тазетдинов пенальтидан уради, Беляков жамоаси устунлигини оширади. Жавоб голи эса Каневский номига ёзилади. Киевдаги учрашувда «Динамо»нинг қўли баланд келади - 3:1.  Голларга мезбонлардан Биба, Серебрянников ва Лобановский, меҳмонлардан эса Красницкий муаллифлик қилишади. 

1962 йил. Киевликлар ўз майдонларида йирик ҳисобда ғалаба қозонишади - 5:0 (гол муалллифлар: Каневский - 2та, Базилевич, Серебрянников ва Войнов). Тошкентда эса «пахтакорчилар» Беляковнинг ягона голи эвазига устун келишади.

1963 йил. Тошкентда 1:1 (Красницкий - Сабо) ва Киевда 4:1 (Биба, Каневский, Базилевич, Серебрянников - Стадник).

1965 йил. Тошкентда 1:2 (Мелкумов - Сабо, Шегольков) ва Киевда 3:2 (Сабо - пен., Биба, Хмельницкий - Мелкумов, Раҳматуллаев).

1966 йил. Киевда 0:0 ва Тошкентда 0:1 (Паркуян).

1967 йил. Тошкентда 0:2 (Медведь, Бишовец) ва Киевда 4:0 (Пузач - 2таЮ Медведь, Серебрянников).

1968 йил. Киевликлар яна 2та ўйинни ҳам ўз фойдаларига ҳал қилишади: бир хил - 2:0 ҳисобида (Паркуян, Хмельницкий ва Турянчик, Кашей).

1970 йил. Тошкентда 1:1 (Родионов - Кашей) ва Киевда 0:0.

1971 йил. Тошкентда 0:0 ва Киевда 3:0 (Пузач. Медведь, Хмельницкий).

1973 йил. Тошкетдаги учрашув дуранг натижа тақдим этади - 3:3 (Варюхин, Хадзипанагис, Исоқов - Мунтян, Онишенко, Блохин). Киевда ҳам кучлар тенг келади (Колотов - Могильний).

1975 йил. Киев 29 июнь. Ягона гол 61-дақиқада Тўлаган Исоқов номига ёзилган. Хўш, иккинчи давра ўйини қандай якунланаркин?

 

Тошкентдаги ўйинни кўриш учун «Пахтакор» стадионида атиги 15 минг мухлис йиғилади. Эҳтимолки, кўпчилик якуний натижа қандай бўлиши ҳақида шубҳаланмагандир. Тўғри, мезбонлар «динамочилар»нинг чарчоқ билан ҳолсиз келишларига ягона умид сифатида қарашган. Ҳар ҳолда, украиналиклар Германия «Бавария»сига қарши кечган муҳим ўйинларда жуда кўп куч йўқотишганди. Бироқ ўйин натижаларига боғлиқ энг дангал  башоратларда ҳам асл воқелик асло кўзда тутилган эмас. Ўша фантастик учрашув қайдномасига диққат билан қаранг:

«ПАХТАКОР» (Тошкент) — «ДИНАМО» (Киев) - 5:0 (2:0)

Бош ҳакам: В.Лушин (Москва).

Голлар: Ан (9, 88), Хадзипанагис (35), Исоқов (51, 57).

 «Пахтакор»: Филатов, Корченов, Иванов, Могильний, Белов, Серостанов, Жуков, Ан, Исоқов, Фёдоров, Хадзипанагис.

«Динамо»: Самохин, Коньков, Зуев, Фоменко, Решко, Дамин, Мунтян, Онишенко, Кочубинский, Буряк, Блохин (Слободян, 46).

Эътиборлиси, Киевда кечган биринчи давра ўйинида ҳам «Пахтакор»нинг қўли баланд келганди. Яъни тошкентликлар Украинадан 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтишган. Ягона гол Тўлаган Исоқов номига ёзилган - у мезбонлар дарвозасини Михаил Ан узатмасидан кейин ишғол қилганди.

 

Тўлаган Исоқовнинг Киев «динамочилари»га қарши ўйиндаги юришларидан бири

Қисқаси, катта мотивацияга эга «Пахтакор» Европада донг таратган рақибни шунчаки, «осмондан ерга тушириб қўяди». Клубга 10 йилдан ортиқ хизмат қилган, оригинал финтлар устаси Тўлаган Исоқов («Туля») ва машҳур Михаил Ан киевликларга 2тадан гол «тортиқ» этишади, шунингдек, Василис Хадзипанагис ҳам ўз номини таблога ёздириб қўяди. Айтганча, Василис кейинчалик тарихий ватани - Грецияга кўчиб кетган. Ўша афсонавий учрашувда Владимир Фёдоров ҳам фаоллик кўрсатганди. Дарвоқе, Тўлаган Исоқов ва «Пахтакор»нинг бўлажак бош мураббийи Олег Базилевич (ўша ўйин вақтида Лобановскийнинг ёрдамчиси эди) тасодиф туфайли 1979 йилги машъум авиаҳалокатдан четда қолишган.

Яна ўйинга қайтамиз: «пахтакорчилар» илк дақиқаларданоқ рақиб дарвозаси томон интилиб, тўфондек хавфли ҳужумлар уюштиришади. Дейлик, киевликлар чамаси 20 дақиқа давомида тўп билан тузукроқ муомала ҳам қилолмайдилар. Исоқов - Хадзипанагис - Ан -Фёдоров тўртлиги эса донгдор рақибларни шунчаки, «ғалвир»га солганди!!! Учрашув тугагач, «Динамо» етакчиси Олег Блохин «пахтакорчилар»га қарата заҳархандалик ҳам қилганди: «Бугун ўзингиздан шу қадар кетдинглар-ки, энди йўлингиз тўғри биринчи лигага олиб боради. Сизларни ҳеч нарса қутқаролмайди...».

Умуман, «Динамо» футболчилари ўйин тугагач, кийиниш хонасида 1 соатдан кўп вақт қолиб кетишади. Ўйинга ташриф буюрган Украина раҳбари Шербицкийнинг ўзи бундай якунни сира кутмаганини айтиб, жамоага жиддий эътироз билдиради. Ахир «Динамо» Европа майдонидаги улкан зафардан кейин чинакам шармандали тарзда ютқазганди. Боз устига, «Пахтакор» ўша мавсум ўзаро ўйинларда киевликларга заррача имконият қолдирмаганди. Қарама-қаршиликнинг умумий ҳисоби - 6:0 (!), албатта, «Пахтакор» фойдасига. Ҳа, «Европа қироли» шу тариқа Тошкентда «осмондан ерга тушганди». Ҳақиқий афсонавий ўйин...

ОХИРИГА АЛОҲИДА

Мавсум якунида киевликлар олтин медални қўлга киритиб, собиқ иттифоқ чемпионатида тенгсиз эканликларини исботлашади. «Пахтакор» эса афсуски, мавсум якунига кўра, биринчи лигага тушиб кетади. Жамоага «Зенит»дан ўзиб кетиш учун атиги 1 очко етишмаганди. Василис Хадзипанагис ноябрь ойида Грецияга йўл олади ва кейинги фаолиятини «Ираклис»да ўтказади. «Пахтакор» эса олий лигага қайтганидан кейин катта шов-шув кўтаришга тушади. Бироқ кўп ўтмай, машъум авиҳалокат юз беради ва футбол «Пахтакор»дек ажойиб жамоани йўқотади. Йиллар ўтмоқда, аммо «Пахтакор» фалокати тарихи собиқ иттифоқ футболининг энг сирли ва қайғули воқелиги бўлиб қолмоқда. Эҳ, биз йўқотган «Пахтакор» қандай ажойиб жамоа эди-я!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz