Қайднома

Қидирув

Нивалдо: «Яна Ўзбекистонда тўп суриш ниятим бор»

Нивалдо: «Яна Ўзбекистонда тўп суриш ниятим бор»

  29.04.2019 01:30
  0
  330
Нивалдо: «Яна Ўзбекистонда тўп суриш ниятим бор»

Аввалги мавсумларда Тошкентнинг «Локомотив» клубида бир қатор кучли легионерлар тўп суришган. Неманья Яничич, Муҳаммад Коне, Бенито Муйива, Гноре Кризо, Нивалдо... Ушбу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин. Бу футболчиларнинг айримлари ажойиб ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган бўлсалар, баъзилари клубда узоқ қолишмади. Жумладан, бразилия ҳужумчи Нивалдо ҳам «темирйўлчилар» сафида қисқа муддат ўйнаган бўлсада, эсда қоларли лаҳзаларни тақдим этди. Яқинда Нивалдо билан ижтимоий тармоқ орқали боғланиб суҳбатлашдик. У суҳбат жараёнида пойтахт клубида тўп сурганидан хурсандлигини яширмади.

- Нивалдо, айни дамда қайси жамоада тўп суряпсиз? Рости, «Локомотив»ни тарк этишингиз кутганимиздан эрта рўй берди...

- Ўтган мавсум бошида «Локомотив»дан таклиф олдим, маълум муддат кўрикда бўлдим, сўнг шартнома имзоладик. Ҳуқуқий жиҳатдан «Динамо Брест»га тегишли эдим, улар исталган вақтда мени ортга қайтаришлари мумкин эди. «Локомотив»дек клубнинг бир қисми бўлганимдан жуда хурсандман. Хоҳиш-ихтиёр ўзимда бўлганида, мавсум охирига қадар қолардим. Бироқ тақдир тақозоси билан ортга қайтдим. Ҳозир Белоруссиянинг «Гомель» жамоаси шарафини ҳимоя қиляпман. Мазкур клуб қароргоҳи менга «Локомотив» стадиони ва базасини эслатиб юборади.

- Тошкентдаги қисқа фаолиятингиз мобайнида ўзингиз учун нималарнидир ўзлаштирдингизми?

- Мамлакатингизда ҳаётим ва кейинги фаолиятим учун улкан тажриба орттирдим. Аввало, қандай вазиятда бўлишдан қатъий назар, босиқлик билан ҳал қилишни, ўзим ва жамоамни қийин аҳволда қолдириш нотўғри эканлигини тушуниб етдим. Умуман айтганда, «Локо» мен учун катта мактаб вазифасини ўтади.

- «Қўқон-1912»га қарши кечган учрашувда рўй берган можароли ҳолатга нима сабаб бўлганди?

- Ўша вазият бўйича батафсил маълумот беришни истамайман. Мен хатоларимдан тўғри хулоса чиқардим, ўйиндаги ножўя қилиқларни бошқа такрорламасликка аҳд қилдим. Учрашув муросасиз, юқори темпда ўтаётган вақтда кўпинча асабларни жиловлаш қийин кечади. Рақиб дарвозабони билан ўша заҳотиёқ келишиб олганмиз, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳаракатларимга яраша жазоландим.

- Ўзбекистон чемпионатида тўп сурган легионер сифатида сизда илиқ таассурот қолдирган бирор-бир ўзбек футболчисини ажратиб кўрсата оласизми?

- Мамлакатингизда бундай футболчилар бисёр, улардан қайсидир бирини алоҳида эътироф этолмайман. Аммо Суперлига баҳсларини кузатиб бораман, «Локомотив»нинг «Инстаграм»даги саҳифасига аъзоман, барча янгиликлардан хабарим бор.

- «Темирйўлчилар» Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидан чиқиш учун кураш олиб боришмоқда. Сиз хам бу жамоа билан қитъа миқёсидаги нуфузли мусобақада иштирок этгансиз...

- Ҳа, ажойиб турнир. Бундай мусобақада кучли рақибларга рақобат туғдирмоқчи бўлган клубнинг молиявий имкониятлари юқори бўлиши лозим, зеро таркибни маҳоратли футболчилар билан кучайтириш эҳтиёжи туғилади. Акс ҳолда, ғолиблик ҳақида ўйламаса ҳам бўлаверади. Мен ҳам ОЧЛда тўп суриш бахтига эришдим, дебют ўйинимдаёқ рақиб дарвозасини ишғол қилдим. Қайсидир маънода, клубга ёрдамим тегди, десам ҳам бўлади.

- «Темирйўлчилар» ОЧЛ сўнгги тур учрашувидан кейин гуруҳдан чиқиш имкониятини пасайтириб юборишди. Бунга сабаб нимада деб ўйлайсиз?

- «Локомотив» ҳар доим охиргача курашган, ҳозир ҳам кичик бўлсада имконият сақланиб қолган. Кейинги ўйинларда улар фақат ғалаба қозонган ҳолда, ижобий натижага эришишади, деган умиддаман.

- Собиқ жамоадошингиз Сардор Рашидов Португалияга йўл олди. Буни кутганмидингиз?

- Рашидов - юксак иқтидор эгаси, серқирра футболчи. Ҳужум ва ярим ҳимояда бирдек барқарор ўйнай олади. Эшитишимча, у «Локо»ни мавсум охирида тарк этиб, «Насьонал» таркибига қўшилган. Сардор етарлича тажрибага эга. Энди эса, Европа футболи ҳавосидан баҳра олган ҳолда, билим-кўникмаларини янада ошириш имкониятига эга бўлди.

- Ҳозирги клубингиз «Гомель» ўз олдига қандай мақсад қўйган?

- Вазифамиз - энг яхши тўрт жамоадан бири бўлиш. Албатта, буни уддалашимизга ишонаман. Бугунги клубимда мендан ташқари яна бир қанча хорижлик футболчилар бор. Тўғриси, чемпионат баҳслари оғир кечди, осон учрашувнинг ўзи йўқ. Шунга қарамай, барча футболчилар бирдамликда тўп сурсак, юқори ўринларни қўлга киритишимизга ишонаман.

- Нивалдо, самимий суҳбат учун раҳмат. Кейинги фаолиятингизга омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

- Раҳмат. Имкон туғилса, яна Ўзбекистонда тўп суриш ниятим бор.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz