Қайднома

Қидирув

Музаффар МУЗАФФАРОВ: «УДДАЛАБ БЎЛМАС ИШНИНГ ЎЗИ ЙЎҚ»

Музаффар МУЗАФФАРОВ: «УДДАЛАБ БЎЛМАС ИШНИНГ ЎЗИ ЙЎҚ»

  28.04.2019 05:31
  0
  140
Музаффар МУЗАФФАРОВ: «УДДАЛАБ БЎЛМАС ИШНИНГ ЎЗИ ЙЎҚ»

Coca Cola Суперлига жамоалари турдан турга ўз спорт формаларига кириб боришмоқда. Мақсадлар улкан: Тошкент шаҳри клублари доимгидек чемпионликни вазифа қилиб, шунга яраша ҳаракат қилаётган бўлишса, вилоят жамоалари асосан мухлисларбоп, чиройли футбол кўрсатишга интилишмоқда. Бу албатта, қувонарли ҳол. Ўтган мавсум мухлислар ва мутахассислар томонидан кўп тилга олинган Бекободнинг «Металлург» клуби ҳам дастлабки турлардан мазмунли ўйин намойиш этишга интиляпти. Таркибини Сервер Жепаров, Баҳром Абдураҳимов каби тажрибали футболчилар билан кучайтирган жамоанинг натижалари ҳозирча чакки эмас. Қолаверса, муҳим учрашувлар ҳали олдинда. Ҳар бир ўйинда қўлга киритилган очко жамоа аъзолари учун руҳий кўтаринкилик тақдим этиши шубҳасиз. «Нефтчи» ва АГМКдаги ўйинлари билан оммага танилган Музаффар Музаффаров жорий йилдан эътиборан бекободликлар шарафини ҳимоя қилмоқда. Биз яқинда ушбу футболчи билан боғланиб, турли мавзуларда суҳбатлашдик.

 

- Музаффар, янги мавсумнинг ортда қолган учрашувлари ҳақида фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз...

- Ўтган вақт мобайнида бир қатор ўйинлар ўтказдик. Маълумки, мавсум стартида «Динамо»га қарши майдонга тушиб, аламли мағлубиятни қабул қилиб олдик. Қарангки, футболда яхши ўйнаб ҳам гоҳида ютқазиб қўйиш мумкин экан. Мағлубият билан мағлубиятнинг фарқи бор, менимча. Гоҳида бутун ўйин давомида устунлик қиласан-у, аммо якунда натижа рақиб томонига ўтиб кетади. Самарқанд клубига қарши баҳсда худди шундай бўлди. Умуман олганда, бу мавсум деярли барча жамоалар тенг кучга эга эканлигини кўрсатишмоқда ва бу албатта, рақобатнинг ошишига хизмат қилади.

- Суперлиганинг сиз учун кутилмаган воқеаси нима бўлди?

- «Сурхон» ва «Динамо» клублари нафақат мени, балки кўпчиликни ҳайрон қолдиришяпти. Тўғри, улар кутилмаганда элитада пайдо бўлишди. Бироқ бу жамоалар кўрсатаётган ўйин ҳамда натижалар таҳсинга лойиқ. Узоқ муддатдан сўнг кучлилар сафига қайтган «Сурхон» ўз уйида «Пахтакор» билан дуранг қайд этди. Даврон Файзиев шогирдлари эса «Сўғдиёна»ни мағлуб этишди. Қолаверса, барча жамоалар яхши спорт формасига киришаётганини такидлаб ўтиш жоиз. Олдинда ҳали баҳслар кўп, шунинг учун хотиржамликка берилишга эрта.

- Нима деб ўйлайсиз, «Пахтакор» ва «Локомотив» қаршилигини енгиб, чемпион бўлиш учун вилоят жамоаларига нима етишмайди?

- Аслида, пойтахтнинг икки клуби билан ҳам ўйнаса бўлади. Лекин реал олиб қарасак, улар таркиб жиҳатидан ва бошқа бир қатор ишлар бўйича бошқалардан сезиларли даражада устунликка эга. Шу жумладан молиявий имкониятлар борасида ҳам. Менимча, бу йил биринчиликни «Пахтакор» ҳеч кимга бермаса керак. Ўйин тарафлама, таркибидаги футболчилар томондан ҳам уларда муаммо йўқ. «Пахтакор»га яна бир бошқа жамоа - «Локомотив» жиддий рақобат туғдириши мумкин. Албатта, «Металлург» ўз олдига жиддий вазифаларни қўйган ва улар билан муносиб курашишга ҳаракат қиламиз. Зеро футболда уддалаб бўлмайдиган ишни ўзи йўқ.

- Сервер Жепаров билан бирга тўп суряпсиз. Тажрибали футболчидан нималарни ўрганяпсиз?

- Унинг жамоамизда ўйнашининг ўзи катта гап. Жепаровдан ўрганадиган нарсалар кўп. Бу футболчи бекорга Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилмаган. Ўз вақтида юртимиз футболи ривожига улкан ҳисса қўшган ва бу ҳолат давом этмоқда. Жепаровнинг «Металлург»даги фаолиятига келсак, у биринчи навбатда, тартиб-интизом масаласи бўйича барчага ўрнак бўлмоқда. Тўплаган тажрибасини биз - ёш футболчилар билан бўлишмоқда. Билганларини эринмай, батафсил тушунтиради. Майдонда ҳам, унинг таш­қарисида ҳам самимий инсон.

- Европа футболини кузатиб борасизми? Сизнингча, «Манчестер Юнайтед» Сульшер билан аввалги даражасига қайта оладими?

- Еврофутболни томоша қилмайдиган футболчи юртимизда топилмаса керак. Менимча, «МЮ» тез орада аввалги обрўсини тиклайди. Сульшер футболчилик даврида бу клуб билан кўплаб совринли ўринларни эгаллаган. Гарчи шахсан ўзим мазкур жамоа мухлиси бўлмасамда, инқироз даври ортда қолганига ишонаман. Мухлислар норвегиялик мураббийга ишонишда давом этишлари керак. У албатта, кейинги мавсумда ўз сўзини айтади. Қолаверса, Сульшер клуб бошқарувига мавсумнинг қоқ ўртасида келганини ҳам инобатга олиш керак. Чемпионат бошида келганида, бошқа гап эди.

- «Аякс» Чемпионлар Лигасида «тўфон» кўтармоқда...

- Аслида ёшлардан иборат бу жамоанинг натижаларидан ҳайратланмаслик керак. Чунончи, амстердамликлар бундан икки йил аввал Европа Лигаси финалига қадар етиб боришган. Боз устига, Тен Хаг шогирдлари ҳар бир ўйинда босимсиз ўйнаб, қувноқ футбол намойиш қилиш­япти. «Ювентус»дек клуб таслим этилдими, демак, «Аякс» Европадаги исталган жамоани мағлуб этишга қодир. Энг муҳими, клуб аъзоларида бунга тўлиқ ишонч бор.

- АПЛда ким чемпион бўлишини кутяпсиз?

- Назарий жиҳатдан «Ливерпул»нинг имкониятлари баландроқ. Зеро яқин таъқибчи - «Манчестер Сити»ни олдинда иккита қийин беллашув кутяпти. Аслини олганда, «Ливерпуль» ҳам, «Манчестер Сити» ҳам биринчи ўринни эгаллашга лойиқ. Қолганини эса вақт кўрсатади.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz