Қайднома

Қидирув

Эътироф: ТАНИШИНГ – «АЙНТРАХТ»!

Эътироф: ТАНИШИНГ – «АЙНТРАХТ»!

  29.04.2019 03:32
  0
  174
Эътироф: ТАНИШИНГ – «АЙНТРАХТ»!

Бу жамоа атиги бир марта Германия чемпиони бўлган (1959), беш маротаба мамлакат кубогини қўлга киритган. Ўз навбатида, 1980 йили УЕФА кубогида зафар қучган. Ўшанда ярим финалдаёқ соврин немисларга насиб этиши аниқ бўлиб улгурганди (барча тўрт жамоа Германиядан эди). «Айнтрахт» эса ўзининг энг ёрқин ўйинини айнан ярим финалда ўтказиб, дастлабки учрашувдаги мағлубият (0:2)дан сўнг «Бавария»ни 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратганди. Икки ўйиндан иборат финалда эса «Боруссия М»ни сафардаги гол эвазига таслим этди (2:3, 1:0). Бугун мана шундай тарихга эга клуб билан яқинроқ танишамиз.

Ажойиб скаутлик хизмати

Одатда, ўртамиёна клуб барқарор ўйин кўрсатса, унинг скаутлик борасида етук экани ҳақида гапирилади. Асли келиб чиқиши Экваториал Гвинеядан бўлган Бен Мангани футболчи сифатида кўпчилик яхши танимайди (20 йил давомида «Аллемания» ва «Карлсруэ» сингари камтарона клубларда ўйнаган), аммо унинг скаутлик хусусиятларига тан бериш лозим. Буни Манга билан иккинчи жамоада ишлаётган Фреди Бобич ҳам яхши англайди.

Ушбу мутахассиснинг саъй-ҳаракатлари эвазига «Штутгарт» Киммих, Рюдигер ва Вернерни сотиш эвазига мўмай даромадга эга бўлди, «Айнтрахт»даги илк мавсумида эса Манга трансферлардан бор-йўғи 2,5 миллион келтирди - жамоа лигада «жон» сақлаб қолди, Германия кубоги финалигача етиб борди. Ке­йинги мавсум «Айнтрахт» 18 миллион евро сарфлади, лекин мамлакат кубоги соҳиби бўлди, Бундеслигада 8-ўринни эгаллади, барча харидлар ўзини оқлади.

Ребич учун атиги 2 миллион тўланди, ушбу футболчи эса ЖЧ-2018 финалигача бориб, Германиянинг янги юлдузига айланди. Йович учун эса 7 миллион тўлашганди, ҳозир эса бу футболчининг нархи деярли саккиз мартага қимматроқ. Себастьян Аллер 7 миллионга сотиб олинган, айни пайт уни 40 миллиондан камига қўйиб юборишмайди. Бундай мисолларни яна истаганча келтириш мумкин.

Фидойи фанатлар

Сўнгги 20 йил мобайнида «Айнтрахт» еврокубокларда бор-йўғи икки марта қатнашди: 2006 йили УЕФА кубогида ўз гуруҳида сўнгги ўринни эгаллади, 2014 йилда эса Европа Лигаси 1|16 финал босқичида «Порту»га ютқазди (2:2, 3:3, ўз уйида кўпроқ гол ўтказиб юборгани учун мусобақани тарк этди). Учинчи «миссия» жорий мавсумга тўғри келди. «Айнтрахт» фанатлари эса фурсатдан фойдаланиб, еврокубок турнирларига қандай муносабатда бўлишни кўрсатиб қўйишди.

Улар олтита шаҳарга сафар уюштиришди - Марсель, Рим, Лимасол, Харьков, Милан ва Лиссабонга. Ҳамма ерда мухлислар кўп бўлди. Айниқса, Италияни ёқтирадиганлар бисёр эди - Римга боришга 17 минг киши «заявка» топширган бўлса, Миланга 20 минг ишқибоз ташриф буюрди.

Бу фанатлар, умуман, ўз уйларида ўтадиган ўйинлар пайти стадионда қойилмақом муҳит яратишади.

Мавсум ёмон бошланди

Мавсумнинг илк ўйинида (Суперкубок) 0:5 ҳисобида ютқазган (гарчи рақиб «Бавария» бўлсада), сўнгра камтарона «Ульм»га имкониятни бой бериб, кубок баҳсларини тарк этган клуб мавсумнинг қолган қисмини муваффақиятли ўтказишини тахмин қилиш мумкинми? Ҳа, «Айнтрахт» учун бошланиши ёмон чиқди - ушбу саргузаштлардан ташқари, жамоа Бундеслиганинг бешта ўйинида 4 очко тўплади. Умуман, кейинги етти ўйиндан олтитасида ғалаба қозонди, айниқса, «Фортуна»га қарши кечган баҳс (7:1) эсда қоларли бўлди. Ушбу рўйхатга Европа Лигаси гуруҳ босқичидаги 6та ютуқни ҳам қўшамиз ва натижада Бундеслига жамоалари учун рекорд кўрсаткичга эга бўламиз.

2019 йил «Айнтрахт» учун чин маънода муваффақиятли кечмоқда: 12 ўйинда бир мағлубият ва 7та ғалаба. Ички чемпионатда - ЕЧЛга йўлланма берувчи ўринлар учун курашмоқда, еврокубокларда - «Челси»га қарши ярим финал. Ўтган йилнинг сентябрида бундай кўрсаткичларни орзу ҳам қилмаганди жамоа. Ўшандай Германиянинг барча клублари еврокубокларни 1|8 финалдаёқ тарк этишини ҳеч ким кутмаганди. «Айнтрахт» улардан мустасно, албатта.

Уч ҳимоячи схемаси ва ёввойи прессинг

«Айнтрахт» Нико Ковач «Бавария»га кетгач, унинг ўрнига австриялик мутахассис Ади Хюттерни тайинлади. Ушбу мураббий футболчилик даврида Зальцбургнинг «Казино» (ҳозирги «Ред Булл») клуби билан УЕФА кубоги финалига етиб борган, ўша мусобақада айнан «Айнтрахт» тўсиғидан ҳам ўтганди. Мураббийлик соҳасига кириб келгач, Австрия ва Швейцария чемпионлигини қўлга киритганди. Ўз юртида 30 йил мобайнида чемпионлик нималигини билмаган «Янг Бойз» билан муваффақиятга эришгач, Хюттерни Германияга чақиришди.

Бошланиши кўнгилдагидек чиқмади, аммо аста-секин вазият ўнгланди. Хюттер қўл остида «Айнтрахт» серҳаракат, тезкор ва прессинг ишлатадиган жамоага айланди. Бу клуб одатда 3-4-1-2 схемасини танлайди, ҳаводаги курашларда илғор (Аллер - бутун Бундеслигада етакчи), қарши ҳужумларда хавфли.

«Айнтрахт» футболчилари билан боҒлиҚ ҚизиҚарли воҚеалар

Анте Ребич собиқ жамоаларига қарши баҳсларда гол урса, уни нишонламайди, лекин негадир «Вердер» ва «Фрайбург» билан ўйинларда ҳам шундай қилди, ваҳоланки, бу клубларда ўйнамаганди. Сабаб? Шунчаки, рақибларни адаштириб юборди. «Ўшанда «Вердер» дарвозасини ишғол қилганимда, «Лейпциг» билан ўйнаяпмиз, деб ўйлагандим. «Фрайбург»га қарши баҳсда гол урганимда эса рақиб «Фиорентина» деб ўйлаганман», - дея «Инстаграм»даги саҳифасига жиддий пост қолдирганди хорват.

Шунга ўхшаш қайд учун Филип Костичнинг устидан кулганлар ҳам учраганди. Бу футболчи ўша кезлари «Гронинген» шарафини ҳимоя қилган, Европа Лигаси доирасидаги «Абердин»га қарши кечган сафар учрашувидан (0:0) кейин «Ўзимизга керакли натижанинг 80 фоизини қўлга киритдик», деганди. Якунда голландлар ўз майдонларида 1:2 ҳисобида ютқазиб, мусобақани тарк этишди. Рақиб футболчиларидан бири эса Костичга ўзига хос тарзда жавоб қайтаришдан тийилмади: «Айтган гапларини уларнинг бўғзига қайта тиқиб юборганимдан хурсандман».

Лука Йович фаолиятининг бошида отасининг машинасида тунаган - у яшайдиган шаҳарни Белграддан уч соатли йўл ажратиб турар, шу боис вақтни зое кетказмай, отаси билан автомобилда тонг оттиришни маъқул кўришган. Лука тўп сурадиган «Црвена Звезда» клубидагилар вазиятдан хабар топишгач, бошпана масаласи ижобий ҳал этилган.

35 ёшли япониялик футболчи Макото Хасебе гарчи 2014 йилдан буён «Айнтрахт»да тўп сураётган бўлсада, сардорлик вазифасини унга топшириш ҳақида умуман ўйлашмайди. Лекин Хасебени нафақат ўз клуби, балки бутун лигадагилар яхши кўришади, ўз ватанида ҳам катта обрўга эга. Макото футболдан бошқа соҳада ҳам довруқ қозонишга улгурган. У Япониядаги кучли зилзиладан кейин 2011 йили «Идрокингизни тўғриланг» номли китобини чоп эттирган, асар мавзуси стрессга қарши курашиш тўғрисида бўлган. Ушбу фаолият орқали келган бир ярим миллион долларни эса хайрия йўлига сарфлаган.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz